Сингапур тарихий воқеа бўсағасида: АҚШ ва КХДР етакчилари илк марта музокара ўтказишади

0

КХДР етакчиси Ким Чен Ин ва АҚШ президенти Дональд Трамп якшанба куни олти соат фарқ билан Сингапурга ташриф буюришди, деб хабар бермоқда kun.uz. Уларнинг кутилаётган учрашуви тарихий аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз: бу икки давлат раҳбарлари шу пайтгача бирор марта музокара ўтказишмаган.

G7 йиғилиши ўтаётган Ла Мальбедан парвоз қилишдан олдин Америка президенти Ким Чен Ин билан учрашувга пухта тайёргарлик ва қатъий ишонч туйғуси билан йўл олаётганини маълум қилди.

«Бундай хатти-ҳаракатлар аввал камдан-кам қабул қилинган ва бу қайсидир маънода номаълум йўналиш, – деди у. – Бироқ мен ўзимда қатъий ишончни ҳис қиляпман ва Ким Чен Ин ўз мамлакати учун буюк ишлар қилишни истайди, деб ўйлайман. Бу – имконият ва бундай имконият бошқа берилмайди. Мен ҳақиқатда у ўз халқи, оиласи ва ўзи учун ижобий ўзгариш қилмоқчи эканига ишонаман».

Трампнинг сўзларига кўра, Сингапурдаги учрашув КХДР етакчиси олдида «ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган имкониятлар»ни очади. «У ҳақиқатда бу мамлакатни буюк кишилар давлатига айлантириши мумкин, – дея давом этади президент. – Биз воқеаларни диққат билан кузатамиз ва ҳушёрликни қўлдан бой бермаймиз. Ўйлашимча, Жанубий Корея, Япония, Хитой ва бошқа мамлакатлар ҳозир рўй бераётган воқеаларни қўллаб-қувватлашмоқда».

Шанба куни «Катта еттилик» саммитида қатнашаётиб, Трамп «музокараларнинг илк дақиқалариданоқ уларнинг исталган натижага олиб келиш ё келмаслиги аён бўлиши» ҳақида сўз юритган. Президентнинг таъкидлашича, у «буни дарров ҳис қилади». Трамп Ким Чен Иннинг жиддий мулоқот олиб бориш истагини сезмаган тақдирда учрашувни тўхтатишини қўшимча қилган.

Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, Трамп расмий мулоқотлар бошланмасидан Ким Чен Ин билан қисқа бирга-бир форматида суҳбат ўтказмоқчи. Улар билан фақат таржимонлар бўлиши қайд этилган. Кейинроқ етакчиларга уларнинг энг яқин ёрдамчилари қўшилишади. АҚШ томондан бу давлат котиби Майкл Помпео ва Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жон Болтон бўлиши айтилмоқда.

АҚШ ва КХДР давлат раҳбарлари тарихий учрашуви сешанба куни маҳаллий вақт билан соат 9:00 да Сентос оролидаги Capella меҳмонхонасида бўлиб ўтади. Америкалик манбаларнинг сўзларига кўра, учрашувни ўша куни кечқурун тугаллаш режалаштирилган. Агар барчаси кўнгилдагидек ўтса, томонлар қўшма баёнот билан чиқиш қилишади.