ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (25-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Обиджон автобусдан тушди-ю, гўёки эркакни пайқамагандек индамасдан вокзал ичкариси томон йўл олди. Аммо эркак уни ўтказиб юбориш ниятида эмасди. Илдам қадамлар билан олдинга юриб, Обиджоннинг йўлини тўсди.

— Йўл бўлсин, ука? — сўради у мулойимлик билан.

— Сизга нима? Иш билан кетяпман.

— Иш билан дегин? Билсак бўладими?

— Менга қаранг, — азбаройи жаҳл отига минган Обиджон эркакнинг елкасидан ушлади. — Нега орқамдан соядек эргашиб юрибсиз? Сизга нима керак ўзи?

— Мақсадингни билмоқчиман. Шу, холос.

— Сизга ҳисобот беришга мажбур эмасман.

— Мабодо мажбур бўлсанг-чи?

— Уф-ф! Қочинг йўлимдан!

— Биласанми, — деди эркак елкасидаги бегона қўлларни оҳиста олиб ташларкан, — Сен бугун ҳеч қаерга кета олмайсан.

— Буни ҳали кўрамиз.

— Хўп, бор, ичкарига кир, чипта ол! Фақат бир гапни айтиб қўяй, қалтис қадам ташлаяпсан. Ўзингга ёмон бўлади.

— Ёмон бўлса, менга ёмон бўлади, билдингизми?! Сиз орқамдан эргашиб юрмасангиз бас!

— Яна бир нарсани эсингда тут. Тоғанг қилган ишларни, у юрган йўлларни ҳаётда топа олмайсан. Мабодо топганингдаям, ўша куниёқ сени йўқ қилиб юборишади.

Обиджон ҳушёр тортиб эркакка қаттиқроқ тикилиб қаради:

— Хўш, нега?

— Чунки, тоғанг ўта махфий топшириқларни бажарган, энг хавфли жиноятчилар билан ишлаган, курашган. Улар сен ўйлаганчалик аҳмоқ эмас.

— Башарти, мени ўлдира олишмаса-чи? Унда нима бўлади?

Эркак кулиб юборди.

— Ҳа майли, — деди кейин. — Омадингни берсин! Сени огоҳлантириб қўйдим. Бор, поездга кеч қоласан!

Обиджон эркакнинг беўхшов кулгусини эшитиб ғазаби қўзғаса-да, тезроқ ундан узоқлашишни маъқул кўриб югурганича вокзал ичкарисига кириб кетди.

 

 

* * *

 

 

— Илтимос, менга Россия поездига битта чипта берсангиз! — дея тешикчадан пул узатиб чиптачи қизга умидвор термулди Обиджон.

Қиз унга бир муддат қандайдир ачиниш билан тикилиб тургач, пулни қайтариб берди.

— Россия поездларининг бирортасигаям чипта қолмади, — деди елка қисиб. — Ҳаммаси сотиб бўлинган.

— Н-нега сотиб бўлинади? Ахир… Вокзалда одам кам-ку!

— Кам бўлса, нима қипти? Чипта йўқ дедимми, вассалом!

— Итдан тарқаганлар-эй! — сўкиниб нари кетди Обиджон. — Буларнинг ҳаммаси бир гўрга ўхшайди. Ҳа, майли, бермасанг берма, проводниклар билан гаплашиб кетавераман!

У ташқарига чиқиб ўриндиқлардан бирига ўтирди. Ҳаво булутли эди. Вақт хуфтонга яқинлашиб қолганлиги сабабми, бироз аёз тушган.

Обиджон эгнидаги костюмининг ёқасини кўтариб олди-да, чап томонига қаради.

Эллик қадамча нарида қора плашчли, бошига ҳам қора шляпа кийган новча бир йигит унга қараб-қараб қўяр, ҳар қараганда қўлидаги сигаретини чўзиб-чўзиб тортарди.

«Буям мени кузатаяптими, нима бало, — хаёлидан яшин каби ўтган бу фикр Обиджонни ўрнидан турғазди. — Қани, нариги томонга ўтай-чи, уям ўтармикан?»

Обиджон шошилмасдан вокзалнинг шимол тарафига ўтди ва бўш ўриндиққа ўтириб олди.

Не кўз билан кўрсинки, қора плашчли йигит яна пайдо бўлди.

— Булар ё ўғри, ё босқинчи, — ўзича шивирлаб қўйди Обиджон. — Ҳечқиси йўқ, менам сенлар ўйлаганчалик ожиз банда эмасман. Керак бўлса, сендақаларнинг уч-тўрттасини ер тишлата оламан.

Аммо барибир кимдир сени бу қадар очиқчасига кузата бошласа, асабийлаша бошларкансан, киши.

Обиджоннинг асаблари тобора таранглашиб борарди. Хайриятки, бахтига поезд келиб қолди-ю, даст ўрнидан туриб ўша томонга чопқиллади.

Унга проводникларни кўндириш унчалик қийин кечмади. Гаплаша-гаплаша бориб, охири сўнгги вагондан жой олди.

 

 

* * *

 

 

Обиджон проводник билан ҳисоб-китобни жойига қўйгач, кўрсатилган ўриндиққа бориб ўтирди. Бу вагон умумий бўлгани боис бемалол ётиб ухлашнинг иложи йўқ эди. Ёнида ҳам, рўпарасидаги ўриндиқда ҳам йўловчилар ўтирибди.

У қўлидаги дипломатини оёқ остига қўйиб секин наридаги купега назар ташлади.

«Вой, аблаҳ-эй, — хаёлан сўкиниб тескари ўгирилди Обиджон. — Шу ергаям чиқибди-я!»

Ҳақиқатан, қўшни купеда қора плашчли йигит кулимсираганча жим ўтирарди.

— Буниси энди ортиқча, — деди ўзига-ўзи Обиджон. — Нима қилсам даф бўлади ўзи-а?

Хаёлларини бир жойга йиғиб улгурмай, йигит секин ўрнидан турди-да, Обиджоннинг тепасига келди.

— Кутмаганмидингиз? — сўради у ҳамон кулимсираб.

— Ҳа, кутмагандим, — деди Обиджон. — Нега орқамдан соядай эргашиб юрибсиз?

— Менга сизни кузатиб бориш топширилган, — жавоб қилди йигит. — Келинг, танишайлик, исмим Баҳодир. Сизники-чи?

— Гўёки исмимни билмайдигандай сўрайсиз-а?! — жаҳл аралаш жавоб қайтарди Обиджон. — «Волга»даги акангиз аллақачон айтгандир?

— Тўғри топдингиз. Айтган. Ҳа, майли, бунинг аҳамияти йўқ. Яхшиси, юринг, менинг купем бўшроқ. Бирга ўтириб овқатланамиз!

— Раҳмат, қорним тўқ.

— Йўқ, барибир бормасангиз бўлмайди. Сизга зарур гапларим бор. Ё қўрқасизми?

— Мен-а? — Обиджон даст ўрнидан туриб Баҳодирнинг купесига ўтди. — Хўш, нима билан сийламоқчисиз?

— Ў, сиздай меҳмонни ҳозир зўр коньяк билан сийлайман! — деди Баҳодир ва сумкасини очиб бир шиша француз коньяги, бир қути шоколад олиб стол устига қўйди.

— Мен ҳозир, бир дақиқага! — Баҳодир иккита қадаҳни қўлига олиб ўрнидан турди. — Мана шуларни ювиб келай!

— Мен ювиб кела қолсам-чи?

— Йўғ-э, сиз меҳмонимсиз. Ўтира туринг!

Баҳодир билан суҳбатлари барибир қовушмади. Йигит ҳамон гапни айлантирар, аниқ мақсадини айта қолмасди.

— Кечирасиз, негадир бошимда оғриқ турди! — Обиджон иккинчи қадаҳни бўшатгандан сўнг бўш ўринга ёнбошлади.

— Нима бўлди? Қаттиқ оғрияптими? — Баҳодир кўзларини юмган кўйи жим қолган Обиджоннинг тепасига келиб елкасига қўлини қўйди. — Врач чақиртирайми?

— Кераги йўқ. Ўтиб кетади.

Орадан беш дақиқа ҳам вақт ўтмай, Обиджон қаттиқ ухлаб қолди.

Баҳодир эса шоша-пиша сумкасидан рация олди ва кимларгадир хабар берди:

— Объектга белгиланган дозада дори берилди. У ухлаяпти. Шу кўйи тўрт кеча-кундузда ўзига келади! Поезд қалин ўрмонга етгач, проводниклар уни тушириб юборишади!

 

 

* * *

 

 

Сибир тарафларга йўл олган поезд ҳануз бир маромда чайқалиб борарди. Обиджон эса гоҳ ўнг, гоҳ чап ёнига ўгирилар, лекин кўзларини очишга мадори етмасди.

Ниҳоят тўртинчи кун деганда базўр ўрнидан туриб деразадан ташқарига қаради. Поезд қалин ўрмонларни ёнлаб катта тезликда ҳаракатланарди.

— Владивостокка етмадикми ҳали? — секин проводник ўтирадиган хонага ўтиб сўради Обиджон.

— Қанақа Владивосток? Жинни бўлганмисан? Тайга бошланди-ку!

— Нима? Ахир, мен Владивостокда тушишим керак эди! Нега уйғотмадингиз?

Баланд бўйли, мўйловдор проводник жаҳл билан ўрнидан турди.

— Кафиллигингни олганмидим мен? Ўлармидинг вақтида уйғонсанг? Тез тайёргарлигингни кўр, кейинги бекатда тушиб қоласан!

— Нега тушарканман? — бақирди Обиджон. — Энди манзилимни қандай топаман?

— Ҳой бола, аччиғимни чиқарсанг, вагондан ирғитиб юбораман! Бўл, дедим!

Обиджон тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек индамай купега қайтди ва дипломатини қўлига олиб эшик ёнига борди.

Проводник эса ҳамон ўзича жавраб ўтирарди:

— Буларга яхшилик қилсанг, бошингга чиқиб олишади! Ухлаб қолганмиш! Вақтида тургин эди!

 

 

* * *

 

 

Поезд ярим тунда қайсидир бекатда тўхтади. Обиджон тушиши кераклигини билгани учун проводникнинг чиқишини ҳам кутиб ўтирмай ўзи эшикни очди ва пастга сакради.

Бу ер станция ҳам эмас эди. Қандайдир яланглик. Узоқдан қалин ўрмон қорайиб кўринарди.

Ёз бўлишига қарамай, анча совуқ эди. Обиджон ҳеч нарсага тушунмай, ҳеч нимани идрок этмай, қорайиб турган ўрмон томон йўл солди. Чунки, бошқа йўл ҳам йўқ. Олди ҳам, орқаси ҳам бир хил. Аввалига яланглик, сўнгра ўрмон.

«Ўша ифлос менга дори бериб қўйганга ўхшайди, — ўзини Баҳодир дея таништирган йигитни эслаб хаёлидан ўтказди у. — Аҳмоқ бўлмасам, гапига лаққа тушиб коньяк ичармидим? Энди нима қиламан? Қаерга бораман? Буёқларда одам зоти яшайдиганга ўхшамайди. Ҳозир ўрмонга бораман-у, адашаман. Ана ундан кейин… Йўқ, адашадиган аҳмоқ йўқ. Россияда беҳудага икки йил хизмат қилиб қайтдимми? Қолаверса, тоғам раҳматлининг руҳлари қўллайди барибир. Мен нима қилиб бўлсаям мақсадимга етишим керак».

Обиджон бир соатча йўл босди. Боягина қорайиб кўринган ўрмонга ҳадеганда ета олмасди.

Юра-юра, ҳолдан тойиб ерга ўтириб қолди.

— Бироз дам оламан, — овоз чиқариб деди Обиджон. — Ҳали эрталабгача анча борга ўхшайди. Қорин қурғур ҳам очқаб кетди. Қанийди, ҳозир ҳеч бўлмаганда бир бурда нон бўлса! Йўқ, бу ерда ўтираверсам, бекорга вақт сарфлайман, холос. Жами егулик ўрмон ичкарисида бўлади. Тезроқ ўша ёққа етиб олишим керак!

Обиджон мажбуран ўрнидан турди-да, йўлида давом этди.

 

 

* * *

 

 

Ўрмон ичкарисига кириб боргач, энг аввало, пайпасланиб егулик қидиришга тушди. Унинг кўзларига ҳеч нарса кўринмас, айни дамда нима учун бу ерларга келгани ҳам, адашиб қолиши муқаррарлиги ҳам, хуллас, ҳеч нарса кўринмасди. Фақат нимадир топса-ю, қорнини тўйдирса!

Лекин ичкарироқ кириб боргани сайин юрагидаги ваҳима баттар ортиб борар, турли ёқимсиз товушлар, нималарнингдир «був-був»лаши бадига ура бошларди.

«Аямнинг гапига кирмай бекор қилган эканман, — ўйлади у қоронғилик қаърига кириб бораркан. — Бу ўрмонда ажина деганлари бир дунёга ўхшайди. Був-бувлаган товушлар тобора яқинлашиб келяпти! Ҳозир кўзимга кўринса-я? Э, нималар деяпман? Қанақа йигитман ўзи? Қандайдир товушлардан қўрқиб ўтирсам! Мен қўрқмайман!..»

У нордон мевалардан тўйгунича еди ва майсалар устига чўзилди.

— Ҳозир йўл қидириш ғирт аҳмоқлик бўлади! — деди ўзича. — Нима бўлса, пешанамдан кўрдим! Мана шу ерда ухлаб дам оламан. Эрталаб йўл излай бошлайман!

Обиджон «був-був»лаган товушларга анча пайт қулоқ тутиб ётиб охири кўзи илинди.

 

 

* * *

 

 

— Ҳой, кимсиз? Тирикмисиз? — Обиджон кимнингдир ёқимли овози қулоғига чалиниб кўзларини очди.

Тепасида ўн саккиз ёшлар атрофидаги, малла сочлари елкасига ёйилиб тушган, ингичка қош, оппоқ бир қиз ваҳима аралаш тикилиб турарди.

Обиджон шошиб ўрнидан турди ва атрофни кўздан кечирди.

Аллақачон тонг ёришиб кетибди. Ҳаммаёқ дарахт. Эллик-юз қадамлар нарида поёнсиз ботқоқлик.

— Сен кимсан? — сўради у қиздан.

— Маринаман. Ўзингиз-чи? Ўзингиз кимсиз? Нима қилиб ётибсиз бу ерда?

— Тунда мени поезддан тушириб юборишганди, — деди Обиджон. —. Менга қара, қишлоқ яқинми бу ерга?

— Албатта. Икки чақирим ҳам келмайди.

— Ўзинг эрта тонгда нима қилиб юрибсан?

— Менми? Мана, кўринг, мева, ёнғоқ териб юрибман. Олинг, енг!

Обиджон қизнинг қўлидаги саватчадан бир нечта ёнғоқча олиб еган бўлди.

— Илтимос, мени қишлоққача олиб бор! — қизга умидвор термилди Обиджон. — Балки, одамлар борадиган еримни кўрсатиб юборишар?

— Жоним билан, — қаршисидаги келишган, барваста, қора қош, қора кўз йигитга ноз билан боқиб жавоб қилди қиз. — Юринг, қишлоққа кетдик!

Обиджон шоша-пиша уст-бошини қоқиб, қўлига дипломатини олди ва қизга эргашди.

 

 

* * *

 

 

Қишлоқда ўсиб қизларнинг бу қадар шаддодлигини билмаган экан.

Бироз йўл юрганларидан сўнг Марина унга саватини тутқазиб қўйди ва йўлини тўсди.

— Нима? Тинчликми? — ҳайрон бўлиб сўради Обиджон. — Бирор нарса эсингдан чиқибдими?

Қиз бирпас унга кулимсираган кўйи тикилиб тургач, ерга боқди.

— Йўқ, ҳеч нарсани эсимдан чиқармадим. Кетдик!

Обиджон елка қисиб қизнинг ортидан эргашди.

— Агар анови тарафга кетиб қолганингизда, — йўл-йўлакай уни ўрмон билан таништира кетди Марина. — Ботқоқликлар орасида қолиб кетардингиз.

— Ботқоқлик чуқур бўладими? — соддаларча сўради Обиджон.

— Бўлмаса-чи! Оёғингиз бир четига тушиб қолса, тамом! Устини майса қоплаган бўлсаям, барибир тортиб кетади.

— Менга қара, Марина, — деди Обиджон. — Кечаси «був-був» деган овозларни эшитдим. Нима у?

Қиз беихтиёр кулиб юборди.

— Кўрдингиз-ку, биз ботқоқликнинг ёнгинасидан ўтиб кетдик. Сиз ўша ботқоққа яқин ерда ухлагансиз. Товушлар ана шу ботқоқликлардан чиққан. Биласизми, ботқоқликларнинг гази бўлади. Ўша газлар худди сиз айтгандек товуш чиқариб туради.

— Демак, худди шу газлар одамни ичкарига тортиб кетаркан-да? — сўради Обиджон.

— Ҳа, топдингиз. Ана, қишлоққаям етиб келдик.

Обиджон ўрмон четидаги тахтадан қурилган қатор уйларга боқди.

— Марина! — бир уйнинг эшиги очилиб, остонада пайдо бўлган барваста, сариқ мўйловли, ёши элликларга борган эркак улар томонга қараб қичқирди. — Қаерларда санғиб юрибсан? Ким у ёнингдаги?

Марина эркакка яқин боришгунча миқ этмади. Йўл-йўлакай Обиджонни туртиб «отам» деб қўйди, холос.

— Ким бу йигит? — каталакдек ҳовлига киришгач, Обиджонга ўқрайиб қараб қўяркан қизидан сўради эркак. — Кимларни етаклаб юрибсан?

— Ота, аччиғингиз келмасин! — деди Марина босиқлик билан. — Бу йигит узоқдан келибди. Ўрмонда адашиб қолган экан.

— Адашиб қолса, бизга нима? — тўнғиллади эркак. — Дуч келган одамни уйга бошлаб келавераркансан-да!

— Балки, севиб қолгандирман? — қаҳ-қаҳ отиб кулганча меваларни ичкари уйга олиб кета бошлади Марина. — Хўш, отажон, арзийдими куёвликка?

— Жинни бўпсан! — қичқирди эркак. — Одамнинг қанақалигини билмай туриб етаклаб юрибсан! Хўш, йигит, кимсан? Нима қилиб юрибсан бу ерларда? — эркак ниҳоят сал шаштидан тушгандек Обиджонга яқин келди.

— Кечаси мени поезддан тушириб юборишганди, — қизга айтган гапларини такрорлади Обиджон. — Тушадиган бекатимдан ўтиб кетибман. Қаттиқ ухлаб қолибман.

— Тушунарли. Қаерга кетаётгандинг?

— Тўғриси, қандай аталишини ўзим ҳам билмайман. Янгам Сибир тарафларга келиб, қайтиб бормади. Топа олмаяпмиз.

— Шунақами? — эркак лаб буриб нари кетди ва қўлига болта олди. — Ишинг пачава экан унда. Сибир катта. Бир умр айлансанг ҳам поёнига ета олмайсан.

— Мен йўлни топиб олсам бас, — деди Обиджон. — Уёғига амаллардим.

— Хўп, сени катта йўлга олиб чиқиб қўяман. Ҳозир юр, ичкарига кириб нонушта қиламиз! Очиққандирсан?

Обиджон индамади. Итоат билан эркакнинг ортидан юриб пастқам уй ичкарисига кирди.

 

 

* * *

 

 

— Сенлар ўтириб турларинг, — эркак Обиджонни стол қаршисига ўтқазгач, ўзи ташқарига йўл олди. — Мен ҳозир келаман.

Бир четда қимтинибгина ўтирган Марина Обиджонга юзланди:

— Менга қаранг… Сиздан илтимос, уйимиздан кетиб қолманг!

— Нега? — ҳайрон бўлди Обиджон. — Тинчликми?

— Отам… Ойим ўлиб кетган. Отам эса ичишдан нарига ўтмайди. Кайфи ошиб қолгандан кейин менга бақиришга тушади. Гўёки, ойимни мен ўлдирганмишман!

— Ичмаса, индамайдими?

— Йўқ, индамайди.

— Шунақа дегин? — секин ўрнидан турди Обиджон. — Афсуски, иложим йўқ! Режалаштириб қўйган ишларим кўп. Бормасам бўлмайди.

Қиз бу гапни эшитиб пиқиллаб йиғлай бошлади. Сўнгра ташқарига боқиб отасининг вино кўтариб келаётганини кўрди-ю, эшикка ишора қилди.

— Кетасизми? Ана, катта кўча, кетаверинг! — деди Обиджонга алам билан термулиб. — Нега турибсиз? Кетмайсизми?

Обиджон эркак ичкарига кириб келгунча индамай қараб турди.

— Амаки, менга йўлни кўрсатиб юборсангиз! — деди ниҳоят. — Шошиб турибман.

— Тўхта, аввал бирга қиттай-қиттай қиламиз. Ана ундан кейин хоҳлаган тарафингга кетаверасан!

— Мен ичмайман. Умуман ичмаганман.

— Шунақами? На илож! Қани, юр-чи! Аммо бу ерларда эҳтиёт бўлгин! Қайсидир йили йўлнинг нариги тарафидаги ўрмон четида бир одамни ўлдириб кетишган. Роса қидир-қидир бўлганди.

— Тушунарли, — орқада ҳамон қовоқ уйиб келаётган Маринага маъноли қараб қўйди Обиджон. — Эҳтиёт бўлишга ҳаракат қиламан!

Катта йўл қишлоқдан олти чақиримча нарида экан. Етиб келишгач, эркак Обиджоннинг елкасига қоқди.

— Шу ерда турсанг, машиналар ўтади. Биронтасини тўхтатиб шаҳаргача етиб олаверасан.

— Раҳмат сизга! — деди Обиджон. — Марина, сенгаям раҳмат! Ҳеч қачон бу яхшилигингни унутмайман!

Қиз жавоб ўрнига кўз ёшларини рўмолининг бир учи билан артиб олди-да, ерга боқди.

Обиджон машиналар келишини кутмоқчи эмасди. Шоша-пиша хайр-маъзур қилиб шахдам қадамлар билан олдинга кета бошлади.

Қанча юрди, билмайди. Бирдан тўхтаб орқасига қаради. Не кўз билан кўрсинки, Марина йигирма қадамча нарида йиғлаб турарди.

— Нега изимдан келяпсан? — турган ерида сўради Обиджон. — Нега индамайсан?

— Сиз шафқатсиз экансиз! — деди қиз. — Юрагингиз тош экан!

Обиджон ҳеч нарсага тушунмай қизга яқин келди.

Ҳа, қиз юракдан силкиниб-силкиниб йиғлар, узун киприклари пирпираб-пирпираб кетарди.

Йигитнинг юраги ҳаприқиб, ўзи ҳам сезмаган ҳолда Маринанинг сочларига қўл чўзди.

— Кечир мени, — деди эшитилар-эшитилмас. — Сен жуда яхши қиз экансан. Кўриниб турибди. Бироқ нима қилай, қишлоқдан бир мақсадни кўзлаб чиққан эдим. Ишон, мен ишларимни битирсам, албатта, ёнингга қайтиб келаман. Ўшанда ҳеч қачон қишлоғингдан кетмайман. Отангни ҳам ичкиликдан қайтарамиз. Хўпми? Ишонасанми?

Марина истар-истамас бош ирғаб қўйди.

— Ана энди хайрлашайлик! Ўзинг эсли қизсан-ку!

— Хайр! — деди Марина. — Биз сизни кутамиз! Интизор бўлиб кутамиз!

Обиджон шартта орқасига ўгирилди-ю, йўлида давом этди.

Анча нарига боргач, яна тўхтаб ортга ўгирилди.

Марина кўринмасди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ