КУН КУЛГИСИ…

0

 

 

* * *

 

 

Ҳозирги кунда яхши, билимли, тажрибали ҳисобчини қидириб топиш қийин. Шунинг учун ҳам милиционерлар каттакон корхоналарнинг бирида ишлаган бош ҳисобчи Урайим Марайимовични ўн йилдан бери қидиришади.

 

 

* * *

 

 

Ресторанда бир йигит аёлни рақсга таклиф этди. Аёл йигитга қараб туриб ўзидан анча ёшлигини пайқади-да, деди:

— Кечирасиз, мен ёш бола билан рақсга тушмайман.

Йигит:

— Вой, сиз ҳам мени кечиринг унда! Ҳомиладорлигингизни билмабман.

 

 

* * *

 

 

Эркак қалин ўрмонда йўлдан адашди. Кезди-кезди, фойдаси бўлмади. Йўлни топа олмади. Бир маҳал қараса, тўнгак устида қари бир чол ўтирибди. Югуриб бориб салом берди-да, деди:

— Ота, мен йўлдан адашдим. Йўлга қандай чиқиб олсам бўлади?

— Тўғрига қараб кетаверасан, кетаверасан, олдингдан наша экилган пайкал чиқади. Пайкалнинг орқа тарафига ўтсанг, гапирадиган дарё оқиб ўтган. Ўша дарё сенга йўлни кўрсатиб юборади.

 

 

* * *

 

 

Қария жажжи неварасига эртак айтиб беряпти:

— Бир замонлар уч оға-ини бўлган экан. Улар мустақил ҳаёт қуриш учун йўлга чиқишибди. Бир ерга боришса, чуқур бор экан. Чуқурда эса БАХТ ўтирибди. Катта оға БАХТ дан кў-ўп пул сўрабди. БАХТ сўраганини берибди. Катта оға бахтдан сармаст бўлиб йўлида давом этибди. Кейин ўртанча оға чуқурга яқинлашиб, гўзал бир қаллиқ беришини сўрабди. БАХТ бу илтимосини адо этибди. Ўртанча оға гўзалнинг қўлидан тутиб, ўзини жуда бахтли ҳис этибди-ю, жўнаб кетибди. Охирида кенжа чуқурга яқин келибди. БАХТ ундан сўрабди:

— Сенга нима керак?

Йигит саволга савол билан жавоб қайтарибди:

— Ўзингга нима керак?

— Мени шу чуқурдан чиқариб қўй!

Йигит қўл узатиб БАХТ ни чуқурдан тортиб олибди ва ҳеч нарса сўрамай йўлида давом этибди. Хўш, нега сўрамади экан-а? Бир акаси бой бўлди, иккинчи акаси хотинли бўлди. Кенжа нега БАХТ дан ҳеч нарса сўрамади?.. Ҳа-а, топдингиз, болажонларим, топдингиз! Чунки БАХТ нинг ўзи кенжага эргашиб кетибди.

 

 

* * *

 

 

Участка врачи бемордан сўради.

— Қаерингиз оғрияпти?

— Манави ерим.

— Йўқ, бу менинг участкамга кирмайди.

 

 

* * *

 

 

Беш яшар набира бир куни тунда бобосидан сўради:

— Бобо, Ой узоқми, Тошкентми?

— Бошимни қотирмасанг-чи!

— Айта қолинг, илтимо-ос!

— Бўпти, бери кел?

Набира бобога яқин келибди. Бобо деразани очиб сўрабди:

— Нимани кўряпсан?

— Ойни.

— Тошкентни-чи?

— Йўқ.

— Ана энди ўзинг хулоса қилиб олавер!

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: