Ўзбек автомобиль бозоридан хушхабар: Энди пулини тўлабоқ салондан машина ҳайдаб чиқиб кетиш мумкин бўлади

0

Ўзбекистонда автомобилларни сотиш тизими ўзгартирилади, у мижозларга автомобилни сотиб олиш кунида олишга имкон беради, дея маълум қилди «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Умиджон Салимов. Бу ҳақда Кун нашри маълум қилди.

«Савдо сиёсати – энг муҳим устувор вазифа. Бизнинг мақсадимиз нима: мижоз келади, машина учун пул тўлайди ва уни дарҳол олиб кетади. Бу биринчи навбатда таъминлашимиз керак бўлган нарса. Агар одам пулининг 85 фоизини тўласа, машина заводники эмас, балки унинг ўзиникидир. Бизнинг устувор вазифа – мижозни сотиб олиш вақтида автомобиль билан таъминлаш», – деди Салимов журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, савдо тизимини дарҳол қайта ташкил этиб бўлмайди, аммо бу йўналишда ишлар бошланган. Яқинда GM Uzbekistan’да савдо ва маркетинг тизимига масъул раҳбарлар алмашди, деди Салимов.

«Албатта, бу қийин вазифа ва 2-3 ой ичида уни амалга ошириш жуда мушкул. Савдо тизими ўнлаб йиллар давомида бор эди, аммо биз глобал амалиётни албатта татбиқ этамиз», – дея таъкидлаб ўтди у.

Салимов Ўзбекистонда дилер фақат «завод билан мижоз ўртасида узатиш бўғини» эканини таъкидлади. «Дилер фақат шартнома беради ва мижозни автомобиль билан таъминлайди. Барча юридик ва молиявий масъулият заводга юкланади. Агар жаҳон амалиётига назар ташласангиз, савдо тизими жуда бошқача тарзда қурилади. Дилер машинани заводдан сотиб олади, бу унинг мулкига айланади. У машинани қанча тез сотса, пул маблағлари айланмасини шунча тезроқ таъминлайди. Бизда дилеримиз фақат шартнома ва автомобилни беради, шу билан бирга, ўзининг 3%лик улушини олади», – дея айтиб ўтди «Ўзавтосаноат» раҳбари.

«Коррупцияга қарши курашни мантиқий якунга келтирамиз. Бу қандайдир ножоиз хаёлларга эга ишчилар билан бевосита курашдир…», – дея хулоса қилди у.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев йиғилишларда Андижондаги «Асака» заводини бир неча бор танқид қилган эди.

«Импортни камайтиришимиз керак. Тўғри, бунинг ҳам меъёри бор. Автомобиль заводи ҳам ўйин. Агарда шу заводнинг ўрнига бешта автомобиль заводи бўлганда жуда кўп маҳаллийлаштириш бўларди. Ҳамма шароитни қилиб берганмиз, бир тийин ҳам солиқ тўламайди, фойдасидан зиёни кўп. 3,5 миллион аҳолидан 20 минг одам ишласа, нима кераги бор бундай автомобиль заводини?! 3,5 миллион аҳолидан!» – деган президент.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу танқидидан сўнг «Ўзавтосаноат» атрофидаги танқидларга қулоқ сола бошлаган, автомобиль савдосидаги коррупция ҳолатларини тугатиш масаласида мажлис ҳам ўтказилган эди.