ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (32-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

* * *

 

 

Наталья ҳар галги тутқаноқдан сўнг икки-уч кунгача ҳолсизланиб юрар, иштаҳаси йўқолиб нуқул ухларди.

Бу сафар ҳам у Обиджоннинг бағрида ухлаб қолди.

Обиджон эса қизнинг пешанасини ушлаб кўриб ростдан ҳам иситма туфайли ҳушидан кетган экан, анча ҳолсизланибди, деган хаёлга борди ва келгуси режалар хусусида бош қотира бошлади.

Хўш, энди нима қилиш керак? Индамасдан қизга тикилиб ўтираверадими? Йўқ, ташкилотнинг топшириғини адо этиб ҳам қўйиши шарт. Банкирнинг йўқлигидан фойдаланиши ва микрофонни стол остига ўрнатиб улгуриши керак.

«Нуқул ноқулай вазиятлар бўляпти-да, кўнглидан ўтказди Обиджон чойшабни авайлабгина Натальянинг устига тортиб ўрнидан қўзғаларкан. Умримда яқин кишиларимнинг кўзига тик боқиб хиёнатга қўл урмагандим. Наталья қилиб юрган ишларимдан хабар топса, нима бўлади? Юзимга тупуриб ташлармикан-а? Ё отасига қўшилиб қаматиб юборадими? Йўқ, нималар деяпман? Мен, ахир, бу ерларга аниқ мақсад билан келганман. Шуларни эсдан чиқармаслигим керак. Акс ҳолда янгамни тополмайман, тоғам раҳматлининг ўлими сирларидан воқиф бўлмай қоламан. Унинг ишларини давом эттира олмайман. Тоғамнинг руҳини чирқиллатган бўламан».

Обиджон секингина Григорий Михайловичнинг кабинетига кириб борди.

Аввалига ҳар эҳтимолга қарши чиройли қилиб терилган китобларни кўздан кечирган бўлди. Баъзиларини варақлаб ҳам кўрди. Бу иш мабодо Наталья уйғониб қолса ёки банкир кутилмаганда кириб келиб қолса, баҳона учун амалга оширилганди.

Йўқ, бундай ҳолат юз бермади. Квартира ичкарисида сукунат ҳукм сурарди.

Ниҳоят Обиджон чўнтагидаги қоп-қора микрофончани чиқарди-да, стол остига — Григорий Михайлович ўтирадиган жойга ўрнатиб ўрнидан турди.

— Хайрият, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек битди, — деди ўзига ўзи аста йўлакка чиқиб. — Энди бирпас шу ерда ўтираман. Кеч туша бошлагач, квартирамга бориб зарур кийимларни кияман-да, юк сақлаш камералари жойлашган манзилга жўнайман. Уёғи Худодан!

 

 

* * *

 

 

Иш битгач, Обиджон Натальянинг хонасига қайтиб кириб унинг ёнига ёнбошлаганича хаёлга берилди. Кўз ўнгида ям-яшил ўтлоқдан иборат далалар, қишлоқдаги қум кўчалар гавдалана бошлади.

Ана, Темир оқсоқ деган чол. У икки маҳалла нарида яшаса-да, ҳамма танийди. Чунки, ҳамманинг қўй-молларини қирга олиб чиқиб кетиб боқиб келади. Эвазига унга қишлоқдагилар пул йиғиб беришади.

Темир оқсоқнинг барваста, бақувват эшаги бор. Бечоранинг устига ҳар куни қирдан қайтаётиб бир дунё ўт юклаб қўяди. Шунда ҳам эшак миқ этмасдан юриб келаверади.

Ана, аяси. Сочлари оқариб юзларидан кексалик аломати уфура бошлабди.

— Эҳ, аяжоним, — Обиджон Натальяга қараб қўйди-да, оғир хўрсинди. — Сизни шунчалар соғиндим-ки! Қанийди, иложим бўлса, олдингизга қушдай учиб борсам! Ўшанда гапингизга кириб бу ерларга келмасам бўларкан! Йўқ, аяжон, мени биласиз-ку, бир сўзли, қайсарман! Сизга-чи, келин топиб қўйдим. Уришмайсиз-а? Бу қизни кўрсангиз, оғзингиз очилиб қолади. Бухорони икки марта айланиб чиқсангиз ҳам бунақасини топа олмайсиз.

Шу пайт ташқари эшик очилиб кимлардир ичкарига киргандек бўлди.

Обиджон даст ўрнидан турди-да, йўлакка чиқди.

Григорий Михайлович ўринбосари Николай Алексеевич билан келибди.

Обиджон бу тепакал эркакни ишга кираётганида бир мартагина кўрган.

Тез-тез юриб бориб салом берди.

— Бу йигит менинг бўлғуси куёвим! — кулимсираб Обиджонни меҳмонга таништирди Григорий Михайлович.

— Хурсандман! — деди тепакал Обиджонга сирли қараш қилиб.

— Наталья қани? — сўради банкир Обиджондан.

— Ухлаётганди.

— Ҳа-а, ухлаётганмиди? Майли, сен ошхонага кириб бизга қаҳва дамлаб бера оласанми?

— Албатта, — жавоб қилди Обиджон. — Наталья ўргатиб қўйган аллақачон.

Бу гапни эшитиб икковлари ҳам бараварига кулиб юборишди.

— Сен йигит эҳтиёт бўл, — кабинетига кириб кетаётиб ҳазиллашган бўлди банкир. — Аёллар жа айёр бўлишади. Тағин тўйдан кейин бир умр қаҳва дамлаб кунинг ўтмасин, ха-ха-ха-ха!

Обиджон ҳам кулгига жўр бўлганича ошхона томон юрди.

 

 

* * *

 

 

Балконга чиққач, Обиджон Наталья ухлаётган хонага яна бир карра кўз ташлади. Қиз деворга ўгирилган кўйи ухларди.

«Ана энди асосий ишга киришсам бўлади», ўйлади у ва чўнтагидаги ускунани чиқариб зарур тугмачани босиб, қулоғига эшитиш мосламасини тақди-да, ускунани қайтадан жойига солди.

Шу заҳоти икки ҳамкасбнинг ўзаро суҳбатини бемалол эшитиш имкони туғилган эди.

— Хўш, нима гаплар топиб келдинг? — сўради Григорий Михайлович ўрибосаридан.

— Солиқдан шилиб қолинган пуллар аллақачон сумкага жойланган, — ахборот бера бошлади ўринбосар. — Бугуноқ уларни нақдга айлантириб уйга яшириб қўйдим.

— Жуда яхши. Энди нима қилмоқчисан?

— Чет элдаги ҳисобларимизга жойлаштириш қолди.

— Ишончли одамни топдингми?

— Ҳа, топдим.

— Ким экан у?

— Бир грузин йигити. Шу соҳада кўзи пишган. Бунинг устига ҳар ойда чет элга хизмат сафари билан бориб тураркан.

— Алдаб чув тушириб кетмасин тағин.

— Йўғ-э, юз минг пулни дуч келган одамга берворавериб аҳмоқ эмасман-ку!

— Қачон топширасан қўлига?

— Бугун кечқурун. Бошқа одам пулларни юк сақлаш хонасига жойлаб келади. Орадан ўн-йигирма дақиқа ўтиб эса грузин пулларни олиб жўнайди.

— Яхши ўйлабсанлар. Яна нима гаплар бор? Фақат секинроқ гапир! Уёқда…

— Эсингизда бўлса, сизга ташландиқ аҳволга келиб қолган трактор заводи ҳақида айтгандим, — энди шивирлаб сўзлай бошлади ўринбосар. — Ишонасизми, ўшани Валера сотиб олиш пайида юрганмиш.

— Қайси Валера?

— Ёғ заводи директори бор-ку, ўша!

— Ие, унга ким қўйибди завод сотиб олишни? Биз мўлжаллаб юрмаганмидик?

— Тўғри-да, сиз гапиришга гапирдингиз-у, кейин бу масала ёпиқлигича қолиб кетди. Ана энди…

— Бугуноқ бориб уни огоҳлантиринглар! Мен тез кунда Москва билан гаплашиб, ҳаммасини ҳал қиламан.

— Яхши, одам юбориб Валерани чақиртираман.

— Бошқа гап йўқми?

— Ҳозирча шу.

— Майли, унда бора қол! Мен ётиб бирпас дам оламан. Кечқурун иш битгач қўнғироқ қиларсан.

— Албатта.

Обиджон шоша-пиша қулоғидаги симларни йиғиб чўнтакка урди ва ҳеч гап бўлмагандек ошхонага кириб қаҳва дамлади ва патнисда кўтариб Григорий Михайловичнинг кабинетига йўл олди.

— Кечикдинг, Сарсен! — деди кулиб банкир. — Биз қаҳвангни кутавериб зерикдик. Мана, меҳмон ҳам кетаманга тушиб қолди.

Обиджон индамай кулиб қўя қолди.

 

 

* * *

 

 

Соат кечки тўртлардан ошганида, Обиджон кетишга чоғланди. Аслида Натальянинг ёнидан бир қадам силжишга хоҳиши йўқ эди. Айниқса, бугунги учрашув, тотли бўсалар, эркалашлар. Ҳамма-ҳаммаси бўй йигитни буткул маст қилиб қўйган, қизнинг сариқ, хушбўй сочларини ҳидлаб тўймасди. Бироқ шошилиши кераклиги, квартирага келгач, ташкилотга кундузги гап-сўзлар тўғрисида ахборот бериши, ундан кейин юк сақлаш камералари жойлашган манзилга етиб бориши зарурлиги унга тинчлик бермасди.

— Энди қачон кўришамиз? — йиғлагудек бўлиб сўради Наталья йўлга отлана бошлаган Обиджоннинг йўлини тўсиб.

— Эртага ишни тугатаман-у, ҳузурингга чопаман. — деди Обиджон қизнинг бошидан қучиб. — Сен ўзингни эҳтиёт қилгин. Тағин шамоллашинг қайталаниб юрмасин.

— Ҳаракат қиламан, — маъюс жилмайди қиз. — Фақат кечикмагин!

 

 

* * *

 

 

Обиджон квартирасига етиб келиб барча хабарларни ташкилотга етказгач, ўйинчоқлар дўконидан каттагина қўғирчоқ сотиб олди. Сўнгра уйига қайтиб узоқ вақт гадой ролини ўзича машқ қилган бўлди. Бу ерда шу қадар усталик билан иш тутиши керакки, қўлидаги «чақалоқ» қўғирчоқ эканини ҳеч ким сезмасин. Шу аснода грузин келиб кетгунига қадар рол ўйнаши талаб этиларди.

Мана, соат миллари саккизга қараб кетди. Обиджон эгнига йиртиқ-ямоқ кийимларни илди. Бошига ҳам яғири чиқиб кетган телпакни кийиб кўзгуга боқди.

Бу кўринишда унинг тиланчидан фарқи қолмабди. Ҳеч ким шубҳа қилмаслигига кўзи етгач, махсус дурбинни олиб, «чақалоқ»нинг йўргаги орасига жойлади.

 

 

* * *

 

 

Ер ости йўли унчалик серқатнов бўлиб чиқмади. Аҳён-аҳёнда уёқдан-буёққа ўтиб қоладиган ёхуд турнақатор юк сақлаш камералари томон ўтиб қоладиганларни айтмаса, деярли жимжитлик эди.

Обиджон камералар яхшироқ кўринадиган бурчакка борди-да, эзғиланиб кетган бир шляпани қўйнидан олиб ерга қўйди.

Йўқ, у одамни ачинтирадиган сўзларни айтиб тиланиши шарт эмасди. Шунчаки қўлидаги қўғирчоқни ҳар замонда силкитиб, гўёки аллалаган бўлиб қайсидир қўшиқни хиргойи қилиб турса кифоя.

Шундай қилди ҳам. Ўткинчилар эса унга эмас, кўпроқ қўғирчоққа қандайдир меҳр ва шафқат аралаш боқиб ердаги эски шляпага кўнгилдан чиқарганларини ташлаб кетишарди.

Соат саккиздан ўн дақиқалар чамаси вақт ўтганида баланд бўйли, эгнига қора плашч, бошига ҳам қора шляпа кийган мўйловдор бир эркак ерости йўлига кириб келди. Қўлидаги қора дипломатни ўйнатганича Обиджонга тикилиб қолди. Лекин бир оғиз сўз демади. Бош чайқай-чайқай, чўнтагидан битта 25 таликни олди-да, секин шляпага ташлади ва юк сақлаш камералари томонга ўтиб кетди.

«Шу бўлса керак пул ташлаб кетадигани, кўнглидан ўтказди Обиджон кўз қири билан эркакни текширишда давом этаркан. Агар ҳозир шу дипломатни ё ичидагиларни камерага қўйса, аниқ ўша бўлади».

У шоша-пиша йўргак ичидаги дурбинни қўлига олиб, паналаган кўйи эркакни кузатишда давом этди.

Камералардан бири очилди. Кутилганидек, дипломат ичидагилар қўйилди ва эркак камерани ёпиб ўзигагина маълум бўлган рақамларни тера бошлади. Обиджонга эса дурбин орқали ҳар бир рақам ойнадек кўриниб турарди.

У ҳаммасини эслаб қолди. Энди эркакнинг бу ердан узоқлашиб кетишини кутиши ва тезлик билан камерадаги пулларни қўлга киритиб ташкилотга топшириши керак.

Орадан ўн дақиқалар ўтиб қўғирчоқни бир четга ирғитди-ю, югурганча бориб камерани очди.

У ерда ростдан ҳам даста-даста пуллар тахлаб қўйилган эди.

 

 

* * *

 

 

Аммо бу пулларни яхлит ҳолда махфий алоқа қутисига жойлашнинг иложи йўқ эди. Ҳатто, дипломатсиз ҳам барибир сиғдириб бўлмасди.

«Квартирамга яшириб қўйсам-чи, ўзича мулоҳаза қилиб борарди Обиджон. Олишса олишар, бўлмаса, ўзимга қолдира қоламан-да! Нима қипти? Шунча пул тешиб чиқармиди?»

Умрида бу қадар катта пулни кўрмаган одамнинг шу тобдаги ҳолатини тушунса бўларди.

Обиджон ҳаяжондан юраги қинидан чиққудек бўлиб борар, гўёки оёғи ерга тегмай, ҳавода парвоз қилиб кетаётгандек эди.

Шаҳарга тун чўккан. Машиналар қатнови ҳам бирмунча камайган. Обиджон кетиб бораётган йўлак бўйлаб гоҳи-гоҳида дўконга ёхуд автобус бекатига шошилаётган кимсаларни учратиш мумкин эди, холос.

Шу пайт қайсидир уй бурчагидан тўрт нафар барваста, ўзи тенги йигитлар чиқиб, тўғри Обиджон томон кела бошлашди.

У юраги ниманидир сезган кўйи дипломат тутқичини маҳкамроқ сиқиб қадамини тезлатди.

Йигитлар яқин келганида ўнг тарафда сигарет чекиб келаётгани кутилмаганда Обиджонга урилиб кетди.

Обиджон қалқиди-ю, тез ўзини тутиб йигитга ўқрайиб қўйди.

Унинг жаҳли чиққанини пайқаган йигитлар бараварига тўхтаб Обиджонни ўраб олишди.

— Ҳа, анграйиб қолдинг? — дўқ аралаш сўради ўртада келаётган жингалаксоч. — Бор, кетавер!

— Бунинг томи кетган, шекилли, — луқма ташлади бошқаси. — Қаерликсан? Нима олиб кетяпсан?

Обиджон йигитларга бир-бир қараб олди-да, вазиятни юмшатиш ниятида кулимсиради.

— Майли, болалар, ҳечқиси йўқ! Кечиринглар, урилиб кетдим! Узр!

— Нима? Узрингни онангга айтасан! — жингалаксоч жиддий тортиб унинг ёқасидан олди. — Нима олиб кетяпсан деб сўради акаларинг! Нега индамайсан?

— Мен, талабаман, — деди Обиджон босиқлик билан. — Дарсдан келяпман.

— Дарсдан? Қани, дафтар-китобларингни кўрайлик-чи, неча баҳо олдинг экан бугун!

Йигит тўсатдан дипломатни чангаллаб тортқилай бошлади.

— Қўйвор! — жаҳл билан унинг қўлидан тутиб нари суриб ташлади Обиджон. — Ҳаддингдан ошма!

— Нима? Ҳой, болалар, бу нима деди-а?

— Э, шу келгинди билан пачакилашиб ўтирамизми? Олинглар қўлидагини!

Кўз очиб юмгунча ўртада муштлашув бошланди. Бироқ Обиджон аллақачон ўзини тутиб олган ва бу олишувга тайёр эди. Икки-уч тепки келиб тушганидан сўнг бир қўли билан йигитлардан бирини маҳкам бўғиб олди. Оёғи билан эса рўпарадан келаётганини тепди.

Кўпчилик — кўпчилик экан. Қолган икки йигит унинг орқасидан келиб зарба йўллади. Орқа миясига келиб тушган мушт туфайли Обиджоннинг дипломат тутган қўли бўшашиб тутқични қўйиб юборди.

Йигитларга шу керак шекилли, дипломатни олишди-ю, жуфтакни ростлаб қолишди. Обиджонни бўғиб тургани ҳам олиша-олиша унинг чангалидан чиқиб қочишга муваффақ бўлди.

Махсус топшириқни охиригача уддалай олмаган Обиджон худди боши берк кўчага кириб қолган кимса каби йўлакда қотиб турар, нима қилишни, қаерга чопишни. билмасди.

— Қўй, қайғураверма! — у беихтиёр орқасига ўгирилиб, қаршисида яқин-яқинларда ўзига илк топшириқлар берган ва қўлига ижарада яшаши лозим бўлган квартира калитини топширган эркакни кўрди.

У жилмайган кўйи Обиджонга қаттиқ тикилиб турарди.

— Сен ўз вазифангни адо этдинг! — давом этди эркак. — Яхшигина муштлашаркансан! Баракалла! Пуллар бизнинг қўлимизда, безориларда эмас!

— Нега бундай қилишди? — жаҳл аралаш сўради Обиджон. — Яхшиликча келиб ўзларини таништиришсаям бўларди-ку!

— Тўғри, бўларди. Бироқ бу мумкин эмас. Ташкилотимиз раҳбари тақиқлаб қўйган. Қолаверса, сени бир текшириб кўрмоқчи бўлдик. Бундан ташқари, сен пулларни квартирага олиб борсанг, ҳаётинг хавф остида қолиши мумкин эди. Биз шунинг олдини олдик!

— Хўш, энди мен бўшманми? — сўради Обиджон ёқасини тўғрилаб тимдаланган юзларини дастрўмолча билан арта-арта. — Юртимга кетаверсам бўлар?

— Нима? Қиз-чи? Қиз нима бўлади? — кулди эркак. — Тўй яқин-ку, куёв бола!

— Менга ҳеч нима керакмас. Уйимга етиб олсам бас. Шунинг ўзи етади.

— Йўқ, — деди эркак, — ҳали зиммангда янги-янги вазифалар турибди. Ишингни охирига етказганингча йўқ. Шунинг учун ҳозир квартирангга боргин-да, тўйга тайёргарлик кўравер! Эшитишимча, бўлғуси қайнотанг тўйни шу кунларда бошлаш ниятида эмиш. Айтганча, ҳали қайнотангнинг кирдикорларини тўлиқ очганингча йўқ. Ишни охирига етказиш керак, йигит!

Обиджон индамади. Суҳбатни чўзиб ўтиришга хоҳиши қолмаганди.

Эркак билан совуққина хайрлашган бўлди-ю, йўлида давом этди.

Нияти борибоқ Натальяга қўнғироқ қилиш, унинг нима қилаётгани билан қизиқиб кўриш эди.

 

 

* * *

 

 

Бир маҳал чорраҳага етай деб қолганида, икки милиционернинг кимнидир ўртага олиб ҳужжатларини текшираётганига кўзи тушди ва таққа тўхтади.

Куртка кийган, паканадан келган, сочларини ўстириб олган бу йигит кўзига таниш кўринарди.

Обиджон қизиқсиниб янада яқинроқ борди.

— Ие, бу Йўлдош-ку! — дея югуриб кетди у ҳамқишлоғи эканини таниб. — Нима қилиб юрибди, сувчининг ўғли?

Ҳақиқатан, бу йигит Обиджонлардан уч-тўрт уй нарида турадиган Самин сувчининг ўғли, ўзининг синфдоши эди.

Обиджон бегона юртда яқин кишисини кўриб қолгани сабабми, милиционерлар ҳам кўзига кўринмай, ҳаш-паш дегунча Йўлдошнинг ёнига етиб борди.

— Йўлдош! — дея бақирди у жонҳолатда дўстини қучиб. — Сенмисан?

— Ие, Обид?

Йўлдош ҳам кутилмаган учрашувдан қувониб Обиджон билан кўриша кетди.

Милиционерлар эса ҳайрат аралаш уларни кузатиб туришгач, бири кутилмаганда Обиджоннинг билагидан тутиб нари сурган бўлди.

— Қоч, йигит, халал берма бизга! — деди дўқлаган оҳангда. — Кимсан ўзинг?

— Менми? Бу йигит менинг дўстим! Ҳамқишлоғим-ку! Йўлдош, нима бўлди?

— Ҳужжатларимни текширишяпти, — деди Йўлдош қўл силтаб. — Сира келиша олмаяпмиз.

— Илтимос, акалар, — милиционерларга юзланди Обиджон, — дўстимни қўйиб юборинглар! У бизникига меҳмонга келган!

— Нима бўпти меҳмонга келса? — дағдаға қилди иккинчи милиционер.

— Бўпти, сиз бир дақиқага юринг! — Умрида милиция ходимини четга тортиб кўрмаган Обиджон дағдаға қилган ходимни четга олиб бориб қулоғига шивирлади. — Айтинг, қанча берсам, уни қўйиб юборасизлар?

— Нима бало, пулинг шунча кўпми, бойваччалик қилиб қолдинг?

— Пулим-ку, кўп эмас. Аммо дўстимни олиб кетмасам бўлмайди. Уйдагилар кутиб қолишди. Шаҳарни яхши билмасди. Ҳеч кимга билдирмай айланишга чиқиб кетиб қолибди.

— Шунақами? — милиционер Йўлдош ва шериги турган томонга кўз қирини ташлаб олгач, қайтадан Обиджонга юзланди.

— Йигирма беш берасан.

— Гап йўқ! — Обиджон бу гапдан мамнун бош чайқаб чўнтагидан битта йигирма бешталик чиқариб секин милиционернинг қўлига қистирди. — Мана, энди олиб кетаверайми?

— Билганингни қил! Фақат дўстингга айтиб қўй, кейинги сафар қадамини билиб боссин!

— Албатта, айтаман!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here