Фарзандимни ўқишга киритиш керак…

0

Кейинги кунларда интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлар ва умуман, оммавий ахборот воситаларида “ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгар ушланди”, “институтга ўқишга киритаман, деб пора олаётган экан”, деган мазмундаги хабарлар кўпайиб қолди.

Аслида, ҳар йили қабул жараёни арафасида шундай гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалинади. Бу ишни бажаришни ваъда қилиб, охир-оқибат, чув тушиб қолганлар орасида қабул комиссиялари аъзолари, ўқитувчилар, бошқа соҳа кишилари, ва ҳатто, талабалар ҳам учрайди. Кўпчилик учун сабоқ бўлар, деган умидда ушбу жиноий ҳаракатлар, ноқонуний ҳолатлар ҳақида бонг урилади.

Бир томонда эса ота-оналар яна ҳаракатга тушади – “боламни қандай бўлмасин ўқишга киритишим керак”, “бу йил тест қанақа бўлар экан?”, “қайси факультетда тест бўлмайди?”, “ижодий имтиҳондан максимал балл қўйиб берадиган одам топишимиз керак”…

Бунинг учун пул беришга ҳам, бирор-бир хизматни бажаришга ҳам тайёр ота-оналар бисёр. Мақсад аниқ – қинғир йўллар билан бўлса-да, фарзанди ўқишга кирса, бас.

Бундай вазиятда кўпинча ота-оналарни айблашади. Ва бу фикр тўғри ҳам. Аммо мана шу ишни бажараман, деган ҳожатбарор борлиги, аввал унинг хизматидан фойдаланганлар учраши учун ота-оналарда шундай истак пайдо бўлаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайдида.

Ота-онанинг бу истаги ва ҳожатбарор томонидан таклиф этилган хизмат ёшларнинг ўз олдига қўйган мақсадига (агар мақсад бўлса, албатта) етишига таъсир кўрсатиш билан бирга, аввало, унинг жамият, ундаги муносабатлар ҳақидаги қарашларини ўзгартиради. У ҳамма нарсани пул билан, илтимос билан ҳал этишга ўрганади. Қинғир йўл билан ўқишга кирган талаба, албатта, дипломни ҳам ана шундай йўл билан қўлига олади. Кейин ишга киришида яна шу ҳолат такрорланади. Охир-оқибат қайсидир бир мутахассис ишлаши лозим бўлган вазифа ёки лавозимни ўз ишини билмайдиган, нўноқ, ҳамма нарсани пул ёки таниш-билиш билан битирган ходим банд этади. Бундан эса нафақат унинг ўзи ё ота-онаси, балки бутун жамият ютқазади.

Сиз шундай “мутахассис” фарзандингизга сабоқ беришини, касалингизни даволашини, уйингиз лойиҳасини чизишини ёки ҳуқуқий маслаҳат беришини, қонуний манфаатингизни ҳимоя қилишини истайсизми? Албатта, йўқ. Бас, шундай экан, нега фарзандингизнинг қинғир йўллар билан талаба бўлишини истаяпсиз? Нега, илмли талаба кириши керак бўлган жойга билимсиз ёшнинг киришидан манфаат кўрмоқчи бўляпсиз?

Давлатимиз раҳбарининг таълим тизими, айниқса, олий таълим муассасаларида сифат ва самарадорликка эришиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, раҳбарлик лавозимига энг муносиб ёшларни танлаш юзасидан қабул қилаётган фармон ва қарорлари замирида ҳам бугун жамиятимизда учраётган иллатларга қарши кескин курашиш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик каби мақсадлар мужассам. Ва бу вазифаларни амалга ошириш фақат тегишли давлат органларининг эмас, барчамизнинг виждон амри билан бажарадиган ишимиз бўлмоғи лозим.

Шу мулоҳазаларни ёзиб ўтиргандим, телефоним жиринглади. Кўтардим, яқин ўртоғим экан. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг йўқлови боисини айтди:

– Ўғлим коллежни битирди. Бирорта институтга ўқишга киритишим керак. Танишлар йўқми, хизматини қиламиз…

Юқоридаги гапларимни унга айтиб ўтирмадим, балки бу ҳақдаги фикрларимни кўпчилик билан баҳам кўришни маъқул топдим. Ахир, ўртоғимдай фикрлайдиганлар, афсуски, бир-икки эмас, юзлаб, минглаб топилади-да…

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА