Қашқадарёда милиция офицери ҳомиладор аёлни калтаклаганликда айбланди…

0

 

Қашқадарёнинг Китоб туманида истиқомат қилувчи 24 ёшли Латофат Раҳимова маҳаллий милиция бўлимига яқинлари билан ташриф буюрган ва натижада уни милиция офицери шафқатсизларча калтаклаган. Аёлнинг ҳомиласи 9 ойга етган бўлиб, яқин кунларда фарзандини дунёга келтириши лозим эли.

— Биз милиция бўлимига келгач, — деди Латофат. — Олдин қоровул ёнимизга келди ва биз билан жуда қўпол оҳангда муомала қила бошлади. Шу тобда ичкаридан милиция офицери чиқиб келди-да, «Сен нега бизнинг ишга аралашяпсан?», дея дўқлай бошлади. Мен ундан мулойимроқ муносабат юритишни сўрадим. Офицер эса менга жавобан юзимга тарсаки тушириб қолди. Мен йиқилдим. Милиционер бу билан ҳам тўхтаб қолмай, мени судраклай бошлади. Ўша маҳал аҳволим ёмонлашиб, ўзимни абгор ҳис эта бошладим. Улар ҳолатимни кўришди-ю, дарров «Тез ёрдам» чақиришди…

Китоб туман касалхонаси врачлари ҳақиқатан Латофат Раҳимова касалхонага тан жароҳати етган ҳолда олиб келинганини тан олишди. Жабрланувчининг отаси Неъматулла Раҳимов ҳам қизини милиционер қандай калтаклаганини гапириб берди ва маҳаллий прокуратура бўлимига шикоят аризаси билан мурожаат этди.

Ҳозирда прокуратура ходимлари Неъматулла Раҳимовнинг аризасини кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, ушбу иш юзасидан суд тиббий экспертизаси ҳам тайин этилган.

ca-news. org