ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАНЛАР… (41-қисм. Иккинчи фасл. Охири)

0

 

 

* * *

 

 

«Тўғри, бу одам жиноят кўчасига кириб қолган, — хаёлан мулоҳаза қиларди Обиджон. —Қанчалаб одамларни ваҳшийларча ўлдириб юборган. Балки, хавфли жиноятчи деб аташлари тўғридир. Аммо инсон сифатида нега баҳоламайдилар? Унинг қалбига нима сабабдан қулоқ тутиб кўрмайдилар? Биринчи кун камерага кириб келганимда, ўзим ҳам бу одамдан нафратлана бошлаган эдим. Бундайлар ер юзида тирик қолмаслиги лозимлигини қалбимдан кечиргандим. Лекин у билан ҳамсуҳбат бўлиб, қалбига кириб боргач, дард-ҳасратларини тинглагач, негадир бу одамга нисбатан муносабатим ўзгара бошлаганини ҳис этдим. Йўқ, мен Степанни мана шу қўлларим билан ўлдира олишимга кўзим етмайди. Бундай истакдан асар ҳам қолмади. У кундан-кунга менинг энг яқин кишиларимдан бирига айланиб бораётган бўлса-ю, қўлимга қурол олсам-да, уни мўлжаллаб отсам. Шуям инсофданми? Диёнатли одам ҳам шу ишни қиладими? Йўқ, барибир мен уни ўлдира олмайман. Қўлим бормаслиги аниқ. Хўш, унда тоғамнинг ташкилотидагилар, генерал менга қандай жазо белгилайди? Шу турмада қолдириб, ростакам маҳбусга, жиноятчига айлантирадими? Ё кимларнидир ёллаб ўлдиртириб юборадими? Ҳа, уларнинг қўлидан келади. Чунки, улар жосус. Ундайлар ваҳший жиноятчидан минг чандон қўрқинчлироқ, хавфлироқ бўлишади.

Оббо, қандай кунларга қолдим ўзи? Не замонлардан бери онамни, қишлоғимни, яқинларимни, дўстларимни кўришга зорман. Лекин кета олмайман. Қўйишмайди. Ҳар тарафимдан гўёки қуршовга олгандек ўраб туришибди. Қайга қараб юрсам, ўша ерда пайдо бўладилар.

Менимча, айтганларини бажармагунимча қўйишмаса керак. Ҳа, қўйишмайди. Қандай йўл билан бўлмасин, мажбурлашади. Эҳ, Степа, сендай одамни ўлдирсам, бир умр ўзимни кечира олмаслигим аниқ. Қанчалар оғир гуноҳга ботишимни тасаввур қилсайдинг.

Кечир, бу ёруғ дунёда ҳар доим ҳам одамнинг айтгани бўлавермас экан. Баъзида виждонингга қарши боришга ҳам мажбур бўларкансан. Эҳ, кошкийди, ўша кун келганида, отган ўқим бу инсонга тегмаса!..»

 

 

* * *

 

 

Бу орада Степанни қаергадир олиб чиқиб кетишди. Орадан ярим соатлар ўтгач, камерага хафақон қиёфада қайтиб кирган Степан Обиджоннинг тепасига келди-да, унга тикилиб қолди.

— Нима гап? Тинчликми? — ётган ерида сўради Обиджон. — Нега тикилиб қолдингиз?

— Сенгаям осон эмас, — эшитилар-эшитилмас жавоб қилди Степан. — Сенга жуда қийин бўлади. Чунки, бошқача йигитлардансан.

— Тушунмадим.

— Ҳаммасини эшитдим, — деди Степан мажбуран кулимсираб. — Сен жиноятчи эмас экансан.

— Ким эканман, унда? — сўради Обиджон даст ўрнидан туриб. — Фаришта эканманми?

— Йўқ, фаришта ҳам эмассан. Шунчаки… сени ёллашибди.

— Нимага ёллашади?

— Нимага бўларди? Билиб қўй, отаётганингда яхшилаб нишонга ол! Юрагимни мўлжаллайдиган бўлсанг, ўқинг сал хато кетиши мумкин. У ҳолда дўстингни қийнаб қўйган бўласан.

— Тушунмадим. Нималар деяпсиз? Қанақа ўқ? Қанақа отиш? — ҳаммасини англаб етган бўлса-да, талмовсираб сўради Обиджон.

— Ўзингни гўлликка солма! Ҳамма гапдан хабардорсан. Мана, бугун менинг ўзим ҳам хабар топдим. Бир томондан хурсандман. Анови каллакесарларнинг қўлида ўлсам, бир умр армон қилиб ўтардим. Сен эса ҳар ҳолда яқин бўлиб қолдинг.

— Йўқ, мен сизни ўлдира олмайман, — деди Обиджон бош чайқаб. — Бу иш қўлимдан келмаслигини кўнглим сезиб турибди.

— Қўй, бўлмағур гапларни гапирма. Сен ўлдирмаганинг билан бошқаси тайёр туради. Ундан кўра, ёшсан, хизматни аъло даражада бажаргин-у, бошлиқларингнинг ишончига кир!

Шу пайт камера эшиги очилиб остонада соқчилардан бири пайдо бўлди.

— Ташқарига чиқ! — буюрди у Обиджонга.

— Нега? — гарчи турмада савол бериш тақиқланган бўлса-да, атайин савол ташлади Обиджон.

— Чиққанингда биласан.

Нимаям қиларди? У қоидага кўра қўлларини орқага қилганича соқчининг олдига тушиб ҳовлига йўл олди.

— Ўзи тинчликмикан? — сўради у йўл-йўлакай соқчидан.

— Сени кўришга бир эски танишинг келибди. Ҳозир ўша билан учраштираман.

— Қизиқ, қайси танишим бўлиши мумкин?

Улар ҳовлига чиқиб тўғри учрашув хонаси томон юришди. Учрашув хонаси марказий дарвозанинг шундоқ биқинида жойлашган эди.

Обиджон яқинлаша боргани сайин қизиқиши ортиб юраги безовта урар, шу тобда хонада онаси ўтирган бўлиб чиқишини жуда-жуда истарди.

Ниҳоят соқчи югуриб бориб эшикни очди.

Обиджон шошилинч ўзини ичкарига урди.

Хона тўрида керилганича Валера ўтирар, ичкарига қадам қўйган Обиджонга еб қўйгудек совуқ тикилиб қолган эди.

 

 

* * *

 

 

Обиджон Степаннинг бошидан ўтказганларини берилиб эшитди. У қизининг номуси учун қотилликка қўл урган экан. Степаннинг оқкўнгиллиги, яхши инсонлигини билган Обиджон виждон азобида қийнала бошлади. Ахир уни қандай ўлдиради? Сал ўтмай Степан ҳамма сирдан воқиф бўлди. «Менга сенинг қўлингда ўлганим афзал», деди Обиджонга. Соқчилар Обиджонга уни йўқлаб келишганини айтди. Уни Валера кутиб турарди…

Обиджон Валерага кўзи тушгани ҳамон таққа тўхтади. Гўёки танасидаги қон юзига кўпчиб чиқиб, тизиллаб отиладиган кўйи аъзойи баданини иситма босиб, кўзлари чақчайиб кетди.

Йўқ, у ортиқ чидаб тура олмади. Бу совуқ башарага узоқ муддат боқиб туришга тоқати етмади.

— Сенга нима керак? — кутилмаганда қичқириб юборди, у, ҳануз сўзсиз тиржайиб турган Валерага. — Нима ишинг бор, яна?

— Аввал салом-алик қилсанг бўларди, — тилга кирди ниҳоят Валера. — Ё қиёматли акангниям танимай қолдингми? Сени қаттиқ калтаклаб қўйишдими ё?

Обиджон жавоб бермади. Унга бир-икки сония тикилиб турган бўлди-да, ёнидаги соқчилардан бирига юзланди.

— Илтимос, мени камерага қайтариб олиб киринглар! — деди у соқчиларга. — Бу одам билан гаплашишни истамайман!

— Бу сизнинг ихтиёрингиз! — кулиб қўйди соқчи. — Кетдик унда!

Обиджон зарда билан орқага бурилди ва камера томон югуриб кетди.

 

 

* * *

 

 

Аммо камера эшигига яқин бориб улгурмай, Обиджонни турма бошлиғи чақираётганини айтиб қолишди.

У ана шу таклифни сўнгги ҳафтада жуда интизорлик билан кутаётганди.

Стёпанинг ғамгин чеҳрасига боқиб ўтириш, шу қадар камсуқум, камтар бир банданинг қонга ботган танасини, қийнала-қийнала жон бераётганини тасаввур қилиш, ўзининг икки кафтига кўзи тушганда, «наҳотки, шу қўлларим билан ўзим учун оғадек бўлиб қолган бир бегуноҳни отиб ўлдирсам?» деган хаёлни кўнгилдан кечираверишга безиб қолганди.

«Худога шукур, — кўнглидан ўтказди Обиджон соқчининг олдига тушиб турма бошлиғи кабинети томон кетиб бораркан. — Тушимдаям аён бўлганди. Тезроқ шу ифлос ишдан қутулсам, сўнгра она қишлоғимга қанот бойласам-у, учиб кетсайдим! Акс ҳолда бу каллакесарларнинг қўлидан осонликча халос бўлишнинг сира имкони йўқ. Айтган ишларини қилдирмагунча қўйишмайди. Лекин қандай тепкини босаман-у, қай юрак билан отаман? Майли, буткул бегона бир кимса бўлса, бармоғим ҳам титраб қўймасди. Ахир, Степан билан қанча вақт бирга камерада ўтирдим, ҳамсуҳбат, ҳамдард бўлдим!»

Шундай хаёллар билан Обиджон бошлиқ кабинетига кириб борди.

— Сизни табриклайман! — деди бошлиқ салом-аликдан сўнг Обиджонни ўтиришга таклиф этиб. — Ходимларимиз хафа қилиб қўйишмадими?

— Асло, — деди Обиджон тавозе билан. Хаёлан эса тезроқ мақсадга ўтишини истарди.

— Жуда хурсандман! Биласизми, бугун асосий ишни амалга оширишингизга тўғри келади. Хўш, тайёрмисиз?

— Шунақа десаям бўлади, — жавоб берди Обиджон совуққонлик билан.

— Унда яна ўн беш дақиқалардан сўнг сўнгги бор соқчиларимиз қуршовида тайин этилган жойга борасиз. Сизга ўша ерда қуролни топширишади. Айтганча, раҳбарингиз ҳам шахсан иштирок этишини билдирганди. Ҳали замон келиб қолиши керак.

— Мен кетаверайми? — секин ўрнидан туришга чоғланди Обиджон.

— Албатта, албатта! Ҳозирча кетиш тадоригини кўраверсангиз ҳам бўлади. Керакли ҳужжатларни ходимларимиз тайёрлаб ҳам қўйишгандир.

Обиджон даст ўрнидан турди-да, номигагина хайрлашган бўлиб эшик томон йўналди.

 

 

* * *

 

 

Турманинг махсус ажратилган ертўласи. Бу ерда фақат ўлимга маҳкум этилган маҳбуслар бўлар, уларнинг устидан сўнгги ҳукм ўқилар ва жазо ижро этиларди.

Ертўланинг деворларига темирсифат қандайдир мато қоплаб чиқилган бўлиб, бу ўқ овози, маҳбусларнинг бақир-чақирлари ташқарига эшитилмаслиги учун ўйлаб топилган эди.

Обиджон кириб келганида, ҳукмни ўқиб бўлишган ва ўлимга маҳкум этиш хонасида бошига қоп кийдирилган Стёпа, турма бошлиғи, икки соқчи ва бир четда шахсан резидентнинг ўзи турарди.

Обиджон Степанни аниқ таниди. Ҳа, ўша! Ана, йўғон билаклари, кафтларидан таниди. Адашмаса, у айнан Обиджон томонга ўгирилиб турибди.

— Мана сенга қурол! — Обиджонга резидентнинг ўзи ўқланган тўппончани узатди. — Энди сен зиммангга юкланган вазифани мана шу гувоҳлар иштирокида адо этишинг керак. Хўш, тайёрмисан?

Обиджон жавоб сифатида бош ирғади ва қуролни қўлига олиб аввал йиғилганлар бир-бир аланглаб олди. Бу орада резидент ва қолганлар Обиджоннинг орқасига ўтиб олишди. Олдинда фақат Степангина қолди.

У Обиджоннинг тўппонча қабул қилиб олганини кўрдими ё кўнгли сездими, кутилмаганда икки қўлини кўтариб амалга ошириши керак бўлган ҳаракатни қўллаб-қувватлаган бўлди. Бу иши билан «ўлдирсанг, ўзинг ўлдир, иним», демоқчи эканини билдирди гўё.

— Нишонга ол! — қичқирди резидент ўзини янада орқага олиб. — Нимани кутяпсан? Бўл тез!

Обиджон ўқланган тўппончани олдинга чўзиб, Степанинг бошини нишонга олди.

Шу тобда нафақат қўллари, ҳатто, юрагигача кучли титроқ исканжасида қолиб кетгандек эди.

Аммо қочиб қаерга ҳам борарди? Қисмат экан. Ҳаёт одам зотини шундай мушкул ва кечирилмас синовлар гирдобига ҳам солиб қўяркан.

Тепки босилиб, ўқ овози бутун дунёни тутиб кетгандек бўлди.

Йўқ, Обиджон барибир бу даҳшатли манзарага тик қараб тура олмасди.

У тепкини босаётган маҳал кўзларини юмиб олганди.

Ўқ овози тиниши билан шошиб кўзларини очди-да, Степан томон нигоҳ ташлади.

У девор остига қулаган, тизиллаб оққан қон деворга ёпиштириб чиқилган темирсимон матони ҳам бўяб улгурганди.

Аммо ортига ўгирилиб, ҳайрон қолди.

Резидентнинг қўлида ҳам тўппонча пайдо бўлган-у, у қизиб тутаётган тўппончани пуфлаш билан овора эди.

Обиджон ҳеч нарсага тушунмай, қўлидаги тўппончани кўздан кечирди.

Тўппонча совуқ.

Унда ким отди Степанни? Ахир, у тепкини босган эди-ку!

— Сен ҳайрон бўлма! — Обиджоннинг елкасига қоқди Резидент. — Сенинг тўппончангда ўқ йўқ эди. Ўзим сенга ёрдамлашиб юбордим. Лекин, баракалла, айтилган топшириқни аъло даражада адо этдинг! Раҳмат! Энди кетдик! Ўликни олиб чиқиб кетишларига халал бермайлик!

Шундан кейингина Обиджон хийла енгил тортди. Хайрият, Степаннинг руҳи олдида айбдор бўлиб қолмабди. Содиқлигича қолибди.

— Кечир мени, оға! — деди думалаб ётган мурда томон сўнгги бор ўгирилиб кўзларидаги ёшни енгига артаркан. — Қиёматда учрашгунча хайр энди! Ишқилиб, гўрингда тинч ётсанг бўлди!

Обиджон шоша-пиша зиналардан юқорига кўтарила бошлади.

Уни ташқарида резидентнинг машинаси кутиб турарди.

           

* * *

 

 

1989 йил. Сентябр. Обиджон ташкилот тақдим этган катта миқдордаги пуллар жойланган сумкани кўтарганича икки кун шаҳар кезиб Маринани топа олмади. Уни на милиция идоралари, на қидирув бўлимидагилар билишарди. Топишига кўзи етмаган йигит ниҳоят она қишлоғига жўнади.

Ана, дарахтларнинг сарғайиб ер билан битта бўлган барглари Бухорода ҳам куз ҳукмрон эканидан дарак бериб турибди. Одамлар эса ҳар қачонгидек ўз юмушлари билан банд. Ҳайдовчилар машиналарида ғизиллаб у ёқдан-бу ёққа бориб келишади. Бозорчилар бозорни бошига кўтариб ўз молларини мақташади. Деҳқонлар эса лўппидек очилган пахтани этакларига жойлашаркан, аҳён-аҳёнда «ишқилиб ёмғир ёғиб юбормасин», деган хавотирда осмонга тез-тез қараб қўйишади.

Обиджон она қишлоғига кириб келганда, вақт тушдан ошаёзган эди. Қишлоқчилик-да, ўсмир болалар уни кўришлари ҳамон сўрашишни-да унутиб суюнчи олиш ниятида Хосият холанинг олдига чопиб кетишди.

Обиджон бир нарсага жуда ҳайрон бўларди. Қишлоқдошлар, тасодифан учраб қолган тенгқур йигитлар ҳам уни кўрди, дегунча ортга тисланиб олар, ўзларича нималардир дея шивирлашар, шундан кейингина кўришиш учун қўрқа-писа қучоқ очишарди.

— Сен, ўғлим, ҳайрон бўлма! — деди ўзини бир пайтлар олис йўлга кузатиб қўйган гўрков бобо ҳамқишлоқларга ишора қилиб. — Ҳамма сени «ўлди»га чиқариб бўлганди. Дарвозанг олдидаги тўшак тўшалган курсиларни кўриб ҳам ажабланма. Ахир, ўлган одамникидан фотиҳачилар аримас экан. Тўғриси, икки ҳафта бурунгина онанг Хосият биби аза очганди сенга.

— Ахир, мен ўлмаганман-ку! — ҳақиқатан дарвоза рўпарасига ўрнатилган курсиларни кўриб хитоб қилди Обиджон. — Бирон ким ўлганим ҳақида хабар бермагандир… Нега энди?

Обиджоннинг тоқати етмади. Дарвозага яқин бориб улгурмай, қичқириб юборди.

— Ая! Аяжон, қаердасиз? Мен келдим!

Ҳовли қўни-қўшнига тўлиб кетганди. Биров кирар, бошқаси чиқар, хуллас, тўполон етарлича эди. Бироқ Обиджон қанча бақир-чақир қилмасин, негадир Хосият холадан дарак бўлмади.

Ҳа, онани ҳовлининг ўртасидаги ўша эски сўрига ётқизиб икки-уч хотин-халаж нуқул елпиш билан овора экан.

— Ая, сизга нима бўлди? — Хосият холанинг тепасига келиб маҳкам қучоқлаб олди Обиджон. — Кўзингизни очинг! Мен келдим, ахир!

Хосият хола таниш овозни эшитгач, аста кўзларини очди.

— Т-тирикмисан, бебош болам? — базўр пичирлаб сўради у. — Қ-қаерларда юргандинг, шунча пайтдан бери?

— Қаерда бўлардим? Тоғам раҳматлининг иши билан, кейин янгамни қидирдим. Аяжон, янгам… Афсуски, оламдан ўтган экан. Қабрини топдим, холос.

Хосият хола жавоб ўрнига Обиджонни маҳкам қучоқлаб юз-кўзларидан ўпа бошлади.

Сўнгра унинг кўмагида ўрнидан туриб узоқ вақт кийимларини ҳидлаб ўтирди.

— Қўшнилар, бу менинг болам, менинг Обиджоним! — дея ҳайқирди у бир маҳал ҳидлашдан тўхтаб. — Ишонмагандим. Ишонмагандим бошида. Мана, ҳидидан танидим боламни! Менинг болам бу! Обиджоним бу!

Кампирнинг гапига йиғилганлар қотиб-қотиб кулишди.

Бу воқеа ҳақиқий байрам эди. Бундай кунда қанча кулса, қанча қувонса арзирди.

 

 

* * *

 

 

Қишлоқда йигитлар армияга кетаётганда, ундан кейин қайтиб келганда қўй сўйиб тенгқурлари чақирилади. Улар эрта тонгга қадар мазали таомлардан тановул қилиб, «оби-замзам»га тўйишади. Кайфлари ошгач, аскарнинг у ёқдаги ҳаёти, саргузаштлари билан қизиқишади. Ҳар бир ҳикоясини берилиб, ҳаяжон билан танглашади.

Бу кеча Обиджон ҳам иккинчи маротаба аскарликдан қайтиб келгандек, тенгқурлари орасида азиз бўлди. Йигитлар унинг оғзига тикилишдан нарига ўта олишмади.

Хурсандчиликданми, тўйиб ичиб олганиданми, Обиджон ҳам ўз сирларини дастурхон қилишдан тийилиб ўтирмади. У барчага тоғаси Мадали аслида ким бўлиб хизмат қилганини, қандай юмушларни адо этганини, ўзи ҳам тоғасининг хизматини давом эттириб бир дунё таассуротлар олиб қайтганини жўшиб сўзларди.

Афсуски, Обиджон бу сирларни очиш мумкин эмаслигини унутиб қўйган эди. Шароб бундай ўйлашга йўл бермасди.

Ярим тунда тенгқурлар бир-бир уй-уйларига тарқалиб кетишди.

Лекин Обиджоннинг уйқуси келмади. Анчагача Хосият хола билан гурунглашиб, марҳум хешларини ёдга олиб ўтиргач, би-ир кўчаларни сайр қилишни ихтиёр этди ва эгнига спорт кийимини илиб кўчага чиқди.

Дарвозаларидан йигирма метрлар нарида қора «Волга» турарди. Ҳайрон бўлиб ўша ёққа қараб юрди.

Яқинлашиб қолай деганда машинадан кимдир тушиб, у томон юра бошлади. Нотаниш кимсанинг қўлида тўппонча борлигини Обиджон қоронғиликда пайқамабди.

Кимса бирдан тўхтади-ю, тўппончани Обиджонга тўғрилади.

Орадан икки-уч сония ўтиб-ўтмай, қуролнинг варанглаган товуши бутун қишлоқни тутиб кетди.

Кўкси қонга бўялиб ерга чалқанча қулай бошлаган Обиджон ғира-шира қотилни танишга улгурди.

У бир пайтлар Обиджонни шифохона дарвозасида тутиб огоҳлантирган, кейинроқ вокзалгача ортидан эргашиб борган эркак эди.

Тамом

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: