ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (31-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

— Сиз бу ерга нима мақсадда келгансиз? — сўради қиз қаҳвахонага кириб ўтиришгач.

— Менми? Ишлаш учун.

— Отингиз нима?

— Сарсенбой. Сизники-чи?

— Меникими? Наталья.

— Жудаям чиройли экан исмингиз, — хушомадга ўтди Обиджон. — Менга шунақа исмлар жуда ёқади.

— Ростданми? — Наталья кўзлари чақнаб Обиджонга янада қаттиқроқ, ўтлироқ боқди. — Сизам менга ёқиб тушдингиз.

— Раҳмат. Қани, коньякдан ичайлик, бўлмаса!

— Танишганимиз учун! — Наталья қадаҳни кўтариб оғзига яқин олиб борди.

— Илтимос, энди тез-тез учрашиб турсак! — деди Обиджон. — Менинг бу ерда сиздан бўлак яқин танишим йўқ.

— Дарров учрашув таклиф этмоқчимисиз? — хандон отиб кулди қиз.

— Нима десам экан…

— Майли, мен розиман, — қиз Обиджоннинг ўнғайсизланганини кўриб вазиятни юмшатишга уринди. — Албатта, учрашиб турамиз. Биласизми, бирор кун уйимизга таклиф қилсам борасизми? Масалан, яқинда дадам иш билан бир жойга кетади. Ўша куни боришингиз мумкин.

— Сизларникига-я? Дадангиз ким бўлиб ишлайди ўзи?

— Дадам шаҳардаги марказий банк бошлиғи.

— Банк бошлиғи? — Обиджоннинг бирдан ранги ўзгариб сал қолса ўрнидан туриб кетаёзди. — Григорий Михайловичми?

— Вой, сиз дадамни қаердан танийсиз?

Хўш, бундай вазиятларда қандай жавоб қилинади? Афсуски, Обиджонга бу ҳақда ҳеч нима дейишмаган. Лекин шу лаҳзаларда нимадир дейиши шарт. Нима десин? Боғбонман, ўша банкда, деб тўғрисини гапирсинми? Қиз бориб отасига айтса-чи? Унда нима бўлади? Кейинчалик… Кейинчалик у отасининг орқасидан тушиб жиноятларини фош қилганини сезиб қолса-чи? Ҳайдаб солиши аниқ. Юз ўгиради, албатта. Юзига тупуриб кетиб юбориши ҳам мумкин. Нима қилиш керак-а? Шундай ўтираверадими?

— Эшитганман, — дея жавоб қилди Обиджон ниҳоят хаёлига келган ягона фикрдан жонланиб. — Кўп гапиришади, дадангиз ҳақида.

— Тўғри, менинг дадам шаҳарда керакли ва машҳур одам, — мақтана кетди Наталья. — У кишининг дунёнинг ҳамма бурчагида таниш-билишлари бор.

— Бўпти, унда қачон уйингизга чақирасиз? — сўради Обиджон гапни қисқароқ қилиш учун.

— Яқинда, — деди Наталья бошини хиёл бир тарафга қийшайтириб. — Ўша куни ўзим айтаман.

— Яхши, келишдик!

Улар етаклашганича ташқарига чиқишди. Афтидан, Натальянинг тезда хайрлашиб кетгиси йўқ эди. Буни ўз вақтида пайқаган Обиджон қизни истироҳат боғига олиб кирди ва негадир қўққисдан тўхтаб қолди. Қиз эса… Қиз ерга боққан кўйи жим турарди. Улар шу қадар яқин туриб қолган эдиларки, Обиджон димоғида ёқимли ва вужудни қитиқловчи бир ҳидни туйиб юраги тезроқ ура бошлади.

Бу тахлит жим туришга йигит кишининг ҳаққи йўқ, дея ҳисоблаб барибир ўзини тутиб тура олмади. Қизни оҳистагина қучиб, лабларидан авайлабгина бўса олди. Қиз энтикиб кетди. Обиджон худди оғир гуноҳга йўл қўйган одам каби ўзини нари тортишга уринди. Аммо қизнинг нозик билаклари аллақачон бўйнига ўралиб олган эди…

 

 

* * *

 

 

Ҳаш-паш дегунча орадан бир ой ҳам ўтиб қўйди. Обиджон жуда бахтиёр эди. У Наталья билан деярли ҳар куни учрашар, ғунча янглиғ лабларидан бўсалар олиб, шириндан-ширин суҳбатлар қуриб тўймасди. Гўёки қаерлардадир баланд-баланд осмонларда парвоз қилган қушдек ўзини эркин ҳис этарди. Кечалари ястаниб ётиб олганича Натальяни кўз олдига келтирар, унинг қалин лабларини, сочидан таралиб кўнглига бир олам ҳузур бахш этган хушбўй ҳидларни ўйлаб оҳ тортарди.

«Мен уни севиб қолдим шекилли, ўйларди у кўзларини юмиб. Жуда оқила ва маданиятли қиз экан. Бизнинг қишлоқда бундай қизларни учратиш қийин. Ҳар бир гапини ўйлаб гапиради. Ўпсанг, уришиб бермайди, ўзини олиб қочмайди. Аксинча, ўзи бўйнингга осилиб, нари кетишга қўймайди. Қиз бўлса, шунчалик бўлади-да! Оҳ, Наталья, қанийди сен ўзимники, фақат ўзимники бўлиб қолсанг! Афсуски, меники бўлмайсан! Тўхта, нега энди? Отасини деб шундай қиздан ажралиб қоламанми? Йўқ, буни истамайман! Бир марта бўса олганимдаёқ ўзига ром этиб қўйди. Нима қилай? Қандай йўл тутай? Нега олдинроқ учратмадим уни? Анови жосуслик деган ярамас ишларига аралашиб ўтирмасдан Натальяни қишлоққа олиб кетардим-қолардим. Энди-чи? Буёғи нима бўлади? Мабодо қилиб юрган ишимни сезса, нима дейди? Билмадим. Яна бир боши берк кўчага кириб қолганга ўхшайман. Худойим, нега бунча омадсизман-а? Нима бўлгандаям Натальядан воз кечмайман! Керак бўлса, унга ҳаммасини тушунтираман. Агар ростдан мени севса, тушунади ва отасига қулоқ солиб ўтирмайди».

Обиджон шундай хаёллар билан кунларини ўтказиб юрарди.

 

 

* * *

 

 

Шундай кунларнинг бирида алоқа қутисидан янги хабар олди.

«Сен ўз ишингни чалкаштира бошладинг, — деб ёзилганди мактубда. — Банк бошлиғининг қизига илакишдинг. Энди буёғини эшит. Қиз билан танишиб, яқин бўлдингми, энди унинг кўмагида бошлиқнинг уйига кириб боришинг ва иш столи остига ҳам битта микрофон ўрнатишинг зарур. Қизига зинҳор қилиб юрган ишларинг ҳақида гапира кўрма! Ҳеч гап бўлмагандек, севги ўйинини ўйнайвер! Омадингни берсин».

— Ярамаслар-ей, — елка қисди ўзича Обиджон. — Бошлиқнинг қизи билан танишганимни қаердан билишди? Ёки ростдан ҳам ортимдан изма-из кузатиб юришибдими? Қанчалар аҳмоқман-а?! Ахир, улар жосуслар-ку! Албатта, кузатишади. Шунча пулни, махфий ускунани қўлимга топшириб қўйишади-ю, кузатишмайдими? Бўпти, бугун якшанба. Натальяга қўнғироқ қилиб кўрай-чи, нима деркан?

Обиджон керакли рақамларни териб қизнинг гўшакни кўтаришини кута бошлади. Ўзи ҳам кутиб ўтирган эканми, Наталья дарров гўшакни кўтарди.

— Салом, яхши йигит! — қувноқ овозда биринчи бўлиб ҳол сўради у. — Яхши ётиб турдиларми?

— Тўғриси, ухлаганим йўқ, — деди Обиджон.

— Вой, нега? Бирор еринг оғридими?

— Аксинча, сени ўйлаб чиқдим.

— Ў, ростданми? Кўп ўйлаб юбормадингми, ишқилиб?

— Туни билан мижжа қоқмай ўйладим!

— Сени шунчалик қийнаб қўйганим учун кечир! — энди овози ҳазинлашиб сўз қотди қиз.

— Бу нима деганинг? Ахир, сени ўйлаб ётиш менга завқ бағишлайди!

— Шунақами? Унда-чи, ҳадеб ўйланавермасдан тез уйимизга кел!

— Ҳозир-а? — атайин талмовсираб сўради Обиджон. — Балки, кейинроқ…

— Кейин-пейини йўқ. Ваъдам эсимда. Дадам бугун иш билан бир жойга кетди. Ўша мен айтган бекатга келсанг, ўзим кутиб оламан!

— Хўп, ҳозироқ етиб бораман.

— Кўришгунча!

Обиджон шоша-пиша гўшакни жойига қўйди-да, у ёқ-бу ёғини тўғрилаган бўлиб кўчага отилди.

 

 

* * *

 

 

— Мана шу бизнинг уйимиз, — Наталья кенг ҳовлидан ўтиб ичкарига қадам қўйишгач, ичкари хоналар билан Обиджонни таништира кетди. — Қалай, ёқдими?

— Шоҳона экан уйларинг, — деди Обиджон қизни маҳкам қучганича дид билан безатилган хоналарга ҳавас билан термулиб. — Сен бахтлисан, Наталья!

— Тўғри, бугун бахтлиман. Чунки, бугун сен келдинг уйимизга. Биласанми, менга сенинг очиқ кўнгиллигинг, соддалигинг ёқиб қолди. Сенга ўхшаганлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.

Бу гап Обиджонни беихтиёр ҳушёр торттирди. Лекин ҳолатини қизга сездириб қўймаслик мақсадида Натальядан кўзларини олиб қочиб хоналарни кузатишда давом этди.

— Қани, ошхонага ўтайлик. Қаҳва ичиб бўлганимиздан кейин қолган хоналарни кўрсатаман. Агар бу ерда зериксанг, залга ўтиб телевизор томоша қилиб тур!

Бу таклиф Обиджон учун айни муддао эди. У иложи борича тезроқ микрофон ўрнатиладиган жойни мўлжаллаб олиши зарур.

— Айтганча, — дея Натальянинг елкасидан тутиб сўради у. — Дадангнинг ишлайдиган хонасини кўрмадик-ку!

— Дадамникими? Юр!

Қиз уни йўлакдан олиб ўтиб яшилга бўялган эшикка етганда тўхтади.

— Мана шу дадамнинг иш кабинети. Кириб кўравер!

Обиджон эҳтиёткорлик билан ичкарига қадам қўйди. Хона кенг, дераза қаршисига иш столи ўрнатилибди. Деворларга тақаб қўйилган шкафларга турли ҳажмдаги китоблар тартиб билан териб чиқилган. Чапда эса катта магнитофон.

«Хайрият, стол айни кўнглимдаги экан, — кўнглидан ўтказди Обиджон ташқарига ўғринча қулоқ тутиб. — Микрофонни тезроқ ўрната олсам, марра меники!»

У энгашиб стол остига қўл чўзди.

Бироқ шу маҳал эшик оҳиста очилиб кимдир ичкарига киргандек бўлди-ю, шоша-пиша бошини кўтариб эшик томон ўгирилди.

Не кўз билан кўрсинки, қаршисида банк бошлиғи Григорий Михайлович унга еб қўйгудек совуқ тикилиб турарди.

 

 

* * *

 

 

Обиджон қаршисидаги басавлат эркакни кўрди-ю, қотиб қолди. Қўлидаги микрофонни ҳали стол остига ўрнатиб улгурмаганди. Кафтлари орасига маҳкам қисганича қаддини ғоз тутиб уй эгасининг сўз қотишини кутди.

Аммо шу пайт ошхонада ниманингдир тарақлаб ерга тушгани, кетидан Натальянинг қичқириғи эшитилди.

— Қизим! — Григорий Михайлович югурганича йўлакка отилди. — Наташа! Сенга нима бўлди. Ҳой йигит, буёққа кел тез! Келмайсанми!

Қўрқиб кетган Обиджон шоша-пиша микрофоннни чўнтакка урди-да, ошхонага чопиб чиқди.

Не кўз билан кўрсинки, Наталья полда чўзилиб ётар, оғзидан кўпик сачраб, кофталарини булғаб ташлаганди.

— Бор, нариги хонага кирсанг, тортмада яшил қутичада дори бор, олиб чиқ! — буюрди Григорий Михайлович қизини даст кўтариб ётоққа йўл оларкан. — Анқаймасдан тезроқ бўл!

Обиджон кўз очиб юмгунча айтилган дорини олиб чиқиб банкирнинг қўлига тутқазди.

Натальянинг бармоқлари тортишиб, жонҳолатда тишларини ғижирлатарди. Оғзига қошиқ солиб базўр тишларини бир-биридан ажратиб олишди. Григорий Михайлович беҳуш ётган қизга доридан бир донасини ичириб юборди. Шундан кейингина Наталья бир муддат тинчланиб, беш дақиқалардан сўнг кўзларини очди.

— Қачонгача мени қўрқитасан-а? — титроқ овозда қизига сўз қотди Григорий Михайлович ва Обиджонга юзланди. — Қизим қаттиқ шамоллаганди! Иситмаси кўтарилса, ҳушидан кетиб қоляпти! Қизим, кўзингни оч! Мени қўрқитмагин, жон қизим!

— Сарсен! — ҳазин товушда шивирлади Наталья. — Сарсен қани?

— Қайси Сарсен? Кимни назарда тутяпсан? — сўради ота ҳайрат аралаш Обиджонга тикилиб.

— У мени излаяпти! — деди Обиджон секин Натальянинг тепасига яқин келиб. — Наталья, мен шу ердаман!

— Ҳ-ҳа. Шу ердамисан? Хайрият! Сени кетиб қолдингми, деб…

— Йўқ, кетганим йўқ. Шу ердаман!

— Дада, — нигоҳларини отасига тикди қиз, — бу йигитни уришманг! У жуда яхши одам!

— Ҳозир ортиқча зўриқаверма! — қизини тинчлантирган бўлди Григорий Михайлович. — Мен уни уришганим йўқ. Уришмоқчи ҳам эмасман.

— Ростданам уришмайсиз-а, дада? — сўради Наталья. — Ҳайдаб солмайсиз-а?

— Ўзимнинг аҳмоққинам-ей! — кулимсираб қизнинг сочларини силаб қўйди Григорий Михайлович. — Сенинг дўстинг экан-ку! Буни билдим. Ҳеч қачон уришмайман. Ҳайдаб ҳам солмайман!

 

 

* * *

 

 

— Менга қара, йигит, — Наталья ухлаб қолгач, Обиджонни залга олиб ўтиб сўроққа тута бошлади Григорий Михайлович, — қизимни ҳақиқатан яхши кўрасанми? Ё шунчаки, кўнгилхушлик қилиб юришни мўлжаллаганмисан?

— Бу нима деганингиз? Мен уни севаман! Кўнгилхушлик қилиш хаёлимгаям келган эмас.

— Ўзинг кимсан? Қаерликсан? Бу ерларда нима қилиб юрибсан?

— Мен олис ўлкаданман, — жавоб қилди Обиджон. — Ишлаш учун келганман.

— Қўлингдан нима иш келади ўзи? Маълумотинг борми?

— Мактабни битирганман, холос. Лекин ҳар қандай ишни қилиб кетавераман.

— Шунақа дегин? — Григорий Михайлович секин ўрнидан туриб дераза қаршисига бориб тўхтади. — Сенга бир гапни олдиндан айтиб қўяй. Наталья — менинг ёлғиз қизим! Агар алдайдиган бўлсанг, кечирмайман! Сени ернинг остидан бўлсаям топтириб, ўз қўлларим билан ўлдираман. Мен қизим учун керак бўлса, жонимни бераман. Билиб қўй!

— Тушундим, — деди Обиджон ҳамон қизнинг бояги аҳволидан, ўзи олиб чиқиб тутқазган дорини кўз олдига келтириб боши хам бўлса-да, таваккалига, — мен Натальяни бахтли қиламан, ишонинг!

— Унда юр, иккаламиз би-ир қиттай-қиттай қилайлик!

 

 

* * *

 

 

Обиджон энди ростакамига икки ўт орасида қолиб кетганди. Шу куни микрофон ўрнатиш ҳам пайсалга солинди. Аввалига Григорий Михайлович билан коньяк ичиб, келгуси режалар ҳақида гаплашиб ўтиришди. Икки соатча ўтиб, Наталья уйғониб уларнинг олдига чиқди. Григорий Михайлович Обиджонни мақтай-мақтай, қизига тез орада тўй кунини белгилашга ҳам ваъда берди.

Мана шу қарор Обиджонни янада хавотирга солиб қўйди. Ахир, ташкилот берган топшириқлар нима бўлади? Куёв бўла туриб ҳам қайнотага қарши борадими? Улар уйланаётганини эшитишса, қандай йўл тутишади? Ўлдириб юборишмасмикан? Ёки янги топшириқлар беришармикан?

Ана шу саволлар исканжасида Обиджон эртаси куниёқ махфий алоқа қутиси жойлашган манзилга келиб қутича эшикчасини очди.

Тахмин қилганидек бир эмас, иккита катта конверт ташлаб кетишибди.

Шоша-пиша конвертларни чўнтакка урди-ю, квартирасига келиб эшикни ичкаридан тамбалаб олди. Биринчи конвертни очиб ўқий бошлади:

«Сенинг уйланаётганинг билан ишимиз йўқ. Бизни зиммангдаги топшириқнинг бажарилиши кўпроқ қизиқтиради. Шундай экан, қўлингдаги микрофонни бугун банкирникига бориб, албатта, столининг остига ўрнатишинг лозим. Бугундан кечиктирсанг, жазоланасан ва ишдан четлатиласан».

Обиджон жон ҳолатда иккинчи конвертни очди. У ерда шундай сўзлар ёзилганди:

«Бугун кеч соат саккизларда муҳим топшириқни бажарасан. Банк бошқарувчиси Григорий Михайловичнинг одамларидан бири банк ҳисобидаги ўғирланган пуллардан маълум қисмини фалон манзилдаги ерости йўлида жойлашган юк сақлаш камерасига жойлаштириш мақсадида боради. Сен қўлингга қизчалар ўйнайдиган қўғирчоқ олиб, уни йўргаклашинг ҳамда эгнингга гадой кийимини кийиб худди ўша ерда тиланчилик қилиб ўтиришинг керак. Эсингда бўлсин, ўша кимса қора плашч, қора шляпада. Бўйи узун, тақа мўйлов, «Мальборо» сигарети чекади. Вазифанг шундан иборатки, у пул қўйган камеранинг махфий кодини эслаб қолишинг шарт».

Обиджон аввалига ҳайрон бўлди. Бу пулларнинг разведкага нима дахли бор-у, нега айнан уни соқчиликка қўйишяпти? Ахир, милиция ҳам эплаши мумкин-ку! Ким билсин? Балки, уларнинг ўз мақсадлари, режалари бордир?

Йўқ, шошилиши керак. Шундоқ ҳам Натальяга бугун эртароқ етиб боришини айтган эди. Шу баҳонада микрофон ҳам қўйилиши керак.

— Эҳ, қандай кунларга қолдим! — қўлларини мушт қилиб каравотга урди Обиджон чиқиб кетаётиб. — Бир қизни севсам-у, яна унинг отасига хиёнат қилсам! Тўхта, Натальяни «шамоллаган» дедими отаси? Нега унда ҳушидан кетиб оғзидан кўпик сачради? Бизнинг қишлоқдаям Орзи хола деган хотинни кўргандим. Оғзидан худди шунақа кўпик сачратиб йиқилганди. Шайтонлабди дейишганди одамлар. Наҳотки, одам шамоллагандаям шунақанги аҳволга тушса? Нега бундай бўлди? Нега банкир менга қаттиқ ишонди? Нега дарҳол тўйга розилик берди? Ахир, узатаман деса, манаман деган бойваччалар ҳам келин қилади-ку Натальяни! Бу ерда бир гап борга ўхшайди! Балки, Обиджоннинг қилиб юрган ишларидан хабардор-у, шу йўл билан уни бу нарсалардан четлатмоқчими? Билмадим. Билмадим.

 

 

* * *

 

 

Обиджон банк бошқарувчисининг квартирасига кириб келганида, Наталья балконда ўтирганча ташқарига маъюс боқар, йиғидан кўзлари қизариб кетганди.

Обиджон секин бориб унинг елкасидан қучди.

Наталья негадир миқ этмади. Шунчаки, унинг билакларига бошини қўйган бўлди, холос.

— Нега хомушсан, севгилим? — сўради Обиджон эркалаган оҳангда. — Нега йиғладинг? Йиғлатган мен эмасми?

— Бу нима деганинг, жиннивой? — деди Наталья ниҳоят ўрнидан туриб Обиджоннинг кўксига бошини қўяркан. — Нима учун сен йиғлатаркансан? Аксинча, сен мени бахтиёр қилдинг-ку!

— Унда нима сабабдан йиғладинг, айт?

Наталья индамасдан тескари ўгирилди.

— Мен бир нарсадан жуда афсусдаман. Биласанми, ўшанда сенинг олдингда ҳушимдан кетиб ётдим. Сени ноқулай аҳволга солиб қўйдим.

— Хўш, нима бўпти? Сен айбдор эмассан-ку! Шамоллаган бўлсанг…

— Сен-чи? Афсус қилмайсанми менга уйлансанг? Яхшиси, кел, муносабатларимизни узайлик! Сен, албатта, мендан яхшироғини топасан.

— Аҳмоқлик қилма! — Обиджон бу гап ортида қандайдир сир борлигини билса-да, эҳтиросга берилдими, қизни қаттиқроқ қучиб кўзларидан ўпди. — Мен ундайлардан эмасман. Сени севаман! Сенсиз яшай олмайман! Мени ҳайдама, жоним!

— Ахир, сен…

— Бас, етар! — Обиджон Натальянинг оғзини кафти билан ёпиб олди. — Ортиқ бу сўзларни эшитишни истамайман! Бас!

— Сени жонимдан ортиқ севаман, Сарсен! Сен топилмас йигитсан! Ишон, ҳеч қачон сенга ўхшаган мард йигитни учратмагандим.

Обиджон қизни даст кўтариб олди-ю, ётоққа олиб кириб эҳтиёткорлик билан каравотга ётқизди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ