БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ?..

0

     

 

МОВИЙ КЎЗЛИ ХОНИМ

(ҳажвия)

 

 

Мен кўп қаватли уйнинг бешинчи қаватида яшайман. Кунларнинг бирида иккинчи қаватда жажжи қизалоқ мени тўхтатди-да, қўлидаги ипга бойланган калитни тутқазиб деди:

— Амаки, уйимизни очиб беринг! Қулфга бўйим етмаяпти!

Ҳақиқатан, қулф баландроқда жойлашган, қизчанинг бўйи етиши амри маҳол эди.

Очдим. Лекин қизча мени қўйиб юборгиси келмади. Ичкарига судраклади. Кирдим. Бир хонали квартира экан. Ҳамма ёқда тартибсизлик. Буюмлар полда сочилиб ётибди. Тартибсизликни хуш кўрмаганим боис энсам қотиб уёқ-буёқни йиғиштирган бўлдим. Полда ётган суратни олиб пианино устига қўйдим. Суратда мовий кўзли гўзал бир аёл жилмайиб турарди. Шу орада қизча ваннахонадан чиқиб келди.

— Ма, даданг келса калитни берасан, — дедим унга ипга бойланган калитни тутқазиб.

— Дадам йўқ, — деди қизалоқ кулимсираб. — Биз ойим билан ёлғиз яшаймиз. Газни ёқиб бери-инг!..

Қизалоқнинг илтимосини адо этдим.

— Энди чойнакни газга қўйинг! — деди у. — Ҳов анави идишда овқат бор, иситиб беринг!

Шўрлик уйига киролмай очиқибди шекилли. Юрагим ачишиб бир зумда овқатни ҳам иситдим.

Қизалоқ ҳазилга ҳам мойил экан чоғи, эркаланиб сўз қотди.

— Энди «Тўтиниса, нонга қаймоқ суриб ейишни хоҳлайсанми?” деб сўранг!

Сўрадим.

— Йўқ, асал суртиб ейишни хоҳлайман, — деди қиз қиқирлаб. — Асал қаердалигини биласизми?

— Йўқ.

— Ҳов анави шкафда!..

Хуллас, Тўтинисанинг барча илтимос, талабларини бажардим. Ана энди уйга йўл олсам ҳам бўлади. Хотиним хавотир олаётгандир. Жуда кечикиб кетдим.

Бахтга қарши Тўтиниса яна тўхтатиб қолди.

— Уйқум келди. Эртак айтиб беринг!

Оғир хўрсинганча билган эртагимни айта бошладим. Эртак таъсир қилдими, кутилмаганда Тўтиниса йиғлаб бўйнимга осилди. Азбаройи ачинганимдан уни маҳкам бағримга босдим ва тинчлантира бошладим. Ярим соат деганда аранг овутдим ва соатимга назар ташладим. Кечки етти ярим бўлибди. Ахир… Бир соат олдин уйда бўлишим керак эди. Икки соатдан бери шу қизалоқ билан овора бўлибман-а! Хотиним аниқ ўлдиради мени.

— Тўтиниса, эртакни ҳам тингладинг, — дедим мулойимлик билан. — Энди мен…

— Йўқ, энди сизга шеър ўқиб бераман! — деди у қайсарлик билан.

Ажабо!.. Қизалоқ мендан минг чандон кўпроқ шеър биларкан. Демак, қизалоқ билан жиддий шуғулланишади. Менинг хотинимга ўхшаб болани ўз ҳолига ташлаб қўйишмас экан.

Тўтиниса шеър ўқий-ўқий тиззамда ухлаб қолди. Аста ойнадан ташқарига боқдим. Қоронғи тушибди аллақачон. Жанжал бўлиши тайин. Ҳойнаҳой хотиним қўлида ўқлоғ билан шай тургандир. Ҳа майли, бўлар иш бўлди. Энди Худо йўлига эшик қулфини тузатиб қўяй. Сал шилқиллаб қолгандек туюлганди боя. Тўтинисанинг онаси келса, хурсанд бўлади.

Энди эшик тутқичига қўл чўзган эдимки, очилиб ичкарига ўзим суратда кўрган мовий кўзли гўзал аёл кирди. Қизиғи, у мени квартирасида кўриб сира ҳайрон бўлмади. Тутила-тутила Тўтиниса билан бўлган воқеаларни айтганимдан сўнг аёл менга кулимсираб тикилди.

— Кечиринг, — деди у ер чизиб. — Сизниям овора қилиб қўйибмиз.

— Ҳечқиси йўқ, — дедим хижолат тортган кўйи. — Яхши қолинг!..

— Йўқ, йўқ, — мени тўхтатиб қолди аёл. — Уста чақирганимга икки ой бўлди. Энди келибсиз. Эшик қулфини, ваннахона кранларини созлаб берасиз! Сизларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмаса…

Нима қила олардим?.. Кран тузатишга тушдим. Шу орада шимим кирланибди. Аёл тезда кийимимни алмаштиришимни талаб қилди. Кейин овқаланишга ўтирдик… Тўтиниса уйғонди… Мени таништирди. Уй бекаси уста эмаслигимдан хабар топгач, қотиб-қотиб кулди. Кулгига ўзим ҳам жўр бўлдим… Овқатландик… Телевизор томоша қилдик…

Мен ора сирада соатимга қараб олардим-у, ичимдан зил кетардим…

Эртаси куни эса ичимдан зил кетмайдиган бўлдим…

Энди менга барибир эди… Мовий кўзли аёл, Тўтиниса билан андармон эдим…

Орадан олти ой ўтганини пайқаймай қолибман… Чунки шу вақт оралиғида кундузлари квартира эшигини ичкаридан тамбалаб Тўтиниса билан китоб ўқирдик, ўйнардик, уни ухлатиб қўйиб Гулчеҳра (Тўтинисанинг мовий кўзли онаси) келишига овқат тайёрлардим…

Хотинимни ўйлашга вақт ҳам, хоҳиш ҳам йўқ эди…

Шундай кунларнинг бирида Гулчеҳра менга кўчага чиқиб сайр қилишга рухсат берди.

Подъездга чиқдим-у, дарҳол юқорига қарадим. Мени бешинчи қават ҳадеганда ўзига тортаверди, тортаверди.

Шундагина нималар қилиб қўйганимни, қандай гуноҳга йўл қўйганимни англаб етдим ва бешинчи қаватга чопдим.

Не кўз билан кўрайки, анча катта бўлиб қолган олти яшар ўғлим қўлида ипга бойланган калит тутганча менга жавдираб турарди:

— Дада, қулфга бўйим етмади. Эшикни очиб беринг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: