БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ОКА?..

0

 

 

МАЙНАХОН

(Интермедия)

Иштирок этувчилар:

 

 

1. Тахминан 110-120 ёшни уриб қўйган, ниҳоятда ҳаракатчан, ҳар икки сайрашнинг бирида қағиллаб атрофга синчков боқадиган, мусофирчиликда бўлса-да, ўлжасини бировга олдириб қўймайдиган қарға;

2. Ўтган йилги мўл ҳосил орасидан ризқини териб еб анча семирган, ҳадеганда нозланиб бошини гоҳ чап, гоҳ ўнгга буриб олишга одатланган майна.

Кенг ўтлоқ. Қушлар тўдаси шовқини атрофни тутган. Аммо бир қарғагина ўз тўдасига қўшилмай, қанот қоқа-қоқа ўзидан уч-тўрт, балки ўн метр наридаги майнахоннинг теварагини айланиб чопади.

Қарға: — Қағ-ғ-ғ-ғ-ғ! Қағ-қағ-эй-й-й!!! Вой-воей-й!..

Майнахон (Дон титкилашдан тўхтаб, бошини янада нозлироқ қарға томон бир буриб олади-ю, норози пичирлайди): — Шилқим!..

Қарға: — Майнахон, биз тарафга ўгирилиб, бир кулиб қўйэ-энг энди! Юрак ўртаниб кетди-ку!..

Майнахон: — Шилқим! Йўлингиздан қолманг!

Қарға: — Қўйинг энди шунақа гапларни! Сизни кўрганимдан бери томоғимдан дон ўтмай қолди-ку! Бунчалик шафқатсиз бўлманг, опоқ қиз!

Майнахон (қанотларини ёйиб обдон керишади-да, ноз ва норозилик аралаш сўз қотади): — Уялмайсизми? Қариндошларим кўриб қолишса, нима бўлади? Мен сизни танимасам!?.

Қарға (янада жонланиб майнахонга яқинроқ келади): — Танимасангиз, танишамиз, опоқ қиз! Мана, масалан… Менинг исмим Қарғабой! Сизники-чи?

Майнахон: — Меники Майнахон!

Қарға: — Ана, танишиб ҳам олдик. Биласизми… Сизни биринчи кўрганимдаёқ юрагим жиғ этганди. Ишонинг, бу муҳаббат, ҳа, аниқ!

Майнахон: — Йўғ-э! Жа оширвормаяпсизми шилқимликни?

Қарға: — Ўлай агар! Бошимдан думимгача сезиб турибман. Сизни севиб қолганим аниқ!

Майнахон (керилиб): — Неча кишини севасиз ўзи?

Қарға (икки қанотини баланд кўтариб қағиллайди): — Фақат сизни!

Майнахон: — Алдаманг! Кеча синглим билан дон олишиб турганингизни ўзим кўрдим!

Қарға: — Ие, бу нима деганингиз, опоқ қиз? Синглингиз билан ҳалиги…

Майнахон: — Чўқилашиб тургандинглар! Тонманг!..

Қарға (қанот қоқа-қоқа майнахоннинг теварагини айланиб): — Қасам ичайми, қасам? Шунда ишонасизми?

Майнахон (қарғанинг бу ҳаракатларини ўта жиддий қабул қилиб, бирдан бўшашади): — Йўғ-э, ишондим, ишондим, Қарғабой ака! Ҳалиги… Нима десамийкин?.. Сизни бир синаб кўрай девдим-да!

Қарға: — Хўш, синовдан ўтдик деб ҳисобласак бўладими? Қағ-ғ-ғ!!!

Майнахон (мамнун чирқиллаб бош эгади): — Ўтдингиз, ўтдингиз!

Қарға: — Унда буюринг, маликам! Сизни қандай хурсанд қилсам бўлади? Бир оғиз буюрсангиз, керак бўлса, осмондаги ойни олиб бераман!

Майнахон: — Оҳ, ой дедингизми? Қанийди… Аммо…

Майнахон бирпас бош қашиб олади-да, давом этади:

Майнахон: — Анчадан бери ҳов анави ёқдаги олис гўнгтепага чиқишни орзу қилардим. Олиб борасизми ўша ёққа?

Қарға: — Қағ-ғ-ғ!.. Гўнгтепа тугул култепага десангизам олиб бораман, жоним!

Майнахон (янада бўшашиб, кўнгли ийиб): — Қандай яхшисиз-а!.. Айтганча, неча ёшга кирдингиз ўзи?

Қарға: — Ҳали ўн гулимдан бир гулим очилмади. Бир юз йигирмага кирдим холос.

Майнахон: — Сиздан баъзи нарсаларни сўраб олсам майлими? Ҳар ҳолда…

Қарға: — Сўранг!

Майнахон: — Нега бошқа қарғаларга қўшилмайсиз? Доим ёлғиз юрасиз?

Қарға (қанотларини силкитиб, асабий айланади. Қур-қур ўнг қаноти билан бош қашиб олади): — Мен бу юртларда мусофирман. Қолаверса, дўстларга ишонмайман. Ҳозирги қарғалар жуда муттаҳам бўлиб кетган. Дўстингман дейди-ю, иложини топса, тумшуғингдаги охирги луқмангниям тортиб олишга тайёр туради. Кейин мен сизга айтсам, майнахон, менинг дунёқарашим буткул бошқа. Бу ёввойи қарғалар билан тиллаша олмайман. Тиллашсам, бўлар-бўлмасга қағиллаб асабимни бузишади.

Майна (оғзи ланг очилиб): — Вой, файласуф бўлиб кетинг-э! Нима бўлсаям, дунё кўргансиз-да!..

Қарға: — Ҳа энди… Тарбиямиз щунақа, Майнахон! Бизга турмушга чиқсангиз, кам бўлмайсиз! Топганингиз тумшуқда бўлади.

Майнахон: — Хўш, Қарғабой ака, гўнгтепага олиб борасизми шундай қилиб?

Қарға (чап қаноти билан бошини қашиб олиб): — Ҳозирми? Балки…

Майнахон: — Ҳозир айни мавриди эди-да!.. Йўқ, йўқ, агар ишларингиз кўп бўлса, кейин оборсангизам майли!

Қарға: — Жуда ақлли қизакансиз. Шарқликсиз-да! Фаросатингизга тасанно!..

Майнахон мақтовлар хуш ёқиб пилдираганча қарғанинг атрофини икки-уч айланиб чопади-да, бирдан тўхтаб, кўкка орзуманд боқади:

Майнахон: — Биласизми, Қарғабой ака, менинг битта ушалмаган армоним бор. Агар шу армонимни ушалтирсангиз, муҳаббатингизга росманасига ишонардим.

Қарға: — Қағ-ғ-ғ! Оҳ, жоним, айтинг ўша армонингизни! Айтдим-ку, сиз учун керак бўлса, осмондаги ойниям олиб бераман!

Майнахон: — Мен-чи… Марсга саёҳат қилишни бир умр орзу қилганман.

Қарға (қанотлари билан қаншарини қашиб): — Ахир, уёқларда ҳаво йўқ дейишади! Ўлиб-нетиб қолсангиз, мен нима қиламан?

Майнахон: — Армоним ушалса, ўлсам ҳам розийдим. Хўш, олиб борасизми Марсга?

Қарға кутилмаган таклифдан энсаси қотади-ю, эшитилар-эшитилмас қағиллаганча нари кета бошлайди. Бундай бўлишини кутмаган майнахон эса азбаройи қўрқиб кетганидан қарғанинг йўлини тўсади.

Майнахон: — Қарғабой ака, ҳазиллашдим, ҳазил! Илтимос, мени ташлаб кетманг! Гўнгтепага олиб борсангиз бас! Мен… Ихтиёрим қўлингизда, оға!..

Шундай деб майнахон бир оёғини хун бўлган юрагига босган кўйи бош эгади ва хаёлан сўзланади: “Тавба, ҳозирги йигитларга шарт ҳам қўйиб бўлмайди-я! Дарров энсалари қотади, жуфтакни ростлашга уриниб қолишади. Йўқ, Қарғабой ака, сиздай “инастранс”ни бировга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ! Уйланмай кўринг-чи менга, нима қиларканман!..”

Орадан уч кун ўтиб Қарғабой Майнахонга уйланди. Тўйда Майнахоннинг қариндош-уруғлари шу қадар кўп бўлибдики, гўнгтепа бўшаб қолибди. Икки ҳафтагача янги келин-куёвларни қўшни мусича йиғиб қўйганидан бериб боқибди. Аммо Қарғабой бундан сира афсус қилмабди. Баҳор келиши билан майнахонни олиб шимолга учишни мўлжаллабди. Ота-онаси билан таништирса, хотинини шимолдан бери келтирмасликка онт ичибди. Ўзининг фикрлашича, хотинининг қариндош-уруғлари кўплиги малол келаркан.

 

Олимжон ҲАЙИТ