ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (38-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Кун шомга яқинлашиб қолганди. Россиянинг доимий эсиб турадиган совуқ шабадаси юзларини чимдиб, аъзойи баданни жунжиктира бошлаган бир пайтда Обиджон ва Марина кимсасиз йўл четидаги дарахтзорга ташлаб кетилди.

Икковининг ҳам қўл-оёқлари бойлаб, оғзиларига латта тиқиб ташланган.

Обиджон эркак бўлгани сабабми, ҳартугул амаллаб нафас олишга муяссар эди. Маринанинг аҳволи эса анча жиддий. Оғзи-бурнидан оққан қон ичларигача тушиб қотиб қолган. Натижада бадани тиришиб, калтаклар туфайли пайдо бўлган яраларнинг азобига яна бир азоб бўлиб қўшиларди.

Обиджон урина-урина оғзидаги латтани чиқарди. Зўрға бошини кўтариб икки метрча нарида инграётган Марина томон кўз ташлади.

— Сен? — у кутмаганди. Зўр бериб калтаклашаётганида ҳушидан кетгани боис Маринанинг тарафкашлик қилганидан ҳам, калтакланганидан ҳам, бу ерга олиб келиб ташланганидан ҳам бехабар эди. — Сени ким олиб келди бу ерга? — сўради у хириллаган товушда. — Нега ҳаммаёғинг қон?

— Сени калтаклашларига чидолмаганим учун, — инграб, йиғи аралаш жавоб қилди Марина.

Обиджон силтана-силтана арқонларни бўшатишга ҳаракат қиларкан деди:

— Нега бундай қилдинг? Ахир, сен аёлсан!

— Нима, кўз олдимда сени азоблашса, индамай қараб тураверишим керакмиди?

— Азоблашса, ўлганим йўқ-ку! Ўз жонингга жабр қилмасанг бўларди-ку!

— Мен ундай аёл эмасман. Ўзимга яқин одамни ёлғиз қолдира олмайман.

— Раҳмат! — Обиджон арқондан осонликча халос бўла олмаслигига кўзи етиб бўшашганича ётиб қолди. — Сен ҳақиқий дўст экансан. Бироқ бундан буён барибир мен билан бирга бўлишинг мумкин эмас.

— Нега? — кўзлари каттароқ очилиб ётган ерида Обиджонга аламли боқди Марина. — Мени ташлаб кетмоқчимисан?

— Афсуски, шундай. Чунки, сенинг бу тарзда қийналиб яшашингни истамайман. Менинг ҳаётим фақат азоб, қийноқлардангина иборат. Сени уларга шерик қилишни сира хоҳламайман.

— Бекорларни айтибсан, — деди Марина. — Мен энди сенинг ёнингдан бир қадам ҳам жилмайман. Қани, биронтаси яна сенга таёқ ўқталиб кўрсин-чи, нима қиларканман!

Бу гапларни эшитиб Обиджоннинг кулгуси қистади. Аммо ҳамон кўзи очиқ яралар ҳатто, чуқурроқ нафас олишга-да, қўймасди.

У базўр ўзини кулгудан тийиб оғзини юмиб олди.

 

 

* * *

 

 

Улар шу кўйи хуфтонга қадар ётишди. Катта йўлдан аҳён-аҳёнда машиналар ўтиб қолар, уларнинг товуши ҳар қулоғига чалинганида, Обиджон безовталаниб арқонни ечиб олиш ҳаракатига тушарди. Бироқ арқон шу қадар чандиб ташланган эдики, тугунини топишнинг ўзи ҳам осон эмасди.

Марина судрала-судрала Обиджоннинг ёнгинасига келишга эришди ва унинг қонталаш юзларига маҳзун тикилганича индамай ётаверди.

Бир маҳал йўлдан ўтиб кетаётган машина қаттиқ тормоз бериб тўхтади.

Обиджон ҳушёр тортиб ўнг ёнбошига ағдарилди-да, машина тўхтаган тарафга тикилиб қолди.

«Наҳотки, анови аблаҳлар тағин бизни қидириб келишган бўлса, ўйлади у ўзича. Шунча етказган аламлари камлик қилиб, қайтадан калтаклашни бошлашадими? Мен-ку, майли, Марина-чи? Аёл боши билан бу зарбаларни кўтара олармикан? Унга қўллариниям теккиздирмайман! Майли, урадиган бўлишса, мана, мени уришсин! Хоҳлаганча дўппослашаверсин! Аммо Маринага тегишга ҳаққи йўқ!»

Машинадан кимларнингдир тушгани, эшикнинг шарақлаб ёпилгани эшитилди.

Обиджон лабларини тишлаб ҳамон кутилмаган меҳмонларнинг тепасига келишларини кутарди.

Улар ҳам узоқ кутдириб қўйишмади.

Дарахт шохлари уёқдан-буёққа силкиниб, қаршисида Резидент пайдо бўлди. Обиджон сира кутмаган эди. У хаёлида ҳам йўқ эди. Ҳайратини ошириб, кулимсираганича яқинлашган Резидентнинг ортидан шахсан генералнинг ўзи ҳам етиб келди. Обиджон нима дейишни билмас, уларга сўзсиз термулган кўйи сукут сақларди.

Резидент ўйлаб ўтирмай, икковларини арқондан бўшатди.

Узоқ вақт қимирламасдан ётиш баданни увиштириб, одамни лоҳас қилиб қўяркан. Тўсатдан қўл-оёқлари кишандан бўшаган Обиджон сал бўлмаса ҳушидан кетаёзди. Унинг шу кўйга тушишини билишганми, генерал қўлидаги шиша идиш тўла сувни Обиджоннинг оғзига тўғрилади. Ана шу сувгина уни тетиклаштириб, кўзлари каттароқ очилгандек бўлди.

— Сени азобга қўйганимиз учун кечир, ошна! — деди ниҳоят Резидент ўртадаги жимликни бузиб. — Ўзинг ҳам жуда шошқалоқ йигит экансан. Валерага аҳволни ётиғи билан тушунтириш, иложи борича уни ишонтира билиш керак эди. Сен бўлсанг…

— Бу аёл ким? — Резидентнинг сўзини бўлиб Обиджонга юзланди генерал.

— Бу менинг янги ҳамроҳим, — деди Обиджон мажбуран кулимсираб. — Тарафимни олиб…

— Ўзинг ҳам аёлларсиз туролмайдиганлар хилидан экансан-да! — уришган бўлди генерал. — Сенга тайинланди-ку, аёлларга яқинлашма деб!

— Бу менинг шахсий ишим! — ўқрайиб қаради Обиджон. — Сизларга аҳамияти йўқ!

— Шунақами? Хўп, майли, бу гапинггаям қўшилайлик-чи! Хўш, энди нима қиламиз? — генерал совуқ кулимсираб савол назари билан Обиджонга боқди.

— Мен қаёқдан биламан? — зарда аралаш жавоб қилди Обиджон. — Ҳойнаҳой, қишлоғимга кетсам керак.

— Адашяпсан, — деди генерал Резидентга бир кўз ташлаб қўйгач. — Сен ҳали ваъдангни бажарганингча йўқ. Қачонки, олдингга қўйилган вазифани адо этасан, ана ундан кейин биз сени уйингга кузатиб қўямиз. Шуни билиб қўй, сен уйингга қуруқ қўл билан бормайсан, албатта. Нимайди?.. Ҳа, янгангни топганингга қўшимча, биз сенга умрингнинг охиригача етадиган пул ҳам берамиз. Ҳа, биз одамларни текинга ишлатмаймиз.

— Хўш, яна қандай юмушни бажаришим керак? — сўради Обиджон генералнинг сўзларидан кўнгли тўлгандек.

— Мана, Валера масаласини деярли ҳал қилдик. Энди сенга бошқа юмушни, охирги вазифани юкламоқчимиз.

— Қандай вазифалигини билсам бўладими?

— Ҳа, бунинг сирли жойи йўқ. Қисқаси, сен ҳозироқ шаҳар марказий турмасига борасан. Аниқроғи, сени Резидентнинг ўзи олиб бориб қўяди.

— У ерда нима қиламан?

— Нима қилардинг? Топшириқни бажарасан. Камералардан бирида ўлим жазосига ҳукм этилган бир маҳбус ўтирибди. Ўшанинг ёнида яшаб, ишончига кириб, энг яқин дўстига айланасан. Сўнгра уни ўз қўлинг билан отиб ўлдиришинг талаб этилади?

— Мен-а? — Обиджон кутилмаган гапни эшитиб, орқага тисланди. — Нега энди мен? Уни соқчиларнинг ўзи ҳам…

— Адашасан, — босиқлик билан тушунтира бошлади генерал. — Бундай вазифаларни ҳеч қачон соқчиларга ёки бўлмаса, оддий ҳарбийларга топширишмайди. Бу юмушни кўпинча жосуслик ташкилоти вакиллари уддалашади. Биласанми, биз бир пайтлар айнан шундай бир ишни тоғангга топширмоқчи бўлгандик. Афсуски, улгура олмадик. Бечора оламдан ўтиб қолди. Билиб қўй, бу жуда шарафли иш! Ва масъулиятли вазифа.

Обиджон барибир ҳеч нарсага тушунмади. Тўғриси, бу ҳақда илгари бир-икки эшитиб юрмагани сабаб елка қисиб қўя қолди. Балки, рози бўлмасди ҳам. Фақат тоғасининг номи тилга олинганидан сўнг, қарши сўз айта олмаслигини тушунди ва рози бўлди.

 

 

* * *

 

 

Маринани шаҳардаги шифохоналардан бирига йўл-йўлакай жойлаштиришди.

У Обиджондан айрилишни истамасди. Бироқ ўртадаги суҳбатни тинглаб, унинг ким ва қаерда бўлиши мумкинлидан хабардор бўлгач, бирмунча тинчланди.

— Мен сени барибир қидириб топаман! — шифохона каравотига ётқизиб билагига игна санчилган Марина кетишга чоғланган Обиджонга ёшли кўзлари билан боқиб оҳиста шивирлади. — Мана, кўрасан, яраларим битсин, қандай бўлмасин сени топиб ҳолингдан хабар оламан.

— Мен у ерда узоқ вақт қолиб кетмасам керак, — деди Обиджон аёлни тинчлантириш мақсадида. — Тез кунда чиқаман-у, ўзим сени излаб топаман.

— Мени унутиб қўймайсан-а?

— Унутмайман. Сен билан биз ҳали энг яхши онларимизни бирга кечирамиз, ишон!

— Хўп, энди кет! — юзини тескари буриб олди Марина. — Фақат ҳеч нима демасдан кет! Шунда кўнглим хотиржам тортади!

Обиджон унинг талабини адо этган ҳолда индамасдан палатани тарк этди.

Кўчада уни машинада Резидент кутиб турарди.

 

 

* * *

 

 

— Сенга бир гапни айтиш ёдимдан кўтарилибди, — деди Резидент Обиджон машинанинг орқа ўриндиғига чиқиб ўтиргач.

— Нимани?

— Онанг сени қидирувга берганмиш.

— Онам? — Обиджон қалбига яқин сўзни эшитиб бирдан ўзгарди. — Қаерда экан онам?

— Қаерда бўларди? Уйингда. Фақат… Милисалар бутун иттифоқ бўйлаб сени қидиришяпти. Лекин биз яқинда уларга бор ҳақиқатни билдирдик. Энди милиция онангни вақтинча бўлса-да, тинчлантириб турадиган бўлди.

— Шунақа денг? — Обиджоннинг кўз ўнгида қайтадан поёнсиз далалар, икки чети азим тол ва чинорлар билан қуршаб олинган қадрдон ариқ, қўшнилар, синфдошлар-у, қариндош-уруғлар намоён бўлиб бир муддат сукутга толди.

— Сени турмада узоқ вақт ушлаб турмаймиз, — жимликни бузди Резидент. — Маҳбуснинг ўлимига бор-йўғи икки ойгина қолган.

— Нега энди менга бунақа тушунарсиз вазифа беряпсизлар? — сўради Обиджон. — Буни қўлидан отиш келадиган ҳар қандай одам ҳам эплайверади-ку!

— Тўғри, эплайверади. Лекин ўша маҳбус ҳамон ҳеч ким билан гаплашмайди, ҳеч ким билан дўстлашмайди, дардини ҳеч кимга айтмайди. Жуда асабий ва инжиқ. Биз унинг шу кўйда ўлиб кетишини истамаган бўлардик. Озгина бўлса-да, кўнгил ёзсин, ким биландир дардлашсин, ҳасратлари ичида қолиб кетмасин, деймиз.

— Олижаноблик қилмоқчимиз, денг?

— Ҳа, шундай деса ҳам бўлади. Ахир, биз ҳам одаммиз! Қолаверса, бу иш жосуснинг қўлидан келиши керак. У артистлик қила олиши лозим. Бундан ташқари, жосуснинг одам ўлдиришда қандай имкониятга ва қобилиятга, иродага эга бўлишини шу йўл билан ҳам текширилади.

— Мен жосус эмасман, — деди Обиджон.

— Тўғри, сен жосус эмассан. Лекин сен тоғангнинг ишлари, сўнгги тақдири билан қизиқиб, бизни анча овора қилдинг. Шунинг учун ҳам ташкилот раҳбарлари сени жосуслик хизматига жалб этишга мажбур бўлишди. Тўғри, истасак, сени аллақачон ўлдириб ёки қаматтириб юборардик. Сен умрингнинг охиригачаям бу қамоқдан чиқа олмасдинг. Бироқ тоғангнинг кимлигини яхши биламиз. У бизга жуда катта хизмат қилиб кетди. Ана шу нарса сени жазолардан қутқариб қолди.

— Ана энди ҳаммасини тушундим, — деди Обиджон. — Хўш, қамоқда икки ойгина бўламан…

— Ҳа, тахминан шундай. Сен ишингни қанчалик тез уддалашинггаям боғлиқ.

— Агар бир ҳафтадан уддаласам-чи?

— Ҳовлиқма, йигит, — унинг елкасига қоқди Резидент. — Бу иш сен ўйлаганчалик оддий эмас. Сен умрида йигирма нафар масъул ходимни ер тишлатган қотил билан бир камерада ўтирасан. У хоҳласа, биргина нотўғри фикринг ёки сўзинг учун сениям ўша ернинг ўзида тинчитиб юбора олади. Шуни тасаввур қиляпсанми?

— Менга барибир, — қўл силтади Обиджон. — Мен қишлоғимга тезроқ қайтиш учун ҳеч нарсадан қайтмайман.

— Ҳа-а, — Резидент оғир хўрсиниб ойнадан узоқ-узоқларга ўйчан тикилди. — Она юртни ҳаммаям соғинади. Бу яхши одат. Чунки, она юртини соғинган одамнинг қалбида ёмонлик бўлмайди. У кимлардир ўзини кутаётганини, кимлардир севишини бир умр ҳис этиб яшайди. Шу туйғу сари талпинади.

— Сиз қаердансиз? — сўради Обиджон.

— Бунинг аҳамияти йўқ.

Резидент кутилмаганда бошини силкиб-силкиб, ҳайдовчига юзланди:

— Қани, турмага ҳайда!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ