ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (34-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Обиджон ўзида йўқ мамнун эди. Ахир, у ташкилот олдига қўйган топшириқларни уддалай оляпти. Мана, Григорий Михайлович уёқда қолиб, Валеранинг баъзи сирларини ҳам ташкилотга маълум қилди. Резидентнинг айтишича, қуролли кимсаларни уйида сақлаганининг ўзи жиноятни очишга ва уни қўлга олишга етарли ҳисобланаркан. Бироқ ташкилотдагилар яна қўшимча, бундан-да жиддийроқ ва жамият учун хавфлироқ жиноятларининг ҳам очилиши тарафдори экан. Шу сабабли Обиджонга ҳаракатда давом этиш буюрилибди.

— Сен билан биз ажойиб ҳийла ўйлаб топамиз! — деди Валера Обиджонга.

— Қандай ҳийла?

— Мен сени гаровга олган бўламан. Қани, бунга банкир қандай муносабат билдираркан? Агар, у сени озод этиш учун зарур чоралар кўрмасдан ўз ишини давом эттирса, бошқачароқ йўл тутишга тўғри келади. Хўш, маъқулми?

— Сиздан бир илтимосим бор, — деди Обиджон.

— Айтавер, ҳозирча кўнглим бўшаб турибди.

— Мен бир умр ёғ заводи ичкарисида бўлишни орзу қилгандим.

Валера бу гапни эшитиб бирдан ҳушёр тортди. Биринчи галда бўлгани каби қаршисидаги Обиджонга сирли қараш қилиб хаёлга ботди.

— Йўқ, — жавоб қилди ниҳоят, — бунинг иложи йўқ.

— Нега? Мен қандай ёғ ишлаб чиқаришларини томоша қилмоқчиман, холос.

— Барибир мумкин эмас. Сен ўз вазифангни бажар, бошқасига бурнингни тиқма!

— Хўп бўлади! — бош эгди Обиджон. — Бурнимни тиқмаганим бўлсин!

 

 

* * *

 

 

Бугун Обиджонга резидент тарафидан навбатдаги топшириқ берилди. У тунда ёғ заводи ичкарисига кириб олиши лозим эди.

— Валера ҳар куни биттадан ёғ тўлатилган машинани ўғринча ўз манфаатини кўзлаб сотади, — деганди резидент. — Лекин ҳалигача кимга, қандай йўл билан ёғ сотилаётгани ҳақида ҳеч ким етарли маълумотга эга эмас. Сен шу кеча аниқлайсан!

Обиджон ҳам айёрлик қилди. Бугун зудлик билан Натальяни кўрмаса бўлмаслигини айтиб Валераникида қолишдан халос бўлиб олди. Бир карра эҳтиёт шарт деб шаҳар айлангач, одатига кўра такси ёллаб ёғ заводининг орқа тарафига келиб тўхтади.

Сабаби оддий эди. Марказий дарвозадан кира олмайди. Биринчидан, уни ичкарига қўйишмайди. Иккинчидан, мабодо бирортаси таниб қоладиган бўлса, Валера қаттиқ ранжиши ва режалар барбод бўлиши мумкин.

Обиджон ўзини худди ўта тажрибали жосуслар каби эркин тутган ҳолда атрофни кузатди. Бу томонда ҳеч зоғ кўринмайди. Девор остларини чанг, ахлат босган. Қолаверса, сўқмоққа ўхшаб кетадиган торгина йўлдан машина ўта олиши ақлга сиғмайдиган гап эди.

У ҳеч ким кўрмаётганига тўлиқ амин бўлгач, бир сакраб деворга чиқди ва завод ҳовлисига ўзини ташлади.

Ҳовли шу қадар кенг эдики, ёғ ишлаб чиқарилаётган цехлардаги чироқлар анча олисдан кўзга ташланарди.

Обиджон эҳтиёткорлик билан олдинга интилди.

Хўш, кузатишни нимадан бошлайди? Албатта, маҳсулот ортилган машиналардан. Лекин, улар қаерда?

«Ҳозир аниқлаймиз, деди ўзига-ўзи Обиджон паналаб-паналаб биринчи цех жойлашган ерга яқин бораркан. Хў-ўш, бу ерда… Йўқ, бу ерда қадоқланмайди чамаси. Қадоқлаб машинага ортиладиган жой ҳов анави яшил эшик бўлса керак».

Обиджон яшил эшик томон юриб бориб дарахтлар панасига беркинди.

Ҳақиқатан, бу цех бошқаларига нисбатан ўн чандон катта ва очиқ дарвозадан машиналар кириб-чиқиб турганини аниқ кўрди.

«Шу экан, — деди хаёлан. — Ана, иккита машина чиқиб кетди. Эҳ, буларнинг қонуний ёки ноқонуний олиб чиқиб кетилишини қандай аниқлайман? Уф-ф! Ўзим ҳам ўтакетган овсар эканман! Бу ерда нима бор эди менга? Ахир, машиналар йўналишини, йўқ, йўқ, нималар деяпман ўзим? Ишчи кийимини топишим, сўнгра…»

Обиджоннинг хаёллари буткул чалкашиб кетганди. У нима қилишни, қандай йўл тутишни билмас, у ёқда эса ўнлаб машиналар ўз маҳсулотларини юклаб заводни тарк этарди.

— Йўқ, бу ишни эплай олмадим, — деди Обиджон ҳафсаласи пир бўлиб. — На униси, на буниси тўғри келади. Майли, пешанамга ёзилганини кўравераман. Қўлидан келса, мени отиб ташласин ўша резиденти. Шундоқ ҳам қанча ишларини қойиллатиб бердим. Битта шу ишни эплай олмадим, десам, ўлиб қолмас!

Обиджон бир қарорга келди. Ҳа, заводдан кетади. Ҳеч гап бўлмагандек, Валераникига кириб боради-да, ўзи учун ажратилган хонага беркиниб олганча уйқуга кетади. Эртага эса, Худо пошшо!

Обиджон девордан ошиб тушгач, негадир марказий дарвоза томонга боргиси келиб йўналишни ўзгартирди.

— Тўхта, — хаёлига келган тасодифий фикрдан жонланиб турна қатор бўлиб қаергадир ёғ олиб кетаётган машиналарга тикилиб қолди. — Бирортасига чиқиб олиб текширсам қандай бўларкан-а? Майли, дўконларга олиб боришсин, баҳонада ниманидир билиб олармидим!

У тез-тез юриб бориб қоронғироқ жойда тўхтади ва машиналарни қўл силтаб тўхтата бошлади. Олдиндаги ўнтачаси парво ҳам қилмади. Аммо энг сўнгги дарвозадан чиққани қаттиқ тормоз бериб Обиджоннинг рўпарасида тўхтади.

— Ака, шаҳаргача олиб кетмайсизми? — ялинганнамо оҳангда сўз қотди Обиджон ҳайдовчига.

— Мен шаҳарга бормайман-да! — елка қисди ҳайдовчи.

— Майли, олиб кетган ерингизгача кетавераман. Уёғига йўлимни топарман.

— Бўпти, ўтир!

Обиджон эпчиллик билан бир сакраб кабинага чиқиб ўтириб олди.

Ҳайдовчи индамасдан рулни бошқариб борар, баъзан Обиджонга ўғринча кўз ташлаб қўярди.

— Ёғ ташийсизми? — атайин ўртадаги жимликни бузиш ниятида сўради Обиджон.

— Ҳа, ёғ ташийман, — жавоб қилди ҳайдовчи.

— Қаерга олиб борасиз? Қишлоққами?

— Оббо, сен-ей, жа қизиқувчан экансан-ку-а? — кулди ҳайдовчи. — Бу ёғларни катта бир амалдорнинг омборига олиб кетяпман.

— Ие, нима қилишади шунча ёғни? — Обиджон ўзини шу қадар содда кўрсатишга интилардики, бу ролини ўхшата олаётганиданми, ҳайдовчи кулмасдан жавоб бера олмасди.

— Буними? Буни орқаларига тиқишса керак!

Обиджон ҳам унинг кулгусига жўр бўлди. Аммо бошқа ҳеч нима сўрамади.

У аниқ сезганди. Бу машина резидент айтганидек, ўғирлик ёғ олиб кетяпти. Қанийди, ҳайдовчи индамаса-ю, манзилнинг охиригача бориб ҳаммасини ўз кўзи билан кўрса!

Афсуски, бунинг иложи йўқ эди. Обиджон қилиши мумкин бўлган иш машина давлат рақамини ёдда сақлаб қолиш-у, ёғ олиб кетилган йўлни тахминан билиб қўйиш, холос.

Тахмин қилганидек, ҳайдовчи дала йўлга чиқилганидан сўнг ўнгга қайрилди-да, машинани тўхтатиб, Обиджонни тушириб юборди.

 

 

* * *

 

 

Катта, серқатнов йўлга ўн-ўн беш дақиқалар оралиғида чиқиб олган Обиджон билдики, ҳайдовчи уни айланма йўллар билан олиб келган экан. Аслида Валеранинг дала ҳовлисигача бу ерлардан бир қадам эди.

У машина тўхтатиб ўтирмади. Пиёда, тоза ҳаводан нафас олиб йўл юришни маъқул топди.

Фақат қоронғи кечада қаерга боришни билмай гаранг эди. Квартирасига боришни истамайди. Натальянинг олдига эса…

— Жуда соғиндим сени, Наталья! — дея сўзланиб борарди у. — Қанийди ҳозир қанотим бўлса-ю, учиб бориб ёнингда бўлиб қолсам! Йўқ, ҳозир борсам-у, банкир сирларимдан огоҳ бўлган бўлса. Э, қай сиримдан огоҳ бўлади? Валера билан келишганимни эшитган чиқадими? Валера ҳаётда айтмайди. Чунки, улар бир-бирларига душман.

Барибир Валераникига борганим маъқул, шекилли. Нега деганда, биринчи кунданоқ бормай қўйсам, шубҳаланишга тушади. У ярамас кейинчалик банкирга сотиб қўйишданам тоймаслиги мумкин. Ҳа, энг яхши йўл — Валераникига кириб боравераман. Сўраб қолса, бирор баҳона ўйлаб топарман.

Обиджон турли хаёллар билан бўлиб манзилга яқинлашиб келганини ҳам сезмай қолди.

Ана, кейинги бурилиш Валеранинг ҳашаматли ҳовлисига кетадиган йўл!

Обиджон беихтиёр тўхтаб, чўнтагидаги эшитиш мосламасини кўздан кечириб олди.

Ҳаммаси жойида. Энди бемалол, хотиржамлик билан ҳовлига кирса бўлаверади.

 

 

* * *

 

 

Дарвозада турган қўриқчи уни гап-сўзсиз ичкарига киритиб юборди.

Обиджон одамгарчилик юзасидан бирров саломлашиш ниятида Валера ўтирадиган хона эшигини тақиллатди.

— Кираверинг! — бу Валеранинг товуши эди. — Ким у?

Обиджон секин эшикни очди-да, ичкарига қадам қўйди.

Хонада сукунат ҳукмрон эди. Телевизор қаршисидаги курсида ҳар доимгидек Валера ўтирар, наридаги курсиларни эса тансоқчилар эгаллашганди.

Обиджон кириши билан ҳаммалари ўринларидан туришди.

— Ие, тилла бола, — дея кулимсираб Обиджонга яқин келди Валера. — кутдириб юбордилар-ку-а? Қаерларда юргандилар?

— Мен, шаҳар айланиб…

Обиджон сўзини охирига етказа олмади. Валера гапни илиб кетди:

— Хўш, ёғ заводи сизга ёқдими?

— Қ-қанақа ёғ заводи? — тутила-тутила сўради Обиджон.

— Ўзимизнинг ёғ заводимиз-да, қайси бўларди?! Машиналарда саёҳат қилибсиз, буниям эшитдик! Хўш, ўша машина кетган йўлниям эслаб қолдингизми?

Обиджон индамади.

У ҳаммасига тушуниб етган эди. Демак, Валера унинг орқасидан одам қўйган-у, кузатувчилар етказишган.

— Хўш, эслаб қолсам нима? — энди дадил туриб Валерага савол ташлади Обиджон.

Бу саволи эса ўзига қимматга тушиши мумкинлигини англаб етмабди.

Валера кутилмаганда унинг ёқасидан бўғиб деворга қисиб олди.

— Сен ифлос, мени лаққа туширмоқчи бўлдингми? — қичқирди Валера. — Мени-я? Чучварани хом санабсан, бола! Мен анойилардан эмасман! Сен ё милисаларнинг вакилисан ё… Йў-ўқ, милисалар сендақаларни бошига урадими?! Сени ўша банкир юборган. Менинг нозик тарафларимни аниқлаб боришни буюрган. Сен эса ҳам мендан, ҳам хўжайинингдан пул ундириб қочмоқчи бўлдинг! Йўқ, бунақаси кетмайди! Энди сени қилмишинг учун жазолайман! Биласанми қандай қилиб?

Обиджон бир силтаниб Валеранинг қўлини ёқасидан олиб ҳам ташладики, нарида ўтирган тансоқчилардан бири чопиб келиб қорни аралаш зарба берди.

Обиджон оғриққа чидай олмай, энгашиб қолди.

Валера яна уни силтаб кўтарди:

— Ҳозир манови акаларинг билан бирга банкирникига борасан. Ўзинг севган Натальянгни менинг ҳузуримга олиб келасан!

— Олиб келмасам-чи!

Бу саволи учун тансоқчи яна бир зарба йўллади.

— Сен ўзбошимчалик қилма! — огоҳлантирди Валера Обиджонни елкасидан ғижимлаб. — Акс ҳолда итдай ўлиб кетасан ва ўлигинг тугул арвоҳингниям ҳеч ким топа олмайди. Бор, буйруқни бажар!

На илож! Зўрларга барибир шу тобда бас келиб бўлмаслигини Обиджон ҳам англай бошлади.

Уни икки нафар тансоқчи итара-итара машина турган гаражга олиб киришди.

Обиджон худди шундай тазйиқлар остида салонга кириб ўтирди.

 

 

* * *

 

 

Машинада худди маҳбуслар каби ожиз ва нотавон аҳволда кетиб бораркан, Обиджон хаёлан ўзини-ўзи лаънатлар, ўша уловга чиқиб ўтиргани, ўзбошимчаларча текширув ўтказмоқчи бўлганига минг пушаймонлар ер эди. Аммо энди кеч. Ҳозир манови барзангилардан қочиб ҳеч қаерга кета олмайди. Улар Обиджонни ғажиб ташлашга тайёр. Ортиқча уриниш эса ўлим билан якун топиши муқаррарлигини яхши тушуниб турибди.

Машина шаҳар кўчалари бўйлаб ўқдай учганича ниҳоят дала-дашт, кенг яйловларни босиб ўтиб Григорий Михайловичнинг дала ҳовлисига етиб келди.

Ана, уй чироқлари ёниб турибди. Ҳозир ичкарига киришади. Банкир ҳам ҳеч нарса қила олмайди. Чунки, булар қуролланган ва туйқусдан кириб боришади. Обиджон эса жондай азиз Натальясининг кўзларига боқа олмаган, бошини эгган кўйи уни машинага олиб чиқиши, ўша ярамас Валеранинг ифлос қўлларига топшириши, қизни қийноққа солишларини ўз кўзлари билан томоша қилиши зарур.

Агар уйга киргач, қочиб кетишса-чи? Масалан, деразадан ошишади-да, дуч келган тарафга югуришади. Етиб олишармикан? Албатта, етиб олишади.

Обиджон юраги орқага тортганича бўшашиб машинадан тушди.

— Билиб қўй, — уқтирди йигитлардан бири, — биз шу ерда — машинанинг ёнида кутамиз. Ўзинг кириб олиб чиқасан ойимчангни! Башарти, қочишни хаёл қилган бўлсанг, огоҳлантириб қўяй, итдай ўлиб кетасан. Ҳали бизнинг қўлимиздан ҳеч ким қочиб кета олмаган.

— Буни ўзим ҳам биламан, — деди Обиджон бўш келмай. — Менга ўргатмай қўя қол!

— Эҳ, — сал нарида турган барзанги Обиджоннинг жавобини эшитиб икки қўлини мушт қилди-да, бир-бирига уриб-уриб қўйди. — Қанийди ихтиёр ҳозир менинг қўлимда бўлса! Бу итдан тарқаганни мана шу қўлларим билан бўғиб ўлдирардим.

Обиджон индамасдан дарвозадан ичкарига кирди.

Ҳайрон бўлди. Илгари мана шу дарвоза ёнида икки нафар соқчи, албатта, ўтирган бўлар, ким бўлишидан қатъий назар, ҳужжатини кўрсатишга, ҳисоб беришга мажбур эди. Ҳозир эса ҳовли ҳувиллаб қолибди. Нима бўлиши мумкин?

Обиджон секин эшикни очиб уйга кирди. Йўлакда ҳеч ким кўринмасди.

— Наҳотки, Наталья касалланиб, Григорий Михайлович уни шифохонага олиб кетган бўлса? — кўнглидан ўтказди Обиджон. — Унда нега менга хабар беришмади? Нима учун билдиришмади? Кошкийди, шундай бўлиб чиқса!

Обиджон узун йўлакдан тез-тез юриб ошхона томонга ўтди. У ер ҳам бўм-бўш эди.

Ҳовлиққанича ортга қайтиб ўнгдаги йўлак орқали залга ўтди.

Шу хонадан кимнингдир пиқиллаб йиғлагани қулоғига чалингандек туюлди ва шошиб эшикни очди.

Телевизор қаршисига қўйилган диван устида Наталья йиғлаб ўтирар, кўз ёшлари юзлари, томоқ остиларигача оқиб тушганди.

— Сенга нима бўлди? — югуриб бориб Натальянинг елкасидан қучмоқчи бўлди Обиджон.

Лекин қиз даст ўрнидан туриб ўзини четга олди.

— Йўқол, сотқин! — йиғи аралаш қичқирди Наталья. — Нега келдинг? Қилғиликни қилиб қўйиб яна нега кириб келдинг уйимизга? Йўқол!

— Мен тушунмадим, — деди Обиджон. — Нега мени ҳайдаяпсан? Сенга нима ёмонлик қилдим ўзи?

— Сенми? Ҳали нима иш қилиб юрганингни билмайди, демоқчимисан? Артистлик қиляпсан-да?! Бизни аҳмоққа чиқармоқчимисан? Дадамни хонавайрон қилдинг-ку, ярамас!

— Нима қилибман? Мен ахир, эндигина Валераникидан келяпман!

— Ёлғон гапирма! Унда мановилар кимнинг иши? Буниям сен қилмаганмисан?

Наталья стол тортмасидан кичик микрофонлардан иккитасини олди-да, Обиджоннинг юзига ирғитди.

Обиджон шундагина бор ҳақиқатни англаб етди. Демак, банкир қўлга олинган. Демак, у олиб борган ишлар якун топган-у, милиция ходимлари банкирни қамоққа олишган.

Хўш, энди нима қилади? Натальяга қандай тушунтиради? Қандай йўл тутади? Ёки ҳаммасига тупуриб қизни судраб машинага олиб чиқадими? Шунда тушунадими қиз? Йўқ, тушунмайди. Аксинча, нафрати янада ортади. Ишончини баттар йўқотади.

Яхшиси, ётиғи билан айтиб кўради. Тушунса, тушунар. Тушунмаса, унда Обиджон пешанасидан кўради-ю, тақдирига ёзилганини кўраверади.

— Бу ишларни мен қилганим рост, — деди Обиджон ўксиб-ўксиб йиғлаётган Натальяга сал яқин бориб. — Лекин ўз ихтиёрим билан қилган эмасман, ишон! Мен ҳам давлат топшириғини адо этганман.

— Нега айнан менинг дадамни танладинг? Нега менинг бошимни айлантириб ичимизга илондай сирғалиб кириб олдинг? Шунчалик пасткашмисан? — Қиз ўт ичида сўзланар, ҳар сўзлаганида титраб-титраб кетарди.

— Бўлди, бас, етар! — куч билан қизни қучоқлаб олди Обиджон. — Мени қийнайверма! Ахир, даданг жиноятчи, тушуняпсанми, жиноятчи! Бир кунмас-бир кун шу воқеа содир бўлиши керак эди. Сен менга қулоқ сол, ҳозир иккимиз ҳам боши берк кўчага кириб қолиш арафасида турибмиз! Менга ёрдам бер!

— Сен энди менга ҳеч ким эмассан! — деди Наталья ўзидан Обиджонни нари итариб. — Ҳеч ким эмассан!

— Ҳаммасини англаб турибман. Лекин, биласанми, кўчада Валеранинг йигитлари турибди. Сени олиб кетишга келишган улар!

— Нима? — қиз бирдан ҳушёр тортиб орқага чекинди. — Ҳали… Сен мениям сотдингми?

— Нега сотарканман? Келиб-келиб сени сотаманми, жоним? Асло ундаймас. Сен нотўғри ўйлаяпсан. Улар мени гаровга олишган. Қочайлик! Уйингда бирор яширин йўл бўлса, айт, сени олиб қочай! Акс ҳолда хароб бўласан, тушуняпсанми, хароб бўласан! Улар дадангнинг ўчини сендан олишмоқчи!

— Олиб бўпсанлар! — дея Обиджонга нафрат билан боқди Наталья. — Биламан, сен ҳам ўшаларнинг шеригисан. Ўшаларнинг буйруғи билан дадамни сотгансан! Энди…

— Э, ғалчалик қилавермасанг-чи!

Обиджоннинг тоқати тоқ бўлди. Натальяни даст кўтариб олди-да, дераза олдига борди.

— Фақат қичқирма! — деди шивирлаб. — Қичқирсанг, ановилар эшитади ва иккимизниям итдай отиб ташлашади.

Обиджон бир қўли билан деразанинг бир қанотини очиб Натальяни оҳиста пастга туширди ва кетидан ўзи ҳам ерга сакради. Ҳовлининг бу тарафи ҳақиқатан бегона кўзлардан холи эди. Томорқага қандайдир кўкатлар экиб ташланган, тўрт томони тиканли сим билан ўраб чиқилган эди.

Обиджон эҳтиёткорлик билан симларни бир-биридан ажратиб аввал Натальяни ўтказди. Сўнгра ўзи ҳам ошиб ўтиб қизнинг қўлидан тортқилаганича девор томон чопиб кетди.

Тўғри, девор анча баланд экан. Бироқ Обиджон бунинг ҳам йўлини топди. Тимирскиланиб узун ёғоч топди-ю, иккови ҳам амаллаб бошқа бир кўчага ўтиб олишди.

Энди қўрқишмаса ҳам бўларди.

Бу кўчани Валеранинг йигитлари билишмас, билишганида ҳам Обиджон ва Наталья аллақачон дала ўртасига етиб қолган, уёғи бошқа бир қишлоқнинг бошланиши эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: