ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (28-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Ҳамма чиқиб кетгач, Гога амаки Обиджоннинг ёнига ўтириб елкасига қўлини қўйди.

— Сенга фурсат борида бир гапни айтиб қўймоқчиман, — деди у.

— Қулоғим сизда.

— Тўғрисини айтсам, анча қариб қолдим. Энди бу ифлос жойлардан чиқиб кетиш менга насиб этмайдиганга ўхшайди. Шундай экан, манови қоғозни олиб қўй.

— Нима бу? — ҳайрон бўлиб қоғозга кўз югуртирди Обиджон. У ерда Гога деган ёзув ва унинг остида қандайдир манзил ёзилганди.

— Бу менинг қишлоғим, — тушунтирди қария. — Гога эса қўшним ва яқин дўстим эди. Адашмиз. У йигит мафиячилар билан алоқа қилиб туради. Ўзиям жуда бойвачча йигит. Агар шуни қидириб топсанг, сенга ёрдам бериши мумкин.

— Мен қамоқда бўлсам, қаердан ҳам қидириб топишим мумкин, — қўл силтади Обиджон.

— Адашаяпсан. Украин сенга қойил қолди. У, албатта, «пахан» билан сени таништиради.

— «Пахан» дегани… уям бизга ўхшаган маҳбусми?

Гога амаки оғир тин олди.

— Э, бола, у катта одам. Тўғри, сену менга ўхшаб шу турмада ўтирибди. Аммо йўриғи бошқа. У йигитни узоқдан кўрганман. Фақат яқиндан мулоқот қилмаганман. Ёши қирқларда бор-ов! Очиқда юрганида жуда кўпларнинг бошига етган. Пул деганининг саноғи йўқ унда. Қолаверса, милиса дейсанми, суд дейсанми, ҳаммаси билан ош-қатиқ. Шунинг учун ҳам турмада худди курортдагидек яшайди.

— Нега унда қўйиб юборишмайди? — қизиқсиниб сўради Обиджон. — Шундай ҳурматли, бой одамни нима сабабан турмада ушлаб туришибди?

— Бунинг сабаби шундаки, сен ва менга ўхшаган маҳбуслар милиса, соқчиларга кўп ҳам қулоқ солишавермайди. Ундан бўлса, ажалдан қўрққандай қўрқишади.

— Нимага?

— Уф-ф, ўзингам жа майдалашдинг-да! Нимага бўларди? Айтдим-ку, «пахан» очиқда юрганида жудаям кўп одамни ўлдириб юборган. Турмага ҳам тартиб бўлиши учун, ҳам яна бегуноҳ одамларнинг ёстиғи қуримаслиги учун ўтқазиб қўйилган. У шу ердаям очиқдагидан яхши яшайди.

— Шунчалик қўрқинчли одамми?

— Танишганингда кўрарсан ўзинг!

— Бўпти, ота, яхши ётиб туринг!

Обиджон ортиқ савол бериб қариянинг жиғига тегмаслик ниятида каравотига чўзилиб кўзларини юмди.

 

 

* * *

 

 

Эртаси куни кечқурун Обиджонни соқчилар ҳамроҳлигида «пахан»ётган камерага олиб боришди. Бу камера ҳам бошқаларидан деярли фарқ қилмасди. Фақат эшик очилиб ичкарига кириб борганида ҳайратдан ёқа ушлаб қолди. Полга гилам тўшалган, чап бурчакда музлаткич, ўнг тарафга катта магнитофон қўйилган. Дарча остида диван, ёнида телефон. Унитаз жойлашган ерга махсус парда тутилган. Хуллас, темир эшикни, кичкинагина дарчани ҳисобга олмаганда, одатий хонадан фарқ қилмасди.

Эшик очилган заҳоти диванда китоб ўқиб ётган ўрта бўйли, соқол қўйган, билаклари игнали ёзувларга тўла, кўзлари чақнаб турган, юзларининг икки-уч ерида пичоқ излари қолиб кетган рус йигити секин ўрнидан туриб қаршисидаги Обиджонга совуқ тикилиб қаради.

— Сенми, рассом? — худди шундай совуққонлик билан сўради соқчилар эшикни ёпиб чиқиб кетишгач.

— Ҳа, мен, — тап тортмай жавоб қилди Обиджон.

— Ўтир диванга! — буюрди «пахан».

Обиджон ўтирди.

— Сенга бир топшириқ бор, — мақсадга ўтди у қовоқларини уйиб. — Бажара оласанми?

— Билмадим, — Обиджон елка қисди. — Олдин топшириқни кўришим керак.

— Сен белимга манови доҳийнинг суратини чизасан, — «пахан» диван остидан иккита сурат олиб биттасини Обиджонга тутқазди.

— Бўлди, мана, олиб қўйишингиз мумкин, — Обиджон суратни қайтариб бериб тескари қаради.

— Шунақами? — мийиғида жилмайган бўлди «пахан». — Унда бунисини кўр.

Навбатдаги сурат қайсидир черковники эди.

— Бу черков, — тушунтирди у. — Уни кўксимга чизасан.

— Тушунарли.

— Энди манови стол устига қара, — диваннинг бир ёнбошига кичик стол ўрнатилган эди. Устида чет элдан келтирилган игна, спирт, дока ва шунга ўхшаш майда-чуйда нарсалар турарди.

— Булар сенинг ишинг учун, — деди «пахан». — Фақат огоҳлантириб қўяй, агар нотўғри ёки хунук, ўзига ўхшамаган қилиб чизсанг… ё баданим ҳаддан ортиқ шишиб азоб берса, мендан яхшилик кутма!

— Биламан.

— Унда бошла ишингни! Ҳунарингни кўрсат!

Обиджон секин ўрнидан туриб чойнакдаги совуқ сувда қўлларини чайди-да, оппоқ сочиққа артиб игнани қўлига олди. Игна махсус куйдирилган экан. У «пахан»ни диванга ётқизиб, ручка билан суратларнинг хомаки нусхасини чиза бошлади…

 

 

* * *

 

 

Ишни тамомлагач, унинг санъатига қойил қолган «пахан» яхшигина стол тузаб Обиджонга зиёфат берди. Стол устида чет элдан келтирилган товуқ гўшти-ю, арман коньякларигача бор эди.

— Сен булардан тўйгунингча еявер! — кўзгуда кўксидаги, белидаги суратларга тикилиб мамнун жилмайди «пахан». — Буларнинг ҳаммаси сенинг шарофатингга қўйилган. Маладес, зўр қобилиятинг бор экан. Менга ёқиб қолдинг. Хўш, нима тилагинг бор? Тортинмасдан айтавер!

— Тўғриси, сал ноқулай, — деди Обиджон хижолат тортиб.

— Тортинма! Айт тез!

— Мени ҳар куни бир нусха кузатиб юради, — деди Обиджон овозини хийла пасайтириб.

— Ким экан? Нега айнан сени кузатади?

— Бунисини билолмадим. Муштлашсам ёки мени соқчилар қийноққа сола бошлашди, дегунча ўша турган бўлаверади.

— Яхши, буни аниқлаймиз. Агар ёмон ниятда кузатаётган бўлса, жазолаймиз. Сен энди қўрқмасдан, бошингни баланд кўтариб яшайвер! Тез орада озодликка чиқариб юборишим ҳам мумкин. Бу ўзингни қандай тутишингга боғлиқ бўлади.

— Қанийди! — оғир хўрсиниб қўйди Обиджон. — Аслида менга туҳмат қилиб қамашди. Мен бу ерларга янгамни қидириб келгандим.

— Бўпти, аниқлаймиз. Сен овқатдан ол! Манови зормандадан ич! Кайф қил, ўғил бола, кайф қил! Айтганча, мановинга қалайсан?

«Пахан» кўрпанинг бир четини кўтариб бир дона папиросга ўралган наша чиқариб Обиджонга узатди.

— Э, йў-ўқ, мен бунақа нарсалар чекмаганман! — деди Обиджон кулимсираб. — Менга тўғри келмайди.

— Майли, зўрлашни ёмон кўраман. Унда коньякдан ич, сал дам олдиради!

Обиджон турмада шундай меҳмондорчиликлар бўлишини кутмаган эканми, тўйгунича еди, ичди.

«Пахан» кузатаётиб унинг қўлига бир қути «Мальборо» сигаретини тутқазди ва ортидан эшикни ёпди.

Камера томон негадир биргина соқчи уни олиб борар, бунинг устига у тобора орқада қола бошлаганди.

Тўғрига юриб, ўз камерасига олиб борадиган йўлакка бурилгач, ним қоронғиликда боши аралаш келиб тушган зарба Обиджонни полга қулатди. Йиқилиши билан зарбалар кетма-кет гоҳ бошига, гоҳ белига келиб туша бошлади. Орадан ҳеч қанча ўтмай, уни дўппослаганлар ғойиб бўлишди.

Орқада қолиб кетган соқчи эса югурганича келиб аллақачон ёлғиз қолган беҳуш Обиджонга ёпишди.

— Нима бўлди? Ким урди? Кўзингни очсанг-чи! Нима бўлди ўзи?

Шовқин-суронни эшитган бошқа соқчилар ҳам чопиб келишди. Сув пуркаб ҳам, юзларига шапатилаб ҳам ўзига келтира олишмагач, Обиджонни кўтариб қамоқхона шифохонасига олиб кетишди.

 

 

* * *

 

 

Воқеани бир четдан туриб кузатган озғин йигит шу заҳотиёқ ўзига ажратилган алоҳида камерага кирди-да, қўлига рацияни олиб керакли рақамларни терди.

— Алло, қабулдаман! — деган овоз келди рациядан.

Йигит хотиржамлик билан баён қилишга ўтди:

— Объектни қаттиқ калтаклашларини таъминладим. Эндиги навбат госпиталнинг ўзида танланган дориларни бериш-у, уни тинчитиш қолди. Хотиржам бўлинг, бу иш ҳам узоғи билан уч-тўрт соат ичида амалга оширилади.

Шу пайт камера эшиги очилиб, ичкарига тўрт нафар басавлат маҳбус кириб келди. Эшикни ичкаридан тамбалаб олдилар.

Йигит тезда рацияни ўчириб, орқасига яширди.

— Сизларга нима керак? Нега сўроқсиз кирдингиз? — сўради у ҳеч гап бўлмагандек.

Маҳбусларнинг икки нафари эшик олдида қолиб, қолганлари йигитга яқин боришди.

— Разведкачи! — дея совуқ тиржайди улардан бири. — Шунақами? Тўғри топдикми?

— Сенга нима? — орқага тисланди йигит. Аммо камера тор, узоққа бориб бўлмасди. У деворга суянганича маҳбусларга бир-бир қараб чиқди.

— Сени ким ёллаган? — сўради оқ-сариқдан келган, калбош маҳбус. — Сендан сўраяпман!

— Сенга нима? — такрорлади йигит. — Камерани бўшатиб қўй!

— Шунақами?

Калбош маҳбус кутилмаган ҳаракат билан йигитнинг бўйнига чанг солиб бир зарбада уни тиз чўктирди. Шериги эса куч билан орқасига тепди.

— Биламиз, сен бунақанги қийноқларга ўрганиб кетгансан, — деди маҳбус. — Бироқ бизнинг қийноқни барибир татиб кўрмагансан! Биз қийнай бошласак, ҳам кайф қиласан, ҳам жонинг оғрийди. Қани, Миша, бошла!

Маҳбуслар танлаган қийноқ усули даҳшатнинг ўзи эди. Улар йигитнинг оғзига латта тиқиб, овози чиқмайдиган даражага етказишди. Кейин кўз очиб юмгунча камерани қонга тўлдиришди.

Орадан бир соатча шу ўтгач, йигит нафас олишдан тўхтади.

Маҳбуслар эса соқчилар билан келишилганидек, уни қопга жойлаб, яширин йўллар орқали ахлатхона томон олиб кетишди.

 

 

* * *

 

 

Орадан икки кун ўтди. Обиджон анча ўзига келиб яралари бита бошлаганди. Эрта тонгда палатага «пахан»нинг шахсан ўзи икки шериги билан кириб келди.

Аввалига қаршисидаги Обиджонга бошдан-оёқ разм солиб олгач, мийиғида кулганича каравотга чўкди.

— Хўш, ярамаслар сени майиб-пайиб қилиб қўйишмадими, ишқилиб? — сўради у Обиджоннинг елкасига қоқиб.

— Майиб қилишмаган кўринади, — деди Обиджон. — Мана, оёқда тура олаяпман-ку!

— Сенга янгилик бор.

— Қанақа янгилик? — Обиджон «пахан»га тикилиб ундан жавоб кута бошлади.

— Орқангдан соядай эргашиб кузатган, қолаверса, манавинақанги аҳволга тушишингни ташкиллаштириб берган ифлосни ўйиндан чиқардик, — деди «пахан» ҳамон кулимсираб. — Кимни назарда тутаётганимни англадингми?

— Демак…

— Энди буёғини эшит, — «пахан» қаршисида қаддини ғоз тутиб турган икки маҳбус шеригига маъноли қараб олди-да, давом этди. — Сен зудлик билан турмани тарк этишинг керак.

— Нима? Қандан қилиб?

— Қандай қилиб бўларди? Бошқалар қандай чиқиб кетишади? Сен ҳам худди шу йўл билан чиқиб кетасан.

— Мен энди узоқ вақт бу ердан чиқиб кета олмасам керак, — ерга боқди Обиджон. — Бўйнимга яна бир йилми, олти ойми илиб қўйишган.

— Бунисидан хавотир олма. Бугун тунда бир яқин дўстим машинасида мени кўргани келади. Ўша машинага беркитиб қўямиз сени. Озодликка чиқиб олганингдан кейин мен берган манзилга борасан. У ерда сенга бошқа ҳужжат тайёрлаб қўйган бўлишади. Оласан-у, ана ундан кейин ишларингни охирига етказаверасан.

— Раҳмат сизга, — деди Обиджон «пахан»га мамнун боқиб. — Менга катта яхшилик қиляпсиз. Унутмайман.

— Ҳа-а, унутмасанг бўлгани. Йўл-йўлакай бизнинг ишларниям бажариб берасан, хўпми?

— Хўп.

— Бўпти, тунда одам келади сени олиб кетишга. Тайёргарлигингни кўриб тур. Айтганча, уёққа борганингдан кейин дўстларимдан бири сендан худди меникига ўхшаган суратни елкасига чиздирмоқчи!

— Қўлимдан келганича.

— Хўп, омон бўл!

«Пахан» секин ўрнидан турди-да, чўнтагидан бир конверт чиқариб Обиджонга узатди.

— Бунинг ичида пул ва сен борадиган манзил ёзилган. Пулларни эҳтиёт қилиб ишлат. Тағин қизларга сарфлаб юборма. Қизлар шайтоннинг қули. Кўчанинг қизи сен-у менга ҳеч қачон яхшилик келтирмайди.

 

 

* * *

 

 

Обиджон турмадан бу қадар осон йўл билан қочиш мумкинлигини етти ухлаб тушида кўрмаган эди.

Қоронғи кечада қандайдир номаълум кимсалар уни деразадан пастга тортиб олишди. Сўнгра айлана йўллар билан кўчага олиб чиқиб, қор-қора «Волга»га яқин олиб бордилар. Машина рўпарасида баланд бўйли, соқол қўйган, эллик ёшлардаги бир грузин уларни тоқатсизлик билан кутиб турарди. Яқин келишлари билан юкхонани очди. Обиджонни ўша ерга ётқизишди ва устига унчалик оғир бўлмаган қоғоз қутиларни териб чиқиб эшигини ёпишди.

Энди шаҳардан ташқарига чиқиб олмагунларича у шу тахлит кетишга мажбур эди.

— Туш, етиб келдинг! — машина қаердадир тўхтагач, грузин юкхона эшигини очиб Обиджонни туртди.

У эҳтиёткорлик билан пастга тушди-да, увишиб кетган оёқларини ерга гурс-гурс уриб атрофни кўздан кечирди.

Улар нотаниш йўлда туришарди. Йўлнинг икки чети дала. Қоронғида нима экилганини ҳам кўра олмади.

Фақат бир нарсани пайқадики, бу ер шаҳардан узоқ. Акс ҳолда машина тўхтамаган бўларди.

— Ҳозир ёнимда ўтириб ўн чақиримча йўл босасан, — уқтирди грузин. — Бир қишлоқ келади. Ўша ерда сенга ҳужжат қилиб берадиган одам яшайди.

— Тушундим, — деди Обиджон.

— Унда машинага ўтир! Буёғи энди хавфдан холи. Қўрқма!

Обиджон машинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, хотиржам ҳолда кўзларини юмди.

 

 

* * *

 

 

Айтилган қишлоқ ўзи яшаб ўтган қишлоқларга ўхшамасди. Уйларнинг деярли барчаси тахтадан омонатгина қилиб қурилган, Бухородагига ўхшаб итлар ҳам кўчаларда дайдиб юришмас экан. Ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит. Ҳатто, ўткинчилар ҳам «сен кимсан, кимни қидириб юрибсан? » дея тўхтатишмайди.

Обиджон тахтадан ясалган эшикларга ёпиштирилган рақамларни кузата-кузата охири конвертдаги қоғозга битилган «15 «рақамини топди.

Эшик яшил рангга бўялган бўлиб, бошқаларникига нисбатан анча бақувват эди. Қолаверса, эшик тепасига қўнғироқ ҳам ўрнатиб қўйишибди.

У иккилана-иккилана қўнғироқ тугмачасини босди. Икки-уч босганидан сўнг ҳовлидаги чироқ ёнди ва кимдир эшик томон юриб кела бошлади.

— Ким у? — эркак кишининг йўғон овози эшитилди ичкаридан.

— Бу — мен. Сизга тайинлашган экан… Турмадан…

— Сенга нима керак? — сўради овоз соҳиби эшикни очишга шошилмай.

— Ҳужжат масаласида юборишганди. Танишларингиз…

— Қанақа ҳужжат?

Шу тобда Обиджон «пахан» тайинлаган сўзларни эслади ва тилига кўчирди.

— Игнали ёзув! Елкангизга!

— Ҳа-а, шуни олдинроқ айтсанг ўласанми? — шу гапдан кейингина уй эгаси келиб эшикни очди.

Ичкарига кирган Обиджон қаршисидаги паст бўйли, юмалоқ эркакнинг қўлидаги милтиқни кўрди-ю, бироз саросимага тушиб қолди.

Эркак ҳам унинг қўрққанини сезди шекилли, милтиқни пастга туширди ва сўрашиш учун қўл узатди.

— Ваня! Отинг нима?

— Ҳозирча Обиджон.

— Шунақа дегин? Бизнинг «паноҳ»имиз қалай?

Обиджон Ваня амаки «пахан»ни назарда тутаётганини идрок этиб, жавоб қилди.

— Сизга кўпдан-кўп салом айтиб юборди, у киши.

— Саломат бўлсин! Қани, ичкарига кир! Бу ерда узоқ туришнинг хосияти яхши бўлмайди.

Обиджон Ваня амаки кўрсатган хонага кирди.

Хона одмигина таъмирланган, бурчакда катта голланд печкаси. Хона ўртасида стол-стуллар. Стол устида эса бир шиша ароқ ва тузланган помидор солинган коса.

— Ичасанми? — сўради Ваня амаки Обиджондан.

— Йўқ, раҳмат, ичмайман!

— У ҳолда иш битиришинг қийинроқ кечади.

— Нега?

Ваня амаки ялт этиб Обиджонга қаради.

— Чунки, мен ичмайдиганларни жинимдан ёмон кўраман. Мезбоннинг ҳурмати учун ичмайдиганлар ғирт сотқин бўлишади.

Обиджон хижолат тортди:

— Сизнинг сўзингизни икки қилиб бўларканми?! Қуйинг!

Икковлари шишадаги ароқни сукут сақлаган ҳолда бўшатишди. Кайфи ошиб қолган Ваня амаки эндигина мулойимлашди.

— Мен ўша сен қочган турмада йигирма беш йил ўтирганман, — дея гап бошлади у. — Лекин бирор марта қочишга уринмаганман.

— Нега? — ҳайрон бўлиб сўради Обиджон.

— Ўша «пахан» деб атаётганинг ярамас одам. Сен ниманиям билардинг? Ментларга сотилган, ўша аблаҳ.

— Бўлиши мумкин эмас, — Обиджон жиддий тортиб Ваня амакига совуқ тикилди. — Мен бундай деб ўйламайман. Сиз нотўғри гапиряпсиз.

— Сен қаердан билардинг? Танишганингга бир ҳафта бўлибди-ю, унинг ёнини оласан-а!

— Албатта, ёнини оламан, — деди Обиджон. — Ўша одам мени турмадан қутқариб, кўзлаган ишларимни давом эттиришимга имкон яратиб берди. Агар ёмон одам бўлганида…

— Баракалла, — Ваня амаки кулиб ўрнидан турди ва Обиджонни бағрига босди. — Сен ажойиб йигит экансан. Тўғриси, ичингдагини билмоқчи эдим. Шунинг учун атайин ёмонлаб гапиргандим. Аслида биз қиёматли ўртоқмиз у билан. Шундай пайтлар бўлганки, турманинг қора нонини бўлишиб еганмиз. Бўпти, энди сенга ёрдам бермасам бўлмайди. Эртага кечқурун йўлга чиқасан. Тўғри Грузияга борасан. Ажаб эмаски, ишларинг ўнгидан келса! Энди юр, ёт, дамингни ол!

 

 

* * *

 

 

Иш бошланишида хамирдан қил суғургандек бита бошлади. Ҳужжат тайёр бўлди. Обиджон янги паспортда Берди Раҳмонов дея кўрсатилганди. Бу, албатта, милиционерларни чалғитиш учунгина қилинганди.

Бироқ Грузия чегарасига етганида, навбатдаги «дум» унинг ортидан тушди.

Кенг елкали, бўйи икки метрча келадиган, қора соч, ёши йигирма етти-йигирма саккизлар оралиғидаги бир йигит оқ «Жигули»да нуқул Обиджонни таъқиб этди.

Мана, чегарада ҳам рўпарасидан чиқди. Қаердан етиб келди, қандай топди, бу Обиджонга қоронғи. Фақат сездики, ўзини кузатяпти.

«Менга деса, ўлиб кетмайсанми, хаёлан сўзланди Обиджон. Кўрамиз, қаергача илакишиб бораркансан!..»

Машина уни Гога исмли эркакнинг маҳалласигача олиб боргач, ортга қайтди.

Буёғи анча хавфсиз эди. Негаки, икки ён бағри баланд тоғлар билан ўралган қишлоқ кўчасида уёқдан-буёққа ўтиб бораётган ҳар бир ёш-қари танимаса-да, Обиджонга салом берар, ҳатто баъзилари атайин яқин келиб алоҳида саломлашиб ҳам кетишарди.

«Бизнинг қишлоқ одамларига ўхшаб кетишаркан, ўйлади Обиджон тоғларга, ёнбошида шариллаб оқаётган сойга суқланиб тикиларкан. Сира бегонасирашмайди-я! Аёлларини, қизларини қара! Узун кўйлак, қора рўмолларда юришибди! Саломлашишмаяпти! Бир қараб қўйишяпти-ю, индамай ўтиб кетишяпти!»

Обиджон қишлоқ ўртасига етгач, қоғозда ёзилган манзилдаги дарвозани қидириб топди. Бу ҳовлига ўхшагани қишлоқда йўқ эди. Дарвоза ҳашаматли, икки қаватлилигига қараганда, Гога дегани жуда бой.

«Албатта, бой бўлади, ўйлади Обиджон. Мафиячи бўлади-ю, бой бўлмайдими? Деворлариниям пишган ғиштдан кўтариб чиқибди. Фақат бир нарса ўйлантиряпти. Қанақанги одам экан, ўша Гогаси? Жаҳлдормикан, ё мулойимми? Қандай кутиб оларкан?»

Ўйлашга, бош қотириб ўтиришга фурсат йўқ эди. Обиджон қишлоқдагиларнинг саломлашиш асносида ҳайрон қараб ўтишаётганидан хижолат торта бошлаган эди. Дарвоза олдидаги токларга, дарвозанинг чап томонида жойлашган ертўлага ва ниҳоят чет эл машинасига бир-бир назар солиб олгач, қўнғироқ тугмачасини босди.

Орадан икки дақиқача ўтиб дарвоза очилди. Қўлида баҳайбат итни етаклаб олган оқ сочли, ёши деярли турмадаги Гога амакига яқин бир эркак чиқиб Обиджонга савол назари билан боқди.

— Келинг, меҳмон! — дея итни ток устунига боғлаб яқин келди у. — Сизга ким керак эди?

Қаршисидаги бошига саватдек қора кепка кийган, белига камар боғлаб, ўнг ёнбошига ҳақиқий ханжар осиб олган эркакка бир муддат қараб қолган Обиджон тезда ўзини қўлга олиб сўрашиш ниятида қўл чўзди.

— Мени Гога амаки юборди! — деди сал қимтиниб.

— Гога? Гога менман-ку! — кулимсираб елка қисди уй эгаси.

— Турмадаги Гога амаки. Адашингиз.

— Ҳа-а, шуни дарҳол айтавермайсанми? — сенлашга ўтди эркак. — Оғайним қалай? Ҳали тетикми ёки мазаси қочдими?

— Тетик, — жавоб қилди Обиджон. — Ҳали-бери ён берадиган эмас.

— Шунақа дегин? Эҳ, биз у билан нималар қилмаганмиз-а! Нима ишлар қилмаганмиз! Хайрият, тетик экан. Ҳақиқий грузин токи ўлмагунича оёқда туриши керак.

— Сизга хат бериб юборганди, — Обиджон чўнтагидаги конвертни олиб Гогага тутқазди.

— Хат бериб юбордими? Ҳа, айб менда. Анчадан бери ундан хабар ололмадим. Ишларим кўпайиб кетди. Қара-я, гап билан бўлиб уйга таклиф қилишниям унутибман. Қани, меҳмон, ичкарига марҳамат қилсинлар!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ