МАРҲУМНИНГ РАШКИ…

0

 

* * *

 

 

Одамнинг қанақалигини дарров билиб бўлмаскан. Зайнаб эри Мардон билан фахрланарди. Бир умр шундай бахтли умр кечирамиз деб хаёл қиларди. Афсуски, Мардон ўта рашкчи чиқиб қолди. Тўй ўтганига икки ой бўлмай, кўчада дугоналари билан сал кўпроқ гаплашиб қола ҳам, ишдан беш-ўн дақиқа кечроқ қайтса ҳам жанжал чиқарадиган бўлди.

— Нимага кўчада турволиб ўзингни бозорга солаверасан? — дея бақирарди уйга киришгач. — Қайси эркакка ўзингни кўз-кўз қилмоқчисан? Дугонангнинг эригами? Ё ўтган-кетганларгами?..

— Вой, Мардон ака, бу нима деганингиз? — ўзини оқларди Зайнаб. — Менга бегона эркакнинг нима кераги бор?.. Нега унақа деяверасиз?..

— Жаҳлимни чиқарма-а!.. — Мен сенсиз яшай олмайман, шуни биласанми?.. — охирги жанжал пайтида Мардон Зайнабнинг юзи, кўзи демай тушириб қолди.

Зайнаб жуда-жуда хафа бўлди. Туни билан шишиб кетган кўзини ишқалаб йиғлаб чиқди. Дунёга келганларига минг пушаймонлар еди…

У тонгга яқин ўйлай-ўйлай, ажрашишга бел боғлади. Ҳатто, бир қарорга келгандек ҳам бўлди. Бироқ эрининг сўнгги сўзлари миясида айлангани сайин бу фикри саробга айланиб борарди.

«Мен сенсиз яшай олмайман, шуни биласанми?..»

— Мени яхши кўради Мардон акам. — ўйлади у кўкариб кетган кўзларини кўзгуга соларкан. — Агар яхши кўрмаганда рашк қилмасди, бунчалик жазавага тушмасди… Йўқ, мен уни ташлаб кета олмайман!..

Зайнаб эртасига туриб ишга кетди. Кўкарган кўзларини ҳамкасбларига кўрсатиб қўймаслик учун кўзойнак тақиб олди. Ким сўраса, «Кўзим оғрияпти» деб жавоб қилаверди…

Кеч кирди. У уйга ул-бул харид қилиш ниятида автобус бекати яқинидаги дўконга кирди.

Не кўз билан кўрсинки, дўконда бир вақтлар бирга ўқиган синфдоши Ғайрат турибди.

Йигит ҳам Зайнабни кўриб жонланиб кетди.

— Ие, қара-я, — деди у сўрашиш учун астойдил қўл узатиб. — Кўришмаганмизга минг йил бўлди-ёв-а?!.

— Ҳа, анчадан бери кўришмадик. — кулди Зайнаб.

— Менга қара, сен умуман ўзгармабсан!.. — деди Ғайрат. — Юр, ҳов анави ерда ўриндиқ бор экан. Бирпас ўтириб мактаб йилларимизни эслашамиз…

— Йўғ-э, — Зайнаб беихтиёр хижолат тортиб уйи томон қараб қўйди. — Балки… Кераги йўқдир-а?..

— Э, нимага қўрқасан? Одам синфдошидан ҳам қўрқадими?..

Ҳеч нарса дея олмади. «Эрим рашкчи, билиб қолса ўлдиради» дейишга истиҳола қилди…

Синфдошлар ярим соатча ўтириб гаплашишгач, хайрлашишди…

— Ҳа-а, гап буёқда экан-да? — уйга бўшашибгина кириб келган Зайнабнинг қўлидан тортиб ичкарига судради Мардон. — Кўрдик, ўйнашингизни!.. Қаранг-а, биз уйда хотиним қачон келаркин деб ўтирсак-у, бу хоним кўчада бошқаси билан учрашиб юрса…

Шу кеча Зайнабни бир аҳволда касалхонага олиб кетишди…

Ҳомиласи икки ойлик бўлган экан. Аёвсиз тепкилар натижасида тушиб қолибди…

— Бўлди!.. — деди у эрталаб ҳеч нарса бўлмагандек кўришга келган Мардонга. — Жонимга тегди калтакларингиз! Сиз билан ажрашаман! Бундай золим эр билан яшамайман!..

Мардон шу куниёқ уйга келиб ўзини осиб қўйибди. Зайнабни ҳам аҳволи анча оғирлигига қарамай, касалхонадан олиб кетишди…

 

 

* * *

 

 

… Орадан икки йил ўтди…

Ота уйига келиб яшай бошлаган Зайнабни эркаклар кўз очирмасди. Тинимсиз совчилар келарди. Охири у қўшни қишлоқдаги Меливой исмли йигитга розилик берди. Хотини оламдан ўтган экан.

Тўй куни собиқ қайнонаси ҳам келиб Зайнабга бир кучук совға қилди.

— Янги уйингни ёмон кўзлардан асрайди бу кучук. — деди собиқ қайнона.

Йўқ, кучук Зайнабни тўй эртасиданоқ ёмон кўзлардан эмас, Меливойдан асрай бошлади. У куёв бўлмишни Зайнабга яқинлашишга қўймасди. Сўнгги марта ташланганда оёғини ғажиб ҳам ташлади…

Шу ҳолат қайта-қайта такрорланавергач, бир куни Зайнаб туш кўрди. Мардон янги келинлик уйига келганмиш.

— Кўрдингми, — дебди унга маъюс тикилиб. — Сенсиз яшай олмайман демаганмидим?.. Мана шу кучук эсон бўлса, сени бошқаларга бериб қўймайди…

Шундай дебди-ю, кўздан ғойиб бўлибди…

Зайнаб бу эр билан ҳам яшай олмади…

Юраги дош бермади.

Меливойга бор гапни тушунтириб талоғини олди ва ўз қишлоғига кучук билан бирга равона бўлди…

Мана, ўн йилдан бери Зайнаб ҳамон ёлғиз яшайди. Ҳануз тушига тез-тез Мардон кириб огоҳлантираверади… Кучукни ёдига солади…

Олимжон ҲАЙИТ