Табиат мўъжизаси: Навоийдаги абадий тебранувчи тош (фото)

0

ЎзАда журналист Толибжон Низомовнинг Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғидаги ажабтовур тош ҳақидаги мақоласи чоп этилди. Қуйида мақола эътиборингизга ҳавола этилади.

Юртимиз табиати ғоят гўзал ва ранг-барангдир. Фусункор гўшалар, ажойиб масканлар ҳар доим кишини ўзига ром этади. Шиддатли қуюнларнинг бир зумда дарё ва кўллар сувини «ҳўп»лаб кетиши, «куйловчи» тошлар, «увилловчи» тепаликлар, «мусиқали» қоялар, «рангли» адирлар, «тебранувчи» харсангларни томоша қилган киши олам-олам таассурот олади.

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғига ташриф буюрсангиз, табиатнинг бетакрор мўъжизасидан ҳайратга тушасиз. Чашмалардан қайнаб чиқаётган зилол сувлар, тошдан-тошга урилиб пишқириб оқаётган ариқлар, ям-яшил майсалар, қир-адирларга поёндоз бўлиб тўшалган алвон-алвон гуллар баҳридилингизни очади. Шу боис иссиқ кунлар бошланиши билан бу қишлоқдан зиёратчилар қадами узилмайди.

Фото: ЎзА

Оқтов ён-бағрида бепоён кенгликлар билан туташиб кетган қишлоқда ноёб – тебранувчи тош бор. Унинг мўъжизалиги шундаки, вазни 280 тоннадан зиёд бу тошни 12-14 ёшли ўспирин ҳам бемалол қимирлата олади. Қозонсимон бу харсангнинг тебранганини сезиш учун ё соя керак ёки тошнинг биқинига бир чўп тираш кифоя. Ҳатто кучли шамолда ҳам табранувчи бу тошнинг номи – «Сангижумон». Қишлоқ ҳам, маҳалла ҳам шу ном билан аталади.

Тебранувчи тош – табиатнинг нодир мўъжизаси. Бундай тошлар дунё бўйича Сангижумондан ташқари Буэнос-Айрес ва Қуддус шаҳарларида бор, холос.

Лекин шуни таъкидлаш керакки, сайёрамиздаги бошқа бирорта тош на ҳажм, на тебраниш ва на амплитуда жиҳатидан сангижумон тошларига тенглаша олади.

Археологларнинг таъкидлашича, Сангижумон 280 миллион йил аввал ер қаъридан кўтарилган суюқ ва қайноқ магматик жинслардан пайдо бўлган. Улар ўз вақтида ер қобиғини ёриб чиқа олмасдан, тахминан, 250 миллион йил аввал маълум чуқурликда қотиб қолган. Содир бўлган кучли ва мураккаб тектоник ҳаракатлар ҳамда эрозия натижасида массивнинг тўши очилган. Бу ердаги жинслар бундан камида 10 минг йиллар илгари юзага чиққан.

Денгиз сатҳидан 800—900 метр баландликда жойлашган бу харсанг дарани қоплаб ётган гранит тошларнинг йирик бир бўлаги.

Фото: ЎзА

Тошнинг тахминий ҳажми 75—78 куб метр, оғирлиги эса 280 тоннадан зиёд.

– Тош атрофи гранит бўлаклари, қум ва гилсимон жинслар билан қопланган, – дейди тарихчи олим Зиёвуддин Қўзиев. – Харсангнинг ўрни ғарб томонга 5—10 градус чамаси қия тушган. Унинг айланаси 20 метр, диаметри 9, баландлиги эса 6 метрга яқин. Тошнинг ғарбий томони кўп емирилган. Унда ҳар хил чуқурликлар, излар, кўзанакли тўқималар бор. Харсангнинг бели икки жойидан кўздек ўйилган. Уларнинг узунлиги 2 метр, эни 1,5 метрга яқин, чуқурлиги 30—60 см. «Кўзлар»ни ажратувчи «бурун»нинг эни 1 метрдан ортиқроқ, «кўзлари»нинг пастки гардиши чуқур ўйилган. Атрофдан қараганда харсангтош кўзойнак таққанга ўхшайди.

Тошни томоша қилгани келган меҳмонлар дастлаб уни: «Бир киши қимирлата олади», деган гапга шубҳа билан қарашади. Ўзлари буни амалда синаб кўргач, тошнинг ҳақиқий мўъжиза эканига тан беришади. Ҳатто подадаги қорамолларнинг тошга ишқаланиши туфайли унинг қимирлаганини кўрганлар бор.

Оқтовда тез-тез бўлиб турадиган кучли шамоллар чиғир, чақа ва ҳар хил майда тошларни учиради. Шамол натижасида ҳар хил предмет ва жисмларга бориб урилган тош ва заррачалар жисмларни емиради, силлиқлаштиради, турли шакллар ясайди.

Фото: ЎзА

Узоқ ўтмишда, ҳатто ҳозир ҳам гоҳ водийдан, гоҳ тоғдан турли йўналишда эсадиган шамоллар ҳар хил заррачаларни олиб келиб Сангижумон харсангига урган. Учирилган жисмлар одатда шамолнинг пастки қатламида, яъни ер юзасига яқин қисмида кўп бўлади. Шунинг учун ҳам тошнинг юқори қисмига нисбатан пастки қисми кўпроқ емирилади. Жараённинг узоқ давом этиши натижасида тошнинг пастки қатлами ўйилиб кетади. Харсангнинг устки қисми билан асосини бирлаштирувчи «устун»нинг емирилгани шундан. Тош ердаги ясси турдоши устида ингичка ва ўткир учли узилган таянчда ликиллаб туради. Шу боис уни осонликча қимирлатиш мумкин.

Сангижумонликларда яхши бир анъана шаклланган: зиёратга келган меҳмонларга тош атрофидаги дўлана ва тут дарахти остида бир пиёла чой берилиб, гурунг қилинади. Қимирлоқ тош ҳақидаги ҳангомалар ёдга олинади.

«Тебранувчи ва тешик тошнинг ҳурмати туфайли мен эккан кунгабоқарлар қайси томонга ўтсам, шу томонга қараб менга салом беради», дерди раҳматли Йўлдош бобо», – дейди қишлоқ оқсоқоли Қаҳрамон Боймуродов.

«Қайсидир йили Райим бобо элга ош бериб, қимирлоқ тош дарасида кўпкари қилганида одам сиғмай кетганди. Ўшанда Тасмачидан келган 15 нафар чавандоз қўшни қишлоқ – Хилбошида яшайдиган Қорақул бобоникида қўноқлаганди. Абдулаҳад бобо ҳаммадан эрта уйғониб, ташқарига чиқаётса, уй бекаси целлофан пакет кийиб олиб қурут эзаётган экан. Меҳмонни кўриб хижолат бўлиб турганида Абдулаҳад бобо: ‘Келин, ҳеч хижолат тортманг. Ҳовлитоға билан менга ширчой, қолганларга қуртоба’, деган экан», – дейди Қилич Шайматов.

Фото: ЎзА

Тебранувчи тошнинг яқинида иккинчи сирли харсанг – Тешиктош бор. У ўтмишда тебранувчи тош билан туташиб, улкан қояни ташкил қилган. Қоя билан тебранувчи тош ўртасидаги йўлакдан ўтаётиб осмонга қарасангиз, ўзингизни худди 15—20 метрли қудуқ ичида тургандек ҳис этасиз. Бу тошни узоқдан кўрган киши уни худди қўнаётган бургутга ўхшатади. Энг қизиғи, тошнинг пастки қисмида тешик бор. Шу боис маҳаллий аҳоли табиатнинг бетакрор мўъжизасини «Тешик тош» деб атайди. Бу тешикдан ўрта бўйли киши бемалол ўта олади. «Мана, неча асрдирки, бу тешик кишиларнинг гуноҳи бор ёки йўқлигини исботлаб келмоқда», дея хазил қилишади сангижумонликлар.

Тешик тош ёнидаги ясси тош устидаги улкан оёқ излари харсангларнинг тарихи жуда узоқ ўтмишга бориб тақалишидан далолат. Баъзи ривоятларда Нуҳ кемаси Оқтовнинг энг юқори чўққиси – Лангар тоғида лангар ташлагани таъкидланса, бошқа бирида Сангижумон қишлоғидаги мазкур тош кемага ўхшаш кенг гранит майдонча устида тўфон суви қайтганидан сўнг ерга илк қадам қўйган пайғамбарнинг излари қолгани айтилади.

Бундан 300—400 метр ғарбда баландлиги 2 метрдан зиёд замбуруғсимон ва кобрага ўхшаш тошлар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, Сангижумон қишлоғида юздан зиёд табиатнинг ноёб ёдгорлиги бўлган тошлар – «Чилдирматош», «Кабутартош», «Қизил эгартош», «Элчибайдукан», «Тегирмонтош»лар бағрига ўйиб ёзилган 6—7 минг йиллик тарихга эга петроглифлар ибтидоий санъатнинг нодир ёдгорликларидир.

Хуллас, бой тарихга эга харсанглар, тошбитиклар тасаввуримизни инсониятнинг тарихдан олдинги даврларига бошлаб кетади ва қалбимизни шажара занжиримиз ўша замонлардан бери узилмай келаётганидан ҳайратга тўлдиради.