ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (37-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

У Валераникига қандай кириб боришни, нима дейишни умуман билмасди. Фақат бир нарсага амин эдики, генерал айтганидек Обиджонни Валера қучоқ очиб кутиб олмайди. Қолаверса, уникига кириб қай сирларини аниқлаш-у, нима иш бажаришни билмасди.

Хаёлида ҳеч қандай режа ҳам мавжуд эмасди. Миясини ҳамон Натальянинг сирли ўлимигина кемириб борар, жосусларга нисбатан алам ўти қалбини куйдирарди.

«Ҳойнаҳой, тоғам ҳам худди шундай адолатсизликларга қарши курашиб оқибатда ўлдириб юборилгандир, ўйларди у автобус ойнасидан ташқарига боқиб. Булар жаллоддан баттар одамлар экан. Энди билдим ўйинларини. Лекин нега уларни ҳеч ким жазоламайди? Нима учун бемалол истаган одамларини ўлдириб юборишаверади?»

Шундай хаёллар билан Валеранинг шаҳар ташқарисидаги бепоён далаларга кўрк бағишлаб турган шоҳона ҳовлиси рўпарасида автобусдан тушиб қолган Обиджон кийимларини тўғрилаб, эҳтиёткорлик билан дарвозага яқин борди.

«Қизиқ, илгари дарвоза ёнида қатор машиналар турарди, кўнглидан ўтказди у атрофга назар ташлаб. Костюм-шим кийиб бўйнига бўйинбоғ таққан барваста йигитлар дарвоза олдида қўл қовуштириб кимларнидир кузатишар, яна аллакимларни кутиб олиб ичкарига олиб киришарди. Ҳозир эса бу ер ҳам ҳувиллаб қолибди. Ё Валераям қўлга тушдимикан? Қандай қилиб? Балки банкир сотгандир? Кошкийди шундай бўлса! Мен осонгина ҳаммасига қўл силтаб қишлоғимга жўнаб юборардим».

У ҳар эҳтимолга қарши дарвозага яқин бориб қўнғироқ тугмачасини босди.

Маълум муддат ичкаридан ҳеч қандай овоз келмади. Обиджон ҳайрати ошиб қайтадан тугмачага қўл юборди.

Шу пайт ҳовлида аёл кишининг майин овози эшитилгандек бўлди-ю, Обиджон шошиб ўзини орқага олди.

Гўёки, ўзини кўча юзида кимнидир кутаётгандек қилиб кўрсатмоқчи бўлди.

Ниҳоят дарвоза очилди. Обиджон ҳам беихтиёр ўша томонга ўгирилди.

Остонада эгнига бахмалдан халат кийиб олган, малласоч, тахминан ўттиз ёшлардаги келишган бир жувон турарди.

Обиджон худди аёлга эътибор бермаётгандек қайтадан кўча томонга бурилиб олди.

— Ҳой, яхши йигит, кимни кутяпсиз? — мулойимлик билан сўради аёл.

— Ҳеч кимни, — совуққон оҳангда жавоб қайтарди Обиджон, гарчи аёлнинг чиройига беэътибор қолмаган бўлса-да!

— Ҳозиргина қўнғироқни чалдингиз-ку! Нега қўрқасиз? Келаверинг! Сизни кутишяпти!

— Ким? — Обиджон ўзи ҳам сезмаган ҳолда аёлга яқин борди. — Ким кутади мени? Сиз мени қаердан биласиз?

— Бунисини билмадим. Менга тайинлашганди. Сизнинг келишингизни билардим.

— Шунақами? Ичкарида кимлар бор?

— Ким бўларди? Валера, яна икки хизматчи йигит.

— Бўпти, мени ичкарига бошланг унда! — бирдан жонланиб дарвозага қўл чўзди Обиджон.

— Марҳамат! — аёл тавозе билан дарвоза қанотини очиб, Обиджонни ҳовлига таклиф этди.

 

 

* * *

 

 

Аёл алдамабди. Обиджон зиналардан юқорига кўтарилиб Валеранинг хос хонасига кириб борганида, ҳақиқатан, у ёнида икки йигит билан шахмат ўйнаб ўтирарди.

Обиджон кириб келганини билса-да, негадир ўйинни тўхтатмади. Ҳатто, бошини кўтариб ҳам қўймади. Фақат совуққонлик билан сўради:

— Нега келдинг?

Обиджон бундай муомалани кутган ва аллақачон ўзини тайёрлаб ҳам олганди. Шунинг учун тап тортмай жавоб қилди:

— Ҳали биргаликда қиладиган ишларимиз охирига етмади.

— Шунақа дегин? — Валера бу жавобдан ҳайратланиб истар-истамас бошини кўтарди ва ёнидагиларга «чиқ» ишорасини қилди.

— Итдан тарқаган, уялмасдан қай юз билан менинг хонадонимга келдинг? — ўшқирди у йигитлар чиқиб эшикни ёпишгач.

— Ҳовлиқаверманг! — деди Обиджон. — Кутаётган сиз эдингиз-ку, мени! Тағин қаёқдаги гапларни гапирасиз? Ундан кўра, нега кутаётганингизни айтинг, менинг вақтим зиқ!

— Нима? Кечагина тухумдан чиқиб менга буйруқ берасанми? Менга-я?

Валера тўсатдан ўрнидан турди-да, Обиджонга яқинлашди.

— Ҳали орқангни тозалаб арта олмайсан-у, менга кўрсатма берасанми?

— Орқам сизни қизиқтирмай қўя қолсин, — бўш келмади Обиджон. — Керак бўлганида тозалаб артиб олавераман.

Валера кулиб юборди. Лекин бу кулгу замирида алам ва интиқом ўти алангаланиб турар, Обиджон буни Валеранинг чақнаган кўзларидан пайқаб улгурганди.

Шундай бўлди ҳам.

Валера кулишдан таққа тўхтаб, ташқари эшикни очди ва боягина Обиджонни қарши олган аёлни ҳузурига чорлади.

— Мария, тез буёққа кир!

— Чақирдингизми хўжайин? — кўз очиб юмгунча аёл Валеранинг қаршисида пайдо бўлди.

— Ҳа, мановини ҳаммомга олиб кириб чўмилтирасан!

— Мен-а? — киприкларини пирпиратиб бир Валерага, бир Обиджонга боқди Марина.

— Менми бўлмаса? Яхшилаб чўмилтир! Хуллас, менинг олдимга одамбашара бўлиб кирсин!

— Мен сизнинг сассиқ ҳаммомингизда чўмилишга орзуманда эмасман, — деди Обиджон. — Ўша ҳаммомингиз ўзингизга сийлов.

— Ҳаммомим сассиқ эмас. Сен сасиб кетгансан. Бор, тезроқ бу хонадан чиқ, кўнглим ағдарилиб кетяпти! Айтганча, чиққанингдан кейин сен билан гаплашадиган алоҳида гаплар бор. Фақат тезроқ бўл!

Нимаям қиларди? Обиджон Валерадан буткул бошқача муносабат кутганди. Ҳозир келади-ю, шотирларини ёнига олиб тиш қайраб ўтирган, деб хаёл қилганди. Йўқ, умуман бошқача манзара намоён бўлди. Наҳотки, Валера бўлиб ўтган ишларнинг барчасига қўл силтаб бошқатдан у билан ишламоқчи? Аммо, нима иш қилади? Нима ҳақда гаплашади?

Буниси ҳозирча Обиджонга қоронғи эди.

 

 

* * *

 

 

— Зўрсиз-ку! — йигитнинг бақувват елкаларини, спортчиларга хос йўғон ва чайир билакларини нозик бармоқлари билан силаб шивирлади Марина. — Жудаям кучлига ўхшайсиз!

Аёлнинг ёқимли сийпалашлари ҳаммом иссиғидан ҳам ўтиб тушди. Обиджон аъзойи баданида титроқ туйиб бир муддат Маринага бўйсунган кўйи силаб-сийпалашларга асир бўлди. Лекин бу ҳолат узоқ давом этиши мумкин эмасди. Бўй йигитнинг тоқати етмасди.

У кутилмаган ҳаракат билан Маринани даст кўтариб олди ва пархона рўпарасига қўйилган йиғма каравотга ётқизиб дуч келган жойидан ўпа кетди.

— Оҳ, бунчаям ёмонсиз? — деди аёл Обиджоннинг эркалашларидан маст эканини яшира олмай. — Шу пайтгача қаерларда юргандингиз?

— Ҳозир ҳам кеч эмас! Энди сени қўйиб юбориб бўпман! Сен Натальяга ўхшаркансан! Худди ўзи! Овозинг ҳам, эркаланишларинг ҳам, ҳамма-ҳаммаси Натальяга ўхшаркан!

 

 

* * *

 

 

— Бу ерга қачон келдинг?

— Менми? Яқиндагина келдим.

— Нима иш қиласан? Эркакларни ювинтириш билан шуғулланасанми?

— Худо асрасин! — деди Марина. — Мен, асосан, ошхона юмушларига қарайман. Бугун шу ишни буюрганини кўриб ҳайрон бўлдим. Бироқ сиз дарвоза олдидаёқ ўзимга ёқиб қолгандингиз. Шунинг учун бош тортиб ўтирмадим.

— Бошқаси бўлса, бош тортармидинг? — сўради Обиджон.

— Албатта.

— Ишдан ҳайдаб юборарди-ку, у ҳолда!

— Нима қипти? Ўзинг ёқтирмаган одамнинг оғушида бўлгандан кўра ўлганинг яхши.

— Эринг борми?

— Йўқ, ажрашиб кетганман.

— Нега?

— Бунинг тарихи узун. Кўп ичарди, рўзғорга қарашмасди. Ўшандаям ошхонама-ошхона изғиб ўзим пул топиб келардим. У эса пулларни қўлимдан юлқиб оларди-да, барга қараб югурарди. Охири жонимга тегди. Бор-э, дедим-у, ўз уйимга кетдим-қолдим.

— Менга қара, Валеранинг менда қандай гапи бўлиши мумкин-а, билмайсанми?

— Билмайман. Менга ҳисоб бермайди у одам.

Обиджон Марина гапни калта қилганидан ҳаммасини англагандек эди. Демак, бу аёл Валера билан. Лекин… нега? Ҳозиргина ўзи ёқтирмаган одамнинг оғушида бўлгандан кўра ўлган яхши демадими? Ё шунчаки унинг кўнглини кўтариш учунгина шундай деб қўя қолдими? Аслида бу аёлга ким билан бўлиш барибирми? Нега?

Саволлар кетидан саволлар қуйилиб келарди. Аммо бирортасига Обиджон жавоб топа олмас, хаёлан боши берк кўчага кириб адашган кимсага ўхшарди.

 

 

* * *

 

 

— Сени ертўлага кузатиб қўйишим керак эмиш, — деди Марина ҳаммомдан чиқаётиб.

— Нима?

— Хўжайин тайинлаган.

— Ертўлада нима бор? Айтмоқчиманки, кимлар?

— Мен аниғини билмайман. Шуни биламанки, у ерда сени Валеранинг ўзи кутади.

— Демак, суҳбатни ертўлада ўтказмоқчи экан-да! Тўхта, олдин менга бир нарсани айт!

— Нимани? — юришдан тўхтаб сўради Марина.

— Мен сенга ёқаманми?

— Ёқиб қолдинг. Ё шубҳанг борми?

— Шубҳам йўқ. Айт, мен оғир аҳволда қолсам, ёрдам берармидинг?

— Қўлимдан келганича ёрдам бераман. Ахир, шундай яхши одамдан қандай юз ўгираман?

— Раҳмат сенга! — Обиджон юришда давом этиб йўл-йўлакай Маринани маҳкам қучиб қўйди. — Билиб қўй, сен ҳам менга жуда-жуда ёқасан!

 

 

* * *

 

 

«Қизиқ, бало билан яхшилик ёнма-ён юришини бир пайтлар аямдан эшитганим бор эди, ўйларди Обиджон Маринанинг ортидан ертўла томон кетиб бораётиб. Мана, кечагина қанча қийинчиликларни бошимдан кечирдим, эркаклик ғуруримни топташди, устимдан кулишди. Бугун эса Худо менга яна ёруғ йўлни кўрсатиб турибди. Манавиндай аёлга рўпара қилиб турибди. Буёқда Валера ҳам негадир мени бошқачароқ усулда кутяпти экан. Нима сабабдан? Ҳойнаҳой, у менинг қобилиятимга, устомонлигимга тан берган. Ҳа, бойваччалар аҳмоқ эмас. Улар одамни обдон кузатишади, ёқтириб қолишса, дарров ўзларига оғдирмоқчи бўлишади. Қизиқ, қандай иш таклиф этаркан у менга? Э, фарқи нима?! Менинг ўз ишим бор. Ўша ишимни уддалайман-у, қишлоғимга йўл оламан. Бошқа нарсанинг менга сира қизиғи йўқ».

Ертўлага етишгач, Марина ичкарига бирров кириб чиқди ва Обиджонни киришга таклиф этди.

Кутилганидек, дид билан жиҳозланган ертўла тўрида — юмшоқ диванда Валера керилганича ўтирар, сал наридаги курсилардан эса икки барзанги соқчилари жой олишганди.

Обиджон бу манзарага ҳам бир муддат ҳайрат аралаш тикилиб қолди. Чунки, боя ҳовлига кириб келганида, бу барзангилар негадир кўринишмаганди.

«Қаердан келиб қолишди булар, ўзича бош қотирган бўлди Обиджон Валерага яқин бориш асносида. Бу ярамас қўнғироқ қилиб қаердандир чақиртириб олганга ўхшайди».

— Хўш, ўлимингдан аввал покланиб олдингми? — томдан тараша тушгандек берилган илк савол Обиджонни ҳушёр торттирди.

— Тушунмадим, — деди у Валерага еб қўйгудек термулиб.

— Сенинг ўлиминг-да! Нима, шунча қилган сотқинликларингдан кейин ҳам сени тирик қолдирайми? Хўш, нега индамайсан? Гапир!

— Билгандим, — дея ертўланинг нариги четига ўрнатилган икки темир ва уларга боғланган арқонларга кўз ташлади Обиджон. — Мени кечирмаслигингизни билардим.

— Билганинг жуда яхши. Ҳа, мен шунақа одамман. Сотқинларни кечира олмайман. Лекин сенга яна бир имконият беришим мумкин. Агар бир шартимни адо этсанг, бу ердан кайф-сафо қилиб чиқиб кетасан.

— Хўш?

— Кўрдингми, — асосий гапга ўтишдан олдин Валера ертўла четидаги иккита темир ва арқонга ишора қилди. — Мана шу темирлар сен учун махсус ўрнатилган. Агар шартни бажаришдан бош тортсанг, ҳов анови акаларинг сени шу темирларга боғлаб савалашади. Билиб қўй, савалагандаям боплаб, ўладиган қилиб савалашади. Хўш, розимисан?

— Майли, айтинг шартингизни!

— Шартим шуки, сен ҳозир, мана шу ерда собиқ хўжайининг Гриша завод ҳужжатларини қаерга беркитганини айтиб беришинг керак.

— Ҳужжат? — ҳайрон бўлиб Валерага тик боқди Обиджон. — Мен, унақа ҳужжатлардан бехабарман.

— Алжирама! Сен ҳаммасидан хабардорсан. Беҳудага унинг қизига илакишиб юрмагансан. Яхшиликча айт, ҳужжатларни қаерга беркитган. Кутишга вақтим йўқ, тезроқ бўл!

— Айтдим-ку, билмайман деб! — такрорлади Обиджон.

— Шунақами? — Валера тиржайганича барзангиларга имо қилди. Улар чопиб келиб куч билан Обиджонни темир устунлар олдига олиб боришди ва икки қўлини ёнларига чўзиб арқон билан маҳкам боғлашди.

— Охирги маротаба сўрайман! — деди Валера. — Ҳужжатлар қаердалигини айт! Акс ҳолда йигитлар сени устунларнинг энг юқори қисмига чиқариб қўйишади.

— Билмайман! — хириллаб бақирди Обиджон. — Қўлингдан келганини қил, билмайман!

Тағин Валеранинг ишораси билан барзангилар арқонларнинг икки учидан торта бошлашди. Арқонлар тортилгани сайин Обиджон икки қўли икки ёнга чўзилган ҳолатда тобора юқорилаб борар, билакларининг пайи тортилиб оғриқ кучаяверарди.

— Йў-ўқ! — тўсатдан бақириб юборди Марина. — Ундай қилманглар!

— Нима? — аёлнинг ёнбосишини кутмаган Валера унга яқин келиб сочларидан ғижимлади. — Нима дединг?

— Нега бечорани қийнайсизлар? Унинг гуноҳи нима?

— Вой, қанжиқ-ей! — сўкинди Валера. — Бир мартада дарров меҳрибон бўлиб қолдингми? Биз ёқмадикми-а? Қара-я, ёқмабмиз! Яқиндагина эшигимга ялиниб иш сўраб келгандинг, ҳамма ишни қилишгаям рози бўлгандинг. Энди қаёқдаги йигитга раҳм қиладиган бўлдингми?

— Ҳаққингиз йўқ! — қичқирди Марина. — Уни қийнашга ҳаққингиз йўқ!

— Степа, бу билан ўзинг шуғуллан! — барзангилардан бирига буюрди Валера. — Икковиниям адабини берларинг!

Икки барзанги Марина ва Обиджонни қўлларидаги таёқлар билан калтаклай бошлашди.

Обиджон калтак зарби кучли бўлса-да, оғриққа чидашга, Маринани қутқаришга, калтакламасликларини сўраб ёлворишга интилар, аммо оғзига тиқилган латта овоз чиқаришга қўймасди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳаммаёғи қонга бўялган Маринани олдинроқ, унинг кетидан осилганича ҳушини йўқотган, оғзидан оқ кўпик оқиб туша бошлаган Обиджонни. ташқарига олиб чиқиб кетишди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ