Америкалик молекуляр биологлар кўкрак саратонининг охирги босқичини бошдан кечираётган беморни махсус терапия ёрдамида тўлиқ даволай олишди…

0

 

Аёл 49 ёшда бўлиб, икки йил олдин кўкрак саратонининг охирги босқичини бошдан кечираётганди. Врачлар у нари борса икки ой яшаши мумкинлигини ҳам башорат қилиб бўлишганди. Америкадаги бир гуруҳ биолог олимлар эса Жуди Перкинс исмли бу беморга экспериментал даволаш терапиясида иштирок этишни таклиф қилишди. Аёл ўйлаб кўрса, ҳеч нарса йўқотмас экан. Барибир икки ойдан кейин боқий дунёга йўл олиши тайин. Шу сабабли олимларнинг таклифига розилик билдирди.

Ўша пайтда беморнинг жигар қисмида ҳам катталиги теннис коптокчасидек келадиган саратон шиши пайдо бўлган, хасталик деярли тананинг барча қисмларига тарқалиб, даҳшатли даражада оғриқлар берарди.

 

Олимлар жигардаги саратон шишини кесиб олишди. Сўнгра аёлнинг иммуниал тўқимасини чуқур ўрганиб чиқиб, 8 ҳафта давомида худди шундай тўқималарнинг жами 82 миллиард донасини яратишди. Кейинги иш ўша тўқималарни аёл организмига йўллащдан иборат бўлди. Қарабсизки, қўшимча тўқималар беморнинг иммуниал тизимини янада фаоллаштирди. Тизим энди саратонга қарши икки ҳисса кучлироқ, тезроқ кураша бошлади. Орадан бир ҳафта ўтгач, Перкинс хонимнинг организмини эгаллаб олган саратон хасталигидан асар ҳам қолмади. Ҳа, олимлар беморни унинг ўзига тегишли иммуниал тизимдан фойдаланган ҳолда даволай билишди.

Ҳозир Перкинс хоним соғлом турмуш тарзини бошдан кечирмоқда. Спорт билан шуғулланади, парҳезга алоҳида эътибор беради. Асосийси, ҳаётга умиди бир дунё. Ишқилиб, саратонга йўлиққанларнинг барчаси шундай тарзда хасталикни енгишсин-у, ёруғ дунё гўзалликларидан бошқалар билан баробар баҳра олишсин.

«Газета. ру»