Ҳайит намозини кимлар ўқиши жоиз?

0

САВОЛ: Ҳайит намозининг ҳукми нима? Уни ўқиш кимлар учун лозим?

ЖАВОБ: Ҳайит намозини ўқиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа наздида вожибдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни доим ўқиганлар, асло тарк қилмаганлар. Имом Молик ва Имом Шофиъий наздида суннати муаккададир. Имоми Аҳмад бўлса, фарзи кифоя дейдилар.

Ҳайит намозини ўқишга Аллоҳ таолонинг мана бу ҳукми далолат қилади:

“Яна рўзани тамом қилиб, Худони улуғлаб ёд қилмоқликларингизни хоҳлайди, чунки сизларни шу ибодатларни қилишга ҳидоят қилди”. (Бақара сураси, 185-оят).

Тафсир олимлари мазкур оятдаги “Худони улуғлаб ёд қилиш”ни ҳайит намозини ўқишдир, деганлар.

Ҳайит намози ҳам жумъа намози каби балоғатга етган эркакларга, ақли жойида, озод инсонга, кўзи, оёғи саломат кишига, шунингдек, шаҳар ва катта қишлоқларда яшовчиларга вожибдир.

Шу боисдан шаръий узри йўқ одам ҳайит намозига бормаса, қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолиши шубҳасиздир. Йилда бор-йўғи икки марта ўқиладиган намозни қолдирмаслик керак. Бундай маъсиятдан Худонинг ўзи асрасин!

 

Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлаган.

Манба: islom.uz