Қувватни оширувчи ичимликлар истеъмоли хавфлими?

0

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан қувват берувчи (энергетик) ичимликларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири, унинг истеъмоли ва ишлаб чиқарилишини тартибга солишга оид акция бўлиб ўтмоқда.

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қувватни оширувчи ичимликларнинг салбий таъсирлари мавжудлиги ҳақида огоҳлантирган. Маълумотларга кўра, тобора оммалашаётган бу ичимлик одамларда бир қатор касалликларни келтириб чиқармоқда.

 

Қувват берувчи ичимликларнинг нотўғри ва кўп миқдордаги истеъмолидан келиб чиқадиган салбий оқибатлар исботланган. Булар:

 

Юрак хуружи: Қувват ичимлиги таркибида кофеиннинг юқори миқдорда бўлиши бора-бора юрак саломатлигига таъсир қилади. У айниқса, юракнинг қисқаришига олиб келар экан. Жаҳон миқёсида бу ичимликдан болалар зарар кўрмоқда. Спорт билан шуғулланмай, жисмоний фаол бўлмай туриб бу ичимликдан кунига 250 мл.дан ортиқ ичиш юрак фаолиятини ишдан чиқишига сабаб бўлади.

 

Бош оғриши ва мигрень: Тана қувват ичимлиги орқали озиқланадиган юқори миқдордаги кофеинга ўрганиб қолгач, унга эҳтиёж сезилиши билан бош оғрий бошлайди ва тобора кучаяди. Бу гўё гиёҳванд моддага ўрганиб қолишга ўхшайди. Агар кеча ичилганида 50 мл кам ичимлик ичилса ҳам, бош оғриғи орқали тана бундан норози бўлади.

 

Бетоқатланиш ва асабийлашиш: Ортиқча кофеин инсон миясида безовталикни келтириб чиқаради. Ҳатто энергетик ичимликка муккасидан кетиш юқори даражадаги саросимага сабаб бўлади.

 

Уйқусизлик: Танага юқори миқдорда қувват киргач, одам қандай қилиб ухлаши мумкин? Уйқусизлик эса асаб тизимига салбий таъсир қилади, модда алмашинувини издан чиқаради, тушкунликка сабаб бўлади.

 

Инсулинга боғлиқ бўлмаган (2-тур) қандли диабет: Қувват ичимлиги таркиби шакарга ҳам бой. Ичимлик ошқозоности безининг инсулин ишлаб чиқарувчи тўқималарини зарарлайди ва ўлдиради.

 

Тобелик: Айниқса, чўнтак “қуриб” қолганида бу ичимликка қарам бўлиб қолганларнинг ҳоли оғирлашади. Улар банги каби ўзларини билмай қоладилар.

 

Юқори қон босими: Кофеинга бой маҳсулотлар қон босимини оширади. Шундоқ ҳам, қон босими кўтарилиб турувчи одамлар бу ичимликка боғланиб қолишса, ҳаётларини хавфга қўйган бўлади.

 

Кўнгил айниши ва бошқалар: Меъёридан ортиқ энергетик ичимлик овқат ҳазм қилишни қийинлаштириб, кўнгилни айнитади. Ичимлик танани сувсизланишига, тишларнинг емирилишига ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, қувват ичимлигидан кўп истеъмол қилиш тери касалликларини ҳам келтириб чиқариши мумкин.

 

ЎзА