ФЕРУЗА… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

* * *

 

 

Шу гал улкан касалхонанинг кардиология бўлими палатасидан сира чиққим келмасди. Билардим, гарчи юрагим хасталанган бўлса-да, мени компаниямнинг икир-чикирлари, фойдали шартномалар, катта-кичик ташвишлар кутмоқда. Лекин палатадаги каравотга гўё михланиб қолган каби қимирлашга вужудимда куч топа олмасдим…

Ҳа, бу йўлаклар, мўъжазгина палата деворлари, ойна-ю, ромлар менинг ҳисларим, сирларимга гувоҳ. Ихчамгина, келишган, қоп-қора кўзлари менга тушди дегунча маъюс тортувчи, узун киприклари пирпираб, ғунча каби нозик лаблари титраб тургувчи ҳамшира қиз Ферузага илк бор сўз қотганимда, орамизда ҳаяжонли лаҳзалар ҳукм сурганида мана шу палатадаги жами буюмлар гувоҳлик беришган. Севги изҳоримни Феруза билан биргаликда улар ҳам тек туриб тинглашган. Жуда қисқа фурсатда суюклигимга айланиб улгурган бу қиз дардли ҳасратларимни, юрак оғриғи сабаб чеккан оҳларимни эшитиб йиғлаганда девор-у деразалар мисоли жунбушга келиб, Феруза-ю менга ҳамдардлик билдиришган…

Хайрият, бугун, шу лаҳзаларда биз яна бир ниятимизга етиб мамнун бўламиз. Ферузага бўлғуси уйини, компания офисини кўрсатаман, заргар танишларимникига бориб севгилим учун тилла тақинчоқлар танлаймиз. Ахир, бундан ҳам тотли онлар бўладими севишганлар учун!..

Ҳали хаёлларимни йиғиштириб бўлмай, палата эшиги оҳиста тақиллади.

Очиғи, Ферузанинг шу одатига қойилман. Ҳеч бир врач, ҳамшира палата эшигини тақиллатмайди. Худди хавфли душман каби кутилмаганда, қўққисдан кириб келишади. Феруза эса аксинча, тақиллатади, ўзим бориб эшикни очмагунимча, шу тахлит тураверади…

Воҳ, эшикни очдим-у, қаршимда гўё ҳақиқий малика зоҳир бўлгандек ҳайратдан ёқа ушлай дедим. Феруза эгнига қип-қизил, бежирим кўйлак кийибди. Аммо кўйлак унга шу қадар ярашиб тушибдики, кўзларим чақнаб кетди…

— Ўлай агар, бугун умуман бошқачасиз, — дедим уни айланиб бу мўъжизавий либосни қайта-қайта кузатарканман. — Кўйлагингиз айни сизга атаб тикилган экан!

— Ўлманг-э, ўлсангиз мен нима қиламан? — эркаланиб кулганча либосини менга кўз-кўз қилиш илинжида бир-икки айланди Феруза. — Аранг оёққа турғаздим-ку сизни!..

— Хўш, кетдикми? — сўрадим бесабрлигим тутиб. — Тайёрмисиз?

— Олдин офисингизни кўрайлик, — деди Феруза ҳар галгидек узун киприкларини пирпиратиб. — Уйингизга кейин бораверардик…

— Сиз нима десангиз шу, — дедим қўлимга майда-чуйдалар жойланган сумкани олиб. — Кетдик унда!..

Клиника ҳовлисида машинам савлат тўкиб турарди. Аввал Ферузага бу ҳақда индамаганим учунми, у машина рўпарасига келиб тўхтаганимни кўрди-ю, негадир ўнғайсизланди.

— Нега туриб қолдингиз? — атайин сўрадим ундан. — Бирор буюмингизни унутиб қолдирдингизми?

— Бу… Шу машина сизникими? — сўради Феруза бир менга, бир ортга ўғринча кўз ташлаб.

— Ҳа, албатта меники, — кулдим мен машинанинг олд эшигини очиб. — Ҳайдовчини овора қилгим келмади. Бугун сиз ва менинг кунимиз. Демак, ўртамизда ҳеч ким бўлмаслиги шарт. Қани, марҳамат, машинага ўтиринг!

— Й-йўқ, мен… Ҳалиги… Орқа ўриндиққа ўтира қоламан. — деди Феруза тутилиб. — Ҳарқалай…

— Сизнинг жойингиз олдинда, азизам! — шундай дедим-у, Ферузани билагидан тутиб машинага ўтқаздим. — Сиз бугундан… Йўқ, танишган кунимданоқ қалбимнинг, уйимнинг маликасига айланиб бўлгансиз. Шундай экан, машина ҳам сизнинг ихтиёрингизда бўлади. Хўш, кетдикми офисга?

— Кетдик, — дея майин жилмайди Феруза. — Сиз… Сеҳргар экансиз.

— Нега бундай деяпсиз?

— Шундай ажойиб машинангиз борлигини билмасдим. Бу қанақа машина ўзи? Оти нима?

— «Кабриалет», — дедим севгилимнинг юзига кафтимни босиб. — Буюринг, мен қулингиз машинани жойидан жилдирай!

Феруза янада мамнун тортиб, кулимсиради ва эшитилар-эшитилмас шивирлади:

— Жилдиринг!..

 

 

* * *

 

 

У офисга боришни хоҳламади. Йўлда айниб қолди. Қалбим маликасининг бир оғиз сўзи, бир марталик ишораси мен учун кифоя эди. Уйни севгилимга кўз-кўз қилиш учун рулни таниш йўл томон бурдим.

Ишончим комил эди. Уч қаватли, деразаси зилол сувли кўл томонга қараган ҳашаматли ҳовлим Ферузага албатта ёқиб тушади. Шундай бўлди ҳам. Ичкарига қадам қўйганимиз ҳамоно у кўзлари чақнаганча нақшинкор шифт, оврўпача усулда ишлов берилган деворлар, сервантларни тўлдириб турган биллур идищларга ўзгача ҳайрат билан тикилиб қолди.

— Воҳ, бунча чиройли! — дея ҳаяжонданми, ҳайратданми, икки юзи қизил тус олиб кўзларимга боқди Феруза. — Шундай саройда бир ўзингиз турасизми?

— Энди бир ўзим турмайдиган бўлдим, — дедим суюклигимнинг икки елкасидан тутиб. — Сиз ҳамроҳим бўласиз.

— Кўзларимга ишонмайман, — дерди нуқул Феруза сервантдаги идишларга қўрқа-писа қўл чўзиб. — Ахир… Йўқ, сира ишонгим келмаяпти!

— Юринг, сизга ётоғимизниям кўрсатаман, — мен уни ноқулай вазиятдан олиб чиқиш ниятида ўнгдаги йўлакка бошладим. — Кўринг-чи, сизга маъқул бўлармикан ўзи?!.

Ётоққа кирганимиз ҳамоно Ферузанинг ҳайрати юз чандон ошди. Ҳатто, ўзи сезмаган ҳолда ортга тисланишга уринди. Аммо мен йўл бермадим. Аксинча уни кенг, хорижда ишлаб чиқарилган гулдор чойшабларга бурканган диван томонга етакладим.

— Эсингиздами сизга «Ёнингда қолишга йўқ эди имкон, мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим» деган шеър айтгандим? — сўрадим Ферузани бағримга босиб.

— Эсимда, — деди у эшитилар-эшитилмас. — Нимайди?

— Энди ёдингиздамас, ёнингизда бўлишни хоҳлайман. Ҳамиша, бир умр, абадий бирга бўлишни истайман. Келинг, ҳозироқ айрилиққа, ҳижронга барҳам берайлик! Айрилиқ аламларини қувиб солайлик!..

Феруза ҳеч нарса демади. Оғир хўрсиниб, кўзларимга мамнун қараб олди, холос…

Мен бу сукутни ризолик аломатига йўйиб, бўлғуси ёстиқдошимни маҳкам қучганча ўша ёстиқлар томон бошладим…

 

 

* * *

 

 

Шу тобда нимадир тарақлаб кетгандек бўлди. Ташқарида ит вовиллаши, мушукнинг безовта миёвлаши қулоғимга чалиниб, даст ўрнимдан турдим…

Қаранг, биродар, деразадан ҳовлига қарасам, қайсар мушугим қўшнининг ити билан талашиш пайида миёвлаётган экан.

Кўзларимга ишонмай, шифт, уй ичкарисига қайта-қайта назар ташладим…

Хасталик сабаб бўлиб бир хоналигина уй деворлари таъмирсиз қолиб кетибди. Шу арзимас юмушни ҳам елкамга ортмоқлай олмабман…

Шу аснода ошхонада хотинимнинг товуши эшитилгандек бўлди. Шундан кейингина нималар бўлганини, қаердалигим, қай аҳволда эканимни англадим. Ахир, мен кечагина касалхонадан чиқдим, хотиним эса боягина қандай таом тановул қилгим келаётганини суриштирганди. Мен бўлсам, ширин… Йўқ, хом хаёллар денгизига чўкибман-у, борлиқни унутаёзибман…

Феруза, кошона-ю, ҳайбатли компанияларни орзулаб, меҳрибон, куюнчак, менинг ташвиш-у, муаммоларимга кўмилиб қолган умр йўлдошимни, кўзлари мунчоқдек фарзандимни ёддан чиқараёзибман-ку!.. Оллоҳнинг ўзи кечирсин!..

Лекин барибир ҳеч бўлмаса хаёлот оламимга кириб менинг кўнглимни кўтарган, меҳрини дариғ тутмаган, бахт тоғининг энг юксак чўққиларига муносиб ва ҳақли ҳамшира Ферузадан беҳад мамнун бўлдим. Унга Яратгандан саломатлик ва абадий гўзаллик тиладим.

Ҳеч қурса хаёлан менга ҳашаматларни ҳадя этган Оллоҳга беадад шукр қилдим.

Олимжон ҲАЙИТ