Тошкент шаҳри ҳокими бизнесдан четландими?

2

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан мулоқот ташкил этилди. Мулоқот давомида ХПК раиси Шерзод Қудратхўжаев ҳокимга фаолияти ва шахсий ҳаёти билан боғлиқ бир неча саволлар билан мурожаат қилди, дея хабар беради Sputnik.

Тошкент шаҳар ҳокими иш вақти нечадан ва нимадан бошланади?

«Ҳозирги кундаги иш вақтимиз эрталаб соат 7: 00 дан бошланади. Ишни ҳокимликка келгунга қадар йўлни кузатишдан бошлайман. Иш вақти кечаси 12 ёки бирларда тугайди, вазиятга қараб. Ишлаяпмиз, лекин шу иш вақти ҳам камлик қиляпти», — деди Ортиқхўжаев.

Бизнесдан кетдими-йўқми?

Ҳоким бўлиб тасдиқлангач, Ўзбекистонда машҳур бўлган Artel, Imzo корхоналари муассиси Ортиқхўжаевнинг бизнесдан кетган-кетмаганлиги масаласи ҳам кўпчиликни қизиқтиради. Қудратхўжаев томонидан берилган шунга ўхшаш саволга: «Албатта, бизнесдан четландим. Аммо ҳокимиятда бизнес юритиш ниятим бор», деди ҳоким ва «ҳокимиятни фақат пул ишлатувчи эмас, балки пул топувчи органга айлантириш нияти борлиги»ни маълум қилди.

Artel, Imzo тендерларда имтиёзларга эга бўладими?

Собиқ тадбиркор ўзи муассиси бўлган корхоналарга келажакда Тошкент шаҳрида бўладиган қурилиш ишларида қандайдир имтиёзлар берадими, деган саволга Ортиқхўжаев олдин ҳам бунақа ишлар билан шуғулланмаганлигини ва бундан кейин ҳам шуғулланмаслигини маълум қилди.

«Халқимизнинг ўзининг ихтиёрида, маҳсулотларимиз сифатли бўлса, рақобатга дош бера олса, олишлари мумкин», деди у.

Тадбиркор сифатида ишни нимадан бошлаган?

Artel, Imzo сингари нозик технологиялар асосида ишлайдиган машҳур ишлаб чиқариш корхоналарига раҳбар бўлгунга қадар фаолиятини сартарошхона ширкати эгасилигидан бошлаганини маълум қилди.

«Ўша вақтда кооператив фирмалар очилган, мен кичикрок сартарошхона ва пойабзал тузатиш устахоналари ширкатини очганман», деди Ортиқхўжаев.

Ўз командасида кимлар бўлишини хоҳларди?

Ишни яқинда бошлаган ҳоким ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш учун атрофида қандай инсонларни кўришни исташи тўғрисидаги савол ҳам кўпчиликни қизиқтиради.

Ортиқхўжаев бу саволга жавобан шундай деди: «Ҳокимларга маслаҳат берувчилар кўп бўлар экан, бунга яна бир карра амин бўлдим. Мен ҳам маслаҳат бериб, ҳам ўша ғояни ўзи амалга оширадиган одамлар командамда бўлишини хоҳлайман».

Ҳоким бўлиб тайинлангач, ишни нимадан бошлашни лозим топган?

Ортиқхўжаев ишни нимадан бошлашни лозим топганлигидан ташқари, Тошкент шаҳри олдида турган қатор муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

Ҳокимнинг сўзларига қараганда, ишни ўзи ишлаётган тузилма билан танишишдан бошлаган. «Бу система қандай йўлга қўйилгани билан танишиб, бизнес билан ҳокимият тизимининг умуман бошқачалигини ҳис қилдим. Мен учун бу тизим янги бир ҳаёт, янги бир иш бўлди», — деди у.

Муаммолар ҳақида сўз очар экан, Ўзбекистон пойтахтининг Бош режаси (Генплани) йўқлигини таъкидлаб ўтди. «Узоқ ва яқин стратегияси йўқ. Яъни 10 йилдан кейин нима бўлади, беш йилдан кейин-чи? Йигирма йилдан кейин Тошкентни қандай кўрамиз? Бу саволларга жавобан аниқ стратегик режа қилинмаган эди шу пайтгача. Кейин ҳокимият фақат хизмат кўрсатувчи органга айланиб қолган. Супуриш-сидириш, қурилиш ва бошқа ишлар… Яъни ўзи алоҳида бир пул топиб, янада пулни кўпайтириб, у ерда бизнесни, яъни хусусий корхоналар билан биргаликда, шерикчиликда ишлашни ривожлантирмаган экан. Коммунал, йўл-транспорт соҳалари эскириб кетганлиги диққатимни тортди. Буларнинг барчасини янгитдан кўтариш керак», — деди ҳоким.

Шунингдек, Ортиқхўжаев туманларнинг маркази йўқ бўлиб кетганлигини аниқлаганини қўшимча қилди.

Тошкент ҳокими улгуржи бозорларни шаҳар ичидан четга олиб чиқилиши ҳақида ҳам сўз очди.

«Дунёнинг ҳеч бир жойида йўқки, улгуржи бозор билан савдо расталари бир жойда бўлса», деди Ортиқхўжаев ва бундай номутаносибликка барҳам беришини маълум қилди. Ҳокимнинг сўзларига кўра, улгуржи бозорлар келажакда шаҳардан 80 километр четроққа кўчирилиши мумкин.

Тошкент раҳбари аҳолининг яшаш жойига қараб, спорт мажмуалари, боғча, савдо дўконлари ва бошқа ижтимоий объектлар тўғри тақсимланмаганлигига эътибор қаратди.

«Мисол учун битта туманда 200 минг аҳолига спорт мажмуалари 10 та бўлса, бошқа туманда 300 минг аҳолига бундай мажмуалар сони 3 тани ташкил қилади. Бунга ўхшаш кўплаб муаммолар бор. Уларнинг барчасини дейлик 3 ёки 5 йилда тўғриласа бўлади, режалаштириш орқали ҳал этиш мумкин. Бугунги кунда биз ҳатто 5 ойда тўғирласа бўладиган муаммоларни кўриб, ўрганиб чиқаяпмиз», — деди Ортиқхўжаев.

Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1975 йил 2 январда Тошкентда туғилган. 1991—1996 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Мутахассислиги иқтисодчи. Тошкент шаҳрида «Artel инжиниринг» МЧЖ директори лавозимида ишлаб келган.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

2 ФИКРЛАР

  1. ВМ томонидан тасдиқланган одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ, давлат идорасида ишловчилар тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин эмас. Тўғрида, бизнес билан шуғулланган давлат ходимининг давлат ишлари ўлда-жўлда бўлиб қолади. Буни кўрганмиз.

Comments are closed.