ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (40-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

 

Турмага тушишим аслида бир бечора йигитни машинамда уриб кетганимдан сўнг бошланди.

Йигитни тормоз босишимга қарамай, йигирма метрлар нарига судраб боришга мажбур бўлгандим. Чунки, катта тезликда кетаётгандим.

Мени ўша куниёқ қамаб қўйишди. Суд бўлди. Беш йил беришди. Эҳ, турма нима эканини ўшанда билдим. Беш йил давомида қанчадан-қанча ёвузликларни, шармандаликларни, сотқинлар-у, аёлсифат ҳезалакларни кўрдим.

Кўпчилик турмага келиши билан у ернинг шароитига тез кўникиб кетади. Агар бир-икки йил ўтирса, турмани жаннатга, озодликни эса дўзахга ўхшатадиган бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам маҳбуслар озодликка чиққанлари ҳамон яна қайтиш йўлларини қидира бошлашади.

Аммо мен барибир озодликни севардим. Турмадаги турли тоифа кишиларга ўз номимни қўшгим келмасди. Қутулиб чиқсам, яхши бир иш топиб ишлайман, қизимни ўқитаман, одам қиламан, лекин машинанинг рулини ушламайман, деб ўзимга-ўзим сўз бергандим.

Ниҳоят орзиқиб кутган онлар яқинлашиб, мени турма бошлиғининг қабулига олиб киришди. У менга озод бўлганим ҳақидаги буйруқни ўқиб эшиттирди. Бундан буён одамлар каби тинчгина яшашимни маслаҳат берди. Ҳа, бу маслаҳатлар, унинг овози ўшанда мен учун жуда-жуда ёқимли ва роҳатбахш эди.

Гарчи хотиним билан ажрашаётиб квартирамдан воз кечган бўлсам-да, ҳар қалай онам раҳматлидан қолган яна бир уй йўқ эмас, у ерда қизим бир дугонаси билан бирга яшаб турганди.

Автобусдан тушиб би-и-р бозор айлангим келди. Ахир, турмада ҳам ишлатиб, маош беришарди! Анча-мунчасини жамғаришга эришганман. Қизимнинг олдига қуруқ қўл билан бормайман-ку!

Расталарни айланиб юриб қизимга кийим-кечак харид қилдим. Егуликлар олдим.

Бозорнинг бир бурчагида пивохона бор эди. Ўшанда ёз бўлгани сабабли ҳаво исигандан-исиган. Менинг ҳам бир кружкагина пиво ичиб, ундан сўнг уйга кетгим келди.

Ичкарига қадам қўйган ҳам эдимки, эски улфатлардан бири Мишани кўриб қолсам бўладими! Болаликдан бирга ўсганмиз. Фақат у пойтахтда яшайдиган аёлга уйлангач, шаҳримиздан кўчиб кетиб қолганди.

— Қутулиб чиқдингми, ошна? — қучоқлаб кўришаркан, сўради Миша.

— Ие, сен қаердан биласан? — сўрадим ундан ҳайрон бўлиб.

— Мен яқинда кўчиб келдим, — деди Миша бош эгиб. — Хотиним билан чиқиша олмадик. Жуда ҳийлагар экан. Мендан пинҳона бошқа эркак билан учрашаётганини эшитиб қолдим-у, шартта ажрашиб ўз уйимга қайтавердим.

— Тўғри қилибсан, — дедим унинг елкасига қоқиб. — Москвалик аёллар хиёнаткор бўлишади, деб эшитганман. Қўй, ўзимизнинг жувонлардан қолма!

Иккаламиз бир соатча барда ўтирдик. Анчадан бери ичмаганим учунми, икки кружка пиво каллага яхшигина тепиб қўйибди.

Сўнгра Мишанинг илтимоси билан уникига бордик. Гаплашиб ўтириб бир шиша ароқниям бўшатдик. Шу пайт яна бир улфатимиз Артем келиб қолди.

Негадир мен билан менсимайгина кўришди. Ҳайрон бўлдим. Кайфияти йўқ шекилли, деб ўйладим. Аммо навбатдаги шиша бўшагач, Артем тўсатдан менга юзланди.

— Қизинг жа етилибди, — деди хотиржамлик билан.

— Нима? — аввалига тушунмай Артемга қаттиқроқ тикилдим. — Бир нима дегандай бўлдингми?

— Қизингни айтаман. Жуда етилиб, кўзни қувнатадиган қиз бўлибди.

Бу гап ота учун қанчалар оғирлигини биласанми? Билмайсан! Жон-поним чиқиб ўрнимдан қандай туриб кетганимни, Артемга ёпишганимни сезмай қолдим. Азбаройи жаҳл отига минганимдан Мишаям қанча уринмасин, бизни айира олмасди.

— Сен нима деётганингни биласанми? — Артемни силтай бошладим мен. — Бу гапни кимга гапирганингни биласанми? Қаерда кўрдинг қизимни? Қачон? Нима ҳаққинг бор бундай дейишга? Асосинг борми?

Артем мендан анча кучли эди. Бир муддат қаршилик қилмай турган бўлса-да, ниҳоят бир зарб билан мени ўзидан итариб юборди.

— Э, қизинг… — деди хириллаб. — Ишонмасанг, бор, уйингга кириб ўзидан сўра!

Мен бор кучимни тўплаб Артемнинг башарасига мушт туширдим. У қалқиб кетди-ю, йиқилмади. Эндигина менга ташланмоқчи бўлиб хезланганида эса Миша орқасидан келиб маҳкам қучоқлаб олди.

Мен эса орқа-кетимга қарамай уйга чопдим.

Қизим билан ўзимни босишга уриниб кўришдим ва биринчи берган саволим шу бўлди:

— Сен ҳали енгил йўлга кирганмисан?

Қизим бирдан ранги ўзгариб, кўзларимга тик боқди:

— Бу нима деганингиз? Ким айтди?

— Ана, Артем амакинг шундай деди! Кўрганмиш…

— Артем? — қизим ўйланиб турди-да, лабларини тишлади. Сўнг йиғламсираб давом этди. — Ўша ифлос яқин-яқинлардан бери менга кун бермай қўйди. Қаерга борсам, орқамдан қолмайди, машинасида сайр қилишни таклиф қилади. Дала-ҳовлимга борайлик, дейди. Охири чидолмай, «дадам келса кўрасан», дегандим, кулиб, «дадангни биринчи бўлиб мен учратаман, ана шунда сенинг номингни шундай булғайки, келибоқ ё каллангни олиб ташлайди, ё уйдан қувиб чиқаради. Ўшанда барибир меники бўласан», деб қўрқита бошлади. Мен унга умуман эътибор бермай, уйга йўл олдим. Нега қўрқай? Ўзимга тўғриман…

Мен қизимни яхши билардим. У агар юракдан сўзласа, албатта, йиғлаб юборади. Рост гапирганида кўзимга доимо тик қараб гапирарди.

Оталик меҳрим қўзғаб, уни маҳкам қучоқлаб олдим.

— Отанг келди, — дедим сочларини силаб. — Энди сени унақаларга масхара қилдириб қўймайди.

 

 

* * *

 

 

Тун чўкди. Қизим билан биргалашиб овқатланган бўлдим. Лекин ичимда ғалаён зоҳир эди. Балконга чиқиб ётибман-у, кўз ўнгимда ўзим улфат, дўст деб билган Артемнинг совуқ башараси намоён бўлар, хаёлан унинг қизим қаршисида турганини, турли бўлмағур, ҳаёсиз сўзларни айтиб, шаънини булғаётганини тасаввур этганим сари ўзимни қўлга олишим қийинлашиб борарди.

— Бир умр шу ёлғизгина фарзандимни, деб яшадим. Қамоқларда юриб ҳам нуқул у ҳақида қайғурдим. Ўзимга яқин кимсаларнинг қўллаб-қувватлашидан умид қилиб нотинч кўнглимга таскин бериб кун кечирдим. Қисқаси, қизимни таниш-билишларга, танишларни эса Худога топширган эдим.

Нега ундай қилди Артем? Қизи тенги гўдакка нега бу тахлит муносабатда бўлди? Нима ҳаққи бор эди? Ахир, у менинг қизим эканини билади-ку! Қандай ҳадди сиғди?

Афсус, озодликни севишимга, энди бошқача яшашга онт ичиб қамоқдан чиққанимга қарамай, менинг ҳаёт тарзим ўзгарадиган кўриниб қолди. Чунки, ҳар қандай хўрликка, қийинчиликларга, керак бўлса, камситилишларга, масхараланишларга чидашим мумкин. Бироқ фарзандимнинг номуси поймол этилаётганини эшитсам, бу дардни кўтара олмайман. Билмадим, балки шундай тарбиялангандирман. Мана, ўзим қанчалар ваҳший дея тан олинган бўлсам-да, бегуноҳ одамнинг кўнглига озор берган эмасман.

Ўрнимда ётиб яна бир нарсани ўйлаб қолдим. Ўша аблаҳ, ҳар қалай, бирор ёмонлик қилишга улгурмабди. Энди мен уйдаман. У қизимга яқинлаша олмайди. Балки, охирини кутарман? Жанжаллашишнинг зарурати йўқдир? Шунинг дастидан ҳам тағин милисабозлик бўлиши мумкин. Мен бўлсам, қайтиб турма эшигига яқинлашишни истамасдим.

Шундай хаёллар билан ярим тунгача мижжа қоқмадим. Қандай фикрга бормай, барибир юрагимнинг бир четида Артемга нисбатан қасос ўти учқунлайверарди. Уни сира-сира кечира олмасдим.

— Иш билан бирор ерга кетсам-у, у итдан тарқаган уйимга бостириб кирса! — дея ўйлардим мен. — Ўшанда менинг оталигим қаерда қолади? Буёқда қўшнилар, «ана, отаси келибди, аммо Артемдан қўрқди», дейишмайдими?

Шу ўй мени ўрнимдан турғазиб, ташқарига етаклади. Ҳа, менинг сабр косам тўлиб-тошганди. Шу кеча қандай бўлмасин, Артемдан ўч олиш ва бу зўравонликларга нуқта қўйишни шарт, деб топдим ва икки уй наридаги унинг квартираси томон йўл олдим.

Биламан, тан оламан, у кучли, бақувват. Артемга бас келиш қийин. Шу сабабли эҳтиёт шарт уйдан ўткир болтани олиб қўйнимга яширдим.

Энди мени милиция ҳам, қамоқ ҳам йўлдан қайтара олмас, кўз олдимда фақат суюкли фарзандимнинг номуси айланарди, холос.

Кўзланган манзилга етиб келгач, бирпас очиқ ҳавода қолиб нафасимни ростлаган, ўзимни ўртамизда бўлажак тортишувларга тайёрлаган бўлдим.

Кўп гапларни мулоҳаза қилдим. Турмага кетишдан олдин қилинадиган ишларни олдиндан режалаштириб қўйдим. Қизимни бу сафар қаерда қолдириш, кимларга ишониб топшириш мумкинлиги ҳақида бош қотирдим.

Шундан сўнг таваккалига тўққиз қаватли уйнинг учинчи қаватига кўтарилиб, Артемнинг эшигини тақиллатдим.

У ҳам мен каби ёлғиз эди. Менинг-ку, қизим бор. Артем эса ҳеч қачон уйланмаган ва ёлғиз яшашни хуш кўрадиганлар хилидан. «Хотин, оила менинг умримга зомин бўлади, холос», дея ҳисобларди.

Эшикни бир неча маротаба тақиллатганимдан кейин ичкаридан Артемнинг йўталган овози эшитилди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, у эшикни очди.

Сездим. Мени кўргач, ранги ўзгарди. Буни бир қадам ортга тисланиб олганидан ҳам билиб олиш қийин эмасди.

— Ташқарига чиқайлик, гап бор! — дедим совуққонлик билан.

— Менда-я? — Артем масхараомуз тиржайиб кўзларимга тик боқди. — Нима бало, ҳалиям кайфинг тарқамадими, дейман?

— Кайфим сени қизиқтирмай қўя қолсин, зўравон! — дедим унга. — Ё қўрқяпсанми?

— Сендан қўрқаманми? Майли, пастга тушиб туравер, орқангдан мен ҳам тушаман.

Менга шу гапи керак эди.

Шаррта ортимга бурилдим-у, пастга тушиб кетдим.

Орадан ўн беш дақиқалар вақт ўтди-ёв! Жанжалимиз бегоналарнинг кўзидан пана бўлиши учун уйдан анча нарида жойлашган чуқурлик тепасига бориб турдим. Артем мени кўрмай қолмасин деб сигарет тутатдим.

Йўқ, у ваъдасига биноан менинг олдимга етиб келди.

— Хўш, нима гапинг бор? — сўради гапни калта қилишга уриниб.

Мен аввал унинг асл башарасини кўздан кечирдим. Менга шундай туюлдими, ҳозирги афт-ангори жуда совуқ кўринарди.

— Қизимга нега тегиндинг, ит? — ниҳоят мақсадни очиқ айтдим мен.

— Ким айтди буни? — сира ўзини йўқотмай сўради Артем.

— Қизимнинг йўлини тўсармишсан, дам олишга таклиф қилармишсан!

— Бўлмаган гап, — деди у. — Қизинг ёлғон гапирибди сенга. Ҳойнаҳой, сени яна турмага жўнатишни мақсад қилиб олган бўлса керак. Чунки, одамларнинг айтишларига қараганда, уйингга ҳар куни ҳар хил эркаклар келиб кетармиш.

— Нима? — буниси энди ортиқча эди.

Артемнинг башарасига қандай мушт туширганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.

У кучли зарбадан бир қалқиб кетди. Аммо йиқилмади. Бир-икки марта бошини силкитиб-силкитиб олди-да, муштларини тугиб менга яқинлашди ва кутилмаганда ёқамдан чангаллаб бир мартагина калла солди.

Ярамаснинг калласи тошданми, билмадим, кўзимдан ўт чиқиб кетгандай бўлди.

Лекин мен ҳам эркакман. Зўравондан енгилиб индамай кетаверишга одатланмаганман.

Силтана-силтана унинг қўлларидан халос бўлиб олдим-у, икки-уч одим нарига қочиб бориб қўйнимдаги болтани чиқардим.

— Қани, кел энди! — қичқирдим алам билан. — Нега қараб турибсан? Келмайсанми? Қўрқяпсанми-а? Қўрқяпсанми, ҳезалак? Мен сенга қизимга тегинишни кўрсатиб қўяман! Кел, эркакмисан, ўзи?

Ҳақоратларимга тоқат қила олмаган Артем жон ҳолатда менга ташланди.

Менга худди шу керак, қўлимдаги болта жуда ўткир эди…

Орадан қанча ўтди, билмайман. Ўзимга келганимда қарасам, Артемнинг соғ жойи қолмаган.

Ишончим комил эди, барибир эртами-кечми, мени қамашади, камида ўн йил беришади.

Балки топа олишмас-а? Мурдани йўқ қилиб ташласам, ким ҳам топарди? Ҳеч гап бўлмагандай жим юравераман. Ўзимни йўқотмайман. Ахир, жиноят қилиб қўлга тушмаганлар озми?!

Шу хаёл мени ҳушёр торттирди. Ҳа, мен ҳозироқ мурдани кўздан йўқотишим керак. Қон изларини ҳам қолдирмайман. Ҳаммасини сип-силлиқ қилиб қўяман. Кўрибсизки, гўё бу ерларда жиноят содир этилмагандек осойишталик ҳукм сураверади.

Мен Артемнинг жасадини судраклаб тахминан икки юз метрча наридаги қабристонга олиб бордим. Тайинли жойга яшириб устига шох-шаббаларни ташладим-у, йўл-йўлакай оққан қон изларини йўқ қилишга тушдим. Бу иш бир соатча вақтимни олган бўлса-да, мен мамнун эдим. Чунки, жиноят излари йўқ қилинди.

Кўнглим бироз таскин топиб қабристонга қайтдим.

Эндиги вазифам чуқур ковлаш эди. Қаердандир белкурак ҳам топила қолди. Астойдил ишга киришдим. Ярим соатча уринишлардан сўнг икки метрли чуқур ковлаб битирдим ва жасадни янги қабр ёнига судраб келиб, кўмиб ташладим.

Ҳамма ишни битириб уйга қайтганимдан кейинги ҳолатимни тасвирлаб бериш мушкул эди.

Гарчи ўзимни қўлга олиш учун бир шиша ароқни симириб юборган бўлсам-да, тўсатдан аъзойи баданимда титроқ туриб, безгак тутган бемор қиёфасига кирдим.

Ҳеч гапдан бехабар қизим ҳам титраётганимни кўриб, ҳайрон бўлди. Қандайдир дори ичирмоқчи бўлди. Мен рад этдим…

Титроқ бир соатлар ўтиб босилди. Энди қалбим таскин топгандек эди. Қизим бир ярамасдан қутулди. Майли, мени тутишсин, қамашсин. Ҳар ҳолда кўнглим тинч бўлади. Қилиб қўйган ишимни эшитган баъзи зўравонлар энди қизимга яқин йўлай олишмайди. Бекорга ўлиб кетишдан чўчишади…

— Хўш, кейин нима бўлди? — бу ҳикояга астойдил қулоқ тутиб ўтирган, ўзини ўша воқеа ичида ҳис этиб, гоҳ ҳаяжонланиб, гоҳ қувониб ўтирган Обиджон бир муддат жимиб қолган Степанга қаттиқроқ тикилиб сўради. — Қандай ушлашди сизни?

— Орадан уч кун вақт ўтди. Мен хотиржам эдим. Қизимни ёнимга олиб, турмада топган пулларимга унга яхши кийимлар олиб бердим. Уйга турли егуликларни ғамлаб қўйдим. Чунки, билардим, уйимда яшаш узоққа чўзилмайди. Барибир кимдир хабар топади. Кимдир Артемни йўқлаб қолади. Қарабсанки, жиноят маълум бўлади…

Бешинчи кунида қайсидир танишими, қўшнисими, Артемни йўқлаб эшигини тақиллатган. Ҳеч ким жавоб бермабди. Энди ортига қайтмоқчи бўлиб, қараса, эшик очиқдек. Ичкарига кирган. Артем йўқ. Шундан кейин бошқалардан суриштира бошлаган. Бешинчи қаватда яшайдиган бир қўшни кампир дераза орқали икки шарпанинг муштлаётганини кўрган экан. Шу баҳона бўлиб бу воқеа милисаларнинг қулоғига етди-ю, ўша куни тунда мени олиб кетишди.

— Дарров бўйнингизга олиб қўя қолдингизми?

— Ҳа, яшириб ўтирмадим. Биринчи сўроқдаёқ бўлиб ўтган ишларни оқизмай-томизмай терговчига айтиб бердим. Мени қабристонга олиб боришди. Чуқурни қайтадан кавлаб, мурдани кўрсатдим. Хуллас, менга ўн йил беришди.

Обиджон индамай ўрнидан турди-да, ўз каравотига бориб ёнбошлади.

Камерадошини ортиқ зўриқтиришнинг кераги йўқ. Шундоқ ҳам ҳозир вужуд-вужуди билан ўлимини кутаётгани етиб ортади. Фақат…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here