Айбдор ким: Фарзандидан воз кечган ота-онами, бегуноҳ болами ёки «Меҳрибонлик уйи»нинг меҳрибон жамоасими?

2

Бугун мамлакатимизда дини, ирқидан қатъи назар ҳар бир инсон қадр-қиммати улуғланиши, манфаати биринчи ўринга қўйилиши, аҳолининг осойишта истиқомат қилиши учун юртбошимиз томонидан давлат сиёсати даражасида кураш олиб борилмоқда.

Жаҳон ҳамжамиятида юксалиб, ўзининг сиёсий ва ижтимоий нуфузига эга бўлиб бораётган юртимизнинг дориломон ёруғ кунига шукрона айтиб, атрофдаги одамларга яхшилик қилиб, халқ ва миллати келажаги учун меҳнат қилиш ўрнига қабиҳ ишларга қўл ураётган одамлар талайгина. Улар каби виждонсизлардан нафратланасан, болажон бўлган ўзбек миллати сафига қўшишга орланасан киши. Ана шу нокас ва маънавияти паст даражада бўлган тарбиясиз кимсалар томонидан халқимиз обрўсига путур етказилмоқда.

Яқиндагина ижтимоий тармоқларда тарқалган даҳшатли маълумотларда қайд этилаётган, Марғилон шаҳрида жойлашган «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларига нисбатан бир неча йиллардан бери амалга ошириб келинган зўравонликлар, қўрқитишлар, тинимсиз равишда вояга етмаган қизларга дахл қилишлардан хабардор бўлиш ҳар қандай кишининг юрагини ларзага келтирмоқда. Мана, бир неча кунлардан бери менга бир ҳолат сира тинчлик бермаяпти.  Наҳот ўша одамлар вояга етмаган болалар ва қизларга кучли даражадаги қўпол муносабатлар билан азоб бераётган вақтида кўз ўнгида уларнинг ҳам фарзандларини вақти-соати билан кимдир шундай кўйга солиши, айнан шу вазиятга тушириши мумкинлигини бир он хаёлига келтирмади, тасаввур қилмади. Ахир бу дунё қайтар дунё-ку?!

Айнан ана шу вилоятнинг мутасадди раҳбарлари, «Меҳрибонлик уйи» жойлашган ҳудуд ички ишлар ва соғлиқни сақлаш ходимлари вазият шундай чуқурлашиб, туб илдиз отгунига қадар сергак бўлишмаган, соҳаларига масъулият билан ёндошишмаган.

Масаланинг яна бир оғриқли жиҳати, бу болаларнинг хўрланиш муаммосига: аслида, кимлар жавобгар? Айб маънавиятидан асар ҳам бўлмаган икки одамдан дунёга келиб, етимлик тамғасини бўйнига олган норасида гўдаклардами? Бир онлик ҳузур-ҳаловати учун ҳирсга берилиб, эртанги кунини ўйламай етим болалар сонини кўпайтираётган тарбиясиз эркак ва аёллардами? Ёки кимнингдир қизининг шаънига путур етказишдан олдин мулоҳаза қилмай, зўравонлик қилган кейинчалик эса фарзандини тан олмай, уни болалар уйига ташлаб кетаётган номардлар айбдорми? Майли, нима бўлганда ҳам бу бечора болалар кимнингдир наздида гуноҳкор ва кимнингдир фикрича кўнгли ярим бўлиб ёруғ оламда тақдирига тан бериб, меҳрибон ота-онаси, ҳимоячиси бўлишини орзу қилиб яшаётган бир вақтда ўша калтабинларни қандай важлар бу ишга қўл уришга ундади экан? Юртимизда ёшлар сиёсатига давлат даражасида эътибор берилаётгани тўғрисида онги манқурт «Меҳрибонлик уйи»нинг собиқ тарбиячи опалари хабардор бўлишмаса?! Ёки била туриб бу бизлар учун эмас, дея кўкрак керишдимикин?

Мен айнан улар каби эртамиз эгаларини ёлғончиликка, сотқинликка, тор фикрлашга ундайдиган, миллатни ичидан қуритадиган оналик шаънига доғ тушираётган аёлликка номуносиб одамларга етарлича жазолар беришади, деган умиддаман.

Лекин бизни бир савол қийнайди. «Меҳрибонлик уйи»нинг раҳбари бошчилигида 7 ёшгача бўлган гуруҳларда бўлган тарбияланувчиларнинг болаларча қилган хатоси учун қўлланилган оғир жазолар, зулмлар, уришлар, қўпол муносабатларга энди чек қўйиладими?

Бу ҳам майли, юртимиздаги бошқа шундай «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларининг аҳволи юқорида тилга олган маскандаги каби эмаслигига ким кафолат беради? Ёки «Бизга сабоқ бўлди» дея айбини хаспўслашга улгуришдимикин ўша сипо раҳбарият ва тарбиячилар?!

Энг даҳшатлиси, мажбурий азоб ва уқубатларга гирифтор бўлган «Меҳрибонлик уйи»даги 90 фоиз бегуноҳ болаларнинг отаси ёки онаси тирикдир… Энди асл айбдорлар кимлигини ҳақида хулоса қилиш ўзингизга боғлиқ азизлар.

Шаҳноза ТОЖИДДИНОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

2 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here