Сингапурда АҚШ ва КХДР саммити давом этмоқда

0

Айни вақтда Сингапурда Қўшма Штатлар ва Шимолий Корея саммити ўтказилмоқда. Кенгайтирилган тартибдаги музокараларда АҚШ давлат котиби Майк Помпео, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон ҳамда Оқ уй аппарати раҳбари Жон Келли, КХДР томонидан Корея Меҳнат партияси раиси ўринбосари Ким Ён Чхоль, КМП МҚ халқаро бўлими мудири Ли Су Ён, КХДР ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо иштирок этмоқда.

Саммит доирасида Дональд Трамп ва Ким Чен Ин Сентос оролида жойлашган “Капелла” меҳмонхонасида учрашди. Икки давлат раҳбарлари ўзаро мулоқотда Корея ярим оролида тинчликни барқарор таъминлаш ва КХДРни мутлақо ядроқуролсизлантириш, Шимолий Корея ва Америка муносабатларини яхшилаш масалаларини муҳокама қилди.

РИА Новостининг Ассошиэйтед Прессга асосланиб ёзишича, Ким Чен Ин Трапм билан учрашувда АҚШ ва КХДР саммитига “тинчликнинг муқаддимаси” дея таъриф берган:

“Биз ушбу саммитга алоқадор турли ишончсизлик ва спекуляцияларни енгиб ўтдик. Ва мен буни дунё учун бахайр бўлган тинчлик муқаддимаси деб, ҳисоблайман”

Дунё афкор оммаси томонидан тарихий учрашув дея эътироф этилаётган АҚШ ва КХДР саммити ва ундан кутилаётган ижобий натижа Корея ярим оролини ядроқуролсизлантириш жараёнини ниҳоясига етказиш, дунёда тинчлик ва хавфсизликни барқарорлаштиришда долзарб саналади.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: