ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (35-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

— Ҳойнаҳой, уларни чалғитдик, — ҳамон пиқиллаганича унсиз йиғлаб бораётган Натальянинг қулоғига пичирлади Обиджон. — Бу ерларни яхши биласанми?

— Билсам нима бўпти? — жеркиб берди уни Наталья.

— Ахир, нега тушунмайсан? Худо кўрсатмасин, ўша ярамасларнинг қўлига тушсак, бизга ит кунини кўрсатишади. Шуниям ўйлаяпсанми?

— Сен билан танишганларимга минг марта пушаймонман, — деди Наталья. — Қанийди ўшанда сен билан рақс тушишдан бош тортсам-у, сени умуман танимасам! Афсус, ўзимни ўзим балога йўлиқтирдим. Сенинг дастингдан дадам бечора қамалиб кетади энди.

— Менсиз ҳам барибир қамаларди. Чунки, даданг жиноятчи эди.

— Ўчир овозингни! Сендан нафратланаман, билдингми?

— Нафратлансанг ундан нари! — деди Обиджон қовоғини уйиб. — Ҳозир бундай гапларнинг мавриди эмас. Сен фақат менга қулоқ тутишинг керак.

— Сенга тутган қулоқларим узилиб тушсин.

Обиджон қизнинг сўнгги гапларини эшитмасликка олиб узоқ-узоқларга кўз ташлаб кўрди.

— Ана, — дея қўли билан беш чақиримча нарида милтиллаб турган чироқни кўрсатди. — Ўша чироқ томон юриб кўрайлик! Ажаб эмаски, шу уй жонимизга оро кириб қолса!

Улар то чироққа етиб боргунча ҳам бир-бирларига сўз қотмай жим юришди. Фақатгина Наталья аҳён-аҳёнда пиқиллаб йиғлаб қўяр, Обиджон бунга жавобан оғир уф тортарди.

 

 

* * *

 

 

Уй тахминан тўрт сотихгина келар экан. Атрофи ингичка ёғочлардан қўра қилиб ўралган. Эшиги қаттиқроқ итарилса, қулаб тушадиган алфозда мўрт эди.

Обиджон киришдан олдин ичкарига қулоқ тутиб кўрди. Чироқ шуъласи тушиб турган дераза ортида кимларнингдир кулгуси, баланд овозда сўкинганлари эшитиларди.

— Таваккал кирамиз, — дея Натальяга юзланди Обиджон. — Бу ердагилар ҳам одам-ку! Жонимизни суғуриб олишмас, ахир?

Улар олдинма-кетин ҳовлига киришди ва Обиджон секин деразани чертди.

Шу ондаёқ ичкаридан ёши элликлардан ошган, серсоқол бир эркакнинг боши кўринди. Унинг ортидан худди шу ёшлар оралиғидаги уч нафар узун-қисқа эркаклар ҳам мўралаб қарашди.

— Сизларга нима керак? — ичкаридан туриб сўради серсоқол.

— Бир дақиқага ташқарига чиқа оласизми? — сўради мулойим овозда Обиджон. — Биз адашиб қолдик.

Эркак кулиб қўйди-да, аввал деразани очиб Обиджонга, сўнгра қимтинибгина турган Натальяга кўз ташлаб олди. Шундан сўнг эшик томон йўналди.

— Қаерликсизлар? — сўради эркак икковларига бошдан-оёқ назар солиб. — Бу ерда нима қилиб юрибсизлар?

— Биз ёмон одамларнинг таъқибига учрадик, — тушунтира бошлади Обиджон. — Улар бизни қувлашди. Жонимизни асраш учун шу ёққа қочиб келавердик.

Бу орада ичкаридаги уч эркак ҳам деразани очиб уларни кузата бошлади. Улардан бири бор бўйи билан деразадан ташқарига мўралаб Натальядан кўз узмас, ўзича ҳиринглаб қўярди.

— Вася, ичкарига ол буларни! — деди ниҳоят худди ўшанинг ўзи. — Қара, жонон совуқ еган кўринади. Исиниб олсин! Йигитни эса бизнинг олдимизга олиб кир, ўйинга қўшамиз уни!

Вася деганлари, яъни, Обиджоннинг қаршисида тургани шеригининг сўзини ерда қолдиргиси келмадими, дарҳол уларни ичкарига таклиф қилди.

Натальяни алоҳида хонага киритиб қўйишди. Обиджон эса эркаклар ўтирган хонага кирди.

 

 

* * *

 

 

Хонадан сигарет ҳиди келарди. Ўртага хонтахтасимон пастаккина столча ўрнатилган, устида бири очилган, иккинчиси очилмаган икки шиша ароқ, лаби учган товоқчада шўр бодринг, помидор каби газаклар.

Эркакларнинг учаласи ҳам хона иссиқ бўлгани боис майкада ўтиришар, барчасининг билакларидан тортиб елкаларигача игна билан турли суратлар чизиб ташланган, ҳаммаси барваста, кўзлари чақнаган, юзлари захил кимсалар эди.

Обиджонни тўрга таклиф этишди.

— Акаларинг билан таниш! — деди уй эгаси Вася. — Булар бугун турмадан қайтишган. Шу сабабли озодликни юваётгандик. Хўш, ичасанми?

— Ичсам, ичавераман. — бўш келмасликка тиришиб жавоб қилди Обиджон. — Фақат шеригимни ўйлаб…

— Э, ҳеч нарсани ўйлаб ўтиришга ўрин йўқ, — кулди калбош, қўлига ароқ тўла шишани олиб Обиджонга кўз-кўз қила бошлаган эркак. — Бу ерда йигирма йил турмада ўтириб пишган ботирлар ўтиришибди. Шундай экан, йигит, хавотир олмасдан ўтиравер! Жононингга ит ҳам тегмайди.

Обиджон узатилган дастлабки қадаҳни бир кўтаришда сипқориб қўлига бир дона помидор олиб тишлади. Шу пайт калбош унга зимдан тикилиб турганини пайқаб қолди.

— Тинчликми? — сўради у ҳамон сир бой бергиси келмай. — Нима гап? Бунча менга тикилиб қолдингиз, брат?

— Ў, жа шустрий экансан-ку-а? — калбош секин ўрнидан турди. — Хўш, кимсан? Қаердан келяпсан? Нима қилиб кечаси қиз болани етаклаб бу ерларда юрибсан?

— Айтдим-ку, қандайдир безорилар қувлашди! Ўшалардан қочиб буёққа келиб қолдик.

Бу гапдан калбош қониққандек қайтадан жойига ўтирди. Бироқ нариги ёнида ўтирган сочлари патаклашиб кетгани гапни илиб кетди.

— Сен қарта ўйнашни биласанми? — сўради у столча устидагиларни нари суриб. Биз билан бир қўл ташламайсанми?

— Нимага ўйнаймиз?

— Нимага бўларди? Пулга-да!

— Менда пул йўқ ҳозир. — деди Обиджон.

— У ҳолда қизингни тик! — ҳиринглаб кулди у.

— Нима? — Обиджон бу гапни эшитиб даст ўрнидан турди ва эркакнинг тепасига борди. — Мени ким деб ўйлаяпсан? Қамалиб чиқдим, деб оғзингга келган гапни гапиравераркансан-да! Ҳозир…

— Қойил! — калбош шошиб ўрнидан турди-да, Обиджоннинг елкасига қўлини қўйиб нари тортди. — Аканг сени синаб кўрмоқчийди, холос. Баракалла, ҳақиқий эркак калтакдан ҳам, керак бўлса, ўлимдан ҳам қўрқмаслиги керак, баракалла! Қани ўтир, сенга ҳурматим ошди. Шунинг учун шартни енгиллаштирамиз.

Обиджон сал ўзини босиб жойига ўтирди. Бу пайт Вася қарталарни сузиб ҳаммага тарқата бошлаганди.

— Биз чертишга ўйнаймиз, — деди калбош Васяга маъноли кўз ташлаб олгач. — Нималигини биласанми?

— Чертиш бўлса чертиш-да! — калбошни менсимаган кўйи жавоб қилди Обиджон.

— Вей, — Вася Обиджоннинг ёнига сурилиб тушунтирган бўлди. — Бу оддий чертиш эмас. Қара, буларнинг қўллари қандай йўғон ва қаттиқ! Чертишга, асосан, турмада қарта ўйналади. Ютқазган одамнинг пешанасига камида юз эллик марта чертилади. Чидай олармикансан?

Обиджон сезиб турарди. Қаршисида унга масхараомуз термулиб ўтирган манови эркакларнинг мақсади битта. Нима қилиб бўлмасин, Натальяга ташланиш ва нафсларини қондириш. Қолаверса, турма кўрган одамларнинг қанақалигини яхши билади. Булар ўз мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан қайтишмайди. Ҳозир Обиджон ўзларидан гавдалироқ, кучлироқ, абжирроқ эканини сезиб қолишди. Шунинг учун ҳам уни синдириб қизга эга чиқишнинг йўлларини қидиришяпти.

«Чучварани хом санабсанлар, кўнглидан ўтказди у. Сенлар синдирадиган Обиджон ҳали онасининг қорнида ётибди. Кўрсатиб қўяман ҳаммангга!»

— Хўш, розимисан? — ўртадаги жимликни бузди калбош.

— Менда бошқа таклиф бор, — деди ютқазиши муқаррарлигини олдиндан ҳис эта бошлаган Обиджон.

— Хўш, қандай таклиф? — сўради Вася шерикларига бир-бир кўз қисиб.

— Ютқазган одам икки юз марта бир оёқда ўтириб туради.

— Ў, зўр таклиф! — кулиб юборишди собиқ маҳбуслар. — Жуда яхши ўйлабсан!

— Менга қара, — калбош секин ўрнидан туриб Обиджонга юзланди. — Бу ўйинни сен қаердан биласан?

— Мен ҳам бир пайтлар турмада ўтирганман, — жавоб қилди Обиджон. — Ўша ерда ўрганганман.

— Турмада? Қани, елкангни кўрсат-чи! — калбош сўраб ҳам ўтирмай, Обиджоннинг кийимларини кўтарди-да, елкасига разм солди. — Ҳеч нарса йўқ-ку, турмада ўтирганингни исботлайдиган!

— Албатта, игна билан ёздириш керакмиди? — деди Обиджон кийимларини қайтадан пастга тушириб.

— Э, — Вася қўл силтаб қўйди, — турмадаям хизматкор бўлиб кун кечиргандир-да!

Бу гап Обиджоннинг жаҳлини чиқарди.

— Қани, бошладик! — деди у гапни чўзиб ўтиришни ўзига эп кўрмай. — Мард ўзини майдонда кўрсатсин!

Ўйин ярим соатлар чамаси давом этди. Обиджон ўзи тахмин қилганидек, ўйинда ютқазди. Шартга кўра секин ўрнидан туриб эшик олдига борди-ю, бир оёқлаб ўтириб тура бошлади.

Собиқ маҳбуслар у юзинчи маротаба ўтириб турганида чидай олишмади.

Ўринларидан туриб бараварига чапак чалиб Обиджонни қўллаб-қувватлай бошлашди.

— Бўлди, — Обиджонни ушлаб қолди охири калбош у юз эллигинчи марта ўтириб тургач. — Тан бердик! Бунақаси бўлмаган! Турмада шунча вақт ўтириб сендақасини кўрмагандим! Энди сен бизга чин дўстсан!

Обиджон кийимларини ечиб ташлади-да, костюмини қўлига олиб аъзойи баданидан сувдек оқаётган терни артиб жойига ўтирди.

 

 

* * *

 

 

— Ана энди буёққа ўтир, паҳлавон! — калбош Обиджоннинг елкасига қоқа-қоқа курсига ўтиришга чорлади. — Вася, ароғинг тугаб қолибди-ку! Бормиди ё ғизиллаб бориб келасанми дўконга?

Вася бошини қашиб секин ўрнидан қўзғалди ва калбошга юзланди.

— Тимофей, бир дақиқага ташқарига чиқайлик! — деди у кўз қисиб. — Гап бор!

— Майли. Қани, юр тез, меҳмон кутиб қолмасин!

Улар ҳовлига чиқишди. Вася эҳтиёт шарт, эшик тутқичини маҳкам тутганича, Тимофей — калбошга шивирлади:

— Хўш, буёғига қандай йўл тутамиз энди? Чатоқ чиқиб қолди-ку!

— Бе, бунақаларни биринчи кун кўриб турибманми? — деди калбош ичкарига бир қараб олгач. — Сен мановини билдирмасдан чашканинг ичига солиб қўясан.

У чўнтагидан қоғозга ўроғлиқ нимадир чиқариб Васяга узатди.

Вася ҳайрон бўлиб сўради:

— Тағин ўлдириб қўйиб…

— Намунча ваҳима қиласан? — уришиб берди калбош. — Бу ухлатадиган дори. Ичиб олса, устидан трактор ўтиб кетсаям уйғонмайди. Бўл тез, вақт кетяпти…

Вася ўзича ҳиринглай-ҳиринглай ароқ олиш учун нариги хонага кириб кетди.

 

 

* * *

 

 

— Хўш, йигит, зериктириб қўйишмадими акаларинг? — ичкарига кирибоқ Обиджонга сўз қотди калбош.

— Йўқ, зериктиришмади. Фақат, шеригимдан…

— Севгилингми? Э, ундан хавотир олма! Ҳозир мен деразадан мўраладим. Аллақачон ухлаб қопти севгилинг. Ҳа, энди, қочавериб чарчаган-да бечора!

Бу орада Вася пилдираганича бир шиша ароқ кўтариб хонага кириб келди.

— Э, бормисан, ошна! — кула-кула шишани очиб қадаҳларни тўлдира бошлади калбош.

У ароқ қуяётиб Обиджоннинг олдини тўсиб олишни ҳам унутмади. Пайтдан фойдаланган Вася эса эпчиллик билан уйқу дорини Обиджон учун мўлжаллаб қўйилган қадаҳга солиб қўйди.

— Қани, меҳмон, шу қадаҳни сенинг жасурлигинг ва кучлилигинг учун кўтарайлик! — дея ўрнидан турди калбош. Унинг ишораси билан қолганлар ҳам дик этиб ўрниларидан туриб олишди.

— Майли, қўймадинглар, олсам ола қолай!

Обиджон қадаҳдаги ароқни охиригача сипқориб, оғзига бир дона шўр помидордан солди ва жойига ўтирди.

— Мана бу бошқа гап! — деди калбош. — Сендай йигитлар дунёда жуда тақчил бўлишади.

— Ана шу тақчиллик учун оламиз! — қичқирди Вася шоша-пиша қадаҳларни қайтадан тўлдираркан.

Шу кўйи улар Обиджонни ҳар сонияда алқай-алқай кўкларга кўтаришди. Ҳар бир айтилган янги жумла учун қадаҳлар кўтарилаверди.

Бир маҳал Обиджон негадир боши айлана бошлагандек, кўнгли айниётгандек афтини бужмайтириб безовталана бошлади.

— Кечирасизлар, — деди у ташқарига интилиб, — негадир кўнглим айнияпти.

Вася у билан бирга ташқарига чиқди.

Бироз ўтгач эса буткул гандираклаб қолган Обиджонни каравотга ётқизиб устини кўрпа билан маҳкам ёпиб қўйишди.

Обиджон каравотга ётиши билан ухлаб қолган эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ