Александр Лукашенко сентябрда Ўзбекистонга келади

0

Беларус президенти Александр Лукашенко сентябрда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишни режалаштирган. Бу ҳақда республика Кенгаши раиси Михаил Мясникович Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев билан учрашувда маълум қилди, деб ёзади «Sputnik» нашри.

Музокаралар давомида Мясникович икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш масаласига эътибор қаратган. Спикернинг сўзларига кўра, сентябр ойида Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилганини инобатга олган ҳолда мазкур масала бўйича ишларни фаоллаштириш лозим.

«Биз президент Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи вақтида давлат раҳбарлари кўриб чиқиши учун тақдим этиладиган асосий келишувларни амалда ишлаб чиқдик. Ташриф 13-14 сентябр кунлари бўлиб ўтишига келишилган», – деди республика Кенгаши раиси.

Айни вақтда томонлар ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник, туризм йўналишлари бўйича жами 11 лойиҳа устида иш олиб бормоқда.