БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ОКА?..

0

 

СКЛЕРОЗ

(ҳажвия)

 

Ташҳис

 

Яқинда врач қабулида бўлдим. У ташҳис қўйди. Касалимнинг номиниям айтди, нималар қилиш кераклиги, қандай дорилар ичиш зарурлигини тайинлади.
Буни қарангки, уйга етгунча касалимнинг номи эсдан чиқибди.

— Хўш, касалингиз нимайкан?? — сўради хотиним хавотир аралаш.

— Ўлай агар, эсимдан чиқди, — дедим рангим бўзариб. — Нимайди? Нимайди-я? Э, эсга келмаяпти-да, хотин! Хуллас, «С» ҳарфи билан бошланиб, «С» ҳарфи билан тугаркан.

— Нима? — бу гапимни эшитгани ҳамоно хотиним ранги ўзгариб ўзини четга олди. Қошлари чимирилиб, кўзларимга шубҳали назар билан боқди. — Ҳали сиз… Шунақамисиз? Беҳаёмисиз? Хиёнаткормисиз? Билмаган эканман… Ифло-ос!!! Йў-ўқ, менга яқинлашмайсиз! То тузалмагунча нариги хонада ётасиз! Йўқолинг! Даф бўлинг! Тамом!..

Хотиним йиғлай-йиғлай, мени ҳайдаб чиқарди-да, эшикни ичкаридан қулфлаб олди. Ҳайрон эдим. Ҳеч нарсага тушунмасдим. Наҳотки, касалим шу қадар хавфли ва юқумли, қўрқинчли бўлса?.. Ўзимни ўзим кечира олмай, уч кун бошқа хонада ётдим. Шу уч кун ичида ўйлайвердим, бош қотиравердим. Касалимнинг асл номини эслашга, хотинимнинг аҳволини тушунишга уриндим…

Худонинг марҳаматини қаранг, учинчи куни ярим тунда касалимнинг асл номи бирдан эсимга тушди. Хурсанд бўлганимдан сал қурса ашула айтиб юбораёздим. Тағин эсдан чиқариб қўймаслик учун деворни муштлай-муштлай, қичқира кетдим:

— Хотин! Эсладим! Касалимнинг номи эсимга тушди! Склероз! Склероз!

Хотинжоним жуда тушунадиган, кўнгилчан аёл-да! Сўзларим ҳақиқатлигига ишонди ва хонага кириб келиб елкамга бош қўйди-да, оҳиста шивирлади:

— Аҳмоққинам! Эртагаёқ ўзим бирга дўхтирга бораман! Склерозни ўлдирамиз!!

 

 

Ошиқ

 

Дунёда мендан яхши, садоқатли, ҳавас қилса арзийдиган ошиқ йўқ эди. Севгилим Адолатхонни еру кўкка ишонмасдим. Афсуски, бу сафар склероз панд берди. Дўхтир, «Бирор иш қилишни режалаштирган бўлсангиз, ўша ишнинг номини йўлма-йўл такрорлаб боринг», деб тайинлаганди. Учрашувга чиқадиган бўлдим-у, гулдастани маҳкам қучоқлаганча «Адолатхон, учрашув, Адолатхон, учрашув» деб кетавердим. Қаергадир етганимда, ариқчадан ҳатладим-у, ҳаммаси тугади. Мен… Қаерга кетаётганимни унутиб қўйдим. Қўлимдаги гулдастага қарай-қарай энсам қотди. Ўзимни худди телбага ўхшатдим. Ён-веримга қарадим-у, гулдастани бир четга ирғитдим ва ҳеч ким кўриб қолмаслиги учун атайин севимли қўшиғимни хиргойи қилганча уйга қайтдим.

Адолатхон инжиқроқ эди. Бормаганим учун сал бўлмаса мендан юз ўгираёзди. Кеча-ю, кундуз «СМС» лар ёзавериб зўрға кўндирдим.

Склерозни кўришга кўзим йў-ўқ!!!

 

 

Улфатлар

 

Ҳар ойнинг охирги шанбасида улфатлар билан гапимиз бор. Чойхонага йиғилиб, паловхўрлик қиламиз.

Бугун ҳам қоронғи тушиши билан янги кийимларимни кийдим-да, кўчага чиқдим. Чойхона яқин. Бир ҳатлаб етволсам бўлади.

Шу тобда икки ҳовли нарида турадиган қўшним кетмон сўраб қолди. Ўша билан андармон бўлиб, чойхонага боришим кераклигини эсдан чиқарибман. Хаёлимда гўё қабристонга бориб отам раҳматлининг ҳақига дуо ўқиб келишга отлангандек бўлавердим.

Отам раҳматли улфатохун одам бўлган. Оғайнилариям жа обрўли, қўли гул усталардан эди. Шуларни ўйлаб, юрагим эзилиб, қабристонга кириб бордим. Ҳаммаёқ зим-зиё. Қабристонда зоғ учмайди. Қабрларни оралаб бордим-да, таниш қабр тепасига тиз чўкдим. Қоронғи бўлишига қарамай, қабрнинг айлана атрофини ўт босганига кўзим тушди. Ҳафсала билан ўша ўтларни юлдим. Сўнгра тиловат қилдим. Эндигина юзимга фотиҳа тортгандим, қўл телефоним жиринглади. Одам қаттиқ қайғуга ботганда, ҳеч нарсани фаҳмлай олмаскан. Ҳовлиқиб қоларкан. Шоша-пиша телефонни қулоғимга тутдим.

— Вей, қачонгача сени кутиб ўтирамиз? — дея қичқирди қандайдир таниш товуш эгаси. — Ош ҳам, анави «оби-зам-зам» ҳам музлаб кетди-ку! Келмайсанми?

Яширмайман. Бу товуш худди отам раҳматлининг товуши эди. Дўқ уришиям, танбеҳлариям отамники…

Жон-поним чиқиб кетди. Бир қабрга қарадам, бир кўчага. — Бу… Арвоҳ! Арвоҳ!..

Азбаройи қўрқиб кетганимдан телефонни бир четга ирғитдим-у, ура қочдим. Қочавердим, қочавердим… Бировлар орқамдан чопсаям, чақирсаям тўхтамадим…

Шу кўйи уч кун иситмалаб ётиб қолибман…

Кўзимни очсам, тепамда ойижоним йиғлаб ўтирибди.

Яхшиям бахтимга ойим бор. Ўша куни чойхонага бормай, қабристонга кетганим-у, улфатлар қўнғироқ қилиб уришганигача айтиб берди.

Шундагина мени склероз йўлдан урганига амин бўлдим…

Йўқ, оғайнилар, бунақаси кетмайди. Дўхтирга бормасам бўлмайдиганга ўхшайди. Ишқилиб, дўхтирга бориш ҳам эсимдан чиқмасин, кетаётганимда йўлимдан ариқчалар чиқиб қолмасин!

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: