ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (36-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

— Сенлар шу ерда қимирламасдан ўтиринглар! — қолганларга буюрди калбош. — Биринчи бўлиб мен кириб чиқаман!

Шундан сўнг у секин ташқарига чиқиб Наталья ётган хона эшигини итарди.

Қиз каравотда ширингина бўлиб ухларди.

Калбош унинг тепасига келиб бир муддат чиройли кўзларини, малларанг сочларини томоша қилди.

— Анчадан бери бундай гўзал қушча қўйнимга кирмаганди, — кўнглидан кечирди у тамшаниб. — Эркакни ёшартириб, кучига куч қўшишади. Афсуски, буларни қаёқдаги ғаламислар илиб кетаверишади. Йўқ, бугун ҳеч ким бу жононни биздан тортиб ололмайди. Биз уни жаннатга олиб кирамиз!

Калбош секин Натальянинг устига ётди ва кийимларини еча бошлади.

Баданида бегона қўлларни ҳис этган Наталья эса сесканиб кўзини очди-ю, беихтиёр қичқира бошлади.

— Қўйвор мени, ифлос, қўйвор! Сарсен, қаердасан, Сарсен! Ёрдам беринглар!

Калбош ҳадеганда типирчилайвергач, Натальянинг оғзига каравот четидаги сочиқни тиқиб қўйди.

Бу ҳам иш бермайдиган кўриндими, қўл-оёқларини ўзининг кийимлари билан чандиб боғлади.

Энди қиз қанча типирчиламасин, барибир фойдаси йўқ эди.

 

 

* * *

 

 

— Бу гал сенларнинг омадинг келмади! — бошини қуйи солганича шериклари ўтирган хонага кириб келган калбош норози тўнғиллади. — У ўлиб қолди!

— Нима? — ҳаммалари баравар ўринларидан туришди.

— Нега ўлади? — ваҳима аралаш сўради Вася. — Энди нима қиламиз? Бунақасига келишмагандик-ку!

— Нега бунча ваҳима қиласан? — жеркиб ташлади калбош. — Нима, умрингда биринчи марта кўряпсанми ўликни? Ундан кўра, қаерга кўмишни келишиб олайлик!

— Ишни расво қилдинг-да! — тўнғиллади ҳамтовоқлардан бири. — Иштаҳани карнай қилиб ўтиргандик!

— Майли, ўлмайсанлар! Шаҳарга қайтайлик, сенларга бунданам зўрини топиб бераман. Хўш, нима қиламиз?

— Томорқа тарафда катта қарағай бор, — деди Вася. — Ўшанинг остига кўмиб юбора қоламиз.

— Сасиб кетмасмикан? — сўради калбош.

— Чуқурроқ кавласак, сасимайди.

— Ановиларга нима деймиз?

— Бир йўлини топармиз. Ҳозир бунинг мавриди эмас. Вей, ўзи қандай қилиб ўлдириб қўя қолдинг-а?

— Ким билсин? Қўрқитиб юбордим, шекилли!

Ташқарига йўл олишди. Бу лаҳзаларда осмон бир томондан ёришиб, тонг яқинлашиб келарди.

 

 

* * *

 

 

Хонада аллақачон ҳеч ким қолмаган, фақат Обиджонгина хуррак отар, дераза очиқ қолгани сабаб совқотиб уйқу орасида устидаги кўрпага қаттиқроқ ўралиб олишга уринарди.

Бир маҳал беихтиёр хуррак отишдан тўхтаб кўзларини очди. Очди-ю, даст ўрнидан туриб кетди.

Чунки, тепасида Резидент қовоқларини уйганча унга тикилиб турарди.

— Мен қаердаман ўзи? — атрофга аланглаб сўради Обиджон. — Сиз қандай келиб қолдингиз?

— Мен ҳам сендан худди шу ҳақда сўрамоқчиман, — деди Резидент совуққонлик билан. — Бу ерларда нима қилиб юрибсан? Нега Валераникида эмассан?

— У аблаҳ…

Обиджон ҳаммасини тушунтирмоққа чоғланди. Аммо Резидент уни кесиб ташлади.

— Биз сен билан қандай келишгандик, йигит? Нега айтилган топшириқни бажариш ўрнига дайдиб юрибсан?

— Улар мен яширин равишда ёғ сотиб пул ишлаётганларини аниқлаганимдан сўнг орқамдан тушишди. Натальяни тортиб олмоқчи бўлишди.

— Буни биламан. Лекин сенга айтилганди. Айёрона йўл тутишинг, шу йўл билан Валеранинг ишончига киришинг лозим эди. Сен эса…

— Наталья қани? — эшикка йўналди Обиджон. Бироқ яна Резидент уни тўхтатиб қолди.

— Натальянг энди йўқ. Касали тутиб ўлиб қолди.

— Нима? Нега ўлади? — қичқириб юборди Обиджон. — Йўқ, йўқ!

— Бас қил дийдиёнгни! — жеркиб берди Резидент. — Сен ҳали ундан ҳам гўзалроғини учратасан. Қолаверса, ҳозирги вазиятда қизларга илакишиб юришга ҳаққинг йўқ. Шуни биласанми?

Обиджон индамади. У бошини чангаллаган кўйи каравотга ўтирди-да, лабларини тишлаб бош чайқай бошлади.

— Мотам тутишни бас қил! — буюрди Резидент. — Йўлга чиқишинг, топшириқни бажаришда давом этишинг керак!

— Демак…

Обиджон шошиб ўрнидан турди-да, Резидентнинг кўзларига боқди:

— Демак, кечаги турмадан чиққанларниям сиз уюштиргансиз, тўғрими? Тўғрими, деяпман!

Резидент жавоб ўрнига Обиджоннинг ёқасини ғижимлади.

— Сен итвачча нималар деб валдираяпсан? Ё ҳар қадамда сенга ялиниб кун ўтказишим керакми? Мен сенга кийин, йўлга чиқамиз, дедим! Нега ўзбошимчалик қиляпсан тағин?

Обиджон тан берди. Резидент ўзидан-да кучлироқ эканини ёқа бўғишиданоқ пайқади ва бўшашиб қўлларини пастга туширди.

— Мана бу бошқа гап, — деди Резидент мулойим тортиб. — Ҳозир аза тутиб ўтириладиган пайт эмас. Ўша қиз барибир бир кун ўлиб кетарди. Агар биз ҳар бир марҳум учун қайғураверадиган бўлсак, мақсадга ета олмаймиз. Сенинг ишингда одам тошюрак бўлиши керак! Қани, тез бўл, кўчада машина кутиб турибди!

Обиджон индамай қўлига майда-чуйда буюмларини олди-ю, Резидентнинг ортидан эргашди.

 

* * *

 

 

— Мен энди сизга ҳамроҳ бўла олмайман! — деди Обиджон машинага яқин келгач. — Ўзингиз кетаверинг!

— Нима? — тутақиб кетди Резидент. — Сен нималар деётганингни биласанми?

— Жуда яхши биламан. Мен Россияга бошқа иш билан келгандим. Сизларнинг йўлингизга юриб ҳаммасини чалкаштириб юбордим. Етар, бас, мен энди ўз ишларимни битираман-у, уйимга қайтаман!

— Аҳмоқлик қилма! — Резидент машина эшигини ёпиб Обиджонни нарига етаклади. — Каллангни ишлат, йигит! Бу кўча шундайки, бир марта кирдингми, тамом, қайтиб чиқа олмайсан.

— Менга барибир. Мен сизларга ўхшаган жосус эмасман. Оддий бир одамман.

— Шунақами? Хўп, сен айтганча бўла қолсин. Аммо ҳозир барибир мен билан шаҳарга боришинг шарт. Чунки, идорада сени каттанинг ўзи кутиб ўтирибди. Суҳбатидан ўтасан-у, кейин билганингни қилаверасан.

— Катта билан гаплашадиган гапим қолмади, — деди Обиджон кечагина сўнгги бор Натальяни ўзи етаклаб олиб кирган дарчага алам билан боқаркан. — Ўшаларнинг дастидан мен муҳаббатимни бой бердим. Энди тошини терсин.

— Нимани бой бердинг? — кутилмаганда кулиб юборди Резидент. — Вей, хомкалла, сен кимларга илакишиб қолганингни билармидинг? Ахир, у қиз қип-қизил жиноятчининг фарзанди эди! Бунинг устига касал эди. Эртами-кечми, барибир ўлиб қоларди! Мен буни билардим. Фақат сенинг кўнглингга озор беришни истамагандим.

— Бас қилинг! — қичқириб юборди Обиджон. — Кўнгилдан гапириш сизга ярашмас экан! Ғирт каллакесарсиз! Тағин кўнгилни гапирасиз!

— Хўп, — резидент ўзини босишга уриниб сал паст тушгандек бўлди. — Нима десанг, розиман. Лекин ҳозир бирга ташкилотга бормасак бўлмайди. Сени кутишяпти. Машинага чиқ!

Обиджон қаттиқ ишонарди. Бу ишни қайтиб қилмайди. Ҳеч бўлмаганда, янгасининг дарагини топса бас. Уйига, она қишлоғига қайтиб кетади. Булар тугул каттароғи ҳам уни ушлаб қола олмайди. Шундай экан, нега ноз-фироқ қилиб бекордан-бекорга бу жосус билан тортишяпти? Ундан кўра, машинасида шаҳаргача етиб олса бўлади-ку! Суҳбат қилишса нима бўпти? Хоҳлаганларича қилишаверсин. Барибир ўз сўзидан қайтмайди. Уйига кетади, дедими, вассалом!

У бир қарорга келгандек, зарда билан машина эшигини очди-да, орқа ўриндиққа ўзини ташлади.

 

 

* * *

 

 

Ташкилот идорасини яна бошқа жойга кўчиришибди, чоғи, резидент уни қандайдир кўчалар билан олиб бориб, эски, икки қаватли уй рўпарасига етганда тормозни босди.

У аввалига бир муддат рулга бошини қўйганча сукутга толди. Сўнгра кескинлик билан эшикни очиб ташқарига чиқди.

— Тушавер, — деди Обиджонга уй томонни кўрсатиб, — Подъездга кириб, чапдаги эшикни очасан.

— Ким бор у ерда? — сўради Обиджон.

— Кирганингда биласан. Тезроқ туш, мен кетишим керак!

Обиджон секин пастга тушди-да, хайрлашиб ҳам ўтирмай, подъезд томон йўл олди.

Эшик қия очиқ экан. У тез ичкарига кирди-да, эшикни ичкаридан ёпиб ошхона томонга ўтди.

Ошхонадаги ранглари ўчиб, бир оёғи қийшайиб кетган курсида бир пайтлар Обиджонни суҳбатдан ўтказган кекса генерал сигарет тутатиб ўтирарди.

— Келдингми, болам? — дея секин ўрнидан қўзғалиб Обиджонга қўл чўзди генерал.

Обиджон у билан кўришиб, дераза қаршисига бориб олди.

— Нега ўтирмаяпсан? — сўради генерал зўрма-зўраки жилмайиш қилиб.

— Чарчаганимча йўқ, — жавоб қилди Обиджон қовоғини уйиб. — Гапингиз бўлса, тезроқ айтсангиз, мен шошиб турибман.

— Қаерга шошасан?

— Бунинг ҳеч кимга тааллуқли жойи йўқ.

Генерал кексаларга хос босиқлик билан бир муддат Обиджонни кўздан кечириб ўзича нималарнидир мулоҳаза қилган бўлди ва мақсадга ўтди.

— Афсус, сен тоғангга тортмабсан, — деди у бош чайқаб. — Агар тоғанг ҳаёт бўлганида сенга топширилган ишларни кўзини юмиб бажарган бўларди.

— Бу билан нима демоқчисиз?

— Ҳеч нима демоқчи эмасман. Сенинг қайсарлигинг менга ёқмаяпти, холос. Ахир, ўзинг ўйла, она ватанинг шундай ишларни ишониб топширса-ю, сен ўзингни олиб қочсанг! Аксинча, фахр билан, ғурур билан адо этишинг зарур ўша бурчингни!

— Мен аскар эмасман-ку! — генералга ҳайрат аралаш боқиб жавоб берди Обиджон. — Мен оддий одамман. Қишлоғимда ҳам қиладиган ишларим бошимдан ошиб ётибди.

— Унда нега Россияга келдинг? Нима учун бизнинг одамларни шубҳага қўйиб, мумкин бўлмаган ишларга бурнингни тиқдинг?

— Мен тоғамнинг ўлимини, кимлар туфайли ўлганини аниқламоқчи эдим.

— Хўш, аниқладингми? Нимага эришдинг?

— Ҳеч нарсага, — деди Обиджон. — Ҳеч нарсага эриша олмадим.

— Ана, кўрдингми, — жонланди генерал, — Бундан кейин ҳам эриша олмайсан. Негаки, тоғанг ўз бурчини адо этиш асносида бўлмағур касал орттириб олган. Шу касаллик туфайли оламдан ўтган. Агар ҳақиқий меҳрибон ва содиқ жиян бўлганингда, у қила олмаган ишларни поёнига етказиб, бизга кўмак берган бўлардинг. Сен эса қаёқдаги қаланғи-қасанғи қизларга илакишиб, миянгни заҳарлаб юрибсан.

— У қаланғи-қасанғи эмас! Бундай дейишга ҳаққингиз йўқ!

— Ўзингни бос. Мен тушунаман. Сенинг ёшингда муҳаббат дегани худди ўчириб бўлмайдиган оловга ўхшайди. Хўп, энди нима қилмоқчисан? Бизга хизмат қилишда давом этасанми?

— Йўқ, энди сизларга шерик бўла олмайман. Уйимга кетишим керак.

— Йў-ўқ, йигит, — секин яқин келиб Обиджоннинг елкасига қўл ташлади генерал, — Энди ўлигимиз ҳам, тиригимиз ҳам бир. Сен ҳали янгангнинг дарагини топмоқчи эдинг. Топганинг йўқ, шубҳасиз, тўғрими?

— Ҳа, афсуски, топа олмадим, — деди Обиджон асабий лаб тишлаб.

— Кўрдингми, бизнинг кўмагимизсиз топа олмайсан ҳам. Агар ёрдам берсанг, биз ҳам қараб турмаймиз. Янгангнинг дарагини топиб берамиз.

— Сиз биласизми унинг қаердалигини? — ҳовлиқиб сўради Обиджон.

— Биз билишга биламиз. Лекин битта шарт билан сенга дарагини айта оламиз.

— Қандай шарт? Айтинг!

— Хизматни давом эттирасан. Валерани тузоққа илинтириб берасан. Ундан кейин сенинг муаммонгни ечишда ёрдамлашамиз.

— Сизларга ишонмайман. Шундай деб ишингизни битириб оласиз.

— Сенга шахсан мен ваъда бераман. Ҳар ҳолда янганг ҳақидаги маълумот қизиқ бўлса керак?

— Бошқа топшириқ бермайсизларми?

— Сен аввал шу ишни қойил қил, кейин биласан.

— Сўз берасиз-а?

— Чин генерал сўзим! Алдаш йўқ!

— Бўпти, мен розиман!

— Жуда соз. Лекин билиб қўй, ҳозир борсанг, Валера сени қучоқ очиб кутиб олмайди. Ёш бошинг билан кў-ўп азобларга гирифтор бўлишинг мумкин. Чидай олармикансан?

— Буни ҳали кўрамиз. Ким кимни азобга соларкан! — кўксини баланд кўтариб қўлларини мушт қилганича эшик томон йўналди Обиджон. — Мен ҳам анойи эмасман.

— Баракалла, бор, ишни бошла! Керак бўлсанг, сени ўзимиз топиб оламиз!

Обиджон шахд билан ташқарига чиқди-да, уй рўпарасида бирпас ўй суриб тургач, автобус бекатига қараб йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: