ЖЧ-2026 бир йўла учта мамлакатда бўлиб ўтади

0

Футбол бўйича ЖЧ-2026 мусобақаси мезбонлари аниқланди. Бу ҳақда ФИФА расмий сайти хабар бермоқда.

Унга кўра, АҚШ, Канада ва Мексиканинг жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи учун қўшма аризаси Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) конгрессидаги овоз бериш якунлари бўйича ғалаба қозонган.

ФИФАнинг навбатдаги Конгрессида Шимолий Америка бирлашган аризасига ташкилот ижроия қўмитасининг 67 фоиз аъзоси овоз берган.

Маълумот учун, 2026 йилги жаҳон чемпионатида илк марта 48 иштирокчи қатнашади. Эндиликда бу ЖЧ бир йўла уч мамлакатда ўтган илк чемпионат сифатида ҳам тарихда қоладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалига мазкур мундиални ўтказиш ҳуқуқи учун олтита ариза топширилганди, бироқ ФИФА конгрессининг ҳал қилувчи танлови олдида иккитаси қолди: Марокаш ва АҚШ, Канада ҳамда Мексиканинг қўшма аризаси.

Бунга қадар АҚШда жаҳон чемпионати 1994 йилда ўтказилган бўлса, Мексика мундиалга икки бор – 1970 ва 1986 йилда мезбонлик қилган.