ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (27-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

«Развод»дан сўнг маҳбусларнинг барчасини сигарет чекиладиган махсус майдончага олиб боришди. Бу майдонча турманинг чеккароғида жойлашган эди. Гарчи баланд деворнинг ҳар-ҳар ерида соқчилар юқоридан туриб маҳбусларни кузатаётган бўлишса-да, устунлар ортига ўтиб енгил-елпи баҳсларни бемалол ташкил этиш мумкин эди.

Қиррабурун униси-бунисини турта-турта Обиджонга яқин келди ва унга бошдан-оёқ тикилиб ўзича ҳиринглаб қўйди.

— Хўш, ўтамизми бошқа жойингга? — сўради у юқоридаги қурол тутган соқчиларга, сўнгра сал нарида чарм таёқларини ўйнатганча маҳбуслардан кўз узмай турган соқчиларга кўз ташлаб.

Обиджон атрофга ўғринча кўз югуртириб чиқди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Фақат камерадошидан сал нарида турган новча, ингичкадан келган, деярли ўзи тенги бир йигит унга тез-тез қараб қўяр, қўлидаги сигаретини чўзиб-чўзиб тортарди.

— Бу ер тўғри келмайди, — деди Обиджон. — Агар қўлингдан келса, камерага кир, ўша ерда гаплашамиз!

— Шунақами? — қиррабурун ўзини кузатиб турган ҳамтовоқларига кўз қисиб қўйди. — Кут мени!

 

 

* * *

 

 

Кеч тушди. Обиджон кунни Гога амаки билан суҳбатлашиб ўтказди ҳисоби. Шу баҳонада қариянинг кимлигини, қандай одам эканини билиб олди. Гарчи совуққон, жаҳлдор, шафқатсиз туюлса-да, ҳаётга холис баҳо бера олар, юраги тош эмаслиги сезилиб турарди.

— Шу гапимни эсингда тутгин! — тайинлади у вақт хуфтонга яқинлашганда. — Сен билан ёқалашмоқчи бўлган йигит ўзининг энг яқин дўстларини қаёқдаги сассиқ пулларни деб ўлдирган. Шунда ҳам тинчимай, мурдаларни ёқиб юборган. Жуда ярамас бола у.

— Сиз ундан қўрқасизми? — болаларча соддалик билан сўради Обиджон.

Бу саволни кутмаган Гога амаки кулиб юборди.

— Умрингда ҳеч грузин билан яқиндан гаплашганмисан? — сўради ниҳоят жиддий тортиб.

— Армияда дўстларим бор эди.

— Унда билишинг керак. Грузин ҳаётда бировдан қўрқмайди. Қўрқиш унга хос эмас. Мен қўйиб беришса, унга ўхшаганларнинг эллик-юзтасини ер тишлатишим мумкин. Аммо қариб қолдим. Қолаверса, турмадаги қилиқларим ҳам етиб ортади. Омон бўлсанг, кўрасан қанақа қилиқлар чиқаришимни! Бўш келма, кучинг етади. Қара, савлатингни! Шу бўй, шу гавда билан агар ўша мишиқидан қўрқсанг, сенга тан бермайман!

 

 

* * *

 

 

Кутилган онлар яқинлашиб ташқарида кимларнингдир оёқ товушлари қулоққа чалиниб қолди.

Обиджон ҳали турма қоидаларини билмасди. Соқчиларни кўндириб, бемалол бегона камерага кириб келишларига ишонмасди. Аммо шундай бўлиб чиқди. Кундузи чекаётганларида уни бир четдан томоша қилган тенгдош йигит қиррабурунга шерик бўлиб кириб келди.

Қиррабурун олдинига Гога амаки билан қучоқ очиб (турмада қариялар билан шу тахлит кўришишга одатланишган) кўришди ва ҳурмат юзасиданми ё унинг иштирок этишини истамадими, қўлтиғидан олиб каравотига ўтқазиб ўзи Обиджонга юзланди.

— Хўш, мана, биз келдик!

Обиджоннинг қишлоқча тўпорилиги қўзиб, лабларини тишлади ва қиррабурунга яқин борди. Бир неча сония рақибининг кўзларига тикилиб турди-да, кутилмаганда қорни аралаш мушт туширди.

— Иҳ! — қиррабурун қорнини чангаллаганча камерани бир айланиб чиқди. Оғриқ сал пасанда бўлди, чоғи, гавдасини кўтариб Обиджонга ташланди.

Аммо уддалай олмади. Ундан анча новча, бақувват йигитнинг гоҳ тепкиси, гоҳ муштлари қиррабуруннинг дуч келган ерига бориб тушар, Гога амаки ўтирган жойида қарсак чалар, шерик бўлиб келган йигит эса ҳамон четдан туриб кузатишда давом этарди.

— Бўлди, бўлди! — икки қўлини кўтариб ортга тисланди қиррабурун. — Тан бердим! Тан бердим! Керакмас!

Обиджон уришдан тўхтаб нари кетди ва умрида биринчи маротаба қариянинг сигаретидан бир донасини олиб тутатди.

У соқчиларнинг муштлашувга аралашмаётгани, камерага кириб келишмаётганидан ҳайратда эди.

— Яна бир марта ўша сассиқ гапингни қайтарсанг, ўзингдан кўр! — деди Обиджон сигарет тутунидан бир-икки йўталиб, унитазга ирғитиб юборгач. — Мени ўзбек деб қўйибди! Ўзбеклар меҳмондўст, аммо жаҳлини чиқарса, ким эканингга қараб ўтиришмайди!

Қиррабурун шеригини ёнига олиб камерани тарк этди. Афсуски, улар узоқ кетиб улгурмай, камерага тўрт нафар соқчи кириб келди ва Обиджонга ташланиб қўлларини қайирган кўйи деворга тиради.

— Биз сен зўравонга кўрсатиб қўямиз! — деди бири Обиджоннинг қўлларига кишан солиб. — Кеча келиб муштлашишни бошладингми?

— М-менмас! — дерди Обиджон силтаниб. — Нега кўрмасдан туриб менга ёпишяпсизлар? Ўзи бостириб кириб келди-ку!

Қария ҳам унинг ёнини ололмасди.

Соқчилар Обиджонни ташқарига судраклаб кетишди.

 

 

* * *

 

 

— Хўш, бу нусха нима ҳунар кўрсатибди? — кенг кабинетга кириб келишгач, ўртадаги стол қаршисида ўтириб астойдил қаҳва ичаётган захил юзли турма бошлиғи соқчилардан сўради.

— Муштлашаётган экан камерада, — жавоб қилди соқчилардан бири.

— Шунақами? Келганига икки кун бўлмай-а? Муддатига олти ой қўшиб қўямиз. Ҳозир уни карцерга олиб боринглар! Бир адабини еса ақли кириб қолади.

— Хўп бўлади! — соқчилар Обиджонни итара-итара ташқарига олиб чиқиб кетишди.

Ҳаётида турма нима эканини эндигина кўрган Обиджон карцерни қаердан билсин!

Бир неча соат гоҳ қайноқ ҳаводан нафас олди, гоҳ бадбўй ҳид уфуриб турган камерани қаҳратон қишдаги каби совуқ эгаллаб уёқдан-буёққа титраб-қақшаб чопди. Муддат тамом бўлди, шекилли, эшикни очиб унинг қай аҳволда эканига ҳам қараб ўтирмай бошқа тарафга қоронғиликда олиб кетишди.

Обиджонга сўнгги пайтларда ҳаммаси барибирдек туюла бошлаганди. У бир нарсадан умидвор эди. Осмонданми, ер остиданми, ишқилиб, қаердан бўлмасин яхши одам пайдо бўлса-ю, уни турмадан озод этса! Янгасини қидириб топиб қишлоққа олиб борса, кейин тоғасининг ўлими сирларини аниқласа! Ана шу кунлар келишига астойдил умид қилганлиги учун ҳам чидар, чидашга мажбур ҳам эди.

— Мана, етиб келдинг! — дея чарм таёқ билан енгилгина Обиджоннинг елкасига тушириб қўйди бир соқчи зулмат қўйнида ҳовузни тўлдириб турган кўм-кўк сувга ишора қилиб. — Ҳозир сени шу ерга тушириб юборамиз. Зўрлигингни шу сувда кўрсатасан!

 

 

* * *

 

 

Обиджон кимдир «сувга туш» дея буйруқ беришини кутиб совуқ камерада музга айланиб қолаёзган оёқларини ерга тап-тап урганча турарди. Негадир жимлик ҳукм сура бошлагани унинг юрагини ғаш торттириб, секин орқасига ўгирилиб қаради. Не кўз билан кўрсинки, ўн-ўн беш қадам нарида, прожекторлар ёруғида тағин кеча, бугун кундузи уни узоқдан кузатиб чарчамаган озғин йигит турарди.

«Бунга нима керак экан ўзи, — кўнглидан кечирди Обиджон. — Ким ўзи? Намунча менинг орқамдан соядек эргашиб юраверади? Нега унга манови соқчилар ҳам индашмаяпти? Ахир, ярим тун бўлса! Маҳбусларга ташқарида юриш тақиқланган. Бу нега юрибди?»

Обдон ўйлаб бош қотиришга улгурмади. Орқада турган соқчилардан бири шеригининг имоси билан Обиджонни сувга итариб юборди.

Бу ҳовуз оддийсидан буткул фарқ қиларди. Кенглиги етмай, суви худди қайсидир тарафга оқаётганга ўхшайди. Бунинг устига чуқурлигидан унча-мунча юраги кучсизроқ одамни ваҳимага солиб юборарди.

Обиджон қўллари кишанланган ҳолда сув қаърига шўнғиди. Бир-икки сув юзига чиқди ҳам. Аммо қирғоқда турганлар яна бир марта сузиб чиқса, автоматдан ўқ узишларини айтиб огоҳлантиришди.

«Булар мени шу ерда ўлдириб юборишмоқчи экан-да, — армияда сузиш машқларини ўтаган Обиджон чуқур нафас олган ҳолда ўзича ўйларди. — Ўйлашадики, мен бир-икки дақиқадаёқ сув ютиб оламдан ўтаман. Кўрамиз, ким ғолиб келаркин!»

У бор кучини, идроки-ю, имкониятини ишга солди. Ҳовуз тубига оёқ қўйиб олган ҳолда иложи борича ҳозирги аҳволи ҳақида эмас, бошқа яхши нарсалар тўғрисида ўйлашга интилди.

Шу кўйи беш дақиқани амал-тақал ўтказди.

Бундан ортиғига қурби ҳам, нафаси ҳам етмасди. Таваккал сув юзига чиқди.

— Чиқ энди, ҳой ит! — қичқирди қирғоқда турган соқчи. — Бундан ажал ҳам юз ўгирди, шекилли! Қани, чиқ сувдан!

«Худога шукур, ўлим ортга чекинди, — ўйлади Обиджон оёқлари ёрдамида темир нарвон қаршисига сузиб келаркан. — Бу ифлослар мақсадларига эриша олишмади…»

Юқорига чиқиб беихтиёр прожекторлар нури тушиб турган тарафга қаради.

Бояги йигит шошилмасдан камералар жойлашган бино томон кетиб борарди.

 

 

* * *

 

 

Обиджон бир аҳволда камерага кириб келди. Оёқ-қўллари ҳамон карцердаги совуқ ҳаво, қолаверса, ҳовуз суви туфайли увишиб оғрир, ўзи зўрға нафас оларди.

Гога амаки негадир каравотида чалқанча ётганча хириллаётган экан. У кириб келса-да, ўрнидан қўзғалмади. Бир-икки йўталиб қўйди, холос.

— Сизга нима бўлди, амаки? — сўради Обиджон совуқдан тарашадек қотиб қолган кийимларини ечиб бир четга ташларкан. — Мазангиз йўқми?

Гога амаки унинг овозини эшитиб секин қимирлади.

— Ҳ-ҳа, келдингми? — сўради у сал ёнбошлаб олган бўлиб. — Адабингни беришдими?

— Беришди, — деди Обиджон каравотга чўзилиб оғир хўрсиниш асносида. — Сувга чўктириб юбормоқчи бўлишди.

— Чўкмадингми?

— Армияда сузиш тўгарагига қатнашганман.

— Ў, зўрсан-ку! Маладес, ўғил бола!

Бу гапдан Обиджон сал жонланди. Қарияга ҳурмати бир карра ошиб жони оғриб турганини-да унутди. Оҳиста ўрнидан туриб, Гога амакининг тепасига келди.

— Нега ётибсиз? Турмайсизми?

— Тура олмайман, — деди қария.

— Нега? Бирор ерингиз оғрияптими?

— Оғриш ҳам гапми? Итфеъл соқчилардан бирининг юзига сигаретимни ирғитгандим, ўласи қилиб уришди ифлослар!

— Уф-ф! Нега ундай қилдингиз-а, амаки? Шартмиди?

— Сени ноҳақ олиб кетишганига жаҳлим чиқди, бола! Жаҳлим чиқди. Тонг отсин, ўша қиррабуруннинг…

— Кераги йўқ, — Обиджон елкалари, билакларигача чарм таёқ зарбидан кўкариб кетган қариянинг қўлидан тутди. — Мен ўзим… Ҳали ҳисоб-китоб қилволаман.

— Йўқ, сен ортиқча ҳаракат қилма! Ҳали ёшсан. Умрингни қамоқда ўтказма! Яхшиси, бу ерлардан чиқиб кетишнинг йўлини қидир!

Обиджон беихтиёр қариянинг ўнг билагидаги игнали ёзувни кўриб қолди.

— Амаки, буни қаерда ёздиргансиз? — сўради ёзувни бармоқлари билан сийпалаб кўриб.

— Қаерда бўларди? Шу турмада ёздирганман-да!

— Ёмон ёзган экан. Қаранг, қинғир-қийшиқ!

— Бунисини билмадим-ку-я, занғар роса жонимни оғритган ўшанда. Ўлиб қолсам керак, деб ўйлагандим.

— Хоҳлайсизми, бу билагингизга зўр қилиб ёзиб қўяман? — Обиджон кулимсираб қарияга тик боқди.

— Сен-а? Бу ҳунарни қаердан биласан?

— Расм чизишга қизиқаман. Шу баҳонада игна билан ёзишниям ўзлаштирганман. Ишонинг, жонингиз оғримайди. Сезмай ҳам қоласиз!

— Майли, у ҳолда катта-катта қилиб «Грузин-ўзбек=дўстлик» деб ёзиб қўй!

Обиджон қария кўрсатган кичик бир сумкачадан игна топди ва эски-туски қоғозларни йиғиб олов ёқди-ю, игнани куйдира бошлади.

 

 

* * *

 

 

Тонг отди. Одатга кўра маҳбусларни уйқудан уйғотиб ташқарига сафлантирдилар, жисмоний машқларни бажаришга мажбурладилар. Шу ерда ҳам узоқ вақтдан бери қамоқда ўтирганлар йўлини топиб ҳийла ишлатар, ҳар бир дақиқада ўзларича «маишат» уюштиришга уринишарди. Маишат эса оддий сигаретни бемалол, шошилмасдан чекиб олиш ёки бўлмаса, кимнингдир устидан мириқиб кулиб олишдангина иборат эди.

Жисмоний машқлардан сўнг уч қатор бўлиб саф тортган ҳар бир маҳбуснинг тўғрисига биттадан офицер қўлида чарм таёқ билан туриб олди.

Ҳамма бараварига давлат мадҳиясини ижро қилиши шарт эди. Мабодо шунчаки оғзини қимирлатиб турган маҳбусга кўзлари тушса, сафда турган ерида аёвсиз калтакланар, сўнгра карцерга олиб кетиларди.

Бу ёқимсиз машғулотлар ниҳоя топгач, ошхонага олиб киришди.

Бугунги нонушта бошқаларидан бироз фарқ қиларди. Қандайдир байрам эканини айтишди. Стол устида бир юмалоқдан сариёғ, бир шишадан минерал сув қўйилибди. Темир косадаги овқат ичида эса ўрта бармоқнинг ярмича келадиган гўшт.

Буни кўрган маҳбуслар «ура, ура!» дея қичқира бошлашди.

Обиджон ҳали столига яқинлашиб улгурмаганди. Украин бўлса керак, кенг елкали, бўйи шифтдек келадиган, малла бир маҳбус айнан Обиджон ўтириши лозим бўлган стол қаршисига келди-да, олдинига унга бир қараб совуқ кулимсиради. Кейин овқат тўлатилган косага энгашиб тупурди.

— Оббо, ифлос-эй! — тутақиб кетди Обиджон. Лекин шошилмади. Чунки, украин кетишга шошилмас, унинг жавобини кутарди.

Обиджон олдиндагиларни турта-турта столига яқин келди ва украинга тик боқди.

У ҳамон кулимсирашда давом этарди.

— Хўш, жавоб қайтармайсанми? — лаб тишлаб олган Обиджонга шивирлади у. — Қўрқасанми?

Шу пайт нариги столга келиб ўтирган Гога амаки секин ўрнидан туриб Обиджонга яқинлашди.

— Қўй, бола, — деди у ҳар ер-ҳар ерда елкаларида автоматлар билан маҳбусларни кузатаётган соқчилар томон ўғринча қараб қўйиб. — Қизишма! Ҳозир мавриди эмас. Ана, менинг овқатимни ичавер! Негадир иштаҳа йўқ. Бу барзанги билан кейин ҳисоб-китоб қиласан!

Обиджон қариянинг гапидан тушундики, башарти, қизиққонлик қилиб муштлашишни бошласа, тағин карцерга олиб кетишади.

Бўшашиб орқага ўгирилди ва қариянинг столи томон юрди.

Шу тобда қайтадан озғин йигитга кўзи тушди. У овқатини емасдан Обиджонга тикилиб турарди.

 

 

* * *

 

 

Кечки сайр вақтида украин маҳбусларни оралаб Обиджонга яқин борди ва бурнини намойишкорона енгига қоқди-да, унинг кийимига артмоққа тутинди. Аммо шу орада орқадан Гога амаки келиб қолди-ю, украиннинг билагидан тутди:

— Сен йигит бунақанги жирканч қилиқларингни бошқаларга қил! Бу йигит кимлигини биласанми, ўзи?

— Ким бўларди? «Салага» — да!

— Бекорларни айтибсан! Мана, менинг билагимга бир қара!

Қария билагидаги жимжимадор ёзувни кўрсатди.

— Хўш, сенга ёқдими?

— Ёмон эмас.

— Шу йигитнинг иши. Ишонасанми, мановинисини бир «ит»га ёздирганимда туни билан иситмалаб чиққандим. Буям етмагандай хунук ва кулгули чиққанди ёзуви. Шунинг дастидан у ярамасни боплаб дўппослаганман. Унитазни ялашга мажбур қилганман. Бу йигит эса ҳақиқий рассом экан.

Гога амакининг гапларини эшитган бошқа маҳбуслар бирма-бир келиб унинг билагидаги ёзувни кўздан кечира бошлашди.

— Сен манови суратни менинг кўкрагимга чиза оласанми? — сўради узун бўйли бир татар йигити Обиджондан. — Агар қўлингдан келса, тан берардим сенга!

— Чизсам чизавераман, — деди Обиджон суратга бир кўз ташлаб олгач.

— Йўқ, сен суратни олиб қўй, эсингдан чиқиб кетиши мумкин.

— Агар ўхшата олмасам, юзимга тупуриб ташла! — ишонч билан жавоб қилди Обиджон. — Суратингни кўрдим. Энди бошимга ураманми?

— Ў, — деб юборишди бошқа маҳбуслар. — Зўрга ўхшайди-ку! Қани, четга ўтайлик!

— Ҳозир мавриди эмас, — деди қария соқчиларга ишора қилиб. — Кеч тушсин, иложини топамиз!

Кечки овқатдан сўнг ҳаммани камера-камераларига киритиб қамашди. Бироқ маҳбусларнинг беш-ўн нафари соқчиларга пича-пичадан узатиб бўлса-да, шовқин кўтармаслик шарти билан хуфиёна тарзда Гога амакининг камерасига йиғилди. Обиджон енг шимариб ишга киришди.

Қарийб бир соатлар ўтгач, сурат тайёр бўлди. Ундаги аёл маҳбуснинг кўксини безаб турарди.

— Йўқ, буни шундай қолдириб бўлмайди! — дея ҳайқирди украин Обиджоннинг елкасига қоқиб. — Ота, агар уни «пахан» билан таништириб қўйсам, нима дейсиз?

— Бунга арзийди йигит, — деди Гога амаки. — Шундай қобилияти борлигини билса, «пахан» ҳам хурсанд бўлади. Балки, унинг ҳам қандайдир буюртмаси бордир?!

— Яхши, мен бугуноқ унга маълум қиламан, — украин кулиб татарнинг кўксидаги қиз суратига боқаркан. — Вей, бу ким ўзи, татарин?

— Буми? — татар йигити ачишиб қўяётган кўксига пуфлаб жавоб қилди. — Севган қизим! Энди у нақ юрагимда яшайди!

Бу гапни эшитган маҳбуслар қотиқ-қотиб кулганча камерани тарк этди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ