“Жониворлар ҳаётидан” туркумидан: “ДАРЁ ҚИРОЛИНИНГ САҒИР ШАҲЗОДАСИ…”

0

 

 

Ов мавсуми

 

Узунлиги уч метрдан ортиқ она тимсоҳ дарё ўзанида ҳализамон етиб келадиган антилопалар тўдасини интиқлик билан кутарди. У билади. Чанқоқ қондириш илинжида соҳилга яқинлашган жониворлардан бирини тутиб олиш қийинчилик туғдирмайди. Гарчи антилопалар хавфни олдиндан сезишса-да, сув ичишга мажбур бўлганларидан албатта соҳилга яқин келишади. Она тимсоҳ эса атиги икки-уч сония ичида улардан бирини оёғидан олади ва сув остига шўнғиб аввал ўлжани чўктиради. Жон таслим қилгач, уч-тўрт бўлакка бўлади-ю бирма-бир юта бошлайди.

Ҳа, тимсоҳнинг улкан жағлари овқатни оби-тобида чайнаш учун имкон бермайди. Шу сабабли у гўштни бутунлигича ютишга мажбур. Ошқозонида эса ўзи олдиндан тўлдириб олган катта-кичик тошлар ичкарига кирган гўштни майдалайди. Шундан сўнг организмдаги сульфат кислотаси емишни ҳазм қилиш ишини амалга оширади.

Ана, антилопалар тўдаси ниҳоят соҳилга яқинлашди. Қорни таталаб бораётган она тимсоҳ рақобатчи тимсоҳларга зимдан назар ташлаб олган бўлди-да, пойлаб туриб энг йирик ўлжани танлади ва бир ҳамла билан уни сув остига олиб кетди…

 

 

Болажон она

 

Орадан ойлар ўтди. Она тимсоҳ энди қирқдан ортиқ тухум қўйиб жажжи тимсоҳчалар дунёга келишини кутади. Тухумларини сув остидан алоҳида, хавфсиз жойни танлаб беркитиши кўплаб тимсоҳчалар нобуд бўлишига сабаб бўлишини билса ҳам шундай йўл тутаверади. Барибир, ҳеч бўлмаганда ўнта боласи тирик қолишидан умидвор яшайди.

Орадан маълум вақт ўтиб тимсоҳчалар бирма-бир дунё юзини кўришди. Фақат ҳаммаси эмас. Атиги ўн учтагинаси омон қолибди.

— Шунисигаям розиман, — деди она тимсоҳ уларни оғзига солган ҳолда дарёнинг саёз ва хавфсиз жойига олиб бориб. — Шу болаларим катта бўлишса, авлодимизни давом эттиришади. Ҳа, болажонлар, ҳали сизлар мана шу улкан дарёнинг ҳақиқий қирол ва қироличаларига айланасиз!..

Афсуски, ундай бўлиб чиқмади. Ов ҳадеганда бароридан келмаслиги туфайли она тимсоҳ бир куни болаларидан бирини еб битиришга мажбур бўлди. Шундай қилмаса бўлмасди. Агар организми очлик сабабли тобора ожизланиб бораверса, қолган болалар ҳам бирма-бир ўлиб кетишлари муқаррар…

Ойлар ўтиб бораверди. Антилопалар яна бир мартагина соҳилга келиб кетишди холос. Шунда ҳам она тимсоҳ қўлга киритган ўлжасини бошқа қабиладошлар билан баҳам кўришга мажбур бўлди.

Болалар-чи?.. Уларнинг ўн биттаси турли вақтларда кушандалар қўлида ҳалок бўлди. Фақат биттаси эсон-омон вояга етди. Энди хайрлашув онлари яқин эди. Она тимсоҳ ёз мавсумида деярли ов қилмайди. Боласидан кўнгли тўқ. Қолаверса, қишда еган овқати то кеч кузгача овқатсиз юришга имкон беради.

— Ўғлим, — деди она тимсоҳ бўйи бир ярим метрдан ошиб, мустақил ов қила олишга тайёр фарзандини қошига чорлаб. — Сен энди катта бўлиб қолдинг. Фақат сенгина сулоламизни давом эттиришинг лозим. Бу ерларда рақобатчилар, кушандалар кўп. Эҳтиёт бўл. Оғзингдаги овқатни олдириб индамай ўтирма. Отанг шундай ботир тимсоҳ эди. Ҳар қандай бақувват душманни ер тишлата оларди.

— Сиз-чи, онажон? — сўради ўғил тимсоҳ хафақон оҳангда. — Сиз мен билан бирга қолмайсизми?

— Афсуски, мен энди туғилажак ука-сингилларингни бошқа бир дарёда дунёга келтиришим керак. Одатимиз шунақа. Унгача ўзимга қуруқликдан ин қуриб ёзги уйқуга кетаман. Хайр!

Ёлғиз қолишини ўйлаб безовта бўла бошлаган ўғил тимсоҳ хайр-маъзурни ҳам нася қилиб бошқа соҳилга суза кетди.

 

 

Тимсоҳнинг ёзги уйқуси

 

Она тимсоҳ кун бўйи қидириб, ниҳоят ўзи учун қулай жой топди. Ёт кўзлардан пана қилгулик кичик ғорча ковлади-да, узала тушиб ётди.

Тимсоҳларнинг уйқуси ҳам худди айиқларники каби узоқ вақт давом этади. Тимсоҳ оғзини очганча дунёни унутган ҳолда уйқуга кетади ва организмидаги модда алмашинувини ўзи хоҳлаганча секинлаштиради.

Унга катта ўпкалари икки-уч дақиқада бир марта нафас олиб қўйиш имконини берса, юраги ҳам уришдан секинлашиб, томирлардаги қон айланиш даражасини пасайтиради.

Тимсоҳ шу кўйи кеч кузга қадар қотиб ухлайди.

Шу баҳонада жонивор навбатдаги никоҳ мавсумига янги куч йиғиб олади.

 

 

Етимлик

 

… Орадан ўн йил ўтди. Навқирон ёшга етган ўғил тимсоҳ ҳануз туғилган дарёсида қироллик унвонига сазовор бўла олмади. Ўзидан ёши катта бўлган тимсоҳлар унга ҳокимлик тугул, оддий ўлжани ҳам раво кўришмаяпти. Шўрлик тимсоҳ гоҳи-гоҳида бошқалардан қолиб кетадиган ўлаксаларни еб базўр кун кечирди.

— Мен бу ерларда бегонага ўхшайман, — деди охири тоқати тоқ бўлиб. — Бу ердаги зўрлар мени барибир сиғдиришмайди. Обрўйим борида бошқа бир дарё топиб, отам раҳматлидан қолган қироллик меросимни қайтариб олмасам бўлмайди…

Ўғил тимсоҳ шундай ўйлар билан қуруқликка чиқди. Қорни шу қадар таталаб борардики, базўр қадам ташларди. Бунинг устига қуёш тобора қиздириб боряпти. Агар шу иссиқда кечгача қуруқликда йўл босса, охири ўлим билан тугашини билади. Аммо илож қанча? Оч-наҳор умр кечиришдан даҳшати йўқ.

У чамаси уч соатча йўл юрди. Очлик, иссиқ ҳавода бўлганича бўлди. Шу тобда… Эндигина нафас ростлаб олиш ниятида тўхтаганда кўзлари кўм-кўк дарёга тушиб қувончдан юраги ёрилаёзди.

— Ҳақиқат бор экан-ку! — ўкирди у сўнгги кучини йиғиб дарё томон чопаркан. — Мана, энди мен ҳам отам каби қирол бўламан! Бу дарёдаги барча катта-кичик тимсоҳлар фақат менга бўйин эгишади!.. Эгмаганини дарёдан ҳайдаб соламан! Чунки мен қиролман!

Ўғил тимсоҳ ҳаяжондан титрай-титрай дарёга шўнғиди. Кўкимтир сувдан тўйиб-тўйиб симиргач, бошини баланд кўтариб атрофни кузатган бўлди.

Бир маҳал ўзидан юз метрча нарида кичик тимсоҳчаларга кўзи тушди.

“Ие, — ўйлади ўзича. — Мендан берухсат ким бу ерда болалади экан? Қандай ҳадди сиғди?..”

Ўғил тимсоҳ жонҳолатда ўша томонга сузиб кетди. Бироқ ҳали тимсоҳчаларга яқинлашиб улгурмай, рўпарасида улкан она тимсоҳ пайдо бўлди ва унинг йўлини тўсди.

Бу тимсоҳ унинг туққан онаси эди.

Ўғил ўз онасини таниб негадир эркалангиси келди-ю, тобора яқин боришга уринди. Минг афсус… Она бор овозда ўкириб унга ташланди.

— Йўқол бу ерлардан! — ўшқирди она тимсоҳ. — Бу дарё менинг болаларимга тегишли! Уларнинг ризқини қиёлмайсан! Даф бўл!

— Она, мени танимадингизми? — дея ортга тисланди ўғил тимсоҳ. — Мен ҳам болангизман-ку! Нега мени қувасиз?

— Нима бўпти? Сени оёққа турғазиб қўйганман. Энди сен менга бегонасан. Яхшиси, обрўйинг борида дарёни тарк эт! Акс ҳолда тилка-тилка қилиб ташлайман.

Очликдан силласи қуриб шу ергача аранг етиб келган ўғил тимсоҳ нима қилишни билмасди. Қадрдон онанинг сўнгги сўзлари юрагини тешиб ўтаёзгандек вужуди дир-дир титрарди. Лекин қўлидан ҳеч нарса келмайди. Она кучли. У абжир. Анави тимсоҳчаларини деб бир ҳамла билан тилкалаб ташлашдан-да, тоймайди.

Тимсоҳларнинг урфи шундай. Туғилиб, оёққа турган болалар ота-онаси учун буткул бегонага, керак бўлса душманга айланади.

Ўғил тимсоҳ кўзларидан дув-дув ёш тўкканча тағин қуруқликка чиқди.

Энди у фақат тақдиридан умидвор эди. Пешонасига узоқ яшаш ёзилган бўлса, йўлидан бирор ўлжа чиқар. Аксинча бўлса, шу иссиқда ўлиб кетишдан бўлак чораси йўқ.

У улкан жуссасини зўрға судраган кўйи боши оққан тарафга жўнади.

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: