ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (26-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Шу кўйи Обиджон икки чақиримча йўл босди. Бир маҳал узоқдан катта тезликда келаётган «Жигули»га кўзи тушиб таққа тўхтади ва астойдил қўл силтай бошлади.

Машина унинг рўпарасига келиб тормоз берди. Салонда ҳайдовчи билан яна бир рус йигити ўтирарди.

— Илтимос, шаҳаргача олиб кетинглар! — Обиджон ойнадан ҳайдовчига сўз қотди.

Ёнидагиси гап-сўзсиз орқа эшикни очди.

— Ўтир!

Обиджон хурсанд бўлиб машинага ўрнашиб олди. Аммо ҳеч қанча юрмай, ҳайдовчи рулни ўрмон томонга бурди. Аввалига Обиджон нима дейишни билмай ҳайрон бўлганди. «Ўзларининг ишлари бўлса керак», деб хаёл қилганди. Тобора ичкарилаб боришавергач, олдиндаги йигитни туртиб сўради:

— Қаерга кетяпмиз ўзи?

— Катта холангникига! — кулиб жавоб қилди йигит. — Сенга нима фарқи бор?

Бу орада ҳайдовчи машинани тўхтатди.

Қалин ўрмон. Атрофда ҳеч зоғ кўринмасди.

Икковлари ҳам машинадан тушишди ва ҳайдовчи орқа эшикни очди.

— Туш пастга, етиб келдинг!

— Нима? — Обиджон юраги ғаш тортиб секин машинадан тушди ва ортга тисланди. — Мен… шаҳарга кетаётгандим!

— Мана шу ер сенинг шаҳринг! — деди бошқа бир йигит. — Қани, буёққа юр! Юр дедим сенга!

— Қаерга? Мен ҳеч қаёққа бормайман!

— Нима? — йигит кутилмаганда Обиджоннинг юз-кўзи аралаш мушт туширди. У зарбанинг кучлилигиданми, ағанаб тушди.

— Тур ўрнингдан, тирранча! — буюрди йигит Обиджоннинг тепасига келиб. — Эркакмисан? Тур, дедим!

Обиджон турди. Ҳайдовчи унга яқин келиб, қўлига белкурак тутқазди.

— Мана шу ерни ковла! Тез бўл!

Кўпчилик кўпчилик-да! Агар яккама-якка муштлашишса, Обиджон енгилмаслигини биларди. Афсуски, бу барзангилар икки киши.

Индамай белкуракни қўлига олди-да, кўрсатилган ерни ковлай бошлади.

Чамаси ярим соат ичида икки метрли чуқур қазиди.

— Қани, энди пастга туш! — буюрди йигит ҳайдовчига кўз қисиб. — Агар тушмасанг, шу чуқурга тириклай кўмиб кетамиз! Туш дедим!

Обиджон яна ожиз қолди ва чуқурга тушди. Икки барзанги унинг қўл-оёқларини йўғон арқон билан чандиб боғлаб ташлашди.

— Агар ажалинг етмаган бўлса, — деди кетаётиб ҳайдовчи. — Ўз кучинг билан арқондан бўшалиб оларсан. Мабодо ўлиминг яқин бўлса, сени Худо раҳмат қилсин!

Умрида бу тахлит муносабатга рўбарў бўлиб кўрмаган йигит учун ҳозирги ҳолати жуда аламли эди.

Обиджон кетиб бораётган машина ортидан лабларини тишлаганча боқиб бир-икки силкиниб олгач, овозининг борича қичқирди:

— Аблаҳлар! Ҳезалаклар!

 

 

* * *

 

 

Бегона кимсалар арқонни жуда маҳкам бойлашган экан. Обиджон қанча уринмасин, барибир бўшала олмади.

Соатлар алмашиб, ниҳоят тун ҳам чўкди. Қалин ўрмонни бойқушларнинг беўхшов ув тортишлари босди.

Бир томондан қорни очлиги, иккинчи томондан оёқ-қўлларининг симиллаб оғриши Обиджонни ҳолдан тойдирганди. Урина-урина арқонни еча олмагач, у ҳаётини тақдир қўлига топширишдан бўлак чора топа олмади.

Бир маҳал шу яқин орада кимларнингдир шивир-шивирлари, оёқ товушлари эшитилгандек бўлиб Обиджон кўзларини каттароқ очди ва секин ўрнидан турди.

Ҳақиқатан сал наридан икки нафар эркак ўзаро гаплашганча ўтиб боришарди.

— Ҳой, ёрдам беринглар! — қичқирди Обиджон. — Буёққа келсаларинг-чи!

Икки эркак тўхтади. Бир муддат атрофга аланглаб олишди-да, у томон юра бошлашди.

— Кимсан? — чуқурга яқин келиб сўради улардан бири.

— Мени… боғлаб кетишди, — деди Обиджон. — Илтимос, ечишга ёрдамлашиб юборинглар!

Икки эркак бир-бирига қараб олгач, энгашиб Обиджонни юқорига тортиб чиқаришди.

— Тўхта, — деди калбош, кенг елкали эркак шеригига. — Ечишга шошилма! Ҳой йигит, кимсан? Қаердан келгансан?

— Мен узоқдан келганман, — жавоб қилди Обиджон. — Шаҳарга кетаётгандим. Машина тўхтатдим. Машинадагилар эса шу ёққа олиб келиб боғлаб ташлаб кетишди.

— Уларга ёмонлик қилган бўлсанг керак-да!

— Ҳеч нима қилганим йўқ. Танимайман ҳам уларни.

— Шунақами? Мабодо бўшатсак, сотиб қўймайсанми?

— Нега? Нима учун сотишим керак?

— Малла, нима қиламиз буни? — кенг елкали эркак шеригига юзланди.

— Ўзимиз билан бирга олиб кетамиз. Керак бўлиб қолади.

— Яхши, мен ҳам шу ҳақда ўйлаб тургандим. Қани, йигит, орқага ўгирил-чи!

Малла деганлари чўнтагидан пичоқ чиқариб арқонни кесиб ташлади.

Обиджон гўё узоқ йиллар кишанда ўтирган одам каби увишиб қолган қўл-оёқларини қимирлата-қимирлата турган ерида сакрай бошлади.

— Бас қил, вақтимиз зиқ! — дея уни елкасидан ушлаб тўхтатди Малла. — Манови аканг Сергей. Огоҳлантириб қўяй, биз турмадан қочганмиз. Ҳозир биз билан бирга шаҳарга борасан. Нима десак, ўшани қиласан. Ортиқча саволлар бериб бошимизни қотирмайсан. Агар чув туширсанг, ўласан, уқдингми?

Обиджон бош ирғаб Малланинг сўзларини тасдиқлади.

— Қани, кетдик унда! Эрталабгача манзилга етиб олишимиз керак!

 

 

* * *

 

 

Учовлон ўрмон бўйлаб узоқ йўл юришди. Охири эркаклар чарчашди шекилли, биринчи бўлиб Малла, кетидан Сергей ўзини майсалар устига ташлади.

— Бирпас дам оламиз, — деди Сергей. — Оёқларда мадор қолмади.

Уларнинг ёнига Обиджон ҳам чўзилди.

— Узоқдан келдингми? — сўради Малла Обиджонни туртиб.

— Ҳа.

— Тўғриси, сендақаларни ёқтирмайман.

— Нега? — Обиджон бу гапни эшитиб даст ўрнидан туриб ўтирди. — Нима учун ёқтирмайсиз?

Малланинг ўрнига Сергей жавоб қилди.

— Чунки, битта келгиндининг дастидан бизни турмага тиқишган.

— Сотганми? — сўради Обиджон негадир юраги увишиб.

— Сотиш ҳам гапми? Ундан баттарини қилган. Ҳа, майли, бунинг аҳамияти йўқ. Ишқилиб, сен сотқинлик қилиб қўймагин. Акс ҳолда ўша ҳамюртингнинг ўчини ҳам қўшиб сендан оламиз.

— Умримда сотқинлик қилмаганман. — деди Обиджон. — Қолаверса, сизлар мени қутқариб қолдинглар!

— Ана шунинг учун ҳам энди бизга хизмат қиласан, тушунарлими?

— Тушунарли.

Шу тобда узоқдан итларнинг вовиллаган товушлари эшитилди. Иккала эркак ҳам сапчиб ўрнидан турди.

— Қидириб келишяпти, — шивирлаб қулоғини динг қилди Малла. — Аниқ, қидириб келишяпти. Эшитяпсанми? Бу овчаркаларнинг овози!

— Қочдик! Тезроқ бўлинглар!

Улар энди яна орқага қараб қочишди.

Олдинда Сергей, ортидан Малла чопиб борар, Обиджон уларга сира ета олмасди.

— Тўхта! Қимирлама! — энди итлар овозига кимларнингдир бақир-чақирлари қўшилди. — Қимирламанглар!

Кутилмаганда автоматларнинг тариллаши ўрмонни тутди.

Жон ширин. Қўрқиб кетган маҳбуслар ўзларини қалин майсалар устига отиб жим қолишди. Обиджон ҳам беркинишга мажбур эди. У дарахтлар панасига ўтиб олди.

Афсуски, кеч эди. Кўз очиб юмгунча етиб келган бир гуруҳ ҳарбийлар учовини ҳам тутиб қўлларига кишан урди.

— Икки киши дейишганди-ку, лейтенант! — дея Обиджон томонга ишора қилди бир ҳарбий.

— Бизга бунинг аҳамияти йўқ. Демак, уч киши экан! Қани, юринглар, қочоқлар! Бу ишларинг учун карцерда адабларингни беришади! Юринглар, тезроқ, тезроқ!

Шундоқ ҳам кун бўйи турли қийноқлар туфайли ҳолдан тойган Обиджон елкаси оша келиб тушаётган автомат қўндоғи зарбидан зўрға тишни-тишга босиб борар, афсус чекишга, ўй суришга сира имкон йўқ эди.

 

 

* * *

 

 

Тахминан уч чақиримча итлар, ҳарбийлар таъқиби остида йўл босишгач, катта йўлга чиқишди. У ерда ҳаммаларини турма машинаси кутиб турарди.

— Хўш, топилдими дезертирлар? — хохолаб кулганча сўради ҳайдовчи.

— Топилмай гўрга борармиди булар? Уч киши экан ярамаслар, — деди лейтенант.

— Уч киши? Бизга фақат икки киши дейишганди-ку! Учинчиси ким бўлди?

— Мен қаердан билай? Балки, бошқа турмадан қочган-у, булар билан топишиб олгандир?

— Бўлиши мумкин. Бўпти, кетдик! Уйқу босяпти одамни!

Машина ўрнидан қўзғалди.

Обиджон ўзини нималар кутаётганини ҳозирча тўлиқ идрок эта олмасди. Фақат билардики, ҳозир турмага олиб боришади. Сўроқ қилишади. Унинг маҳбус эмаслигини аниқлашади-ю, яна қўйиб юборишади.

Ўйлаганидек, икки маҳбусни қайсидир турмада қолдириб, Обиджонни милиция бўлимига олиб боришди.

— Хўш, буни қаердан топдиларинг? — кулди майор кийимидаги бир милиционер соқчиларга Обиджонни кўрсатиб.

— Қочоқ маҳбуслар билан бирга экан. Қўнғироқ қилувдик, турмадагилар буни тасдиқлашмади.

— Тўппа-тўғри, — деди майор. — Қандай қилиб тасдиқлашсин? Бу ярамас қанча вақтдан бери бизга чап бериб юрибди. Қани, ўтир курсига!

Обиджон индамасдан буйруқни адо этди. Майор стол тортмасидан бир сурат чиқарди-да, унинг олдига ташлади.

— Бу аёлни танийсанми?

Обиджон суратга яхшилаб тикилиб қаради. Кейин юрак уриши тезлашди. Кўзларига ишонмай қаттиқроқ тикилди…

— Ахир… бу менинг янгам-ку! — деди хонадаги милиционерларга жавдираб. — Ҳа, янгам! Мен уни қидириб юрибман!

— Қидириб юрибсанми? — майор ўрнидан туриб Обиджоннинг тепасига келди ва елкаси аралаш мушт туширди. — Ўлдиришга ўлдириб қўйиб, энди қидириб юрибсанми?

— Нима? Н-нималар деяпсиз? Қ-қанақасига ўлади? У киши ўлмаган. Шунинг учун қидириб юрибман!

— Шунақа дегин? — майор қайтадан жойига ўтиб тортмадан эскириб кетган жилд чиқарди ва очиб ичидан кимнингдир бармоқ излари туширилган оқ қоғоз олди.

— Мана бу-чи? Буям сеники эмасми?

— Меникимас, — деди Обиджон қатъий оҳангда. — Сизлар мени ким биландир адаштиряпсизлар!

— Сержант, буни ўзингиз гапиртирмасангиз бўлмайдиганга ўхшайди, — майор эшик олдида турган соқчига юзланди.

— Шунақами? — сержант илдам юриб келди-да, Обиджоннинг ёқасидан тутиб ўрнидан турғазди ва орқасига тепди. Кетидан бели аралаш бир-икки маротаба чарм таёқ келиб тушди. Умрида бу қадар кучли зарбага дуч келмаганиданми, Обиджон букчайганча деворга бошини тираб инқиллай бошлади.

— Яна уринг! — буюрди майор. — Бўйнига олмагунча ураверинг!

Мана буниси ортиқча эди.

Кетма-кет келиб туша бошлаган зарбалар охир-оқибат Обиджонни полга қулатди ва у ҳушидан кетди.

 

 

* * *

 

 

— Мен… Ахир… Мен ҳеч кимни ўлдирмаганман! Янгамни қидириб келганман бу ерга! Мен… умримда одам ўлдирмаганман! — титраб сўзлашда давом этарди Обиджон. — Нега ишонмайсиз?

— Соқчи, олиб чиқинг! — навбатдаги сўроқдан ҳам натижа чиқмагач, буюрди терговчи. — Бу билан пачакилашиб ўтирадиган аҳмоқ йўқ! Эртагаёқ турманинг ўзида суд қиламиз ярамасни!

Терговчи сўзининг устидан чиқди. Обиджонни одам ўлдирганликда айблаб ўн йил муддатга қамоқ жазоси белгилашди ва турмага олиб бориб камерага қамашди.

Камерада йўғон, баланд бўйли, ёши олтмишга яқинлашиб қолган, серсоқол бир грузин ўтирарди. Янги меҳмон кириб келиб бир четга ўтиргач, секин каравотидан тушди-да, Обиджонга яқин келди:

— Ҳа, эркак, ишлар қалай? — сўради у қаршисидаги йигитнинг савлатига ҳавас билан боқиб. — Нега индамайсан? Оғзингга толқон солволганмисан?

Обиджон жавоб ўрнига тепасидаги қарияга ер остидан тикилиб қаради ва афтини бужмайтириб қўйди.

— Туҳматчилар! — қўлларини мушт қилиб каравот четига урди у ниҳоят. — Туҳматчилар!

— Тўппа-тўғри! — Обиджоннинг сўзини маъқуллади грузин. — Сен нима деб ўйловдинг? Ҳақиқат бор деб ўйлармидинг? Ҳақиқат осмонда, ҳа! Мана, мен ҳам йигирма йилдан бери шу камерада ўтираман. Очиққа чиқаришмайди. Чунки, ойига тартибни бузаман. Кимнидир калтаклайман ёки соқчиларни бўралаб сўкаман.

— Сизни нега қамашган? — сўради Обиджон.

— Мана бу бошқа гап, — деди грузин жонланиб. — Тилинг бор экан-ку! Ахир, бу ерда одам қон бўлиб кетади. Ким биландир гаплашгиси, дардлашгиси келади. Сен бўлсанг, киришданоқ қовоқ-тумшуғингни осилтириб олдинг. Кел, аввал танишайлик.

Грузин йўғон қўлларини Обиджонга узатди.

— Гоги Савилашвили! Сен оддий қилиб Гога амаки деб чақиравер!

— Обиджон.

— Ўзбекмисан?

— Албатта.

— Ҳа-а, ўзбеклар ажойиб халқ. Ўзим-ку, у ёқларга бормаганману, аммо бир дўстим Тошкентда бўлганди. Қишлоққа келиб роса мақтаган. Ўзбеклар ҳар куни уйларига олиб кириб меҳмон қилишаркан. Кейин… Анови зорманданиям қалаштириб ташлашаркан. Ишонасанми, шаҳардан чиқиб самолётга ўтиргунимча ҳар куни бош оғриқ дори ичишга мажбур бўлганман, деганди дўстим.

— Ҳа, бизнинг одамлар меҳмондўст, — деди Обиджон ғурур билан. — Кейин… Мановиларга ўхшаб туҳмат қилишниям билишмайди.

— Бе, бу гапларни қўй, бола! Туҳмат қилишган бўлишса, бир куни миси чиқади.

— Сизни нега қамашган? — саволини такрорлади Обиджон.

— Меними? Мен биратўла учтасини тинчитганман. Жаҳлим ёмон. Сал ёқмайдиганроқ гап қилишса, тамом, қутуриб кетаман. Лекин у одамлар нафақат жаҳлимни чиқаришганди. Хотиним раҳматлининг… номусига тегишганди.

— Ҳа-а, тушунарли, — бош ирғаб қўйди Обиджон. — Хотинингиз оламдан ўтганми?

— Ўтган. Униям жаҳл устида ўлдирганман. Биласанми, менинг табиатим шунақа. Товоғимдаги овқатдан кимдир чўқилаб едими, мен ўша таомга қайтиб қарамайман. Энди тушунгандирсан?

Обиджон индамади. Сўнгги гапидан қариянинг қандай одам экани маълум бўлганди.

 

 

* * *

 

 

Эртаси куни камералардаги маҳбуслар ўзларига олиб келинган ярим бўлакдан қора нон, биттадан косада фақат сувдан иборат, устида пахта ёғи сузиб юрган, бир-иккита пиёз топилса топиладиган, бўлмаса ҳеч вақоси йўқ нонушта аталмиш овқатни тановул қилишгач, барчаларини соқчилар марказий майдонга олиб чиқишди. Умрида жиноятчилар билан ош-қатиқ бўлиб кўрмаган Обиджон учун бир тарафдан ваҳимали, иккинчи тарафдан аянчли туюларди бу маҳбуслар. Уларнинг биронтаси одамбашара эмасди. Кимнингдир юзларида пичоқ излари қолиб кетган, бошқа бировининг лаблари ёрилган, кимдир бўйнигача игна билан алланималарни ўйиб ёздирган. Ҳеч кимнинг кўз қарашлари самимий эмас. Қандайдир аламли ва совуқ. Бунинг устига анчагина муддатни ўтаб қўйган маҳбуслар янги келганларга масхараомуз муносабатда бўлишар, иложи борича уларни руҳан синдиришга, бўйсундириб устиларидан кулишга интилишарди.

Сафда кетаётиб иккинчи қатордаги паст бўйли, озғин, қиррабурун, лаблари учиб-учиб қўяётган маҳбус кутилмаганда Обиджонни чалиб юборди.

Бу қандай содир бўлди, Обиджон пайқашга улгурмади. Бошқаларнинг оёқлари остига ағдарилиб тушди ва даст ўрнидан туриб айбдорни қидира бошлади.

Қиррабурун эса очиқчасига ўзини ошкор қилган кўйи Обиджонга менсимаган назар билан боқиб совуқ тиржайиб қўйди.

— Хўш, «салага», маза қилдингми? — соқчиларга эшиттирмай шивирлади у Обиджоннинг рўпарасига келиб. — Лат емадингми, ишқилиб?

— Бошқа ерда бўлсанг, сенга кўрсатиб қўярдим, — тишларини ғижирлатиб жавоб қилди Обиджон.

— Яхши, ҳозир «развод» тугасин, бошқа ерга ўта қоламиз…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ