ХУДБИДДИННИНГ ҲУРМАТИ ҚАНИ?.. (ҳажвия)

1

 

Баронас тўн, духоба дўппи ва амриқони маҳси

 

Отим Худбиддин бўлгани билан ўзим худбин эмасман. Ҳурматимни йўқотиб қўйганман холос. Билмайман, қачон, қаерда йўқота қолдимакан у қурмағурни. Қозони этигимнинг учи тешилгандами ё тўним етмиш ямоқ, бошимдаги дўппим яғирлангандами?.. Сира ақлим етмай қолди. Ишонсангиз, одамнинг ҳурмати бўлмаса қийин экан. Ҳеч ким писанд қилмай қўяркан. Ҳатто кўчадаги ит ҳам фақат сенга қараб ҳуравераркан.

Ўйлай-ўйлай, барибир сабабни тўним-у дўппи ва этигимдан топдим. Шуларни бир амаллаб янгиласам, ҳурматим ўзимга қайтармикан деб хаёл қилдим-у, бозорга тушиб янги баронас тўн, атлас қийиқ, амриқони маҳси-ю, духоба дўппи сотиб олдим-да, уйга қайтиб, ҳаммасини эгнимга илдим. Ў, анчадан бери оҳорли кийим киймаганимгами, ўзимни ўзим бир муддат таниёлмай лол бўлдим. Аммо бу тахлит ўтиравериш инсофданмас. Ахир, тезроқ ҳурматимни топишим шарт! Усиз яшаб бўлмайди.

Хотиним Улфатинисага кийимларимни қайта-қайта кўз-кўз қилиб олгач, ҳурматимни қидириб йўлга тушдим. Маҳалла кўчаси бўйлаб кетиб боравердим. Излаганим шундоқ оёқларим остидан чиқиб қолишига шубҳам қолмади. Афсус…

Маҳалла имоми Тоштемир тепакал мени кўрди-ю, ранги оқаринқиради.

— Ҳа, Худбиддин, Мирза бой акамиз ҳалигидай… Оламдан ўтибдими? Ахир… Кечагина дўконида кўргандим… Гапир, нега қоққан қозиқдай қотиб қолдинг? Тош ютганмисан?..

Менга имомнинг қичқириғи, танбеҳлари жуда алам қилди. Гапирмадим. Гапира олмадим. Аламим бўғзимга тиқилди-ю, терс ўгирилиб кетдим…

Қанчалар шафқатсиз-а одамлар! Мен ҳурматимни топармиканман деган ниятда кўчага чиқсам-у, булар қайсидир бойнинг ўлган-ўлмаганини суриштиришса! Нега шундай? Нимага дунёда яккаю ягона хотиним Улфатиниса ҳақида сўрашмайди?.. Уям анчадан бери ўсал бўлиб юрибди-ку!.. Умуман, нима учун янги кийим кийсам, таъзия, азага йўйишди?..

Кетиб бораётиб, охири тушундим. Ахир, мен тишим чиққандан бери ҳозиргидай янги тўн, атлас қийиқ, амриқони маҳси кўрмаганман-ку!..

 

 

Кетмон жазаваси

 

Имомдан сўнг яна кўпчилик қишлоқдошларим пўримлигимни кўриб қаерда таъзия борлигини суриштиришди. Айтарли жавоб бера олмаганимдан кейин роса койишди. Аламим келиб бўшашганча уйга қайтдим ва янги кийимларимни эскиларига алмаштирдим. Етмиш ямоқ тўнимнинг ерга осилиб тушаёзган увадаларини жойига тиқдим, яғирланган дўппимни қоқа-қоқа бошимга илдим, қозони этигим учи тешилган бўлсаям қадрдондай бўлиб қолган. Кийсам, оёқларим ичида шалвирамайди.

«Ҳурматинг кетмонда, — деди бир маҳал кўнглим қўққисдан уйғониб. — Уни қўлингга ол-да, далага ғизилла! Увотларга кетмонни уравер, уравер, топасан ҳурматингни!..»

Кетмоним нақ ўн кило тош босади. Жазавага тушиб уни қўлга олдим-у, олдинга чўзган ҳолда далага чопдим. Етай деганимда эса…

Бурноғи йили маҳалланинг дарвишона маросимида ён қўшним Йўлчи паттачи билан ғижиллашиб қолгандим. Шу ярамас йўлимда пайдо бўлди-ю, таққа тўхтадим.

— Ҳа-а, мени чопиб ташламоқчимидинг? — титраб-қақшаб мени сўроққа тута кетди Йўлчи. — Қани, чоп, қизиталоқ, чоп! Эркакмисан?..

Жон-поним чиққудек бўлиб яна бир қадам олдинга юргандим, Йўлчи бор овозда бақирганча дуч келган тарафга қоча бошлади.

— Одамла-ар! Ёрдам берингла-а-ар! Худбиддин мени чопиб ташламоқчи-и-и! Ким бо-о-ор?..

Минг афсуслар бўлсинки, бу гал ҳам ниятимга ета олмадим. Маҳалланинг катта-кичиги етиб келиб қўлимдаги кетмонни тортиб олди. Чоллар ўртага олиб менга роса насиҳат қилишди. Улфатинисам оқсоқлана-оқсоқлана мени уйга судрай бошлади…

 

 

Мен баннисадаман, хотин!

 

Анчадан бери юрагимнинг аллақаери жизиллаб-жизиллаб қўярди. Улфатинисам дилгир-да! Қўярда қўймай баннисага олиб борди. Қаранг, юрак тушмагур шунчаки жизилламаганакан, росманасига мазаси қочибди. Мени ўша куниёқ каравотга михлагандай ётқизиб ташлашди. Бир ҳафтагача ўрнимдан жилдиришмади…

Хайрият, саккизинчи куни эрталаб дўхтир ўрнимдан туришга рухсат берди. Қувонганимдан чапак чалворай деб, оҳори қолмаган бўлсаям, Улфатинисам кир совунда тозалаб ювиб берган яктагимни тўғрилаб, кал бошимни силашга тушдим. Ҳа, бу бошни Улфатинисамдан бўлак ҳеч ким силамасди. Ҳозир у йўқ. Демак, ўз бошимни ўзим силаб кўнглимни кўтармасам бўлмасди…

Бирпас шу тахлит силаб тургандим, кўнгил кўтарилди ва астагина йўлакка чиқдим.

Ажабо! Йўлакка бир-биридан ҳашамдор оромкурсилар қўйиб ташлашибди. Бунақасини катта дўконларда узоқдан бир-икки кўрганим бориди. Ҳозир эса шундоқ пешонамда ўзларини кўз-кўз қилиб туришибди. Нима қилсам экан? Шартта бориб оромкурсиларнинг бирига ўтирволсам, биров-ярим уришиб бермасмикан?

«Ўтиравер, — деди кўнглим дафъатан тилга кириб. — Сен баннисадасан! Ўтиришга ҳақинг бор!..»

Кўнглимнинг гапи билан эҳтиёткорона бориб оромкурсилардан бирига ўтирдим. Шу заҳоти икки қўлим билан оромкурси тутқичларини сиқимлаб, кал бошимни орқага ташладим…

Ё навзамбилло! Шу пайтгача нега ғафлатда яшадим? Нимага шу баннисасига эртароқ келиб ётмадим? Ахир… Ҳурматим худди шу оромкурсида экан-ку! Ўлай агар, сизга ёлғон, менга чин, ўтган-кетган менга қўлини кўксига қўйганча салом бериб ўтяпти! Баъзилари хижолат ҳам тортиб қўйишяпти. Бунақаси фақат ҳурмати ўзидалардагина бўлади, ишонаверинг!.. Ахир, анча вақтлардан бери биров менга бу қадар эгилиб салом бермаганди!

Ҳурматимни топдим, биродар! Уни мана шу оромкурсидан топдим…

Шу куни кечгача оромкурсида ўтиравердим. Ҳеч кимга қулоқ солмадим.

Ярим тунга яқин дўхтирлар қисталанг қилавергач, истар-истамас, ўрнимдан қўзғалиб, палатага кирдим. Аммо астойдил ният қилдим.

Баннисадан чиқсам, боримни сотиб бўлсаям худди шу оромкурсидан биттасини оламан-у, кўча эшигимнинг ёнига ўрнатиб қўяман. Ҳар куни эрталабдан кечгача оромкурсида ўтиравераман. Маҳалладагилар, ўтган-кетганлар менга тавозе билан салом бераверишади. Нима қипти? Ҳурматимни йўқотиб қўймасам бўлди-да!

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

1 ТА ФИКР

Comments are closed.