ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (39-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

* * *

 

 

Ҳаммаси олдиндан тайёрлаб қўйилган сценарий бўйича амалга оширилди.

Обиджон аввал турма бошлиғининг кабинетига елкаларига автомат, камарларига қўша-қўша кишанлар осган соқчилар ҳамроҳлигида ташриф буюрди. Унга шахсан бошлиқнинг ўзи кундалик қоидаларни тушунтириб чиқди.

Демак, Обиджон кун бўйи камерада маҳбус билан бирга ўтиради ва уни суҳбатга тортишга, дўстлашишга ҳаракат қилади. Мабодо бир-икки тарсаки тушадиган бўлса, соқчилар ёрдамга келишмайди. Улар фақат ҳаёти учун хавф туғилган тақдирдагина камера эшигини очиб кўмак кўрсатишлари мумкин.

Хуллас, топшириқ ва вазият Обиджон ўйлагандан ҳам оғирроқ эди.

Бўйи нақ икки метрдан ошиқроқ, серсоқол, ҳар қўли рапидадай келадиган маҳбуснинг исми Степан экан. У кетма-кет, улаб тамаки чекади. Тамакиси тугаш арафасига етганида камера эшигини тепиб телбаларча қичқира бошлайди.

Унга ҳар куни икки шишадан ароқ ҳадя этадилар. Ичиб олади-да, кайфи ошган маҳбус овозининг борича қичқириб, кимларнидир куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қила бошлайди. Аллакимларни қарғайди. Ҳеч кимдан ҳайиқмайди. Фақат қурол тутган соқчиларга кўзи тушганида ҳовуридан тушиб секин каравотига ўтиради. Тескари ўгирилиб қайтадан газета қоғозига сассиқ тамакисини ўрай бошлайди.

 

 

* * *

 

Олдиндан айтилганларнинг барчаси Обиджон камерага кириб боргач, тасдиқлангандек бўлди.

Камера оддий маҳбусларникидан буткул фарқ қиларди. Обиджон бундай камерани қачонлардир турма «пахан»ининг ҳузурига кирганида кўрган.

Телевизор, радио, юмшоқ диван, идишлар тозалиги ва гўзаллиги билан ресторанникидан фарқланмайди.

Ҳатто, бу ерда алоҳида ҳожатхона, алоҳида ваннахона мавжуд эди.

Маҳбус Степан ёши қирқлардан ўтганига қарамай, олтмиш ёшли эркакларни эслатарди.

У Обиджонни олиб киришганида, тушлик қилаётган экан. Қаршисида бегона йигитни кўриб қўлидаги товуқ гўштини секин товоққа қўйди ва стакандаги яримлаб қолган, ароқни қўлига олди.

— Салом, отахон! — деди Обиджон гарчи Степаннинг жавоб қайтармаслигини билса-да.

У секин келди-ю, ўзи учун махсус қўйиб кетилган юмшоқ диванга ўтириб қўлидаги буюмларни ёстиқ устига қўйди. Кейин қайтадан товуқ ея бошлаган Степанга ер остидан разм солди.

Ўлимга маҳкум этилганлар аслида ўта ғамгин ва асабий бўлишади, деб эшитгани бор эди. Бу эса, парвойи фалак. Юз-кўзларида асабийликдан асар ҳам кўринмайди.

— Ёқимли иштаҳа! — дея иккинчи бор сўз қотди Обиджон.

Хайрият, йўлига бўлса-да, Степан бош ирғаб тасдиқлаб қўйди.

Хўш, буёғига нима қилади? Ўзига-ўзи, «шу куни кечгача уни тилга киритаман ва шу йўл билан хизмат муддатимни қисқартираман», дея сўз берган. Маҳбуснинг эса гапиришидан дарак йўқ.

Обиджон секин ўрнидан турди-да, Степаннинг курсилардан бирига тайёр ўраб қўйилган тамакисига қўл чўзди.

Бу Степанга ёқмасди. Нафақат тамаки, ҳатто оддий ботинка боғичини ҳам бегоналарга раво кўрмайдиган, қизғанчиқ эркак эди.

— Тегма! — дея ўшқирди ўтирган жойида.

Аммо Обиджон бу гапга эътибор қилмай, тамакини оғзига солиб тутатиш ниятида гугуртга қўл чўзди.

— Қулоғинг том битганми? — Степан кутилмаганда ўрнидан туриб аввал тамакини тортиб олди. Сўнгра Обиджоннинг ёқасидан бўғиб, ўзига яқинлаштирди.

— Қўйвор мени! — Обиджон бир зарб билан унинг қўлларини силтаб ташлади ва совуқ тиржайиб нари кетди.

— Менга қара, — турган ерида бақирди Степан. — Яна бир марта менинг буюмларимга тегсанг, ўлдираман!

— Қўлингдан келармикан? — атайин елкаларини силтаб-силтаб Степанга кучини намойиш этган бўлди Обиджон.

— Ўшанда кўрасан!

Шу билан дастлабки «суҳбат» якун топди.

Степан ўз жойига ўтириб, Обиджондан тортиб олган тамакини тутатди. Обиджон эса сочиқ-совунини олиб чўмилиш мақсадида ваннахонага кириб кетди.

 

 

* * *

 

 

Тонг ҳам отди. Турмадаги илк кеча Обиджон учун анчагина қийин кечганди.

Степан шу қадар қаттиқ хуррак отар, бу ҳам етмагандек, уйқу орасида кимларнидир бўралаб сўкар, нуқул «пичоқни бер, болта қани?» дея қичқириб чиқарди.

Аммо Обиджон ҳаммасига чидади. Маҳбусни уйқу орасида уйғотишни, қайтадан жанжаллашишни истамади. Бу иш унинг келгусидаги режаларини пучга чиқариши ҳеч гап эмаслигини кўнгли сезиб индамай ётаверди.

Ўлимга маҳкум этилган маҳбуслар овқатланиш учун ошхонага олиб чиқилмас, ҳамма нарса камеранинг ўзига келтириб бериларди. Чунки, ўлимга маҳкум одам ҳеч қачон бошқа маҳбуслар билан мулоқотга кирмаслиги талаб этиларди.

Обиджон ҳам ўзига тегишли овқатни тановул қилиб бўлгандан сўнг қандай қилиб қайтадан Степанни гапиртириш ҳақида бош қотира бошлади.

Охири яхшиликчасига саволлар бериб кўришга қарор қилди.

У маҳбуснинг ўсиқ, қизғиш соқол-мўйловига, игна билан турли суратлар чизиб ташланган билак, елкаларига зимдан назар ташлаб, унинг стаканидаги ароқни ичиб, кетидан тамаки чекиб олишини кутди.

Ўша лаҳзалар келди ҳам.

Степан кайфдан қизарган кўзларини қисган кўйи Обиджон томонга бир қараб олган бўлди-да, оғир хўрсиниб диванга чўзилди.

Ана энди бемалол исталган саволни берса бўларди.

— «Земляк», нега қамалгансан, ўзи? — эҳтиёткорлик билан савол ташлади Обиджон.

Бироқ Степан қимирлаб ҳам қўймади.

— Мен бўлсам, ўн беш нафар ментни ер тишлатдим, — деди Обиджон унинг эътиборини жалб этиш учун.

Степан парво қилмагач, давом этди:

— Ўзи бу дунёда ҳақиқат йўқ экан. Бегона, бегуноҳ қизларнинг номусини давлат хизматчиси бўла туриб поймол этиб кетишаркан-у, ҳеч ким ғиқ этмас экан. Ахир, унданларни халқ ҳуқуқларини ҳимоя этиш мақсадида тайинлашган! Мен чидай олмадим. Негаки, бегуноҳ, соф аёлнинг, қизнинг номуси мен учун қиммат туради. Керак бўлса, ўлганимдан кейин ҳам ундайларга тинчлик бермайман. Бир умр азоблаб ўтаман.

Бу гаплар Степанга таъсир қилди, чоғи, секин бошини кўтариб Обиджон томонга ўгирилди.

— Кимнинг номусига тегишди? Ким шу ишни қилди? — сўради у дағаллик билан.

— Ким бўларди? — афтини бужмайтириб дарича томонга боқди Обиджон. — Айтдим-ку, ментлар деб!

— Улар одам эмас, — дея сўз бошлади ниҳоят Степан. — Мен ҳам ўз вақтида унақаларнинг уч-тўрттасини тинчитганман.

— Нима, сениям шу сабабдан ўлимга маҳкум этишдими? — сўради Обиджон.

— Шунгагина бўлса майлийди. Мен ҳаётим давомида кўпчиликнинг ёстиғини қуритдим. Санаб адоғига ета олмайман ҳалиям.

— Бегуноҳларнинг ҳамми?

— Йўқ! — ўрнидан туриб кетди Степан. — Мен бегуноҳ одамга чўп ҳам отмайман. Ўлдирган бўлсам, айбдорларнигина ўлдирганман.

— Масалан? — Обиджон қизиқсиниб маҳбусга яқинроқ бориб олди.

— Масалан, сўнгги бор ўлдирганим бир қиморбоз эди. Уни танирдим. Шаҳарда бормаган қиморхона йўқ эди. Бир куни эндигина қамоқдан келиб уйга кириб улгургандим. Э, бунга ўн йилча бўлди. Биргина қизим бор. Исми Лариса. Жуда ақлли, гўзал қиз.

Степан ҳикоя қилар, кўзларидан эса маржон-маржон ёшлар думалаб соқоллари орасига сингиб кетарди.

— Хуллас, турмага кетаётганида беркитиб қўйган яхши ароғим бор эди. Ўшани жойидан олиб стаканга қуйдим-у, ярмини ичдим. Шунда қизим келиб қолди. Йиғлаб кўришдик. Айтганча, онаси ўлиб кетган, уйда фақат иккимиз яшардик. Қамоқдалигимда қизимни синглимга ташлаб кетгандим.

Қисқаси, қизим негадир йиғлашдан тўхтай қолмади. Сабабини суриштирдим.

У анчагача айтмади. Ҳадеб силтаб сўрайверганимдан кейин гапириб қолди.

— Танирдингиз, дугонам Надя бўларди, — деди у ҳамон кўз ёшларини тўхтата олмай.

— Ҳа, бирга ўқигансизлар, — негадир юрагим ғаш тортди. — Уйгаям неча марта келган. Эсимда…

— Ўшани… Марат ўлдириб юборди.

— Ўлдириб юборди? — мен ўрнидан туриб кетдим. — Анови, қиморбоз Маратми?

— Ҳа, ўша ифлос. Анчадан бери кўз ташлаб юрарди. Бир-икки марта «мен билан юрсанг, бутун топганим сеники», деб ҳол-жонига қўймаган экан. Надя бўлса, охирги марта шундай деб йўлини тўсганида милисаларни чақириб адабини бердирганди. У ифлос ўша куни жарима тўлаб чиқибди-да, тўғри қиморхонасига борибди. Чўнтагидаги пулларини ютқазганидан кейин Надяни тикиб юборибди. Хуллас, униям ютқазгач, кечаси ютганларни унинг уйи деразаси остига турғазиб қўйган-у, ўзи Надяларникига кирган. Биласиз, дугонам онаси билан ёлғиз турарди, онасиям кексайиб қолган. Хуллас, Марат дугонамни олиб чиқиб кетмоқчи бўлиб судраклаган. Надя қаршилик кўрсатган. Бақир-чақир бўлиб кетгач, Марат уни подъезднинг ўзида тинчитган.

— Кейин-чи? — сўрадим қизимдан.

— Уни қамашди. Аммо икки ойдаёқ чиқиб келиб, ҳозир ҳеч гап бўлмагандай юрибди. Айтишларича, катта пул бериб қутулиб кетганмиш! Надянинг онаси эса мени ҳар кўрганида ув тортиб йиғлайверади.

Мен қизимнинг ҳикоясини базўр чидаб тингладим. Чунки, Надяни жуда яхши танирдим. Оғир-босиқ, оқила қиз эди. Мактабдаям фақат аъло баҳога ўқиган. Бирор марта бегона. йигит билан қўлтиқлашиб юрганини кўрмаганман.

Кечаси тўйгунча ичдим-у, Маратнинг қиморхонасига кириб бордим. Шу тобда у ютаётган экан. Салом-аликдан кейин ташқарига олиб чиқдим ва ҳеч нима деб ўтирмай ҳаётига нуқта ясадим.

Сўнг индамасдан кўчага қараб йўл олдим.

— Бунга анча бўлганми? — сўради Обиджон маҳбуснинг ҳикоясидан таъсирланиб.

— Ҳа, анча бўлган.

— Ўлимга маҳкум қилишгани-чи? Бунинг сабаби нима?

— Сен, йигит, бошимни қотираверма! Ундан кўра, ма, тамакидан татиб кўр! Ҳа-а, кеча тамакига қўл чўзганимда бермаганим учун кечир! Очиғи, нарсамни сўрамай олишларини сира хуш кўрмайман.

— Ўзим ўшандаёқ тушунганман, — деди Обиджон кулимсираб. — Сизни гапга тутиш эди, холос мақсадим.

— Шунақа дегин? Э, барибир эртами-кечми, ўлиб кетамиз. Сен ҳам, мен ҳам мана шу камерада жон берамиз. Шундай экан, кўп гапиравериш ҳам ёқмай кетади баъзида. Тўйиб-тўйиб ичгим келади манови зормандадан. Хайрият, шу нарсадан ҳеч бўлмаса қисишмаяпти. Вақтида бериб туришибди. Айтганча, нега ўзингникини ичмабсан?

— Билмадим, — елка қисди Обиджон. — Негадир тортмади.

— Ичавер, ўладиган дунё бизники. Ичиб, чекиб қол! Истасанг, бирор кун анови навбатчиларга пича пул бериб жононлардан олиб келтираман. Хўш, маишатга қалайсан?

Обиджон ўзида йўқ мамнун эди. Ахир у оғиз кўпиртириб «қайсар ва ёввойи, дағал» дея таърифлашган маҳбусни очилишга мажбур этди.

Бу дегани, иш тезлашади ва қишлоққа йўл олади.

Обиджон беихтиёр кулиб юборди ва кулгу орасида жавоб қилди:

— Жони дилим — жононлар!

 

 

* * *

 

 

Арқон билан боғлаб ташланган Марина ва Обиджон минг азобда ётишарди. Бир пайт уларнинг ёнига машина келиб тўхтади. Ундан резидент билан шахсан генералнинг ўзи тушиб келди. Маринани шифохонага жўнатишди. Генерал Обиджонга янги кўрсатма берди. Агар шу топшириқни бажарса, уйига жавоб беришини ҳам таъкидлаб ўтди. Унга кўра, Обиджон қамоқда ўтирган бир қотил билан гаплашиб, сирларини билиб олиши ва кейин ўлдириши керак. Обиджон маҳбусни тилга киритиши учун унча кўп вақт кетмади…

— Сен менга ёқиб қолдинг, бола! — деди эртаси кунги «шоҳона» нонуштадан сўнг Степан тамакисини тутатишга чоғланаётиб. — Жуда шинаванда йигитга ўхшайсан. Аммо манови ерларга тушиб қолганинг ёмон бўпти. Сенинг жойингмас турма.

— Менинг душманларим кўп, — деди қовоғини уйиб Обиджон.

— Ма, тамакидан торт, дардингни енгиллаштиради.

— Тўғрисини айтсам, мен чекмайман, — кулиб қўйди Обиджон. — Кеча сиз билан қандай тиллашишни билмай мажбуран тамакингизга ёпишган эдим.

— Ўзим ҳам билдим. Тамаки тортишниям йўли бор. Сен билмас экансан. Қўлингга оляпсан-у, омонатгина ушлаб турибсан. Ҳақиқий кашандалар тамакини бундай ушламайдилар.

— Хўш, янги ҳикояларингиздан айтиб берасизми? — Обиджон ўрнидан турди-да, Степаннинг ёнига бориб ўтирди.

— Нима, мабодо ёзувчи эмасмисан? — силкиниб-силкиниб кулди Степан. — Тағин уйингга қайтганингдан кейин газет-пазетга ёзиб юбормагин!

— Йўғ-э, қанақасига ёзувчи бўлай? Ёзувчи бўлсам, шу ерларда ўтирармидим?!

— Ҳа, энди айтдим-қўйдим-да! Бўпти. Шу баҳонада ичимдаги дардларниям енгиллаштириб олсам ажаб эмас. Биласанми, охирги марта қамалиб, ўлим жазоси ҳақидаги ҳукмни эшитганимда, ўзимни қўярга жой тополмай, худди туғолмаган товуқнинг аҳволига тушиб қолгандим. Кечалари ухламасдим, қайғурардим, сиқилардим. Туни билан тамакини тутатиб чиқардим. Аммо бора-бора кўникдим. Тўғри-да, нимасини қайғураман? Эртами-кечми, барибир ҳаммаям ўлади. Одам бошига тушганидан кейин ўлишгаям тайёрдек бўлиб қоларкан.

— Қўйинг, шу гапларни гаплашмайлик, — деди Обиджон мушти билан каравот четига уриб-уриб қўяркан. — Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади, дейишади. Пешанадагини кўрамиз-да!

— Сен ҳақсан. Гапиргандан нима фойда? Қачон юр деса, хайр-маъзур қилинади-ю, чиқиб кетилаверади. Ҳозир бўлса, эшит. Сенга ўзим қилган даҳшатли ишлардан бирини айтиб бераман.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ