БИР ТУТАМ КУЛГИМ БОР, КУЛМАЙСИЗМИ?..

0

 

ТАХТА… ВОЙ…

 

Кўприк

 

— Мен эркакман. Ўттизга кириб ўтин бўлмадим. Аксинча қирчиллаб, манаман деганнинг абжағини чиқарар даражага етдим. Қани, мени «любой» одам уриб кўрсин-чи, қўли ё оёғи синмаса, Тахта отимни тўнгак қўяман. Чунки ота-буваларим чинор авлодидан бўлган. Дунёни битта шохида кўтариб туришган. Шунинг учун менгаям қачонлардир кўприк бўлишдай фахрли вазифани юклашганди. Тўғри, кўприк бўлиш жа мушкул иш. Устингдан яхшиям, ёмонам тепкилаб ўтади. Локигин жонинг чинордан бўлса, миқ этмайсан. Жонингга тегишса, бир сакрайсан-у, тепкилаётганни нари ирғитиб юборасан. Фақат ғалати замонда туғилганим баъзида алам қилади. Ота-буваларим замони бўлганда-ю, мени жин урмасди. Нега деганда, у замонлар кўприкдан фақат от-эшак арава ўтган. Бир қалтирагансан-у, тек қотгансан. Бу замонда эса филдай-филдай машиналар, бульдозерлар белингни синдиргудай бўкириб ўтаркан. Букчайи-иб кетасан-у, тушингни сувга айтиб туравераркансан. Сабаби, дардингни сувдан бўлак ҳеч ким эшитмайди. Кўп марта устун оғаларга мўлтирадим, уларга пастдан туриб умидвор боқдим. Писанд қилишмадими, энса қотиришдан нарига ўтишмади. Икки ёнимни банд қилволган жони қаёқдаги тутдан бўлмиш тахтавойларга қўшилиб мени аския қилганлари қолди.

Майли, ишқилиб ёлғиз жоним омон бўлсин, дедим!

 

Илон
 

 

Бу ёлғончи дунёда ким алданмабди, дар қолмабди, кимнинг бошига савдо тушмабди дейсиз. Мендек ёғочтан йигит ҳам қачонлардир панд еганман. Қўйнимда илон, қурт, чаёнларни асраганман. Билсам асрамасдим-а, улар мени чалғитиб бағримга кириб олишган-да! Олдинига жоним роҳатланди. Ҳар кунимни айшу-ишратда ўтказдим десам, ишонаверинг. Айниқса, илонлар қучоғимни тўлдириб тўлғонганда ёғдай эриб кетганларим ҳали-ҳали эсимда. Улар бири қўйиб бири сирғалганча бор бўйимга ўралиб олишарди. Илонларнинг нимасидир танимга ором бергандек бўларди-ю, хаёлан еттинчи осмонларда парвоз қилардим. Тахтавойлигимни буткул унутардим. Ўзимни гўё новдага, мевага, жозибаси ҳар кимнинг кўзини ўйнатгулик яшил япроқли гилосларга, ўрикларга, олчаларга менгзардим…

Аҳмоқ эканман. Илонлар менга вафо қилмади. Ғафлатда қолганимдан фойдаланиб, кўксимни юмдалашди, тирмалашди, бағримни кемтик қилишди. Ўзлари уддалай олишмаганда, чаёнларга, қурт-қумурсқаларга муқом қилиб бўлса-да, бағримни абгор этишди. Э, қисқаси, гулдай ёшлигимни, бор-будимни тортиб олиб, жуфтакни ростлашди. Илондан инсофсизи бўлмаскан. Яқинда эшитиб қолдим. Менинг бағримга кириб қачонлардир тўлғонган чипор илон ҳозир ёшгинасини топиб олганмиш. Бет деганиям йўқ экан-да!..

Худоё эркакни илон ишвасидан асрасин, ока!

 

Мен ҳеч кимга керакмасманми?
 

 

Бунисиям ҳолва экан. Ёш ўтгани сайин тахталарам мўртлашиб қоларкан. Мана, юзлар сарғайди, кўзлар пахталашадиган бўлди. Баданни чўтир босди. Жусса қурмағур биров устингга чиқса, сирпаниб кетар ҳолатда нозиклашди.

Бел букчайганча атрофни кузатаман. Туриб-туриб, мудрай бошлайман. Қурт-қумурсқа устимга чиқиб кетсаям безиллайман. Машина келаётганини кўрсам-ку, адо бўлай дейман. Нафасимни ичга ютганча тош қотаман.

Фақат баъзида узоқда жодугар илонлар тўдаси ўрмалаб юрганини кўраман. Шугина сал кўзга дам беради. Таналари товланишини кўриб завқ олгандай бўламан. Уларнинг ўтмишда кўрсатган жафолари ёдимгаям келмайди. Қаранг, ёш ўтгандан кейин гўзалликни узоқдан томоша қилиш ҳам кўзни қувнатавераркан…

Лекин барибир ўйланиб қоларкансан. Яшаш яхши-да! Бел букчайсаям, танни қўтир, чўтир боссаям Тахтавой акангиз пенсия ёшига етишни орзулайди. Муштдайгина жой беришса-ю, ўша ерга ташлаб қўйишса. Пенсия гаштини ўша маконда суриб ётсанг, ўлсангам армон қолмасди.

Ўтган куни мундай бир бошимни кўтариб Устунбой оғаларга маслаҳат солдим.

— Оғалар, — дедим инқилла-инқиллай. «Нега инқилладинг?» дейсизми? Ўша маҳал устимдан «Трактор» ўтиб кетувди. Энди белни тўғрилаб, нафас ростловдим. — Менам кап-катта бўп қолибман шекилли! Коттаконларга айтсангиз, пенсияга чиқарса! Бир бурчакдан тинчгина жой беришса! Кексалик гаштини суриш орзум эди! Ҳарқалай, сизларнинг ҳурматингиз бор, гапингиз кескир!..

— Намунча шошмасанг? — уришиб беришди Устунбой оғалар бараварига. — Сабр қил! Ишингни бил! Агар белинг синиб, ҳов анави зовурга қулаб тушмасанг, албатта пенсияга чиқасан!..

Алам қилди. Аммо иложим қанча? Ҳаммаси мана шу Устунбой оғаларга боғлиқ. Коттаконлар фақат уларга қулоқ солади.

Эҳ, ишқилиб, ажойиб кунларнинг бирида тракторнинг тагида қолмайин. Белим синиб зовурга қуламайин!

Олимжон ҲАЙИТ