БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ?..

0

 

 

ТЎТИХОННИНГ ТАНГОСИ

(ҳажвия)

* * *

 

 

Қиш. Ҳаммаёқ оппоқ қор билан қопланган. Қишлоқ кўчаси бўйлаб ризқини териб юрган қора қарға бир четда титрабгина турган тўтини кўрди-ю, ҳайратдан қағиллаб юборди.

— Тўтихон, кўчада нима қиляпсан? — сўради у тўтининг теварагида тинимсиз айланиб. — Қафасда ётишинг керак эди-ку! Бир тоза ҳаводан нафас олай дебсан-да?

— Э, Қарғабой ака-ей, — бошини патлари орасига олиб минғирлади тўти. — Куйган юрагимни баттар ёндирасиз-а! Қафасимдан қочдим, оға!

— Аҳмоқмисан? Нимага қочдинг?

— Бир хил ҳаёт жонга тегди. Ҳали хўжайин хотинини сўкишга мажбур қилади. У кетса, кеннойи келади-да, қарғиш ўргатади. Эри келди дегунча қарғашим керак. Оға, ҳали кеннойидан, ҳали хўжайиндан калтак еявериб тўйиб кетдим. Уч кунлаб на дон, на сув беришарди. Айбим битта. Икковлариниям сўкканман. Ахир, буйруқни бажардим, оға! Мен кичкина тўти бўлсам! Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку!

— Ҳа-а, — оғир хўрсиниб қўйди қарға. — Сенга қийин бўпти, тўтихон. Хўш, энди нима қилмоқчисан?

— Оға, калламга зўр фикр кеп қолди.

— Қанақа фикр?

— Қаранг, замонамиз жуда ажойиб! Биз қушларга эркинлик берилди. Кўчада юрсангиз, ҳеч ким рогаткадан тош отмайди, овчиларнинг тўри тешилди. Ўзимиз хоҳлаганча тирикчилик қила оладиган бўлдик. Тўғрими?

— Ҳа, ҳақсан, тўтихон. Мана, менам шунинг учун бурунги йилдагига қараганда анча семирдим…

— Оға, қафасларига ўт тушсин! Ҳофизалик қилсаммикан деяпман. Қушлар даврасида қўшиқ айтиб, ҳаммани хурсанд қилардим. Ризқим бутун бўларди. Ҳамма мени ҳурматлаб тўрга ўтқазарди.

— Ҳофиза? Ў, иштаҳалар карнай-ку! Ҳофизалик қилиш учун овоз, истеъдод деган нарсалар бўлиши керак. Хўш, борми?

— Бир дунё!

— Қани, бир хиргойи қилиб бер-чи!

Тўти «ийқ-ийқ»лаганча айланиб чопа бошлади. Шу қадар берилиб қичқирдики, қарға қанот қоқиб юборди.

— Товушинг чалишроғакан-у, — қарға тўшини қашиб сўз бошлади. — Аммо иложини топса бўлади.

— Нима қилиш керак, оға?

— Билмадим.

— Илтимос, айта қолинг! Ахир, сиз ақлли қарғасиз-ку!.. Оға, балки ўзингиз жўравоз бўларсиз менга-а? Овозингиз жа салобатли!

— Сенгами? Э, йўқ, менинг овозим баритон, сеникига тушмайди.

— Ёлвораман, оға, бир умр қулингиз бўлай, ёрдам беринг!

— Мен жўравоз бўлишим учун ҳомий топишинг керак. Текинга жўравоз бўлмайман.

— Ҳ-ҳомий? — тутилди тўтихон. — Қаердан топаман ҳомийни, оға? Ҳозир…

— Ана, мусичабой акангга учраш! Бир-икки марта атрофини айланиб, исмини айтиб чақирсанг, эриб кетади. Йиғиб қўйганидан пича беради.

— Кейин-чи?

— Ўша берганини менга опкеласан. Қорнимни тўйдириб, тетиклашсам, жўравоз бўлиш-бўлмасликни ўйлаб кўраман.

— Илтимос, ундай деб қўрқитманг, оға!

— Бўпти, олдин опкел!

— Жўравоз бўласизми?

Қарға тумшуғини қийшайтириб, тирноқлари билан ишқалаган бўлиб норози жавоб берди:

— Хўп, кўндирдинг! Сендай ҳурилиқога йўқ деб бўлармиди? Опкелақол атаганингни!

— Ура-а-а!!! Энди менам ҳофиза бўлама-ан!

— Тўтихон, машҳур бўп кетсанг, мени эсдан чиқармайсанми? Олдимга келиб салом-алик қилиб турасанми?

— Албатта, оға!

— Қарагин лекин! Келмай қўйсанг, нақ қарғавораман-а!..

Тўтихон диконглаганча мусичабой акани кўндириш ниятида буғдойзорга жўнади.

 

 

* * *

 

 

Ёзга чиқиб буғдойи ўриб кетилган далада катта концерт бўлди. Концертга ҳатто сичқон, каламуш, мушукларгача келди. Аммо ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Гапнинг индаллосини айтганда, ит эгасини, мушук бувисини танимай қўйди.

Эгасидан беркиниб-пусиб далага келган ит-кучуклар айланасига Тўтихон ҳофизани қўриқлаб турди. У саҳнага чиқиши билан дала қий-чувга тўлди. Сичқонлар чийиллаб ҳуштак урди, мушуклар безовта миёвлаб Тўтихонни олқишлади. Булбул оға эса даланинг тўридан жой олганди. Энг баланд, сершох дарахтга қўниб олганча Тўтихоннинг истеъдодини назардан ўтказарди.

— Ие, Тўтихоннинг овози йўғон эканми? — ёнидаги чумчуқдан сўради зағча. — Жа тоза экан! Унинг овози хирилдоқ эмасмиди?

— Э, унга қарғабой оға жўравоз бўляпти, — деди чумчуқ кеккайиб. — Мусича оға Тўтихоннинг ашулаларини фонограмма қилдирган. Тўтихон ҳақиқий танго яратган. Ана, эшитиб кўринг!

— Э, қуриб кетсин, — тумшуғини терс бурди зағча. — Танго эмиш. Менам ундан яхшироқ ашула айтаман. Ашуланинг мусиқасини булбул оғадан ўғирлабди-ку ноинсоф, сен бўлсанг, танго дейсан-а!

— Ие, — деди чумчуқ чирқиллаб. — Шогирд-да! Ҳамма шогирдам олдин устозининг ашулаларини ўғирлаб айтади. Ўзингизам шунақа танго яратиб қўйинг-чи! Қўлингиздан келармикан?!.

Зағча қанча норозиланмасин, Тўтихон кундан кунга машҳурлашиб бораверди. Тангодан кейин нолали, сўкиниб айтиладиган, айланиб ўйнаб куйланадиган қўшиқлар яратиб ташлади. Уни ёш-яланг ростакамига севиб қолди. Энди тухумдан чиққан жўжалар Тўтихондек ҳофиза бўлишни, ҳали кўзи очилиб-очилмаган кучукчалар унга қўриқчилик қилишни орзулади. Тўтихон эса азбаройи қувониб, тўлқинланиб, ҳаволаниб кетганиданми, энди саҳнадамас, энг бўйдор дарахтларнинг шохига қўниб ашула айтишни одат қилди. Томошага келганларга ўша ердан туриб бош ирғаган ҳолда салом берадиган бўлди.

Афсуски, узоққа бора олмади. Тўтихон бир-икки йилдан кейин негадир модадан қолди. Айтишларича, зағча қасдма-қасдига қизини булбулга шогирд қилиб берганмиш-у, қизи бир зумда таниқли хонандага айланиб, Тўтихонни синдирганмиш.

Локигин, кекса қарғанинг фикри бошқа.

Тўтихон қарғабой оғасини йўқламай қўйгани сабабли қарғишга қолганмиш.

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: