ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (33-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Обиджон Йўлдошни етаклаб истироҳат боғига ўтди ва улар ўриндиқлардан бирига ўтиришди.

— Бу ерларда нима қилиб юрибсан? — сўради Йўлдош Обиджонга бошдан-оёқ разм солиб. — Нега уйингга қайтмадинг, хумпар?

— Э, ишларим кўп, — деди Обиджон. — Биласан-ку, тоғам раҳматлининг ўлими сирларини аниқлашиб керак. Кейин янгамнинг жасадини ё қабрини топмасам бўлмайди.

— Сен қанақа шафқатсизсан ўзинг? — Обиджонни уриша кетди Йўлдош. — Қишлоқда сени ҳамма ўлдига чиқариб қўйган. Аянг бечора ўзини қўярга жой тополмайди. Ҳар куни йиғлагани-йиғлаган. Инсофинг борми ўзи?

Обиджон оғир хўрсиниб ерга боқди.

— Биламан, аямга қийин бўлди. Бироқ бу ерда ўзимгаям осон кечаётгани йўқ. Ҳар куни шаҳар кезаман, изланаман. Аммо ҳозирча ҳеч нарсага эришганимча йўқ.

— Бекорга овора бўляпсан, — деди Йўлдош. — Тоғангнинг ким бўлганини қишлоқдагилар аллақачон билишган.

— Нима?.. Хўш, ким бўлган экан?

Бу саволни Обиджон атайин ўртага ташлаганди. Биларди, агар ўзи тилидан илинадиган бўлса, кечирилмайди. Эртами-кечми, ташкилотдагиларга жавоб бериши керак. Шу сабабли гўё ҳеч гапдан бехабар одам каби Йўлдошнинг оғзига тикилди.

— Тоғанг жосус бўлган экан. — давом этди Йўлдош.

— Сенга ким айтди буни?

— Дадамнинг дўстларидан бири ҳарбий комиссариатдаги танишидан тасодифан эшитиб қолибди. У айтибдики, жосусларнинг ҳаммаси худди сенинг тоғангга ўхшаб хор бўлиб ўлишаркан.

— Менга қара, — кутилмаганда Йўлдошнинг ёқасидан олди Обиджон, — бу гапни иккинчи марта тилингга олмагин, уқдингми? Менинг тоғам хор бўлиб ўлгани йўқ.

— Бўпти, айтдим-қўйдим-да! Сен бунақанги ақллилик қилгандан кўра, аянгдан хабар ол!

— Менга ўргатма, ўзим биламан нима қилаётганимни!

— Шунақами? Унда яхши қол! — Обиджоннинг муомаласидан қаттиқ ранжиган Йўлдош зарда билан дуч келган томонга кета бошлади. — Мен учун милисаларга тўлаган пулингни қишлоқда қайтараман! Тағин қўрқиб юрмагин!

Обиджон уни қайтармади. Чунки, тоғаси ҳақида бу қадар совуқ гапларни эшитиш жуда алам қилганди.

У Йўлдош кетган тарафга маъюс тикилганича қотиб тураверди.

Йўлдош ўнгга қайрилиб, бошқа кўчага кирди.

Шу пайт ниманингдир тарақлагани, кимнингдир баланд овозда бақиргани қулоғига чалиниб дўсти кетган кўчага қараб чопди.

Лекин у ергача етиб бора олмади. Орқадан ўқдай учиб келган машина унинг рўпарасида тормоз берди-ю, ичкаридан икки эркак яшин тезлигида отилиб чиқиб Обиджоннинг икки қўлтиғидан олишди ва машинага тиқиб эшикни ёпишди.

Вазият бу қадар тез ўзгариб кетишини кутмаган Обиджон шошиб олд ўриндиқда ўтирган кимсага боқди.

Бу махфий алоқа қутиси ёнида қачонлардир учрашиб суҳбатлашган йигит — яъни, ташкилот вакилларидан бири эди.

— Сен ошиқма! — деди йигит. — Дўстим деганинг бизнинг ташкилот тўғрисида гапириб қўйди. Бундай қилиши керак эмасди. Энди унинг тақдири сени қизиқтирмай қўя қолсин. Негаки, ундайлар бир кун келиб сениям сотишдан тойишмайди. Менга қара, сен ҳозироқ банкка жўна! У ерда ҳали қиладиган бир талай ишларинг бор! Қадамингни ўйлаб бос! Энди машинадан туш!

Обиджон худди карахт кимса каби гандираклаган кўйи машинадан тушиб нари кетди.

У бир нарсага ҳайрон эди.

Қандай қилиб Йўлдош билан ўрталаридаги суҳбатни эшитишди. Қандай қилиб?

 

 

* * *

 

 

Обиджон ҳовлиққанича Натальяникига етиб келди. У қиздан жуда хавотирда эди. Касали қўзғаб қолишидан, кимсасиз уйда бир ўзи беҳуш ётиб нобуд бўлишидан чўчирди. Шунинг учун дарвозадаги қўнғироқни ҳам чалиб ўтирмай югуриб ичкарига кирди.

Ичкарида эса Наталья ёлғиз эмас экан. Банкир аллақачон ишдан қайтган, ошхонада ота-бола бамайлихотир овқатланиб ўтиришарди.

— Қаерларда юрибсан, Сарсен? — Обиджонни кўриб Григорий Михайлович шоша-пиша ўрнидан турди. — Биз сендан хавотир олиб ўтиргандик.

— Ишлар чиқиб қолди, — дея секин бориб Натальянинг ёнидаги курсига ўтирди Обиджон. — Кутдириб қўйган бўлсам, узр!

— Сарсен, дадам сени ўзига ёрдамчи қилиб олмоқчи! — кулимсираб Обиджоннинг сочларини силади Наталья.

— Нима?

— Ҳа, эртадан бошлаб сен банк бошқарувчисининг ёрдамчиси бўлиб иш бошлайсан, — деди Григорий Михайлович. — Қара-я, билмасканман. Сени банкимиз боғида ўт-ўланларни ўриб, дарахт оқлаб юришингдан буткул бехабар эканман. Бугун тасодифан эшитиб қолдим. Сенга ярашмайди бу ишларга ўралашиб юриш. Энди банк иши билан банд бўласан.

— Раҳмат сизга, Григорий Михайлович! — бош эгди Обиджон. — Бу яхшиликларингизни ҳеч қачон унутмайман!

— Миннатдорчилик билдиришга ҳали эрта. Тўйни ўтказайлик, ана ўшанда айтаверасан раҳматингни, тўғрими, қизим?

Наталья жавоб ўрнига секин ўрнидан туриб бориб отасининг бўйнидан қучоқлаб олди.

— Сизни жуда-жуда яхши кўраман!

 

 

* * *

 

 

Орадан бир ҳафта ўтди. Обиджон шу вақт оралиғида банк бошқарувчиси бажариши лозим бўлган барча юмушларни ўрганиб чиқди. Маълум бўлдики, ёрдамчи банкирнинг барча очиқ-ёпиқ мажлисларида иштирок этаркан. Бу Обиджон амалга ошираётган ишга жуда катта ёрдам бериши мумкин эди. Айниқса, Григорий Михайловичнинг сўнгги кунларда трактор заводини пойтахтдаги корчалонлар кўмагида сотиб олиш ва у ерни деярли ўз мулкига айлантириб, катта фойда олиш ҳаракатида юргани жосуслар ташкилоти раҳбарларини қизиқтирарди. Бу ишда энди фақат Обиджонгина уларга катта ёрдам бериши мумкин эди.

Ниҳоят кутилган онлар яқинлашиб, Москвага икки кунлик сафар билан жўнаб кетган Григорий Михайлович банкка қайтиб келди ва ўринбосарини ҳузурига чорлади.

Обиджоннинг кабинетда бўлиши ҳам шарт эмасди. Негаки, эшитиш мосламаси чўнтагида, ичкарида эса микрофон. Улар кириб кетишлари билан гўёки радио эшитмоқчидек мослама симларини қулоқларига тиқди.

Биларди, банк ходимлари қабулхонага бостириб кириб кела олишмайди. Оҳиста киришади-да, аввал рухсат сўрашади. Албатта, овозларини кўтармаган ҳолда сўз қотишади.

Обиджон шуни билса-да, барибир эҳтиёт шарт — эшикни ёпиб қўйди ва мослама тугмачасини босди.

— Хўш, Григорий Михайлович, ишлар қалай? — бу ўринбосарнинг овози эди. — Марказдагилар хафа қилиб қўйишмадими?

— Бе, бу дунёда олмайдигани бор эканми? — кулди Григорий Михайлович. — Ўзимиз ҳам пора олишни, қандай вазиятда, қай кўринишда, қай тартибда олишни ўшалардан ўрганганмиз-ку! Хуллас, уларга юз минг таклиф қилгандим, шошиб қолишди. Қонунниям, қарорларниям, диёнатниям унутишди. Эртаси куниёқ ҳамма ҳужжатларга имзо қўйиб оқ фотиҳа беришди.

— Ў-ў, бунақаси бўлмаган! — қарсак чалиб юборди ўринбосар. — Баҳоси йўқ, уддабурон одамсиз-да, Григорий Михайлович. Офарин! Офарин!.. Фақат..

— Нима фақат?

— Энди анови ярамасларни нима қиламиз?.

— Кимни назарда тутяпсан? — асабий оҳангда сўради Григорий Михайлович.

— Валерани-да! Уям осонликча жон беришни истайдиганлардан эмас.

— Ким марказнинг буйруғига қарши чиқа олади-а?! Ахир, ҳаммасини ҳал қилиб келдим-ку!

— Тўғри, ҳал қилиб келдингиз. Лекин у ярамас сизга қарши фитна уюштиришиям мумкин-да! Эшитишимча, ўша Валеранинг тансоқчилариям бор эмиш! Шаҳарда бир нечта, истаган пайтида ёллай оладиган мерганлариям йўқ эмасмиш!

— Сен буни қаердан билдинг?

— Йигитларимиз гап топиб келишди. Шундай экан, биз ҳам ҳушёр турганимиз маъқулмикан, дейман-да!

— Тўғри айтасан, — курсининг ғирчиллаб қўйганидан Обиджон сездики, Григорий Михайлович ўрнидан турди. — Унда қулоқ сол, бугун Сарсенни ёнингга олгин-у, тўрт нафар тансоқчи ёлла. Ундан кейин биз ҳам ўшанақанги мерганлардан иккитасини топиб қўйсак зиён қилмас. Нима дейсан?

— Тўппа-тўғри! Ортиқчалик қилмайди.

— Хўп, кечиктирмасдан ҳозироқ Сарсенни олиб ишга кириш!

— Хўп бўлади!

Суҳбат якун топганига амин бўлган Обиджон тезда қулоғидагиларни олиб чўнтакка тиқди-да, курсисига ўрнашиброқ ўтириб, ўринбосарнинг чиқишини кута бошлади.

 

 

* * *

 

 

— Сарсен, сенда гап бор, — деди ўринбосар ичкаридан чиқибоқ. — Юр, кабинетимга кирайлик!

Обиджон стол устидаги майда-чуйда қоғозларни тортмага жойлаган бўлиб ўринбосарнинг кетидан эргашди.

— Ҳозир сен билан бир жойга бориб келишимиз керак, — мақсадга кўчди ўринбосар эшикни ичкаридан тамбалаб курсига ўтираркан.

— Қаерга? — атайин сўради Обиджон ўзини гўлликка солиб.

— Бу жуда муҳим топшириқ. Сен билан биз шеф учун махсус тансоқчилар ёллашимиз керак бўлади. Ундан кейин киллер ҳам.

— Ие, киллерни нима қиламиз?

— Буёғи бизнинг ишимиз эмас. Григорий Михайловичнинг шахсан ўзи ҳал қилади.

Обиджон чўнтагидаги овозлар ёзиб олинган ускунани яна бир карра текшириб олгач, ўринбосарнинг ортидан ташқарига йўл олди.

 

 

* * *

 

 

Улар машинада ярим соатлар чамаси йўл босиб тўққиз қаватли уйлардан бири ёнида тўхташди.

— Мана шу ерда яқин танишларим яшашади, — Обиджонга тушунтирган бўлди ўринбосар. — Пихини ёрган йигитлар. Ғирт босқинчи деса ҳам бўлади.

— Ҳаммаси равшан, — деди Обиджон бош чайқаб. — Демак, Григорий Михайлович ўзлари учун армия тузмоқчи экан-да!

— Бу нима деганинг? Бутун банкни ўйлаб шундай қиляпти у киши! Бўпти, юр-чи!

Тўққизинчи қаватга лифтда кўтарилишди ва ўринбосар ўнг томондаги темир эшик қўнғироғи тугмачасини қайта-қайта босиб қўйиб юборди.

— Ким у? — ичкаридан эркак кишининг дўриллаган овози келди.

— Биз, ўзингникилармиз! — деди ўринбосар. — Боря, сенмисан?

Овоз соҳиби жавоб қайтариш ўрнига эшикни очди.

Уларнинг рўпарасида елкалари-ю, билакларигача игна билан турли суратларни чизиб олган, қиррабурун, ўрта яшар эркак ҳозир бўлди.

— Ҳа, сизмидингиз? — ўринбосар билан қучоқ очиб кўришган бўлди у. — Анчадан бери биз ғарибларни йўқламай қўйгандингиз. Шунинг учун овозингизни танимадим.

— Ҳа, Боря, — ўринбосар қаршисидаги эркакнинг сўзларини маъқуллади. — Ишлар кўпайиб кетди! Хафа бўлмайсан!

— Бу ким? — сўради Боря Обиджонга ишора қилиб.

— Бу йигит ўзимиздан.

— Қани, унда ичкарига кирайлик! — Боря эшикни каттароқ очиб ўринбосарни квартирага бошлади.

 

 

* * *

 

 

Ўринбосар Обиджоннинг гувоҳлигида тўрт нафар тансоқчи ва бир киллерни ёллаб, Борянинг ҳақини ҳам квартиранинг ўзида қўлига тутқазди. Эркак йигитларнинг суратларини унга кўрсатиб, шу кунгача эришган натижалари билан яқиндан таништирди. Шундан кейингина улар хайр-хўшлашиб квартирадан чиқишди.

Обиджон учун буларнинг барчаси ҳам қизиқарли, ҳам қўрқинчли эди. Айниқса, «Бўрон» лақабли киллернинг натижаларини эшитганида, шу пайтгача йигирма беш нафар одамнинг ёстиғини қуритганидан воқиф бўлганида, ҳайрон қолди. Ахир, бу ишлар ғирт жиноят-ку! Нега улар шунақа хавфли ишларга ҳам хотиржамлик билан ёндашишади? Қўрқишмайдими? Нега? Пуллари кўплиги сабабми?

Обиджон жумбоқли саволлар исканжасида ўзи кириши лозим бўлган подъездга яқинлашиб келганида, уни қора куртка, қора кепка кийган бир йигит тўхтатди.

— Мен махфий алоқа қутисидан келдим, — ўзини жосусларга хос сирли равишда таништирди йигит.

Бу сўзлар Обиджонга ҳам ёд бўлиб кетган, кўникиб қолган. Сира ўзини йўқотмасдан, йигитдан сўради:

— Нима гап?

— Биринчидан, сиз менинг қўлимга бугунги иш натижаларини топширишингиз лозим.

— Шу ерда-я?

— Хоҳласангиз, уйингизга киришимиз ҳам мумкин.

— Албатта, ичкарида гаплашмасак бўлмайди. Юринг!

 

 

* * *

 

 

— Сиз ўзи кимсиз? — сўради Обиджон уйга кириб йигитни ўтиришга таклиф қиларкан. — Ўзингизни таништирарсиз, ҳеч бўлмаса?

— Мен резидентман, — жавоб қилди йигит. — Бугундан эътиборан сенинг раҳбаринг ҳисобланаман.

— Исмингиз?

— Исмимни билишинг шарт эмас. Юз тузилишимни, товушимни эслаб қолсанг кифоя.

— Тушунарли.

— Энди яхшилаб қулоқ сол. Сен иш олиб бораётган банк раҳбари яна бир катта жиноятга қўл урганидан хабардорман. Лекин шуниям унутмагинки, банкир тилга олган ва курашмоқчи бўлаётган ўша Валераям фаришта эмас. Унинг заводида кўплаб жиноятларнинг излари беркиниб ётибди. Сен бир тўла ўша Валеранинг ҳам сирларини фош этишинг керак.

— Қандай қилиб? Ахир, мен…

— Банкир бу ишга сениям жалб этади. Сен бўлсанг, унинг душманларига сотиласан. Яъни, Григорий Михайловичнинг яширинча олиб бораётган ишларидан баъзиларини уларга етказасан. Қарабсанки, уларнинг сенга нисбатан ишончлари ортиб ҳамкорлик қилгилари келиб қолади. Шу баҳонада сен ўз ҳаракатингни амалга ошираверасан.

— Уқдим, — деди Обиджон бошини қашиб. — Бироқ бу анча мушкул иш. Григорий Михайловичнинг кўзларига қандай қарайман?

— Билиб қўй, сенинг ишингда уят, номус, андиша деган майда-чуйда ҳиссиётлар асосий ўринни эгалламаслиги керак. Энди мановини олиб қўй!

Резидент сумкачасидан бир даста элликталик чиқариб Обиджонга узатди.

— Буни нима қиламан? — ҳайрат аралаш сўради Обиджон. — Кўп-ку!

— Йўл-йўлакай шундай вазиятлар пайдо бўладики, пулсиз чиқиб кетолмайсан. Ўшанда асқотиб қолади.

Обиджон учун ҳақиқатан бунча пул ваҳимали туюларди. Сабаби оддий: қишлоқда ўсган. Бироқ қишлоқнинг манаман деган бойида ҳам эллик минг сўм пул ҳеч қачон бўлмаса керак.

«Бу нусха жа борса икки-уч ёшгина катта мендан, кўнглидан кечирди Обиджон Резидент чиқиб кетгач. Чўнтаги эса пулга тўла. Тўхта, мабодо шу пулларнинг бир қисмини уйга жўнатиб юборсам-чи! Аям роса хурсанд бўларди. Боргандан кейин уйимизни қаср қилиб юборардик. Э, нималар деяпман? Орқамдан соядай эргашиб юришади-ку булар! Алоқа бўлимларини текширмай қўйишармиди! Майли, омон бўлсам, уйгаям пул ишлашга имкон топарман. Бировнинг берган пули буюрармиди!»

Обиджон эртанги ишларини хомаки режалаштирган бўлиб, секин залга кирди ва Натальяга қўнғироқ қилиш мақсадида телефон гўшагини кўтарди.

 

 

* * *

 

 

Эртаси куни Григорий Михайлович ёлланган тансоқчилар ва ўринбосари ҳамроҳлигида ёғ заводи директори Валеранинг дала ҳовлисига йўл олди. Улар орасида Обиджон ҳам бор эди

У авваллари бу қадар хунук манзарани сира кўрмаган. Ўртада банкир, икки ёнида барваста тансоқчилар, орқада эса Обиджон ва ўринбосар шошилмасдан ҳовлига кириб боришарди. Ташқаридан қараган одам қандайдир мафиячилар келяпти, деб ўйлаши турган гап.

Уларни ҳам Валеранинг қўриқчилари кутиб олишгани банкирнинг жаҳлини чиқариб юборди.

— Қара, — деди у ўринбосари томон ўгирилиб, — ҳозирдан қўриқчиларгача қўйиб ташлабди уйига. Шунчалик пули кўпмикан бу нусханинг?

— Пули кўп-озлигини билмадим-у, — жавоб қилди ўринбосар, — лекин ўта муғомбир ва мунофиқлигидан хабарим бор.

— Шунақа дегин? — кибр билан дала ҳовлини кўздан кечирган бўлди банкир. — Кўрамиз, бизни кўрганида қай аҳволга тушаркан!

Аммо Валера уларни кўриб ҳам бир туки ўзгармади. Аксинча, ялтироқ матодан тикилган шалвар чўнтагига қўл солган кўйи олдин барчани бир-бир синчиклаб кўздан кечирди. Сўнгра банкирга юзланди:

— Келинглар, — сўрашиш учун истамайгина қўл узатаётиб сўради у. — Қайси шамоллар учирди бизнинг кулбаларга?

— Сен томонларда жуда кучли шамол турди, сезмадингми? — заҳархандалик билан Валерага сўз қотди банкир.

— Йўқ, негадир пайқамабман.

— Пулларинггача учириб бутун шаҳарни босиб ётибди-ку! Ҳатто, ўша ташландиқ заводгача учириб борибди.

— Ҳа-а, гап буёқдами? — совуқ тиржайди Валера. — Шу гапингиз бор экан, дарҳол айтиб қўя қолмайсизми? Қани, ичкарига марҳамат қилсинлар!

— Йўқ, — банкир кескин бош чайқади, — вақтимиз жудаям зиқ. Шу ер ҳам бўлаверади бизга.

— Қаҳва-паҳва дамлаб меҳмон қилардим.

— Менга қара, Валера, — мақсадга кўчди банкир. — Сени огоҳлантириб қўяй, трактор заводига бошқа кўз олайтирма! Акс ҳолда йигитларим иккала кўзингниям ўйиб олишлари мумкин!

— Ха-ха-ха-ха! — беихтиёр овозининг борича кулиб юборди Валера. — Бу гапни сиздан кутмагандим, Григорий Михайлович, кутмагандим!

Ва бирдан жиддий тортиб банкирга яқин келди.

— Янглишяпсиз, жаноб, янглишяпсиз! Ҳали менинг кўзларимни ўйиб оладигани онасидан туғилган эмас. Ё ишонмайсизми?

Валера секин ортига ўгирилиб, бир марта қарсак чалди. Шу заҳоти уйнинг иккинчи қаватдаги болахона деразалари очилиб, бир эмас, тўртта автоматнинг учи кўринди.

— Кўрдингизми? Агар ҳозир буйруқ берсам, ҳурматли банкир эканингизгаям қараб ўтиришмайди. Сиз бир нарсани унутманг! Ҳозир мамлакат инқироз ботқоғи тепасида турибди. Башарти отни қамчилаб қолмасангиз, кўз очиб юмгунча бошқа замонлар кириб келади-ю, сизниям, мениям чилпарчин қилиб юборади. Йўқ, сиз мана бу қуролланган йигитлар ҳақидаям ёмон хаёлларга борманг! Милисага бераман, деб ҳам ўйламанг! Овора бўласиз. Милисалар ҳам аллақачонлар ўзгарган. Уларнинг ҳам тирикчилиги бор, шу ҳақда кўпроқ ўйлай бошлашган. Ҳали шундай кунлар келадики, мана шу қуролланган йигитларсиз ҳеч иш қила олмай қоласиз. Завод масаласига келсак, бекорга ўзингизни қийнаманг. Завод меники ва уни мендан ҳеч ким тортиб ололмайди.

— Шунақами? — банкир деразадан чиқарилиб ўзи ва ёнидагиларга тўғрилаб қўйилган автоматларга бир қараб олди-да, қўл силтади. — Яхши, бу гал сен ютдинг. Лекин билиб қўй, биз яна учрашамиз сен билан. Қани, ўшандаям ҳозирги билағонлигингни кўрсата олармикансан?! Омон бўл!

У Обиджон ва ўринбосарга «кетдик» ишорасини қилиб дарвоза томонга юрди.

 

 

* * *

 

 

Энди Обиджон асосий ишни ҳам унутиб қўймаслиги лозим эди. Валеранинг дала ҳовлисига келиш йўлларини билиб олгач, эртаси куниёқ такси тутиб шу манзилга етиб келди.

Вақт шомдан ошганди. Дала ҳовлисидаги кўча чироқлари ҳам ёқиб қўйилган. Дарвоза ёпиқ.

Обиджон такси билан ҳисоб-китоб қилгач, ўзича бироз мулоҳаза қилган бўлиб дарвозага яқин борди ва қўнғироқ тугмачасини босди.

Шу ондаёқ зулфин суғурилиб кечаги қўриқчи йигит пайдо бўлди.

— Сенга ким керак? — дўқлаган оҳангда сўради у Обиджондан.

— Ким бўларди? Валера керак.

— Кимсан?

— Кимлигимни жуда яхши билиб турибсан, — деди Обиджон бўш келмай. — Кеча кўрганинг!

— Нима ишинг бор хўжайинда?

— Бунинг сенга аҳамияти йўқ. Яхшиси, хўжайинингга айт, унга етказадиган зарур хабарим бор!

— Бўпти, шу ерда кутиб тур!

Қўриқчи қайтадан дарвозани ёпди-да, ичкарига кириб кетди.

Бу орада Обиджон гапни нимадан бошлаш муҳимлиги ҳақида бир қарорга келиб ҳам олди.

— Киравер, сени кутяпти хўжайин! — ниҳоят чиқиб Обиджонни ичкарига таклиф этди қўриқчи.

Обиджон дадил қадамлар билан турк гиламлари тўшаб қўйилган мармар зиналардан кўтарилиб Валера ўтирган хонага кириб борди.

— Сени кеча анови банкирнинг ёнида кўрмаганмидим? — сўради Валера совуққина салом-аликдан сўнг.

— Ҳа, ўшанинг ёнида эдим, — жавоб қилди Обиджон.

— Хўш, бугун нега бир ўзингни жўнатди банкир?

— Мени у жўнатгани йўқ. — деди Обиджон Валерага тик боқиб. — Ўзим келдим.

— Нима учун?

— Муҳим хабарни етказиш мақсадида.

— Қанақанги хабар?

— Индинга банкир сизни овлоқ бир жойга таклиф этиш ниятида. Лекин тўртта жойга пистирма ўрнатилган. Улар машиналарингизни портлатиб юборишмоқчи.

— Нима? Шу замонда ўша Гриша портлатишга қандай журъат этаркин? Милисалардан ўлгудай қўрқади-ку!

— Бунисини билмадим, — деди Обиджон.

— Сен қаердан билдинг бу гапларни?

— Чунки, мен унинг ёрдамчиси бўлиб ишлайман.

— Ие, ҳа, ўша сенмисан? — кулди Валера Обиджонга қаттиқроқ тикилиб. — Анови, нимайди… Гришанинг қизига ошиқу беқарор бўлиб юрган-а?

— Шундай десаям бўлади, — жилмайиб қўйди Обиджон.

— Менга қара, нега энди сен бўлғуси қайнотангнинг сирли ишлари ҳақида мени огоҳлантиришга қарор қилдинг? Сабаби борми?

— Сабаблари кўп. Уни кўришга кўзим йўқ. У жуда хасис ва мунофиқ одам.

— Шунақами?

Валера бош чайқай-чайқай, бир муддат Обиджонни зимдан кузатиб қолди. Кузатганда ҳам бошдан-оёқ, кўз қарашларию, пешанасидаги баъзи ўзгаришларгача эринмасдан назар солди. Ва ниҳоят худди уйқудан уйғониб кетган одам каби бир силкиниб бошини кўтарди.

— Шунақа дегин? — шошилмасдан сўз бошлади у. — Вой, Гриша-ей! Оббо, айёр-ей! Ҳа, майли, сен менга яхшилик қилдинг, йигит! Мен яхшиликни унутиб юборадиган одамлардан эмасман. Сенга бир ажойиб таклифим бор.

— Қулоғим сизда, — деди Обиджон иш енгил кечаётганидан қувониб.

— Менга хизмат қилмайсанми?

— Қ-қанақасига? Ахир мен…

— Биламан, сен банкирнинг қўлида ишлайсан. Бу ишингга халал бермайман. Сен бугунгидек Гриша ҳақида ноёб ахборотлар йиғиб келасан. Шундай хабарлар бўлиши керакки, яқин орада мен уни синдириб ташлай. Ва қайтиб заводга оғиз сола олмайдиган аҳволга тушсин!

— Яхши пул тўласангиз, розиман! — деди Обиджон ўйлангандек.

— Пул дейсанми? Сенга шундай ҳақ тўлайманки, кечаю-кундуз ичида сузиб юрасан, йигит! Эсингдан чиқарма, мен душманларимни йўқ қилиш йўлида пул аямайман!

— Розиман!

— Жуда соз! — Валера кафтларини бир-бирига ишқалаб Обиджоннинг елкасидан тутди. — Қани, юр ичкарига! Сен билан келишувимизни ювамиз, юр, тортинма! Мен тортинчоқларни ёмон кўраман!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here