“Жониворлар ҳаётидан” туркумидан: ОҚ АЙИҚНИНГ ҚОРА ҚИСМАТИ…

0

 

Хайрлашув

 

 

Арктиканинг ўта совуқ ҳавосида икки оқ айиқ сукут сақлашарди. Улар бир ҳафталик асал ойидан сўнг жуда чарчашган. Агар тез орада бирор егулик топа олишмаса, заҳирадаги қувватни сарфлашга мажбур бўлишади. Бу эса ҳар доим ҳам яхшиликка олиб келавермайди. Айиқ охир-оқибат ўлимга юз тутиши мумкин.

— Мен бир фикрга келдим, — дея суюклисига юзланди эркак айиқ. — Бу ҳудудда иккимиз тирикчилик қила олмаймиз.

— Нега энди? — унга ҳайрат аралаш боқди урғочи айиқ. — Бу нима деганинг?

— Сен ҳомиладорсан. Ҳадемай болаларимиз дунёга келишади. Агар иккимиз бу ерларда ов қиладиган бўлсак, болаларга оғир бўлиши мумкин. Аҳён-аҳёнда учрайдиган битта денгиз мушуги нима бўларди? Яхшиси, бу ҳудудни сенга қолдириб, ўзим бошқа ерларга кетай. Токи болаларимиз эсон-омон дунёга келишсин, ундан сўнг шу манзилда вояга етишсин.

— Сен ҳақиқий меҳрибон отасан, — деди фахр билан урғочи айиқ. — Худо хоҳласа, болаларингга сенинг шу қаҳрамонлигинг ҳақида сўзлаб бераман. Улар сени албатта қидириб топишади.

— Йўқ, — дея юзини терс бурди эркак айиқ. — Мени қидириб вақт ўтказишларини истамайман. Сен уларга бу ўлкаларда жон сақлаш, ов қилиш сирларини яхшилаб ўргат.

— Айтганингдек бўлади, азизим!

Шу гаплардан сўнг эркак айиқ суюклисини бир-икки суйкалиб эркалаган бўлди-да, бошқа ёқлардан макон излаш илинжида югуриб кетди.

 

Ҳийла ва ўлим ораси
 

 

Мана, бир ҳафтадан бери эркак айиқ ўлжа қидириш билан овора. Энг ачинарлиси, бу ҳудудларни яхши билмайди. Бепоён денгизнинг қай бурчагида ўлжа беркиниб ўтирганини ҳануз ўргана олмаяпти. Шундай бўлса-да, таваккалига бир жойни танлади-да, боши билан музни ёра бошлади. Бу оқ айиқларнинг ов қилиш усулларидан бири. Музни ёриб тешик ҳосил қилади-да, мана шу ерда керак бўлса икки-уч соатлаб қимирламай туриб қолади. Қимирлашга ҳақи йўқ. Муз остида сузиб юрган денгиз мушуклари ҳам анойи эмас. Оқ айиқнинг пойлаётганини тез пайқай олишади. Бироқ кўпинча улар шундай тешиклардан бош чиқаришга мажбур бўлишади. Чунки организмидаги заҳира кислород тугагач, сув юзига чиқиб тоза ҳаводан нафас олмаса, яна кислород йиғмаса, ҳалок бўлишади. Ана шундай лаҳзаларда айиқнинг худди жонсиз ҳайкал каби тек туриши иш беради. Мушук бошини чиқардими, тамом, икки-уч сония ичида уни тутиб олади. Бу ўлжа унга бир-икки ҳафтагача бемалол яшаш имконини беради.

Афсуски, эркак оқ айиқнинг бу сафар омади юришмади. Узоқ вақт пайт пойлашлар бесамар кетди. Муз остидаги денгиз мушуги юқорида кушандаси турганидан хабар топдими, бошқа тешик қидириш илинжида бу ерни тарк этганди…

Уч ҳафталик сарсонгарчиликлардан сўнг озиб-тўзиб кетган эркак оқ айиқ ҳолдан тойиб муз устига чўкди.

“Йўқ, мен ўлимдан қўрқмайман, — ўйлади ўзича. — Болаларим менинг ишимни давом эттиришади. Уларнинг ҳаёти учун жонимни қурбон қилсам нима бўпти?..”

У шундай хаёллар билан ҳансирай-ҳансирай, охири жон таслим қилди.

 

«Болаларимни егулик қилмагин, худо!»
 

 

Орадан ойлар ўтди. Урғочи айиқ икки гўдагини етаклаганча ўлжа қидирарди. Агар бир чақиримча нари бора олишса, ўлжа топишлари муқаррар. Ҳийлагар денгиз мушуклари устини қор қоплаган музларнинг бир неча жойини тешиб айиқларни чалғитишга уринишади. Бироқ улар ҳам мушуклардан кўра сезгирроқ. Гарчи мушукни топиш учун бир неча соат кетаса-да, мақсадларига етмай қўйишмайди.

— Келинглар, сизларни жилғадан сакрашга ўргатаман! — дея болаларини ёнига чорлади она айиқ. — Мана, жилға унчалик кенг эмас. Мана бундай сакрайсизлар!

Айиқ бир неча маротаба нариги қирғоққа сакраб болаларини ҳам бу ҳаракатларни такрорлашга ундади. Лекин айиқчалар негадир юраклари дов бермай, ортга чекинаверишди.

— Майли, — деди она айиқ. — Қўрқаётган бўлсангиз, бошқачароқ йўлини ўргатаман. Аввал пастга сакранг! Ана шундай. Кўрдингизми, энди буёғи жуда яқин қолди. Қани, юқорига сакранг!..

Бу сафар болалари машғулотнинг уддасидан чиқа олишди. Нариги қирғоққа чиқиб олишгач, қувончини яшира олмай сакрай бошлашди.

— Ишқилиб ўлжа топилсин! — олис-олисларга алам билан боқди она айиқ. — Акс ҳолда манави гўдакларимни ейишга мажбур бўламан. Худойим, шундай кунларни бошимга солма! Болаларимнинг ҳаётини асраб қол! Ундан кўра менга бир дона бўлса-да денгиз мушугини ато эт!..

— Энди сизлар шу ердан қимирламай туринглар! — болаларига уқтирди она айиқ. — Мен ҳов анави ёқда ғорчаларни кўргандай бўляпман. Агар омадимиз чопса, каттакон денгиз мушугини қўлга киритамиз.

— Ура, овқат еймиз! — бараварига ирғишлай бошлашди айиқчалар. — Биз овқат еймиз!

— Тентаквойлар! Бақириш ярамайди! — она айиқ икки гўдакни тинчлантириб ўзи йўлга отланди. — Овоз чиқарманглар! Ўлжани чўчитиб юборасизлар!

Ҳақиқатан, денгиз мушуги қалин қорнинг бир нечта жойини тешиб ғорчалар ҳосил қилганди. У ғорчаларнинг сувга яқин жойидагина ўтириши мумкин. Сезишда оддий мушукникига нисбатан юз баробар кучлироқ мўйловчалари оқ айиқнинг яқинлашиб келаётганидан унга ўз вақтида хабар беради. Хавф сезилдими, шу заҳоти денгиз мушуги сув остига шўнғийди…

“Ярамас, мана шу тешикдан кириб кетганга ўхшайди. — хаёлидан ўтказди она айиқ. — Бу сафар қочиб бўпсан!..”

У жонҳолатда тешикни кенгайтириб ичкарига бош суқди. Бу иш учун атиги бир неча ўн сония кетди холос.

— Ҳа-а, шу ердамидинг, аблаҳ? Қани, чиқ буёққа!

Бахтга қарши денгиз мушуги адашганди. Она айиқ мўлжални аниқ ола билди ва уни маҳкам бўйнидан тишлаб юқорига олиб чиқди.

— Хайрият, — деди талашиб-тортишиб овқат ея бошлаган болаларига қараб. — Сизлар тирик қоладиган бўлдингиз! Отангизга содиқ қолдим! Мен бурчимни бажардим! Умрларинг бундан-да узун бўлсин, эркатойларим!

Олимжон ҲАЙИТ