ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (24-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Оқшом чўкди. Жасад ҳамон қабр ёнбошида ётарди. Нима бўлди-ю, шу атрофдан гўрков Ҳайдар ота ўтиб қолди. Бу одам ёши етмишга яқинлашиб қолган бўлса-да, ҳали-бери кексаликка ён бермаган, ҳамон қабристонга олиб келинган мурдаларни опичлаб дафн этишдан чарчамайди.

Нигоҳлари бургутникидек ўткир ва ҳушёр.

Ҳайрон бўлиб жасадга бирпас тикилиб турди-да, эҳтиёт шарт томирини ушлаб кўрди.

“Қизиқ, — ўйлади у мурдани ағдариб ётқизаркан. — Башарасидан ўзбекка ўхшамайди. Қайдан кеп қолди бу? Қачон келди? Кеча ўтганимда ҳеч ким йўқ эди. Нега энди мана шу аскарнинг қабри ёнида ётибди? Ё таниш-паниши-ю, зиёрат қилишга келиб бирдан жони чиқиб кетдимикан-а? Бу ерда бир гап бор-ов! Манови аскарнинг қариндошларини топай-чи, балки, ўшалар танишар, бу йигитни!..”

Ҳайдар ота белидаги қийиғини ечиб олиб мурданинг юзини ёпди. Кейин ҳаллослаганча Мадалининг ёлғиз аммаси Хосият холаникига йўл олди.

Биларди. Бошқа хешларига нисбатан шу хотин кўпроқ куйган. Ҳатто, Марайимнинг ўлимидан сўнг қанча вақт чироғини ёққан. Ишқилиб, расм-русумини қолдирмаган.

Гўрков кириб келганда, қадди анча букилиб қолган Хосият хола айвонда кўрпа қавиб ўтирарди.

“Бу хотин илгари қаддини ғоз тутиб юрарди, — кўнглидан ўтказди гўрков дарвозахонада бир муддат тўхтаб. — Ҳеч ким уни олтмишга кирган, деб айтмасди. Жияни, кетидан акаси, кейинроқ келини дараксиз кетиб, ўзини олдириб қўйибди. Жигар экан-да! Ишқилиб кўз тегмасин! Марайимнинг қариндошлари орасида шугина оқибатлироқ чиқди…”

— Ҳов, Хосият! — ҳовлига киришни негадир ўзига эп кўрмай, дарвозахонадан туриб қичқирди гўрков. — Хосият-ов!

Аёл таниш овозни эшитиб инқиллай-инқиллай ўрнидан турди. Шоша-пиша калишини оёғига илиб гўрков томон илдамлади.

— Ие, келинг, Ҳайдар ота! Киравермайсизми? Келмай юрган жойингизми?

Гўрков қовоқларини уйган кўйи совуққина саломлашиб айвондаги сўри четига омонатгина чўкди.

Аввал ўтганлар номига тиловат қилинди.

— Хўш кепсиз! — хазин товушда мулозамат қилган бўлди Хосият хола. — Қайси шамоллар учирди бизнинг кулбаларга?

— Шу ердан ўтиб кетаётгандим, — гапни узоқдан бошлади Ҳайдар ота. — Бир кирай-чи, дедим-да! Хўш, яхши ўтирибсизларми? Ўғлинг келиб суюниб қолдингми?

— Шукр! Обиджоним келиб ҳарқалай бағрим тўлиб қолди, ота!.

— Қани ўзи? Кўринмайди?

— Дўконга чиқиб кетганди. Ун келган экан. Бир қоп олиб қўй, деб тайинлагандим.

— Шунақами?

Гўрков нима қилишни билмай қолди. Бир кўнгли айт, дейди, бир кўнгли айтма, дейди. Айтай деса, мункайиб қолган бу кампир йиқилиб қоладими, деб қўрқди.

“Айтмай турганим, маъқул шекилли, — ўйлади ўзича. — Йўқ, энг яхши йўли, секин дўконга бораман-у, Обиднинг ўзини қабристонга олиб бораман. Мана, қоронғиям тушиб қолди. Бунақа ишларни ими-жимида қилмаса бўлмайди…”

— Бўпти, Хосият, — деди секин ўрнидан қўзғалиб гўрков. — Мен энди борай.

— Вой, озиб-ёзиб бир кепсиз. Ҳозир чой дамлайман.

— Раҳмат, бошқа сафар. Сендан бир хабар олиб ўтай девдим. Мана, кўрдим, яхши экансизлар.

— Одамни хижолатга қўйдингиз-да, ота! — Хосият хола дарвозахонага етганда қайтадан ичкарига ишора қилди. — Ана, маставамиз ҳам тайёр бўлганди. Ҳали замон Обиджоним келса, биргалашиб ичардик!

— Э, ҳали бу уйда кў-ўп ўтирамиз. Хижолат бўлма! Менинг ишларим бор. Тез бормасам бўлмайди.

— Бўпти унда, ота, ўтган-кетганда кириб туринг!

— Хўп, омон бўл!

Гўрков кўчага чиқди-ю, дўкон томонга бурилиб қадамини тезлатди.

 

 

* * *

 

 

“Зап келишган йигит бўлган-да, шу Обиджон ҳам! — эндигина бир қоп унни орқалаб дўкондан ташқарига чиққан йигитга ҳавас билан тикилиб қаради гўрков. — Мадалига тортган-ов шу! Гавдалариям, бир сўзлилигиям, ҳатто жилмайишлари ўхшайди-я! Ишқилиб, умри ўхшамасин-да!..”

Ҳайдар ота кўрдики, Обиджон қопни бир елкасига қўйганча уйи томон кетиб боряпти.

— Ҳой, болам, тўхта! — қичқирди у қўл силтаб. — Тўхтасанг-чи!

— Менми? — Обиджон бирдан тўхтаб гўрков томон ўгирилди.

— Ҳа, сен-да!

— Ассалому алайкум, бова! — шоша-пиша қопни ерга қўйиб саломлашиш учун қўл чўзди Обиджон.

— Яхшиям сени учратиб қолдим, — деди гўрков атрофга аланглаб. — Юр, қопни ҳозирча дўконда қолдира тур. Кейинроқ олиб кетарсан.

— Нима гап ўзи? Тинчликми?

— Тинчлик бўлса, сени қидириб келмасдим, болам! Юр, тез қабристонга борайлик, гап бор!

— Х-хўп!

Обиджон қайтадан унни елкасига кўтариб олди-да, дўкон сари одимлади.

 

 

* * *

 

 

— Ўғлим, мановини қара, — қабристонга кириб келишгач, мурдага яқин бориб юзидаги қийиқни олиб ташлади гўрков. — Тоғангнинг қабри ёнида ўлиб қопти бу!

— Нима? — Обиджон ҳушёр тортиб қоронғиликда мурдага бир муддат тикилиб турди-да, беихтиёр чўнтагига қўл солиб гугурт чиқарди. — Ким? Нега бу ерда ётибди?

— Ўзингни бос, Обиджон! Ундан кўра, яхшилаб қара, танийсанми-йўқми, шуни айт!

Обиджон юраги така-пука бўлиб мурданинг юзига гугурт ёруғида разм солди.

— Ўрисга ўхшайди-ку, бова! — деди пича тикилиб тургач.

— Билиб турибман ўрислигини. Алкаш, десам, алкашга ўхшамайди. Таниш-танимаслигингни айт!

— Тўғриси, қаердадир кўрганман.

— Қаерда?

— Тўхтанг, бова, бу Мадали тоғамнинг таъзиясига келмаганмиди-а? Ҳа, аниқ! Ўшанда кўрганман!

— Адашмаяпсанми?

— Йўқ, адашишим мумкинмас! Соқов эди! Индамасдан имо билан гаплашган!

— Унда-чи, ўғлим, вақтни чўзмайлик! Аввал жасадни ҳужрага олиб кирайлик. Ана ундан кейин сен чопиб бориб маҳалладаги оқсоқолларни бошлаб келасан. Фақат-чи, аянгга индамай турақол! Шундоғам зўрға юрибди.

— Бўпти, қани, кўтардик бўлмаса!

Икковлашиб жасадни ҳужрага олиб киришди.

 

***

 

 

Орадан ярим соатча ўтар-ўтмас, бу ерга маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар йиғилишди.

Аммо ҳеч ким жасад эгасини таний олмас, елка қисишдан нарига ўтмасди.

— Тўхтанглар, қочиб туринглар! — Обиджон кутилмаганда одамларни турта-турта энгашиб мурданинг костюмини еча бошлади.

— Ҳой, нима қиляпсан? — Самин оқсоқол йигитни елкасидан тортиб турғазишга уринди. — Қўй, нима қиласан кийимига тегиниб?

— Мана, кўринглар! — Обиджон жасаднинг кўксидаги кичик бир тиртиқни йиғилганларга намойиш қилди. — Бу Мадали тоғам, ҳа, Мадали тоғам! Мана, оёғиниям кўришларинг мумкин! Бош бармоғининг озгина жойи кесилган эди! Кичкиналигимизда “жоди” (ўт қирқадиган ўткир ускуна) да кесиб олган.

Обиджон кўзлари жиққа ёшга тўлиб ҳаммага бир-бир жасадни кўз-кўз қилар, энтикиб-энтикиб кетарди.

— Астағфирилло! — дея ортга тисланди Самин оқсоқол.

— Бўлиши мумкинмас! — ҳайқирди девормиён қўшниси Малик пиён. — Мадали гўрда ётибди! Бўлмағур гапларни гапирма!

— Э, сизлар ниманиям билардинглар? Тоғам бу! Менинг тоғам! Бизни алдаб қабрга бошқа одамни қўйишган экан. Ана, ишонмасаларинг, қабрни очиб кўрамиз!

— Тўғри айтяпти! — деди кимдир. — Гўрков бова, йигитнинг гапида жон борга ўхшайди! Очиб кўрмаймизми?

— Ҳай-ҳай, мумкин эмас! — бақирди Ҳайдар ота. — Ҳукумат вакиллари тайинлаб кетган. Балога қолиб кетамиз.

— Менга қаранг, — гўрковга юзланди Самин оқсоқол. — Обиджоннинг гапи ерда қолмасин! Нима бўлгандаям, жигар-да! Қаранг, куйиб кетяпти бола!

— Нима қил дейсизлар? — бақириб берди гўрков. — Шу ишни деб қамалиб кетайми?

— Қамалмайсиз. Мана, маҳалла турибди. Ўзимиз жавоблашамиз ўшалар билан. Жигарнинг куйиги ёмон бўлади. Хўп денг!

Ҳайдар ота Обиджонга боқди. Ҳақиқатан, йигит йиғлашдан ўзини тиёлмас, жавдираб йиғилганлардан нажот кутарди.

— Майли, унда ҳозир қип қўя қоламиз бу ишни, — деди гўрков. — Ҳар ҳолда қоронғи тун. Яна ўзидай қилиб кўмиб қўйсак, билмай қолар, ўлибдими! Аммо, билиб қўйинглар, гап шу ерда қолади!

Ҳаммалари мурдани ичкарида қолдириб ташқарига отилишди.

Ёшроқ йигитларнинг қўлига белкурак, кетмон берилди.

Олдинда эса югургудек бўлиб Обиджон борар, қабрни тезроқ очиш-у, ростдан ҳам у ерда бошқа одам ётганига амин бўлиш илинжида эди.

 

 

* * *

 

 

— Ё, алҳазар! — деб юборди гўрков қабр ичига тушиб темир қутини бузиб очгач. — Ё, навзамбилло! Ҳой, юраги бақувватроғинг борми? Бу ёққа киринглар!

Гўрковнинг овозини эшитган Обиджон биринчилардан бўлиб қабрга ўзини урди.

— Буни қара, болам! — деди гўрков қути ичидаги узунлиги бир метрча келадиган темирни суғуриб олиб. — Ўлик йўқ экан ичида. Мановини солиб қўйишган экан ер юткурлар!

— Ифлослар! — дея темирни маҳкам тутиб қабрнинг бир четига ирғитди Обиджон. — Айтдим-ку, амаки, булар бизни алдашган! Энди ишонгандирсиз тоғамлигига?

— Тоғанг бўлса… юзи бошқа-ку, болам!

— Буни энди ўзим аниқлайман!

— Нимани аниқлайсан? Давлат ишлари билан ҳазиллашиб бўларканми? Қўй, ўзингни бос! Яхшиси, мурдани жаноза ўқитиб кўмайлик! Енгиллик қилма!

Қишлоқда ёшлар катталар билан тортишиб ўтиришмайди. Бундай қилишса, шартаки деб айблашади. Шуни билгани учун Обиджон ҳам гўрков билан баҳслашиб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Қабрдан чиқиб бир четга ўтирди-да, бошини чангаллади.

 

 

* * *

 

 

— Обиджон, қўй энди, — бир ёқдан гўрков, бир ёқдан маҳалла эркаклари уни тинчлантиришга уринишарди. — Ўрнингдан тургин! Маҳаллани тўплаб, жанозанинг тадоригини кўрайлик!

— Қанақа жаноза? — ҳиқиллаб йиғлаганча йиғилганларга алам билан боқди Обиджон. — Айтдим-ку, мен аниқлаб олишим керак!

— Ҳой, бола, нимасини аниқлайсан, ахир?! — гўрков тоқати тоқ бўлиб қўл силтади. — Ўликни узоқ вақт маҳтал қилиб бўлмайди, тушунсанг-чи!

— Дўхтирга олиб бораман, — деди Обиджон. — Текширтириб тоғам эканига тўлиқ амин бўлмагунимча кўмдирмайман! Кўмдирмайман!

Обиджон зарда билан қабристондан чиқиб кета бошлади.

Маҳалла биларди. Бу йигитнинг бир қайсарлиги тутса, қайтариб бўлмайди.

Гўрков бир неча эркакни имлаб мурдани кўтартирди.

Кўча юзида кимнингдир машинаси турарди.

— Ҳов ўша машинага ортинглар! — деди у эркакларга. — Дўхтирга олиб борса-борсин! Майли, боланинг ҳам сазаси ўлмасин!

 

 

* * *

 

 

Шаҳар шифохонасига фақат Обиджон-у, Ҳайдар оталаргина келишди. Улар санитарлар ёрдамида мурдани махсус хонага олиб киришди.

Кимдир қўнғироқ қилиб бош мутахассисни ҳам чақиртириб келди.

Врач жасадни узоқ вақт айланиб тургач, ниҳоят таҳлил олишга қарор қилди.

— Мана шу таҳлил унинг кимлигини кўрсатиб беради, — деди гўрковга ўгирилиб.

— Аниқ кўрсатадими, дўхтир? Манови болам жуда безовта-да!

— Безовта бўлишга ҳожат йўқ. Ярим соат кутиб туринглар ташқарида. Ўзим чақираман!

Улар икковлашиб ташқарига чиқишди ва кута бошлашди. Бу орада Обиджон хаёлнинг минг бир кўчасига кириб чиқди. Гоҳ ишонгиси келди, гоҳ иккиланди. «Тоғаси нима иш қилган ўзи? Қаерда хизмат қилган? Нега ўлди? » деган ўйлар билан вақт ўтказди.

— Қани, келинглар-чи! — бир маҳал эшик очилиб остонада шифокорнинг қораси кўринди. — Нега қаққайиб турибсизлар? Кирмайсизларми?

Обиджон гўрковни ҳам унутиб югурганича ичкарига кирди.

— Сен адашмабсан, ука! — деди врач. — Ростдан ҳам тоғанг экан. Аммо мени тушун. Унинг нима иш қилганини сенга айта олмайман! Ҳаққим йўқ! Ҳозир шаҳардан бир киши келади. Шахсан сен билан гаплашмоқчи!

— Қанақа киши? — ҳайрон бўлиб сўради Обиджон. — Нега мен билан гаплашади?.

— Униси менга қоронғу. Келганда, гаплашганда билиб олаверасан.

— Дўхтир, ўликни нима қилайлик? — гўрков врачга умидвор термулиб сўради.

— Бугунча шу ерда қолдирасизлар, — жавоб қилди врач. — Буйруқ шундай.

— Ҳечам-да! — деди Обиджон. — Тоғамнинг жасадини мен ҳеч қачон бу ерда қолдирмайман!

— Қайсарлик қилма! — уришиб берди врач. — Ҳозиргина мен телефон орқали тегишли одамлар билан боғландим. Улар ҳам алоҳида текшириб кўришлари керакмиш.

— Ўғлим, — гўрков Обиджонга яқин келиб елкасига қўлини қўйди. — Сенларга сабр берсин! Дўхтир ҳам буйруқ бажарувчи одам-да! Мадали балки давлатнинг муҳим ишларини адо қилгандир? Биз қайдан билардик? Яхшиси, сен ташқарига чиқ-чи, ким экан келаётган!

Обиджон индамай ташқарига йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Дарвоза олдида қора «Волга» турар, эшиги ярим очиқ эди. Очиқ эшикдан кимнингдир боши кўринар, тутуннинг бурқсиб ташқарига чиқаётганига қараганда, у сигарет чекарди.

Обиджон секин яқин бориб машина рўпарасида тўхтади. Уни кўриб эркак пастга тушди ва қўлидаги сигаретини ирғитиб Обиджонга яқин келди.

— Сизми марҳумнинг қариндоши? — сўради у сўрашиш учун қўл узатаркан.

— Ҳа, мен, — Обиджон қотма, новчадан келган, бурни кавказликларники каби узун бу кимсага ер остидан боқди. — Нимайди?

— Хўш, энди нима қилмоқчисиз?

— Нима қилардим? Тоғамнинг нима учун ўлганини аниқлайман.

— Адашмаяпсизми?

— Йўқ.

— Ўзингизга ёмон бўлишини ўйламаяпсизми?

— Менга қаранг, кимсиз ўзи? Қўрқитмоқчимисиз?

— Қўрқитиш фикридан йироқман, — деди эркак. — Лекин шуни айтиб қўймоқчиманки, Мадали давлатнинг махфий ишларини бажариш вақтида ҳалок бўлган.

— У ҳалок бўлмаган. Ёлғон гапирманг. У ўз қабри устида оламдан ўтган.

— Бунинг аҳамияти йўқ. Мен сизни огоҳлантириб қўймоқчиман, холос. Агар бу ишга аралашадиган бўлсангиз, охир-оқибат афсус чекиб қолишингиз тайин.

— Вей, ким бўлсангиз ҳам ўзингизга! — деди Обиджон қишлоқ йигитларига хос тўпорилик билан. — Бу одам менинг тоғам, жигарим эди. Қандайдир аблаҳлар уни ўлдига чиқариб, ичига темир солинган тобут опкелишган. Ҳаммамизни алдашган, аҳмоқ қилишган. Тоғам ўлмаган экан-ку!

— Уф-ф, сен қанақа тушунмайдиган боласан ўзи? — эркакнинг бирдан “сен”лашга ўтиши Обиджонни баттар тутоқтириб юборди.

— Мени сенлама! — дея эркакнинг ёқасидан олди у. — Айтдим-ку, ким бўлсанг ҳам ўзингга! Мен сўзидан қайтадиганлардан эмасман!

— Яхши! Кўрамиз!

— Кўраверамиз!

Обиджон бошқа сўз демади. Зарда билан ортга қайрилди-да, шифохонага кириб кетди.

Эркак эса чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди. Беш-ўн дақиқа бир жойда қотиб тургач, машинага ўтириб моторга ўт қўйди.

 

 

* * *

 

 

— Болам, ўзи яқиндагина армиядан келган бўлсанг! — орадан бир ҳафта ўтгач, йўлга отлана бошлаган Обиджонни йўлдан қайтаришга уринарди Хосият хола. — Нима қиласан бўлмаган ишларга аралашиб-а? Сенга айтишибди-ку аралашма деб!

— Ая, нега тушунмайсиз? — қўл силтаб бақирди Обиджон. — Тоғамнинг онаси уни излаб қаерлардадир тентираб юрган бўлса! Ўзи янгамнинг юраги сезган экан-да! Бекорга болам тирик деб чиқиб кетмаган. Тоғамни эса бу аҳволга солишди. Қандай қилиб жим ўтира оламан?

— Мени ёлғиз ташлаб кетяпсан-да, болам!

— Хавотир олманг, ая! — деди Обиджон. — Қўшниларга айтдим, хабар олиб туришади. Тез орада ҳаммасини аниқлайман. Янгамни ҳам топиб келаман.

— Эҳ, қайсар болам-а! Қайсарлигинг қолмас экан-да сира! — она эрта тонгда армиядан олиб келган дипломатини олганча ташқарига йўл олган ўғлини маҳкам қучиб йиғларди. — Сенам кетиб қолсанг, кимга суянарканман?

— Ўлишга кетаётганим йўқ-ку, ая! Тез кунда қайтаман. Мана, кўрасиз!

Обиджон хайр-маъзур қилиб қишлоқ автобусига ўтирди ва ярим соат деганда вокзалга етиб борди.

Автобусдан тушгач, не кўз билан кўрсинки, машиналар турадиган жойда, ўзи шифохона дарвозаси ёнида кўрган «Волга» турарди. Машина ёнбошида эса ўша таниш нусха сигарет чекканча унинг яқин келишини кутарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ