ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (30-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

* * *

 

 

— Ў-ҳў, роса боплашибди-ку!

Обиджон кимнингдир дўриллаган овозини эшитиб кўзларини очди. У қандайдир торгина хонага ўрнатилган темир каравотда чўзилиб ётар, тепасида сочлари оппоқ, олтмиш ёшларга борган бир эркак жилмайиб турарди.

— Хайрият, ўзингга келдинг, йигит! — деди эркак Обиджон кўзларини очгач. — Ҳеч қаеринг оғримаяптими?

— Қаердаман ўзи? — сўради Обиджон хонани кўздан кечириб. — Сиз кимсиз?

— Менми? — кулди эркак. — Валерий Ивановичман! Сени бу ерга мен олиб келдим.

— Нега?

— Чунки, сен бизга кераксан. Хўш, ҳозирги аҳволингда саволларимга жавоб қайтара оласанми?

— Қайтаряпман-ку! — деди Обиджон шивирлаб. — Ўлиб қолмасам, қайтаравераман.

— Баракалла. Хўш, нега Ўзбекистондай жойлардан бу ёққа келиб қаёқдаги бўлар-бўлмас ишларга илакишиб юрибсан?

— Сиз аввал кимлигингизни айтинг. Ундан кейин жавоб бераман.

— Шунақами?

Валерий Иванович бирпас ўйланиб тургач, қўл силтади.

— Майли, айтсам айтай. Мен жосуслар ташкилоти раҳбари генерал Михайловман. Бўлдими? Жосуслар — турли хавфли жиноятларни очишда давлатга ёрдам берадиган одамлар. Улар кўмагида ўта хавфли, ҳайвондан баттар тусга кириб қолган жиноятчиларни тутишади.

— Тушунарли, — деди Обиджон.

— Хўш, энди бояги саволимга жавоб бер.

— Мен тоғамнинг қотилларини қидириб келганман, — жавоб беришга киришди Обиджон.

— Тоғанг ким? — сўради генерал.

— Мадали… Мадали Марайим ўғли.

— Ҳм-м…

Генерал бош қашиб хонанинг уёғидан-буёғига юриб ўзича нималарнидир мулоҳаза қилган бўлди-да, Обиджоннинг тепасига қайтди.

— Мен танийман тоғангни.

— Нима?

— Тоғанг бизнинг жосуслар мактабимизда таҳсил олган ва кўплаб жиноятларни фош этишда иштирок этган.

— Нималар деяпсиз? Тоғам… жосусмиди?

— Албатта. Сен у билан фахрланишинг керак.

— Унда нега ўлди, деб эълон қилишди? Нега темир тобут ичига темир солиб бизни алдашди? Кимнинг иши бу? Нега тирик одамни ўлдига чиқаришади?

— Сен ҳали кўп нарсаларни билмайсан. Қўй, ортиқча саволлар бериб бошимни қотирма. Ундан кўра, менга яхшилаб қулоқ сол. Сени кўп вақтдан бери бизнинг йигитлар кузатиб юришди. Қанчалар пишиқ-пухта, чайир ва оғзи маҳкамлигингни намойиш этдинг. Қисқаси, сен бизга ёқиб қолдинг. Айт-чи, ташкилотимизда ишлашни хоҳлармидинг?

— Сизларга-я? Қандай қилиб?

— Бу жуда оддий. Сени рўйхатга оламиз. Ўша кундан бошлаб бизнинг вакил ҳисобланасан. Ўзинг танимаган, умрингда кўрмаган одамлар орқали топшириқ олиб турасан ва бажарган ишинг ҳақида махсус код орқали бизга хабар бериб борасан. Эвазига катта миқдорда маош ҳам оласан.

— Билмадим, — деди Обиджон бошини чангаллаб. — Ўйлаб кўришим керак.

— Йигит, сен агар тоғанг билан ростдан ҳам фахрлансанг, у охирига етказа олмаган ишларни давом эттиришинг керак.

— Нима, сиз тоғамнинг ўлганидан хабардормисиз? Айтинг, уни ким ўлдирган?

— Ўзингни бос! — Обиджоннинг елкасига қўлини қўйди генерал. — Уни ҳеч ким ўлдиргани йўқ. Нимаям қилардик, касали тузалмайдиган хилидан экан. Шу касал олиб кетди, бечорани.

— Нега давлатга хизмат қилса-ю, уни даволашмади?

— Агар ўзи вақтида бориб кўрсатса, албатта, даволашарди. Касаллик кучайиб кетгунича хотиржам юраверган. Одам соғлиғига нисбатан ҳушёрроқ ҳам бўлиши керак-да, ахир! Хўш, давом эттирасанми тоғангнинг ишларини?

— Ўйлаб кўришим керак, — жавобни такрорлади Обиджон.

— Бир ой муддат етадими?

— Ҳа, етади.

— Яхши, мана сенга пул, ўзингга шу яқин орадан ижарага квартира топ. Биз билан шартнома тузганингдан сўнг ўзимиз сени тегишли жойга жойлаштирамиз. Пул бир ой мустақил яшаб туришингга етади.

Обиджон истамайгина пулларни олди-да, чўнтагига солди.

 

 

* * *

 

 

Бир ой вақт ҳам ҳаш-паш дегунча ўтиб кетди. Бу орада Обиджон кўп бора онасига хат ёзиб почта қутиларига ташлади. Аммо жавобдан дарак бўлмасди.

Алоқа бўлимларига бориб суриштирди ҳам. Улар эса бундай хат қўлларига тушмаганини айтиб ҳар гал елка қисишарди.

Обиджон бир-икки маротаба юртига қайтиб кетмоққа шайланди. Афсуски, на самолётга, на поездга чипта ола билди. Унга кимлардир яширинча халал беришармиди, эндигина касса рўпарасига келганида тешикчаларни ёпиб қизлар қаергадир ғойиб бўлишарди.

Уйини соғинган, онаси ҳар кеча тушига кириб юрагини ўртаб юборган йигит дод солиб кассадагиларга бақиргиси, аламдан чиққунича уларни бўралаб сўккиси келарди. Бунга ҳам йўл йўқ эди. Чунки, беш дақиқа туриб қолди дегунча, вокзал ёхуд аэропорт ходимлари кийимидагилар яқин келиб уни ташқарига чиқишга мажбур этишарди.

Охири бўлмади. Ўйлай-ўйлай, Обиджон вакил бўлиб ишга жойлашишга ва шу йўл билан тоғаси Мадалининг ишларини давом эттиришга аҳд қилди. Сўнгги кунни ҳам одатига кўра ёлғиз, хаёл суриш билан ўтказгач, генерал қоғозга ёзиб берган манзил томон йўл олди.

Бу жой кўринишидан жосуслик ташкилотига сира ўхшамасди. Бир қаватли кўримсиз бино. Эшикларининг бўёқлари кўчиб, абгор ҳолатга келиб қолган.

Обиджон ҳеч ким йўқлигидан ҳайрон бўлиб ичкарига қадам қўйди. Йўлакдаги пол ҳам илма-тешик экан. Ҳушёрлик билан бутун жойларини босганича йўлак охиригача борди. Барча хоналарга қулф осилган. Биргина хонанинг эшиги очиқ эди.

Секин хонага мўралади. Дераза остига каравот қўйилган, каравотда ўрта яшар бир эркак ётган ерида бурқситиб сигарет чекарди. Обиджоннинг мўралагинини сездими, даст ўрнидан туриб сигаретини дераза орқали ташқарига ирғитди.

— Сенми, Обиджон? — сўради у қовоғини уйиб.

— Ҳ-ҳа, мен, — деди Обиджон елка қисиб. — Лекин…

— Лекин-пекини йўқ. Сен билан мен гаплашаман. Ичкарига кириб каравотга ўтир!

Обиджон итоаткорлик билан хонага кирди ва кўрсатилган жойга чўкди.

— Хўш, ўйлаб кўрдингми? — сўради эркак ҳамон совуқ оҳангда.

— Ҳа, ўйлаб кўрдим.

— Қандай қарорга келдинг?

— Розиман.

— Жуда яхши. У ҳолда биз сен билан шартнома тузамиз. Мана бу қоғоз билан яхшилаб танишиб чиққин-у, имзо чек!

Обиджон эркак тутқазган қоғозга кўз югуртирди. У ерда агент бажариши ва бўйнига олиши лозим бўлган барча шартлар кўрсатиб ўтилганди.

Секин дераза токчасидаги ручкани қўлига олди-да, имзо чекиб эркакка узатди.

— Жуда соз, — ниҳоят кулимсиради эркак. — Энди яхшилаб эшит. Сен бугундан эътиборан Обид эмассан. Мана, паспортинг. Сен энди Сарсенбой Қозоқбоевсан. Агар аслида ким эканинингни сездириб қўйсанг, биз сени қутқариб олиш мажбуриятини олмаймиз. Қандай оғир кунга тушсанг, ўзинг вазиятдан чиқиб кетишинг керак. Бизнинг ташкилот, ташкилот раҳбарлари ҳақида ҳеч кимга оғиз очмайсан. Акс ҳолда давлатга хиёнат қилганликда айбланиб қамаласан. Ёки сирли равишда ўлиб кетасан. Ўлигингни ҳеч ким топа олмайди.

— Менга қандайдир енгилликлар ҳам борми? — сўради Обиджон.

— Биз сенга иш берамиз ва ишинг эвазига маош тўлаймиз. Бу маошни ҳозирги кунда оддий одам, ҳатто тушидаям кўрмайди. Тушунарлими?

— Тушунарли.

— Эртага сенга биринчи топшириқ берилади. Сен марказий банкка боғбон бўлиб ишга жойлашасан. Буниям ўз кучинг билан эплайсан. Қўлингга махсус ёзув ускунаси берилади. Вазифанг — банк корчалонларининг жиноятларини очиш ва бизнинг код рақамимизга махсус алоқа қутичаси орқали етказишдан иборат бўлади.

— Яхши, — деди Обиджон.

— Билиб қўй, ҳар қадаминг бизнинг йигитлар назоратида бўлади. Милиционерлар тўхтатган маҳаллар ҳеч қачон ортиқча гапларни гапирма. Қўлингдаги паспортдан бўлагини ошкор этма.

— Айтганингиздай қиламан, — Обиджон беихтиёр эркакка тикилиб қаради. — Кечирасиз. Сиз Мадали Марайим ўғлини танийсизми?

— Йўқ, танимайман, — жавоб берди эркак совуққонлик билан. — Танишниям истамайман.

— Майли, мен кетдим.

— Омадингни берсин! Мен берган конверт ичида қайси манзилдаги квартирага жойлашишинг кўрсатилган. Пулларнинг орасида турибди. Ўша ерда яшайсан, бугундан бошлаб.

Обиджон қўлидаги янги паспортга, шу билан бирга эркак тутқазган конвертдаги пулларга бир-бир қизиқсиниб қараб олди-да, чўнтагига жойлаб ташқарига йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Эртаси куниёқ Обиджон марказий банк дарвозаси ёнига етиб борди. Ҳамма у ёқдан, бу ёққа кириб чиқар, Обиджон ишни нимадан бошлашни, кимга мурожаат қилишни билмасди.

Охири таваккал милиционерлардан бирига яқин борди.

— Сизга ким керак? — мулойимлик билан сўради милиционер ундан.

— Мен… Ишга кирмоқчийдим, — деди Обиджон.

— Қанақа ишга?

— Боғбонликка одам керак экан, деб эшитгандим.

— Ҳа-а, боғбонликками? Ҳозир…

Милиционер телефон орқали кимларгадир қўнғироқ қилиб гаплашгач, Обиджонни ичкарига етаклади.

— Ҳов анови яшил бино ичига кирсангиз, биринчи қаватда кадрлар бўлими бор, — деди у ичкаридаги икки қаватли бинога ишора қилиб. — Бемалол кириб қизларга мақсадингизни айтаверасиз.

— Раҳмат сизга! — Обиджон мамнун бўлиб ичкарига кирди-да, яшил бино томон йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Эрта тонг эди. Обиджон биринчи иш куни бўлганлиги сабабми, эрта туриб нонушта қилди ва кийина бошлади. Шу пайт кутилмаганда эшик қўнғироғи чалинди.

У ҳайрати ошиб секин бориб эшикни очди. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида ўзига пуллар ва конверт бериб, шартнома тузган эркак тиржайиб турарди.

— Сизмидингиз? — кулди Обиджон. — Қани, ичкарига марҳамат!

— Сарсенбой, қалайсан энди? — елкасига қоқди эркак. — Ишга жойлашибсан, табриклайман!

— Раҳмат.

— Энди гап бундай, — эркак йўлакда турган кўйи чўнтагидан қандайдир қора, тўртбурчак қутича чиқариб Обиджонга узатди. — Мановини олиб қўй. Ичида ускуна ва микрофон бор. Сен эртагаёқ микрофонни бошлиқнинг кабинетига ўрнатиб қўйишинг ва эшитиш мосламасини қулоғингга тутиб, барча суҳбатларидан воқиф бўлишинг талаб этилади. Хавотир олма. Агар микрофонни усталик билан столи остига ёпиштириб қўя олсанг, уёғи силлиқ кечади. Ускунанинг ўзи суҳбатларни хотирасига ёзиб олаверади. Сен қизил тугмачасини босиб қўйиб эшитишни бошласанг бас. Тушундингми?

— Тушундим.

— Мана бу пулларни ҳам олиб қўй. Аванс. Ўзингни овқатдан қисма. Дам олиш кунлари бемалол дискотекаларга бориб қизлар билан кўнгил ёзавер. Айтганча, ҳар сменадан сўнг ёзилган суҳбатларни манови ерда кўрсатилган алоқа қутисига ташлайсан. Сенга бошқа ускуна ўша ерда қолдириб кетилган бўлади.

— Микрофон-чи? — сўради Обиджон.

— Микрофон бир марталик эмас. Токи ўзимиз айтмагунимизча столга ёпишиб тураверсин.

— Тушунарли.

— Бўпти, Сарсенбой, мен кетдим! Яхши кунларда учрашгунча!

— Кечирасиз. — деди Обиджон бироз иккиланиб, — бундоқ танишмадик ҳам.

— Кўп билсанг, тез қарийсан, — эркак ташқарига чиқди. — Кузатма мени. Хайр!

 

 

* * *

 

 

Обиджон энди-энди жосуслик нима эканини тушуниб ета бошлаганди. Ҳа, унга ишониб шунча пул беришяпти. Бу пулларни қишлоқда ўнта сигир сотиб олиш мумкин. Ўнта сигир эса деярли ҳеч бир қишлоқдошида йўқ. Демак, шу пулларни иш учун ҳам ишлатиши лозим.

— Мен ҳам тоғамдай зўр жосус бўламан, — ўзича фикрлаб қўйди Обиджон банк ҳовлисига кириб олгач. — Мана кўради, шу кеча микрофонни қандай бўлмасин ўрнатиб чиқаман, ўша бошлиқнинг хонасига. Тўхта, қандай қилиб? Ахир, боғбон ичкари хоналарга кириб дайдиши мумкин эмас экан-ку! Кўриб қолишса-чи? Фаррошларни ишга солиш керак. Пул олмайдигани бор эканми? Маоши етмиш сўм бўлса! Уларга юз сўм берсам, мени ичкарига киритишлари тайин.

Кун ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб банк ҳовлисида сукунат ҳукм сура бошлади. Обиджон шошилмасдан бино ичига кириб борди.

Бошлиқнинг хонасини ёши ўтиброқ қолган, ўзи қувноқ, ҳазилкаш татар аёли Соня хола тозаларкан.

У билан Обиджон кундузи ҳам ҳазил-ҳузул қилиб кўрганди.

— Хола, бир нарсани илтимос қилсам, йўқ демайсизми? — сўради у аёлдан эҳтиёткорлик билан.

— Нимани сўрайсан, болам?

— Ичкарига кириб чиқсам майлими?

— Ичкарига? Нима қиласан у ерда?

— Боя биттаси қоғоз ташлаб кетганди. Шуни бошлиқнинг столига шундоқ қўйиб чиқаман.

— Бер, ўзим қўйиб чиқа қоламан.

— Йўқ, буни фақат мен кўришим керак экан. Ўша одам, бошлиқнинг яқин кишисиман, сиздан бўлак одам билмасин, деб тайинлаганди.

— Мен билиб бўлдим-ку! — кулди Соня хола.

— Оғзингизни маҳкам қилишингиз учун манови юз сўмни олиб қўйинг! — Обиджон битта юзталикни фаррошнинг қўлига тутқазди. — Шу гап орамизда қолса, эртага яна юз сўм бераман.

— Вой, менга қара, — аёл юзталикни ҳеч қачон кўрмаган эканми, шошиб қолди. — Ўғри-пўғримасмисан, мабодо? Бунча пулни қаердан олдинг?

— Э, ўша одам бериб кетди, — деди Обиджон. — Сизгаям пичаси насиб қилган экан. Хўш, энди кириб чиқаверайми?

— Эртага аниқ юз сўм берасанми?

— Албатта. Мен алдашни ёмон кўраман.

— Бўпти, келишдик. Бор, бемалол кириб чиқавер! Менга деса, ухламамайсанми ўша хонада!..

Фаррош шунча пулга эга бўлганидан боши осмонга етиб нари кетди.

Обиджон эса бу вақтда айни бошлиқ ўтирадиган стол остига елимланган микрофонни ўрнатиб улгурди ва секингина ташқарига ўзини урди.

 

 

* * *

 

 

Эрта тонг. Обиджон бирпас боғдаги ишларни саранжом қилган бўлди-да, соатига қаради. Тўққиздан ошибди. Демак, вақт етган. Энди ускунани ишга солиб бошлиқларнинг гапларини эшитиб кўрса ҳам бўлади.

У қўлидаги ўроқни бир четга ирғитиб юборди-да, боғнинг кўздан панароқ қисмига ўтиб, чўнтагидаги ускунани олди ва яшил тугмачани босди.

Бир-икки бор ту-тулаган товуш эшитилгач, ниҳоят кимнингдир буйруқ оҳангидаги овози қулоғига чалина бошлади.

— Варвара, ўринбосарни ҳузуримга чақиринг!

— Хўп бўлади!

Шундан сўнг овоз бир муддат тиниб қолди. Қандайдир шитир-шитирлар, кулгу товушлари эшитилиб турди. Яна бояги товуш соҳибининг ўзаро гап-сўзлари бошланиб кетди.

— Николай Алексеевич, келинг, ўтиринг!

— Тинчликми, Григорий Михайлович?

— Ҳа, кеча катта миқдорда ссуда олмоқчи бўлган киши ҳақида гап очгандим. Нима бўлди, ўша масала? Гаплашиб кўрдингизми?

— Ҳа, гаплашдим. Рози бўлди.

— Нимага рози бўлди?

— Нимага бўларди? Мен, «юз минг сўм олмоқчи экансиз, бунинг учун шахсан ўзимга ўн минг олиб келиб топширасиз, ана ундан кейин ҳужжатларни расмийлаштирамиз», деб айтдим.

— Олиб келдими?

— Ҳа, марҳамат, олиб қўйишингиз мумкин.

— Йўқ, йўқ!. Бу нима қилганингиз? Ярмини беринг, ярмини! Қолгани сизнинг улушингиз!

Шу пайт ускунадан «ш-ш-ш-ш» деган товушларгина эшитила бошлади. Обиджон анча вақтгача ускунани кавлаштириб кўрди. Бироқ қайтиб банк бошлиғининг товуши эшитилмади. Энди яна бошлиқнинг хонасига қачондир вақт топиб кириб микрофонни кўздан кечиришга тўғри келарди. Умуман, давомини эшитишнинг қизиғи йўқ эди. Негаки, асосий суҳбат ёзиб олинди ҳисоб. Агар микрофон ишдан чиқиб қолган бўлса, уни тўғриласа бўлади.

— Тўхта, — ўйлаб қолди Обиджон. — Ссуда дедими? Ҳа, юз мингдан гапирди. Демак, кимгадир катта пул қарз беришмоқчи бўлишган. У ҳолда ўн мингни нега тилга олди? Тушунарли, иккови ярмидан бўлиб олди. Бу, агар адашмаётган бўлсам, пора бўлса керак. Ҳа, майли, буни ташкилотнинг ўзи ҳал қилиб олар. Мен бу ёзувларни шу бугуноқ алоқа қутисига етказишим ва бошқа ускунани олиб келиб улгуришим лозим.

Обиджон тушлик вақтигача астойдил ишлади. Аммо банк бошлиғининг сўнгги сўзлари ҳамон қулоғи остида жаранглаб, бу одамдан нафратланиб вақт ўтказди.

 

 

* * *

 

 

Эртаси куни шанба бўлгани сабаб Обиджон дам олишга мажбур эди. Унга алоқа қутисига ташланган алоҳида мактубда дискотекага бориш буюрилганди. Аввалига ҳайрон бўлди.

— Наҳотки, бу жосуслик ташкилотидагилар дам олишинггача ўзлари белгилашса? — ўйлади кийинаётиб. — Балки, менинг маза қилиб ухлагим келаётгандир? Нега энди дискотека? Демак, қизлар билан танишиб айш қиларканман-да! Майли, борсам бора қолай.

Обиджон яқиндагина сотиб олган кийимларини кийди-да, хушбўй атирдан сепиб йўлга тушди.

Умрингда кириб кўрмаган жойларга ташриф буюриш ҳар қандай одамни олдинига пича довдиратиб қўяди. Обиджон ҳам худди қишлоқдаги тўйларда бўлгани каби ўртада ернинг чангини чиқариб рақс тушаётган йигит-қизларга бир муддат ҳайрат билан тикилиб турди. Уларнинг деярли барчаси рус. Аҳён-аҳёнда бошқа миллат йигитлари кўриниб қоларди, холос.

Хўш, нима қилади? Русча рақс тушишни билмаса, бировни танимаса! Тўхта, ана, йигитлар бир четда турган қизларнинг олдига бориб уларни рақсга таклиф этишяпти. Ҳойнаҳой, улар ҳам Обиджонга ўхшаб қизларни танишмаса керак. Қани, ҳов анови келишган қизга яқин бориб кўрсин-чи, нима бўларкан!

Обиджон сочлари қизғиш рангга бўялган, калта юбкали, думалоқ юз қизга яқин бориб тўхтади. Ва бошқаларда кўрганидек ўнг қўлини қизга узатиб сўради:

— Бўшмисиз?

— Ҳа, бўшман, нимайди? — Обиджонга ҳайрон бўлиб термулди қиз.

— Нима десам экан? Рақсга…

— Ўзи рақс тушишни биласизми? — сўради қиз.

Шу тобда Обиджоннинг ҳам шўхлиги тутди.

— Билишга-ку, билмайман. Сиз ўргатиб қўйсангиз…

— Бу ерлик эмасмисиз? — қиз энди бироз жиддийлашди.

— Йўқ, бу ерлик эмасман, — жавоб қилди Обиджон.

— Унда. Мени бирор қаҳвахонага таклиф этмайсизми? Тўғриси, бу ерда туравериш жонимга тегиб кетди. Қаранг, ҳаммаёқ чангга тўлиб ётибди.

— Жоним билан, — деди Обиджон. — Фақат қаҳвахонани ўзингиз танлайсиз-да!

— Хўп бўлади. Қани, кетдик!

Обиджон умрида биринчи марта бегона қизни қўлтиқлаганча ташқарига йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: