“Қонуний уйлангунимча шу аёл билан яшаб тураман, бир йилдан сўнг жавобини бераман” – Никоҳнинг вақтинчаси бўлмайди

0

Никоҳ – оилани мустаҳ­камловчи занжир. Афсуски, кейинги пайтда никоҳга, айниқса, шаръий никоҳга енгил қаровчи, ундан ўз нафси йўлида фойдаланувчилар кўпайиб қолди.
Миробод туманидаги “Қўйлиқ ота” жомъе масжиди имом ноиби Меърожиддин Ҳайдаров шаръий никоҳ ва унинг талаблари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
– Никоҳ – луғатда қўшиш, жамлаш, яқинлик деган маъноларни англатади. Аллоҳ никоҳни бизга фарз қилганига ўн тўрт асрдан ошди. Пайғамбаримиз с.а.в муборак ҳадисларида: “Никоҳ менинг суннатимдир, кимки ундан юз ўгирса менинг умматим эмасдур”, дейди. Афсуслар бўлсинки, ота-боболаримиз ўн тўрт асрдан буён амал қилиб келаётган никоҳга бугунги кунда айрим ёшлар томонидан бефарқлик, одобсизлик бўляпти. Бир укамиз хорижда беш йилча ишлаб келди. Уйланди. Никоҳ ўқиш пайтида: “Қани дўстим, шаҳодат калимасини билсангиз овоз чиқариб айтинг”, дедим. “Биламан, аммо айтмайман”, деди, қўрслик билан. Хўп майли, мусулмонлигингизни биламиз, уялаётган бўлсангиз айтмай қўяқолинг, деб сабр қилдим. Шаръий никоҳнинг ийжоб ҳамда қабул деб аталадиган фарзи бор. Келинга ўзингизни топширдингизми, деб сўрадим. Топширдим деди. Кейин йигитга юзланиб, қабул қилдингизми, деб сўрасам: «Йўқ, қабул қилмадим», деб баланд овозда жавоб берди. “Мен чет элдаги ҳаётни кўриб келдим, замонавийман, шаръий никоҳ менга керак эмас”, деб ўзини дунё кўрган киши қилиб кўрсатди. Кимки никоҳ ва унинг фарзидан юз ўгирса, пайғамбаримиз с.а.внинг уммати эмас, деб эслатдим ва Аллоҳ сизга инсоф берсин, деб чиқиб кетдим. Ота-онасининг қистови билан орқамдан келиб, узр сўраб қайтадан никоҳ ўқишимни илтимос қилди. Йигитга шаръий никоҳнинг афзалликлари ҳақида тушунча бердим.
Нима учун бундай воқеа содир бўляпти, деган савол туғилиши табиий. Бу ота-онанинг айби. Улар фарзандига ёшлигидан ислом динини, маърифатни ўргатиши зарур эди. Маънавий иммунитетини шакллантирганида у қаерда, қанча яшамасин бизга ёт хислатлар, манманлик таъсир қилмаган бўларди.
– Шаръий никоҳдан ўтишнинг талаблари қандай?
– Шаръий никоҳ ўқилиши учун ФҲДЁдан қонуний никоҳдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда паспортнинг асл нусхаси бизга тақдим этилади. Никоҳни қайд этиш дафтаримизга ёзиб, рўйхатга оламиз ва шаръий никоҳни тасдиқловчи “никоҳнома” қоғозини берамиз. Йигит билан қиз шаръий никоҳланиши учун иккита аёл, битта эркак ёки иккита эркак, битта аёл гувоҳ сифатида қатнашиши шарт. Гувоҳлар мусулмон бўлса, шунинг ўзи етади.
– Ҳозирги кунда вақтинчалик шаръий никоҳдан ўтиб, ота-онаси, яқинларидан яширинча яшаётган ёшлар ҳам учраб турибди.
– Ислом динида вақтинчалик никоҳ йўқ, бу ҳаром қилинган. Лекин шунга қарамасдан айрим йигитлар ўзларидан 18-20 ёш катта бўлган аёлларга уйланиб, улар билан бир-икки йил яшашни ният қилишяпти. Яқинда ҳали уйланмаган бир йигит келиб, ўзидан 18 ёш катта аёлга никоҳлаб қўйишимни илтимос қилди. Суҳбат давомида йигит яшаш манзили ҳамда ота-онасининг кимлигини сир тутди. “Қонуний уйлангунимча шу аёл билан яшаб тураман, бир йилдан сўнг жавобини бераман”, деди. Айтишича, аёл уни моддий томондан таъминлаб, ёрдам бериб тураркан. Бир йилдан сўнг ташлаб кетишингга розими десам, рози, келишиб олдик, дейди. Биродар, шариатда шарм йўқ, дейишади. Майли ўша аёлга ишқингиз тушибди, уни ота-онангизга кўрсатинг ва қонуний никоҳлаб олинг. Унгача шаръий никоҳдан ўтолмайсиз, деб қайтариб юбордим.
Шаръий никоҳдан ўтган йигитлар, албатта, бир кун келиб ёшроқ қизни қонуний никоҳига олишади. Тўй бўлаётган пайтда шаръий никоҳдаги хотини келиб: “Бу мени никоҳимдаги эркак”, деб тўйни бузган ҳолатларга гувоҳ бўлганмиз.
– Бундай муаммоларни ҳал этиш учун қандай амалий ишлар олиб бориляпти?

– Давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилди. Оила ва хотин-қизлар масалаларида тизимли ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ФҲДЁ органи, “Оила” марказининг туман (шаҳар) бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди.
Яқинда Миробод туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда йиғилиш ўтказиб, ёш келинчакнинг тақдирини муҳокама қилдик. Бир йигит ўзидан ёши анча катта аёлни шаръий никоҳлаб олган. У аёл аввалги эридан ҳам қонуний ажрашмаган, фақат талоқ қилинган. Аёл йигитдан бир фарзанд орттирган. Бола 12 ёшга кирибди. Вақт ўтиб, йигит касб-ҳунар коллежини битирган қизга қонуний уйланган. Тўйдан кейин, шаръий никоҳдаги хотини йигитнинг уйига келиб ўтириб олган. Биргалашиб кичкина хотинни уйдан чиқариб юбориш ҳаракатида бўлишган. Тумандаги кўплаб мутасадди ташкилотларнинг раҳбар ҳамда ходимлари ушбу йиғилишга келишди. Аммо йигит масъулиятдан қочиб келмади. Агар у мажлисда иштирок этганида бир қарорга келинарди. Хуллас бу ишни ҳал қилиш суд зиммасида қолди.
– Бундай кўнгилсизликларга шаръий никоҳ ўқишни ўзига амал қилиб олган чала муллалар сабабчи бўлмаяптими?
– Яқинда ёшгина бир келинчак мурожаат қилди. Йигитнинг ота-онаси уларнинг никоҳига қарши бўлишган. Бир аёл бир пиёла сувни ўртага қўйиб, ёшларнингг розилигини олиб, никоҳлаб қўйганмиш. Аслида шариатда аёлларнинг никоҳ ўқиши жоиз эмас. Диний маросимларни ўтказишга шу соҳанинг расмий вакилларигина ҳақли. Унга ҳар ким билиб-билмай аралашмаслиги керак. Юқоридаги ҳолат натижаси ўзингизга маълум, икки ёш ота-онасидан қочиб, ижара уйда яшаб юришибди. Фарзанд бўлмаётгани ҳам келинчакни ташвишга соляпти. Ахир аёл ҳомиладор бўлиши учун, энг аввало унинг қалби хотиржам бўлиши зарур. Ота-онани норози қилиб, шошма-шошарлик билан оила қуриш, бир кун келиб ўртада норозилик ва келишмовчиликларни юзага келтиради. Олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, маҳаллаларда ўтказилаётган тадбирларда оила мустаҳкамлиги учун шаръий ва қонуний никоҳни қайд этиш муҳимлиги тушунтириляпти. Масжидларда ҳам диний, ҳам дунёвий билимга эга бўлган домлалар ўтирибди. Муаммолари бўлса келиб улардан маслаҳатлар, йўл-йўриқлар олсин. Зарур бўлса икки ёшнинг никоҳига тўсқинлик қилаётган ота-оналарга тушунтирилади.
– Жамиятимизда эр-хотин тенг ҳуқуққа эга. Динимизда эркак ва аёлнинг бир-бири олдидаги бурч ва вазифаларига тўхталсангиз?
– Шариатимизда эрни аёл, аёлни эри олдидаги вазифалари жуда кўп. Фақат асосийларига тўхталмоқчиман. Эркакларнинг аёли ва оиласи олдида жуда катта масъулияти бор. Эр энг аввало аёлига яхши муносабатда бўлиши, унга ҳурмат билан қараши зарур. Аёлини эъзозлаш унинг қулига айланиш дегани эмас. Пайғамбаримиз ҳам Ойша онамизга эҳтиром билан қараган. Аёлни эри олдидаги энг биринчи вазифаси эса уни ҳурмат қилишлик. Кўпчилик аёлларимиз бугун эрини фалончи ака, деб исми билан чақиряпти. Шариатимизда эрини отини айтиб чақириш, ножоиз ҳисобланади. Ҳаттоки жаҳли чиққанида сенсираб юборадиганлар бор. Эридан берухсат хоҳлаган жойга боради. Қуръону каримда: “Эркаклар аёллар устидан бошлиқдирлар”, дейилади. Эркакнинг бошлиқ бўлиши Аллоҳнинг хоҳиши. Бу ояти каримани нозил бўлганига ўн тўрт аср бўлди. Шунча даврдан буён мусулмон оиласида, эркак бошлиқ бўлган.
Қуръони каримда: “Аҳли оилангизни, алангаси одамлар ва тошлардан бўлган дўзах азобидан сақлаб қолинглар” дейилган. Оила бошлиқлари фарзандларини бу дунёнинг ёмонликларидан асраб қолишлари учун уларга динни, маърифатни, одобни ўргатишлари жоиз деб биламан.
Нигора РАҲМОНОВА
суҳбатлашди.

«Оила даврасида«