Қайғули хабар. Анвар қори Турсунов вафот этди

3

Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда бугун 13 июнь куни соат 07:32 да ЎзА хабар тарқатди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати бу хабарни тасдиқлади.

Анвар қори Қўчқорович Турсунов 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Ҳамза туманида хизматчи оиласида туғилган.

1966-1976 йилларда Ҳамза туманидаги 198-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган.

1981 йил Тошкент Давлат университетининг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов меҳнат фаолиятларини 1981-1984 йилларда – “Ёшлик” журналида муҳаррир вазифасидан бошлаган.

1984-1987 йилларда – Ўзбекистон Фанлар Академиясида, 1987-1989 йилларда эса Тошкент шаҳар, Абдулла Қаҳҳор уй музейи илмий ходим бўлиб фаолият юритган.

1989-1994 йилларда — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима ва адабий алоқалар маркази Шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррир.

1994-1999 йилларда – Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, “Янгиобод” жоме масжиди имом-хатиби бўлган.

1999– йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритган.

Анвар қори Турсунов оммавий ахборот воситалари орқали доимий чиқишлари, диний мавзудаги маърузалари билан халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган уламо эди.

Шунингдек, Анвар қори Турсунов 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган.

Марҳумнинг оила аъзоларига таҳририят номидан чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз.

3 ФИКРЛАР

Comments are closed.