ЎЛИМГА МАҲКУМ МАҲБУСНИНГ СЎНГГИ ҲАҚ-ҲУҚУҚИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?..

0

 

Расмий маълумотларда таъкидланишича, Америка турмаларидаги ўлимга маҳкум маҳбуслар сўнгги бор ўзи севган таомга буюртма бериш ва уни тановул қилиш ҳуқуқига эга. Тўғри, бу Американинг ҳамма штатларида ҳам эмас. Айримларида шундай.

 

 

СЎНГГИ ХОҲИШ

 

 

Ўлимга ҳукм этилган маҳбуснинг “қорин байрами” уюштириши, аниқроғи, истаган таомига буюртма бериши ҳамда уни истеъмол қилиши олис тарихга бориб тақалади. Асрлар оша бу тартиб ўзгармаган. Аксинча, янада такомиллашган. Масалан, ўрта асрларда Франциядаги ўлимга ҳукм этилган кимсага ижродан сал олдин бир қадаҳ ром беришган. Бу иш қатлдан қўрқиш ҳиссини синдириш учун амалга оширилган. Америкада эса сўнгги хоҳиш овқат билан боғлиқ. Маҳбус ҳатто ресторанларда ҳам буюриб бўлмайдиган таомларни сўрайди. Хоҳиши сўзсиз адо этилади. Таомни тановул қилиб бўлгандан кейин маҳбусга охирги сўз берилади. Қатлни эса гувоҳлар иштирокида амалга оширишади.

 

 

“ХАСИС”ЛАР

 

 

Аммо сўнгги йилларда баъзи турмалар раҳбарлари, мутасаддилар буюртмаларни арзонроқ кўринишдаги маҳсулотларга асослантириш пайига тушишган. Шунга қарамай, бошқа штатларда ушбу одатга қатъий амал қилишади. Мисол учун, Луизана штатида маҳбус турма назоратчиси билан охирги марта овқатланиш ҳуқуқига эга. Агар буни хоҳламаса, бутун турма аҳли учун мазали овқатга буюртма бериши мумкин. Бунга расман рухсат этилади.

Теннессида ўлимга маҳкум маҳбус шаҳардаги уйсиз бомжлар учун улкан вегетарианлар пиццасига буюртма берди. Бироқ турма маъмурияти бу илтимосни бажаришдан бош тортди. Шунда хайрия жамғармалардан бирининг вакиллари маҳбус истагини адо этишди. Пицца уйсизларга етказилди.

Флоридада эса маҳбус буюртма берган таом учун сарфланадиган пул 40 доллардан ошмаслиги таъминланади. Мэриленд штатида ўлимга маҳкум маҳбус охирги марта кундалик турма таомигагина буюртма бера олади. Бундан ортиғига изн берилмайди.

 

 

НЕГА ЖУРНАЛИСТНИНГ ЭНСАСИ ҚОТДИ?..

 

 

Америкалик журналист Боб Грин айни шу масалага тўхталаркан, 168 кишининг умрига зомин бўлган (уларнинг аксарияти аёллар ва болалар эди) қотил Тимоти Маквейнинг буюртмасидан энсаси қотганини сира сир тута олмаганди. Тимотига қатл ижросидан олдин икки челак шоколадли музқаймоқ ейишга рухсат беришибди. Бунинг устига унинг қатл маросими телевидение орқали намойиш этилган.

— Қотил ва аблаҳ жиноятчи, — деганди журналист. — Президентлардан ҳам юксакроқ ҳурматга эришди. Шунча одамнинг ёстиғини қуритган ҳароми ўлимидан олдин кўтар-кўтар қилинди. Наҳотки, турма маъмурияти, мутасаддилар ўлганларнинг руҳлари бу ҳаракатдан ғазабга келишини билишмаса?..

 

 

“ҲАДДИНГДАН ОШМА, МАҲБУС!..”

 

 

2011 йили Техас штатидаги турма маъмурияти бир маҳбуснинг ҳаддидан ошиши туфайли сўнгги истак анъанасини бекор қилди. Айтишларича, ўшанда Лоуренс Рассел Брюер турма раҳбарларига уни озодликсиз ҳаёт синдира олмаслигини айтиб, охирги бор уч қаватли чизбургер, иккита товуқ, тухумли таом, булғор қалампири, ярим кило қайнатилган гўшт, оқ нон, турли-туман ёнғоқлар, спиртли ичимликлар, ширинликлар… га буюртма берди. Турма маъмурияти буюртма ҳақида эшитгандаёқ қўрқиб кетганди. Улар ўша лаҳзадаёқ ўлимга маҳкум маҳбусларнинг сўнгги истагини бекор қилишди.

Барибир бошқа штатларда қадимий анъана ўз кучида қолган ва аллақачон қонунлаштирилган. Турмалар раҳбарлари ўлимга маҳкум маҳбуснинг охирги истагини сўзсиз амалга оширишга мажбурдирлар.

lenta.ru

Екатерина Климушкина

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: