КИМ ЧЕН ИННИНГ ЛИМУЗИНИНИ АЙЛАНИБ ЧОПАЁТГАНЛАР КИМ ЎЗИ?..

0

 

Ҳа, бу савол ҳар биримизни ўйлантириши тайин. Сабаби, ҳатто, Америка президентлари ҳам тансоқчи ёки хавфсизлик учун жавобгар бошқа шахсларни машинани қуршаб олган ҳолда югуришга мажбур қилмаган. Хўш, Шимолий Корея раҳбари ўтирган лимузинни қуршаб олган ҳолда чопаётган костюмлилар ким ўзи?.. Экспертлардан бири Майкл Мэдден «Би-Би-Си» мухбирига худди шу сирларни ошкор қилди.

Аслида Ким Чен Ин ўтирган лимузинни уч сафга тизилган костюмлилар ўраб олган ҳолда чопади. Сингапурда эса бу ҳолатга сал ўзгартиш киритилди.

Умуман, машинани ўраб олиб астойдил югуриб кетаётганлар бошқарув партиясининг «6-бўлим» деб аталган бўлинмаси таркибига киритилган.

Улар асосан Шимолий Корея халқ армиясидаги аскарлар орасидан танлаб олинади. Талаб жуда қаттиқ. Танланган аскарнинг бўйи мамлакат раҳбарининг бўйига деярли мос бўлиши лозим. Кўриш қобилияти аъло даражада бўлиши талаб этилади. Номзод отиш ва жанговар кураш турлари бўйича махсус тайёргарликдан ўтган бўлиши керак.

Бу текширувдан ўтгач, номзодни давлат хавфсизлик хизмати вакиллари текшира бошлайди. Текширувчилар номзоднинг икки авлодини тўлиқ чиғириқдан ўтказади. Асосийси, бу номзодларнинг барчаси қайсидир авлод бўйича Ким Чен Инга узоқ бўлса ҳам қариндош чиқиши шарт. Текширувлар тугагач, Шимолий Корея раҳбари тансоқчилигига қабул қилинганлар интенсив тайёргарлик курсини ўтай бошлайди. Буни махсус хизмат ходимлари ўтайдиган курс деб атаса ҳам хато бўлмайди. Курс давомида уларни тўппончадан фойдаланиш, душман таъқибидан усталик билан қоча билиш, яна бир қатор жанговар кураш усулларидан фойдаланишга ўргатишади. Курсантлар жуда оғир жисмоний синовлар ва руҳий тайёргарликдан ўтишади.

Одатда, Ким Чен Ин ўтирган лимузиннинг олд тарафига 3 дан 5 нафаргача тансоқчи жойлаштирилади. Машинанинг икки ёнида эса 4 дан 6 нафаргача тансоқчи югуриб боради. Фақат шу тансоқчиларгагина доимий тарзда ярим автомат кўринишдаги қурол ва заҳира тўппонча олиб юришга рухсат берилади. Шунга қарамай, тансоқчиларнинг асосий вазифаси Ким Чен Иннинг атрофини ўткир кўзлар билан кузата билиш, ҳар қандай кўринишдаги хавфни худди бургут каби дарҳол сезиб, қандайдир сониялар ичида бартараф эта олишдан иборат бўлади.

Тансоқчилар асосан костюм ва бўйинбоғ таққан ҳолда хизмат бурчини ўтайди. Ҳайдовчилар эса албатта қўлқоп кийишлари шарт. Тансоқчилар турли тадбирларда бошқалар билан адаштириб қўймасликлари учун махсус тақинчоқ тақишади. Бир-бирлари билан ўзаро алоҳида пароллар ёрдамида тиллашишади.

Тансоқчилар адьютантлар бош бошқармаси деган ташкилот таркибига киритилган ва улар сони 200-300 нафарга яқин. Буларнинг асосий қисми тансоқчилар, қолганлари ҳайдовчи ва бошқа техник характерга эга вазифаларни бажарувчи шахслар ҳисобланади.

Ким Чен Иннинг атрофидаги иккинчи ва учинчи чизиқ мудофааси қўриқчилар қўмондонлиги ходимларидан иборат бўлади. Агар адьютантлар бош бошқармаси вакиллари фақат давлат раҳбаринигина қўриқласа, қўриқчилик қўмондонлиги ходимлари Ким Чен Ин турган хона, зал ёки бошқа ҳудудни қўриқлашади. Ўша жойдаги хавфсизлик учун жавоб беришади.

Қўриқчилик қўмондонлиги ходимлари орасида давлат раҳбари гаплашадиган махфий телефон линияси учун жавобгар шахслар ҳам бор. Ким Чен Ин фойдаланадиган компьютер тизими учун ҳам махсус тайинланган шахслар жавоб беради.

Бундан ташқари, қўмондонлик таркибидаги айрим ходимлар Ким Чен Ин истеъмол қиладиган овқат, сигарет, ичимликлар сифатига жавобгар саналади. Тиббиёт персонали, шахсий врач ҳам қўмондонлик таркибидан жой олган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳали дунёдаги бирор давлат раҳбари Ким Чен Инчалик мураккаб ва кучли хавфизлик тизимига эга бўлмаган.

«БИ-БИ-СИ»

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here