Расман: Ўзбекистон “Шахмат Ватани” деб тан олинади

0

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон шахмат федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда Бутунжаҳон шахмат федерацияси раҳбари Кирсан Илюмжинов, Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов, Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари иштирок этди.

Эътиборлиси, Бутунжаҳон шахмат федерацияси раҳбари ўз нутқида шахмат Ватани Покистон, Ҳиндистон ёки Эрон эмас, балки Ўзбекистон эканлигига алоҳида урғу берди. Бу факт илмий тадқиқотлар, тарихчи олимлар томонидан ўрганиб чиқилган изланишлар натижаси эканлиги, FIDE бу борада Халқаро Олимпия қўмитасига расмий хат тайёрлаётгани ҳамда яқин орада Ўзбекистон “Шахмат Ватани” деб расман тан олинишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, йиғилишда Ўзбекистон шахмат федерациясига янги раис этиб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Дмитрий Романович Ли бир овоздан сайланди ва шу йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон шахмат федерацияси (FIDE) президентлиги сайлови учун Кирсан Илюмжинов номзоди илгари сурилди.