Бир тутам кулгим бор, кулмайсизми?..

0

 

 

НАУШНИКЛИ ХОНИМ…

(ёки Жўрақўзининг идеалидаги аёл…)

(ҳажвия)

 

 

Унинг исми аслида Жўра эди. Қишлоқма-қишлоқ аёллар кийимини, газмол сотиб, гоҳи-гоҳида ҳомиладор мижозларидан ҳазил аралаш «Қўзиламадингизми?» деб сўрайвергани учун ҳамқишлоқлари Жўрақўзи деб чақирадиган бўлишган. Тенгқурларига алам қилгани, хотини «эринг латтафуруш» деган таъналардан чарчаб кетиб қолгандан бери ҳали уйланмади. Идеалидаги аёлни топа олмаётганмиш. Аслида табиатан муҳаббатга ташна йигит. Чиройли аёлни кўрди дегунча оғзининг таноби қочади. Аммо бирпас қочиб туради-ю, дарров юмилади. Жўрақўзининг қовоғидан қор ёға бошлайди. Чунки ўша чиройли аёлнинг ё товуши хунук, ё кулиши беўхшов чиқади.

Хуллас, ёз кунларининг бирида Жўрақўзи шаҳарга отланди. Қайсидир бозорда алламбало матони улгуржисига арзон нархда сотишларини эшитиб қолувди. Қолаверса, шаҳар аёллари ҳурилиқо деб эшитгани бор эди. Шинавандалиги тутиб шартта жўнаворди.

«Худойим, — деди йўлга чиқишдан олдин кўкка боқиб. — Болалигимдаёқ шаҳарлик ойимчалардан бирига уйланишни кўнглимга туккандим. Балки шу эсингга тушиб, олдинги хотинимнинг ичига шайтонни оралатгандирсан!? Шунинг учун уйига жўнаб қолгандир!? Энди йўл бер! Менам идеалимдаги аёлни топай!..»

Во ажаб! Катта шаҳарнинг кўрки бўлакча бўларкан. Қум кўчаларда ғилдираклари занглаб, занжири ҳар йигирма метрда тушиб кетаверадиган велосипедини ғилдиратганча газмол сотиб ўрганган Жўрақўзи шаҳарга келди-ю, худди ўзга бир оламга кириб қолгандек бирпас гарангсиди. Айниқса, минг тортган билан этаги тиззани ёпа қолмайдиган кўйлакларни ҳилпиратганча кўча кезаётган шаҳар аёлларини кўргандан, Жўрақўзининг тинчи бузилди. Сал қурса шаҳарга нима учун келганини унутаёзди.

«Йўқ, — деди ўзига ўзи. — Олдин газмол масаласини ҳал қилволай. Ана ундан кейин жононларни томоша қиламан. Вой-вой-ей-й, ўлиб-нетиб қолмасам-да мана шу ҳурилиқоларга қарайвериб! До-од!!!»

Жўрақўзини ҳайратга солган яна бир манзара шу бўлдики, бу ернинг аёллари қулоқларига наушниклар тақиб юришаркан.

«Замонавий-да булар, — кўнглидан ўтказди Жўрақўзи. — Қандай юришни, нима қилишни, қўл телефондан қандай фойдаланишни яхши билишади. Қанийди, бизнинг қишлоқдаги аёллар ҳам худонинг берган куни дунёни бузгудай қилиб магнитофонини варанглатавермай, ўша ашула ўлгурни қулоғига наушник тути-иб эшитса! Уларгаям ярашар, ўлибдими? Бе, бу нарсани тушунармиди улар… Э, йўқ… Ҳа, кошкийди бўлғуси хотиним ҳам анави жононларга ўхшаб қулоғига наушник тақиб юрса!..»

Жўрақўзи шундай ширин хаёллар оғушида автобусга чиқди. Не кўз билан кўрсинки, рўпарадаги ўриндиқда жудаям келишган, оппоққина бир нозанин ўтирар, юзларидан гўё нур ёғиларди.

«Оҳ, — деди Жўрақўзи аёлдан кўз узолмай. — Наушнигининг қулоқларига узукка кўз қўйгандай ярашганини қара! Ўзиям жа кетворган экан! Сочлари-чи?!. Ие, менга гапиряптими? Йўғ-э, менга-я? Оббо, юракни безовта қип қўйди-ку!..»

Ҳақиқатан, қора кўзойнак таққан, наушникли бу хоним овоз чиқариб сўзларди.

— Яхшимисиз? — шивирлаганнамо сўради аёл ҳийла кулимсираб. — Яхши етиб келдийзми?

Жўрақўзи шошиб қолди. Ахир, умрида бундай келишган, офатижон аёл билан ҳамсуҳбат бўлмаганди-да! Нима қилсин? Бундай вазиятларда қандай йўл тутадилар? Жавоб бериш керакми?

— Нега индамайсиз? — қайта сўради наушникли хоним. — Яхши етиб келдийзми?

— Я-яхши, — деди Жўрақўзи базўр шивирлаб. — Ўзийзам яхшимисиз?

— Мен бало бўлармидим? Кетяпман автобусда бўшаше-еб!

— Йўғ-э, ундай деманг, хоним, — шивирлади Жўрақўзи. — Сизга бўшашиш умуман мумкинмас. Очиғи… Менга жуда ёқдингиз?

— Мен-а?.. Бўлиши мумкинмас! Мен унақаларданмасман!

— Ие, нега унақа дейсиз? Сиз ҳурилиқосиз, ҳурилиқо! Агар ишонмасангиз, ўзингизга менинг кўзларим билан қаранг!

— Жа опқочаверманг! Ўша нарсейззи қанчага олдийз?

— Нимани? — талмовсираб, қадди-бастини шоша-пиша кўздан кечирди Жўрақўзи. — Ҳа-а, кастимимними? Э, шунинг нимаси яхши? Арзимайди.

— Майли, айтмасейиз, айтманг! Менга қаранг, жоним, менга бир гўрсўхта шилқимлик қиляпти! Адабини бериб қўйишийз керак шекилли.

— Нима?.. — Жўрақўзи ранги ўзгариб олд-орқасига кўз ташлади. — Ким ўзи у? Қани? Абжағини чиқариб қўяман!

— Доим шунақасиз, — наушникли хоним буралиб сўзланди. — Кўнгилчанлигийиз қурсин! Лекин-чи… Барибир сиз менга ёқасиз. Сиз… Бошқачасиз. Ҳеч кимга ўхшамайсиз!

«Вой-вой-ей-й! — хаёлан ҳайқирди Жўрақўзи юраги така-пука бўлиб. — Энди нима қилама-а-ан?.. Ўзимни шу автобусдан ташлайми-и-и?..»

— Ўлай агар, — энди сал овоз чиқариб сўзлана бошлади Жўрақўзи қизариб. — Сиз ҳақиқий идеалимдаги аёлакансиз. Айтинг, ростданам мени севасизми? Ёқаманми сизга?

— Ҳадеб ижикилайверменг, — деди аёл жилмайиб. — Бир марта айтдим-ку-у!

— Хўп, хўп, энди сўрамайман, жонидан! Айтганча, отингиз нима?

— Нима аҳамияти бо-ор? — деди наушникли хоним эркаланиб. — Барибирмасми-и?

— Т-тўғри-ку-я, — деди Жўрақўзи атрофга олазарак боқиб оларкан. — Р-ростданам аҳамияти йўқ. Б-биласизми, сизминан танишганимдан бери қандайдир ғалати-и бўп кетяпман! Юрагим алғов-далғов бўляпти! Шумикан-а муҳаббат дегани?

— Худди шунақа, — деди аёл кулимсирашда давом этиб. — Лекин-чи, сизга ишонмайма-ан барибир!..

Наушникли хоним сўнгги гапини шу қадар нозланиш ва буралиш билан айтдики, азбаройи эриб кетганидан Жўрақўзининг юраги тўхтаб қолаёзди.

— Нозланишингизда-ан! — дея аёл томон бир талпиниб олди у. — Мунчаям ширин бўлмаса? Миям ғувиллаб, худди туш кўраётгандай бўляпман, жоним, ишонинг! Мен сизни… Бошқача яхши кўриб қолдим, ҳа!

Наушникли хоним ортиқ ҳеч нарса демай, ғалати бир ишва билан аста ўрнидан турди ва автобусдан тушиш ниятида эшик томон юрди.

Жўрақўзи эса нима қилишни билмай жавдираганча ўтириб қолди.

— Мен тушяпман, — деди қиз энди овоз чиқариб. — Лекин сиз билан хайрлашишни сираям хоҳламасдим.

— Ие, менам хоҳламайман, — бу гапни эшитиб, Жўрақўзи сапчиб ўрнидан турди-да, аёлга жудаям яқин борди. — Сизни ўзи зўрға топдим-ку! Энди қўйвориш йўқ, жоним! Гап битта!

Автобус бекатга келиб тўхтагач, аёл елка учирган кўйи пастга тушди. Шубҳасиз, Жўрақўзи ҳам унга эргашди. Улар олдинма-кетин чапга кета бошлашди. Аёл юз метрча юришгач, ўнгга бурилди.

Жўрақўзи унинг ортидан кетиб борарди-ю, лом-мим демасди. Ҳамма гапни мана шу идеалидаги аёлникига киргач, айтишни мўлжалларди.

«Эҳ, омадинг келди, Жўра, — дерди хаёлан қур-қур тиззасига билинар-билинмас шапатилаб. — Шундай кетворган аёлнинг ишқи тушди сенга. Қишлоқдагилар ҳозир бир кўрсайди, аламидан ёрилиб ўларди, ёрилиб! Ҳа, ҳозир уйига олиб киради-да, елкангга бош қўйганча эркаланади. Бор дардини тўкиб солади. Қора, катта-катта кўзлари ғамлига ўхшайди. Гап оҳангиданам сезовдим ўзи. Жўра, сен энди отни қамчилашинг керак. Бўш келмайсан. Эртагаёқ қишлоққа олиб кетаверсангам асаканг кетмайди! Ҳай-йт!!!»

Улар олдинма-кетин кўп қаватли уйлардан бирига яқинлашишди. Шу пайт… Кутилмаган манзара намоён бўлди. Жўрақўзи не кўз билан кўрсинки, подъезд рўпарасида уч чоғли барзанги турарди. Аёл уларни кўрди дегунча шартта қулоғидан наушнигини ечиб сумкасига солди ва барзангиларнинг бирига юзланиб арз-дод қила кетди:

— Муслим ака, анави гўрсўхтани қарэнг, йўл бўйи шилқимлик қилавериб бош-шимни қотириб ташлади. Севги изҳор қиладими-ей, гап отадими-ей…

Шу гаплардан сўнг Жўрақул нималар бўлганини эслай олмайди. Касалхонада ўзига келди. Барзангилар дабдаласини чиқариб ташлашибди. Шу кўйи бир ойча касалхонада даволанди. Уйга келгач эса, шоша-пиша қўшниси Сурманиса опанинг Эргашой деган қизига совчи қўйди. Эргашой ҳам эри билан ажрашган, аммо Жўрақул товуши дағаллиги сабабли хушлагиси келмасди. Бу сафар товушигаям қараб ўтирмади. Касалхонадалигида қасам ичганди. Эргашойни ўзининг идеалидаги аёл деб қабул қилди.

Ачинарлиси, касалхонадан келгач, уч-тўрт марта тушида наушник кўрибди. Ҳар гал эринмай туман марказига борди-да, автобус бекатида ўтирадиган Норқул тиланчига садақа берди. Садақани бериб ҳам тинчимади. Сал нарига боргач, иримини қилиб: «Илойим эмига бўлсин, балони қайтарсин» дея қайта-қайта дуо ўқишни канда қилмади.

Баъзан бозоргами ё туман марказигами ўтганда, қулоғига наушник таққан қиз-жувонларни кўриб қолса борми, бошини тескари томонга қийшайтирганча жуфтакни ростлайдиган, йўл-йўлакай: «Илоё наушник таққаннинг қулоғига қурт тушсин», деб қарғанадиган бўлди.

Олимжон ҲАЙИТ