«Ўзбекконцерт»ни назарга илмаган санъаткорлар афсусланадиган бўлди: “ВИА Мароқанд” лицензиясидан айрилди, бошқалар қаттиқ огоҳлантирилди…

1

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бир қатор санъаткорларнинг қўшиқ ҳамда клипларида аниқланган камчиликлар тўғрисида маълум қилган эди. Мазкур кўрсатилган камчиликларни тузатмай туриб қўшиқларини оммага тақдим этган санъаткорларга давлат муассасаси томонидан қатъий чоралар кўрилди. Бу тўғрида “Ўзбекконцерт” маълум қилди.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳоловчи  Бадиий Кенгаш аъзолари томонидан  “ВИА Мароқанд” гуруҳининг “Турист” қўшиғига ишланган видеоклипида жузъий камчиликлар бўлганлиги боис клипни оммага тақдим этиш рад этилган эди.

Бироқ, гуруҳ аъзоларини бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, ушбу клип оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этилганлиги сабабли,  “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг  23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосан ВИА Мароқанд” гуруҳи аъзолари Закирова Асалхон Бахтиёржон қизи ва Ташматов Абдурашид Хусановичларга берилган лицензиялар жорий йилнинг29 май кунидан тўхтатилганлигини маълум қиламиз.

Шунингдек, Кенгаш аъзолари томонидан “Уммон” гуруҳининг “Оқ гулим”  ва хонанда Жасур Умировнинг “Сайпи” деб номланган қўшиғи ҳамда унга ишланган клипларидаги мавжуд камчиликларни  тўғрилаб, оммага тақдим этиш вазифаси топширилган эди. Бироқ билдирилган камчиликлар тўлиқ бартараф қилинмасдан эфирга берилганлиги учун хонанда Жасур Умиров ва “Уммон” гуруҳи огоҳлантирилади.

Агар, ушбу ҳолат қуйидаги санъаткорларда қайта такрорланса, уларга берилган лицензиялар муддатидан  аввал тўхтатилади.

1 ТА ФИКР

  1. Ўзбекистон Республикасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонунига кўра, лицензия битим ва шартларини бузган шахсга (юридик ёки жисмоний) нисбатан лицензияни амал қилишини тугатиш, ёки унинг амал қилишини 6 ой муддатгача тўхтатиб қўйиш, ёхуд лицензияни бекор қилиш каби таъсир чоралари қўлланилиши мумкин. «Ўзбекконцерт» томонидан лицензияни тўхтатилганлиги маълум қилинмоқда лекин унинг муддати кўрсатилмаяпти, балки 10 кун муддатга тўхтатгандир, балки Рамазон ойи тугагунга қадардур. Шу сабабли «Ўзбекконцерт» хонандаларга берилган жазони тўлиқ кўрсатиб берса тўғрироқ бўлар эди.
    Шу билан биргаликда таклиф – хонандан лицензиясини қайтариб олсангиз (амал қилишини тугатиш) ҳам қанчадир вақтдан кейин қайтариб беряпсиз, шунинг учун уларга нисбатан лицензияни амал қилишини 6 ойга тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ жазони қўллаш мақсадга мувофиқ ҳамда тарбиялироқ бўлар эди.

Comments are closed.