ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (29-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

* * *

 

 

Ҳовли жуда кенг ва гўзал эди. Томорқага қадар бетонлаб чиқилган. Томорқа ҳам Обиджонларникидан буткул фарқ қилади. Чамаси йигирма сотихлар келадиган ер фақат узумзордан иборат. Ҳар бири калладай-калладай келадиган қора-қизил узум бошлари кўзни қувнатади.

Ҳовлида эса ўзи тенги бир неча йигит уёқдан-буёққа чопиб, турли юмушларни адо этишарди.

Обиджоннинг кўзи хоналардан бирига кириб кетаётган узун бўйли қизга тушиб таққа тўхтади. Қиз ҳам кўчадагилар каби қора, узун кўйлакка ўралган, бошида ҳам қора рўмол ўралганди.

Унинг хаёлини уй эгаси бўлиб юборди.

— Манови ерга кел, меҳмон! — деди Гога бассейннинг рўпарасига ишора қилиб.

Обиджон кўрсатилган ерга бориб турди.

— Вано! — бақирди Гога омбор томонга қараб.

Шу заҳоти ичкаридан бошига Гоганики сингари саватдек кепка қўндириб олган бир грузин йигити чиқиб келиб салом берди.

— Таниш, бу дўстимнинг олдидан келибди! — деди Гога. — Вано — менинг хизматчи йигитларимдан. Қиличбозликни қотириб қўяди!

Обиджон йигит билан саломлашиб, Гогага юзланди.

— Бизда меҳмон келса, албатта, оёғи остига қўй сўйилади, — тушунтирган бўлди Гога. — Шунинг учун мана шу ердан қимирламай турасан. Қани, Вано, бор, қўйларнинг зўрини олиб кел!

Ҳай-паш дегунча қўй келтирилди.

Бу ернинг қўйлари Ўзбекистондагилардан сал фарқланаркан. Думли қўйлар!

Оёқ-қўллари маҳкам боғланиб ерга — Обиджоннинг оёқлари остига ётқизилгач, Гоганинг ўзи Вано келтирган қилич билан қўйнинг бошини кесди.

Шундан кейингина Обиджонни полига қип-қизил чўғдек гиламлар тўшалган хонага таклиф этишди.

 

 

* * *

 

 

Уч-тўрт йигит дарҳол столга майда-чуйда егулик келтириб қўйди. Хотини шекилли, қип-қизил кўйлак, бошини рўмол билан танғиб олган ўрта яшар бир аёл патнисда юпқа, катта-катта нонларни келтириб ийманибгина саломлашди-да, хонадан чиқиб кетди.

— Бу бизнинг нонимиз, — қўлига патнисдаги нонлардан бирини олиб Обиджонга кўз-кўз қилди Гога. — Лаваш! Жуда мазали. Бироқ ҳали ҳаммаси олдинда. Ҳозир сенга қандай грузинча кабоб қилишни кўрсатаман.

У йигитлар тоғорада келтирган қўй гўштини пичоқ билан катта-катта қилиб тўғрагач, стол устидаги хумни қўлига олди.

— Қара, — деди кулимсираб, — мана бу грузинча вино. Зўридан. Бундай винони фақат меҳмон келгандагина қўйишади бизда. Ҳозир шу винодан гўшт устига қуямиз. Ундан сўнг пиёз, кўкатлар тўғраб, ҳаммасини аралаштирамиз. Мана бундай қилиб… — Гога иштиёқ билан вино ичида қолган гўштлар устига бир дунё пиёз, турли кўкатлардан тўғради ва қўллари билан узоқ вақт эзғилаб аралаштирди. Сўнгра устига тахтача ёпиб, устидан тош бостириб қўйди. — Камида ярим тунгача шу ҳолда туриши лозим. Ундан сўнг кабоб қилсак, ҳил-ҳил бўлиб пишади. Оғзингда эриб кетади. Э, сен бунақа кабобни емагансан. Ё, ўзбеклардаям шунақасидан тайёрлашадими?

— Нега вино билан аралаштирдингиз? — қизиқсиниб сўради Обиджон.

— Гўшт юмшайди. Тўғри, сирка қўйсам ҳам бўларди. Аммо винога тўйинган гўштнинг кабоби бошқача бўлади. Қани, энди манови шохдаги винони қўлингга ол!

— Й-йўқ, мен ичмайман!

— Хафа бўламан-а! Шунча жойдан келасан-у, ичмайсанми? Биз — грузинларда шундай одат бор. Агар меҳмон ичишдан бош тортса, демак, уй эгасини ҳурмат қилмас экан, деб ҳисоблашади. Нима, сен мени ҳурмат қилмайсанми?

— Йўғ-э, бу нима деганингиз? — Обиджон хижолат тортиб Гоганинг қўлидаги вино тўлдирилган шохни олди.

— Қани, кўтар, йигит! — деди Гога ўзининг қўлидаги шохни кўрсатиб. — Кўрдингми, сени аяб ўзимга каттароқ шохни олдим! Фақат охиригача оласан. Қолдирсанг, жаримасига яна тўлдириб бераман.

Обиджон кўзларини чирт юмди-да, шохни кўтарди.

Шу қадар ширин ва мазали эдики, бу ичимликнинг винолигига ҳам ишониб бўлмасди. Обиджон шохдаги ичимликни охиригача ичиб Гога ўргатганидек шохни тўнкариб қўйди.

 

 

* * *

 

 

Тунда Гоганинг дўстлари ҳам меҳмон шарафига ташриф буюришди. Улар узоқ вақт вино ичиб қўлбола кабобдан тановул қилиб ўтирдилар. Сўнгра биргалашиб грузинча қўшиқ куйлашди. Кайфи ошиб қолган Обиджон бу тилни тушунмагани сабаб ҳайрон тикилиб ўтирар, қўшиқ оҳанги қишлоғини, онасини эслатгандек бўлиб ўпкаси тўлиб борарди…

Вино Гога айтганидан ҳам кучли экан. Обиджон тушга яқин базўр бошини кўтариб ҳовлига чиқди.

Негадир Гога кўринмасди. Хизматчи йигитларгина ҳовлида айланиб юришарди.

Обиджон келтирилган нонуштадан тотинган бўлиб ҳеч кимга сўз демасдан кўчага чиқди. Бирор нарса сўрашнинг фойдаси ҳам йўқ эди. Йигитлар барибир рус тилида яхши гапира олмасликларини пайқаган эди.

Шу пайт катта кўчадан ўтиб кетаётган ўн саккиз ёшлар орасидаги грузин қизига кўзи тушиб қолди. Қиз ҳам унинг қараётганини сездими, қўлидаги сув тўлдирилган хумчани ерга қўйиб қаддини ростлади.

Сочлари узун, бошидаги рўмоли ҳам, эгнидаги яшил ранг узун кўйлак ҳам ўзига ярашиб, ҳуснига ўн чандон ҳусн қўшган. Обиджон уёқ-буёққа ўғринча қараб олди-да, айтарли ҳеч ким келмаётганига амин бўлгач, қизга яқин борди.

— Рус тилини биласизми? — секин сўради қиздан.

— Бўлмасам-чи? — майин жилмайиб жавоб қилди қиз.

— Отингиз нима?

— Тамара, — деди қиз ерга боқиб.

— Ў, зўр исм экан! Биз томонлардаям бор шундай исмлар. Аммо сизга ўхшаган гўзал қизни кўрмаганман!

— Наҳотки? — бошини кўтарди қиз. — Алдаяпсиз. Чиройли қизлар ҳамма ерда бор.

— Йўқ, сиздақаси бўлмаса керак, — қалби эҳтиросга тўлиб бораётган Обиджон қизга янада яқинроқ бориб беихтиёр билагидан ушлади.

— Вой, бу нима қилганингиз? — қиз сесканиб ўзини нари тортди ва қўлига хумни олди. — Уятсиз экансиз!

— Й-йўқ… Мен…

Обиджон гапиришга, ўзини оқлашга улгурмади. Қиз аллақачон уйи томон кетиб борарди.

Бир маҳал эндигина Гоганинг уйи томон бурилган эдики, икки уй наридаги очиқ дарвозадан тахминан ўн икки-ўн уч яшар бир болакай чиқиб келиб Обиджоннинг қаршисида тўхтади. Унинг кўзлари чақнар, лаблари учиб-учиб қўярди.

— Нима қилиб қўйдинг? — рус тилида сўз қотди болакай овозини ҳийла пасайтириб.

— Нима қилибман?..

— Ҳозиргина ўзим кўрдим. Сен қиз бола билан гаплашдинг.

— Нима бўпти? — елка қисди Обиджон.

— Энди ўша қизга уйланишинг керак.

— Нима? Нега энди?

— Чунки, сен у билан гаплашиб қўйдинг! Бизда ким қиз бола билан гаплашса, ўшанга уйланиши шарт.

— Мен ҳали ваъдалашиб ҳам улгурмаган бўлсам, қандай қилиб уйланаман?

— Агар уйланмасанг, у қизнинг қариндошлари сени ўлдириб юборишади.

— Нима?!.

Гапини айтиб шартта орқасига бурилганича югуриб кетган боланинг ортидан қичқирди Обиджон:

— Нега ўлдиришади? Мен, ахир, ёмон иш қилмадим-ку!

Барибир юрагини ваҳима босгани аниқ эди. У армияда пайтида грузинларнинг ўч олишга қанчалар интиқ халқ эканини кўрган. Аммо бу одатни қаердан билсин? Худо кўрсатмасин, ўлдириб юборишса нима бўлади? Ҳали олдинда қанча ишлар турибди. Йўқ, тезроқ бу ерлардан кетмаса бўлмайди! Шошилиши керак!

Обиджон тез-тез юриб ҳовлига кирди-да, ўзига ажратилган хона томон йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Обиджон пешингача кўрпага ўраниб қимирламай ётди. Тиқ этган ҳар бир товуш уни ҳушёр торттирар, хаёлида гўё Тамаранинг қариндошлари кириб келиб жанжал кўтарадигандек туюлаверарди.

Йўқ, ҳеч ким келмади. Ҳовлида Гоганинг кимгадир бақиргани қулоғига чалинган Обиджон айнан шу одамдан паноҳ қидиргандек секин ўрнидан туриб ҳовлига чиқди.

Гоганинг ёнида тўрт нафар барваста йигит қўл қовуштирганича турарди.

Уй эгаси эшик очилиб, Обиджон чиққанини кўрди. Бироқ негадир кимнидир грузинчалаб сўкишда давом этди.

“Қизиқ, — ўйлади Обиджон ҳеч гап бўлмагандек у томон юриб бораркан. — Нима бўлди бу одамга? Сўрашгисиям келмаяпти. Ёки мен бирор нотўғри гап гапирганмидим кеча?..”

— Сен бола, қайси қиз билан гаплашдинг? — дўқ аралаш сўради Гога, Обиджон яқин келиб йигитлар билан сўрашгач.

Бу саволни эшитган Обиджоннинг ранги оқариб миясида оғриқ турди.

— Мен одатларингни қаердан билибман? — деди ниҳоят совуққонлик билан. — Биз тарафларда қизлар билан бемалол гаплашилаверади.

— У сен томонда! — деди Гога жаҳл билан. — Келиб-келиб менинг жияним билан гаплашибсан. Эҳ!.. бўлар иш бўпти! Майли, энди унга уйланасан, тамом!

— Қ-қандай қилиб? — ортга тисланди Обиджон.

— Қўрқма, сен, йигит, менгаям ёқиб тушгандинг ўзи! Ўзим тўйларингнинг бошида тураман!

Обиджон унга жавобан ҳеч нима демади.

Гога йигитларга нималарнидир ўз тилида уқтирганича ташқарига чиқиб кетаркан, ўзининг келгусида мана шу тўпори грузинлар орасида яшашини ҳис этиб ич-ичи музлаб, қизга бир оғиз мақтов сўзлари айтганидан минг пушаймонлар чекарди.

 

 

* * *

 

 

Тун чўкди. Гога ҳали уйга қайтмаган, Обиджонга унинг хизматчи йигитлари мулозамат кўрсатишда давом этишарди.

Шу пайт хонаси эшиги секин очилиб остонада кундузи ўзини грузин одатларидан огоҳ этган болакай пайдо бўлди.

Обиджон юраги ғаш тортиб ўрнидан турди.

— Буни сизга Тамара опам бериб юборди, — дея Обиджоннинг қўлига конверт тутқазди болакай.

— Буни нима қиларканман?

— Ие, — кулимсиради бола. — Хат ёзган сизга. Ўқиб кўрасиз-да!

— Сен бола жа «шустрий»га ўхшаб қолдинг-ку-а? — деди Обиджон боланинг қўлидан мактубни қабул қилиб оларкан.

— Нима бўпти? Келажакда поччамиз бўласиз. Хизмат қилсам қилибман-да!

Болакай пиқиллаб кулганича ўзини ташқарига урди.

 

 

* * *

 

 

«Нотаниш йигит. Ҳозир сизга бу мактубни уй қамоғида ўтириб ёзяпман. Бизда одат шунақа. Башарти, қиз бола бегона йигит билан гаплашса, уни уйидагилар қамаб қўйишади. Қиз то тўй куни белгиланмагунича ташқарига чиқарилмайди. Тоғам айтибдилар. Сиз рози бўлибсиз тўйимизга. Сезгандим. Билгандим. Кўринишингиздан жуда мард йигитга ўхшагандингиз. Менга шу жиҳатларингиз ёқиб тушганди. Ишонинг, Тамара сизга ҳеч қачон хиёнат қилмайди. У сизни бир умр ардоқлаб яшайди. Фақат фикрингиздан қайтиб қўйманг! Чунки, сизни акаларим, тоғаларим бекорга қурбон қилиб юборишларини истамайман. Жавобингизни интизор бўлиб кутиб қолувчи Тамара».

 

 

* * *

 

 

Обиджон хатни ўқиб тош қотиб қолди. Нима қилади энди? Булар ўзларича ҳаммасини ҳал қилиб қўйган бўлишса! Ҳатто, унинг ўзидан бир оғиз сўраб ҳам ўтиришмабди. Нега? Ахир, тақдири ўзининг қўлида бўлиши керак эмасми? Қолаверса, бир-икки кун аввал таниб турган йигитни қандай қилиб куёвликка муносиб кўришди? Қиз-чи? Атиги бир марта кўрди, нари борса беш дақиқа гаплашиб турди. Буларда қалб борми ўзи, йўқми? Ўзи нима учун ўша қизга ялтоқланди, тавба?!.

Йўқ, бундай бўлмайди. Ҳали тоғасининг ўлими сирларини аниқлаши керак. Шу мақсадда уйидан чиққан. Уйланиб қишлоғига кириб борса, одамлар нима дейди? Устидан кулишмайдими? Онаси-чи? Бечора онаси шундоқ ҳам яқинларининг кўйида куйиб адо бўлаёзган. Тўйсиз-нетсиз ҳовлисига кириб борган ажнабий келинга кўзи тушса, қай аҳволга тушади?

— Бу ердан қочиб кетмасам бўлмайди, — деди ўзига-ўзи Обиджон. — Ёрдам бермаса бермасин. Бир амаллаб қочиб олсам бас. Худо бир йўлга бошлар!

Обиджон шошилинч қочиш режасини туза бошлади.

 

 

* * *

 

 

Гога ўз юмушлари билан бўлса керак, қаергадир жўнаб кетган, кетишидан олдин ўз хизматчиларига Обиджондан хабардор бўлиб туришни қаттиқ тайинлаганди.

Мана, ниҳоят қишлоққа яна тун чўкиб, кўчада юргувчиларнинг қадамлари тинди. Гоганинг ҳовлисида ҳам аҳён-аҳёнда кимлардир кириб-чиқиб қўяр, узун-қисқа суҳбатлар бирпас эшитилиб турарди-ю, тағин жимлик ҳукм сура бошларди.

Обиджон гўё ҳожатхонага чиқмоқчи бўлган каби бемалол, кериша-кериша томорқа томонга юрди.

Бундан бўлак иложи ҳам йўқ. Дарвоза орқали кўчага чиқса, кетидан тушишлари аниқ. Чунки, Гога аҳмоқ эмас. Ўз юртида ҳар қалай ҳукмронлардек ҳурмат-иззати бор.

«Агар шу балодан ҳам қутула олсам, уйга қайтиб кетаман, ўйлади Обиджон узумзорлар оралаб кетиб бораркан. Бу ишлар менинг қўлимдан келмайдиганга ўхшайди. Нима қиламан, ўзимга ортиқча бало орттириб?! Ундан кўра, ўз уйимда, ўз қишлоғимда маза қилиб яшаганим яхши эмасми?»

Узумзорлар тугаб, кичик ариқдан ўтилса, у ёғи кенг яшил майдон экан.

Обиджон таваккал майдонни ёқалаб сувоқар тарафга кета бошлади. Адашмабди. Пича юрилса, қўшнининг узумзори, уни айланиб ўтилса, қишлоқ кўчасига чиқса бўларкан.

— Худо асрагани рост бўлсин! — шивирлади Обиджон. — Жиннига ўхшаб қиз болагаям гап сотаманми, бўлмаса?! Не юмуш билан келдим-у, нимага эришдим? Одатларинггаям…

У қоронғи кўчага чиқиб олгач, қадамини тезлатди.

Шу тобда орқадан қандайдир машина катта тезликда кела бошлади. Обиджон нима қилишни билмасди. Қочай деса, шунчаки ўткинчилар бўлиши мумкин. Ё устидан кулишади, ё хавфсираб қувлашга тушишади. Қочмай деса, юраги ҳаприқиб кетяпти.

У секинроқ юриб, худди кўчада сайр қилиб юрган кимса каби олдинга кетаверди.

Машина эса рўпарасига етганда қаттиқ тормоз берди.

Обиджон шошиб машина томон ўгирилди.

Машинанинг олд ва орқа эшиклари очилиб, ичкаридан тўрт нафар барваста-барваста йигит тушди.

Барчасининг юзига қора ниқоб тортилган.

Улар ҳайрон боқиб турган Обиджонга яқин келиб, ўраб олишди.

— Сизларга нима керак? — сўради сал ўзини қўлга олиб Обиджон.

Йигитлар жавоб беришга шошилишмасди. Бир муддат уни бошдан-оёқ кузатиб туришгач, ўртада тургани юзидаги ниқобни олиб ташлади.

Обиджон не кўз билан кўрсинки, қишлоққа жўнаб кетаётган маҳал орқасидан тушган йигит қаршисида кулимсираб турарди.

— Ниҳоят, кўришдик! — деди йигит. — Жуда усталик билан қочаркансан-а?

— Сен ким бўлибсанки, қочсам? — бўш келмади Обиджон. — Мен ўз ишларим билан юрибман! Йўлимни тўсма, шошиб турибман.

— Бизлар ҳам шошиб турибмиз. Атайин сени олиб кетиш учун шу ёқларга олисдан келганмиз. Нима, биз сенга ўйинчоқмидик? Қани, машинага ўтир! Ё ўзимиз ўтқазиб қўяйликми?

— Сенларга нима керак ўзи? — саволини такрорлади Обиджон. — Кимсанлар? Нега менинг ортимдан қувлайсан?

— Кимлигимизни тегишли жойга боргандан сўнг айтамиз. Ҳозир буйруқни бажар! Ё қўрқяпсанми?

— Мен-а? Келиб-келиб сенлардан қўрқаманми?

— Унда ўтир, машинага!

Обиджон индамай машинага чиқиб ўтирди. Икки ёнбошига икки йигит, олдинга ниқоб ечгани жойлашишди.

Машина жойидан қўзғалди.

Обиджон индамай кетиб борар, олдинда ўзини нималар кутаётгани билан қизиқмас, энг асосийси, грузинлар таъқибидан осон қутулгани унга таскин берарди.

 

 

* * *

 

 

Ярим соатлар чамаси йўл юрилгач, ҳайдовчи машинани бирдан тўхтатди. Обиджонни маҳкам қўлтиғидан тутиб ўтирган икки йигит оғир хўрсиниб икки қўлларини баланд кўтарганича керишиб олишди.

— Туш машинадан! — буюрди ҳайдовчи Обиджонга.

Йигитлар унинг тушишига «ёрдамлашиб» юборишди.

Ҳаммаёқ зим-зиё, фақат баланд тоғ чўққиларигина кўзга ташланар, ҳаво жуда салқин эди.

Шу тобда орқадан кимдир Обиджоннинг бўйни аралаш мушт туширди. У кутилмаган оғриқ зарбидан ерга энгашиб бир жойда айлана бошлади.

— Оғридими? — кулди йигитлардан бири. — Оғридими, деб сўраяпман!

— Сениям кимдир туширганида билардинг, — деди Обиджон ҳамон бўш келмай.

— Вей, намунча керилмасанг? — икки йигит уни даст ўрнидан турғазди. Улардан бири иягидан тутиб маҳкам қисиб олди. — Кимсан ўзинг? Нега бировларнинг ишига бурнингни суқиб юрибсан?

— Мен ҳеч кимнинг ишига бурнимни суққаним йўқ.

— Унда Кавказда нима қилиб юрибсан?

— Танишларимникига келгандим.

— Менга қара, сен бизни гўл деб ўйлаётган бўлсанг, хато қиласан. Биз сени қанча вақтдан бери кузатиб юрибмиз. Турмада бўлганингниям, қаерларга кириб, кимлар билан хуфиёна гаплашганларингниям биламиз.

— Нима бўпти? Билсанг билавер!

— Ҳозир сени… Агар қўйиб беришганида, ўз қўлларим билан бўғизлаб қўя қолардим, — тишларини ғижирлатди ҳайдовчи. — Афсуски, ҳаққим йўқ-да! Йигитлар, буни яхшилаб «меҳмон» қилинглар! Ундан кейин айтилган жойга ташлаймиз-у, уй-уйимизга кетамиз. Тўғриси, роса чарчаганман! Бошланглар!

Йигитлар буйруқни адо этишга астойдил киришиб кетишди. Обиджон гоҳ бели, гоҳ бош қисмига ҳар тарафдан келаётган зарбаларни қабул қилиб олар, алам қиладигани, йигитлар жавоб қайтаришга сира йўл беришмасди.

Беш-ўн дақиқа калтаклаш давом эттирилгач, Обиджон орқа миясига келиб тушган сўнгги мушт туфайли ҳушидан кетди. Шундан кейингина улар уришдан тўхтаб, Обиджонни судраклаганча машинага ортишди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ