«Жониворлар ҳаёти» туркумидан: «ЗЕБРАНИНГ АСРАНДИ БОЛАСИ…»

0

Балодан қутулганлар

 

Дарё соҳилида ўлжа кутиб ётган ёш тимсоҳ Африка кенгликларини тўлдириб, чанқоқ босиш ниятида ташриф буюрган зебралар тўдасини чўчитиб юборди. Хайрият, бу гал бегуноҳ жониворларнинг ҳеч бири қурбон бўлмади. Маҳлуқнинг ёшлиги уларга фойда берди.

— Ўғлим, нега ортда қоляпсан? — икки ойлик боласини уришган бўлди ота зебра. — Бунақада шерларга ем бўласан-ку!

— Негадир ойимдан дарак йўқ, — зебра боласи қур-қур ортга ўгирилиб, отасининг кетидан эргашди. — Бирпас тўхтаб турайлик! Балки шу атрофдадир?

— Қаердадир ўтлаб қолганга ўхшайди онанг. Хавотир олма, ҳозир йўлимиздан чиқади.

— Чиқмаса-чи? — отасига аянчли нигоҳ билан боқди зебрача. — Ойим йўқолиб қолган бўлса-чи?

— Ниятингни яхши қил, полвон! — ота зебра уни эркалаб секин тўда орасига олди. — Қара, ўгай оналаринг ҳам безовта! Ойингни албатта учратамиз. Сен ҳадеб хавотирга тушаверма! Мундоқ эркак бўлгин-да энди!

Отанинг сўнгги танбеҳи зебрачани ҳушёр торттирди ва бошини эгганча йўлга тушди.

 

Қочқин

 

Тўда бироз йўл юргач, ҳаво айниб, жала қуя бошлади. Бундай маҳалда янада ҳушёрликни оширмаса бўлмайди. Йиртқичлар ёмғирдан фойдаланиб қолишга уринишади. Айниқса, янги туғилган ҳайвонлар сирпанчиқда юришга қийналиши шерларга, йўлбарсларга қўл келади. Жажжи зебраларга ҳатто ота-оналар ҳам ёрдам бера олишмайди.

Зебралар тўдаси шу кўйи узоқ йўл босди. Дарё ортда қолиб, кўм-кўк майсаларга бурканган водий бошланди.

— Ойим бу ерлардаям йўққа ўхшайди, — типирчилаб чор атрофга алангларди зебра боласи. — Отажон, қаранг, ойим йўқ! Уни маҳлуқлар еб кетган кўринади.

— Нафасингни ел олсин! — пишқирди ота. — Қачон қараса, бемаъни нарсалар ҳақида ўйлайсан. Ойинг анойи эмас. У кучли туёқлари билан манаман деган йиртқичнинг додини бера олади.

Ота шундай дерди-ю, аммо ўзи ҳам бесаранжомлана бошлаганди. Боласини юпатиш илинжидагина ўзини хотиржам тутишга уринарди.

 

Мурда

 

Орадан бирмунча вақт ўтиб жала ҳам тинди. Зебралар водийда хавф камлигини сезган каби енгил тин олиб йўл-йўлакай кўм-кўк майсаларни қиртишлаганча бошқа бир дарё томон юришди.

Шу пайт зебра боласи кутилмаганда тўдадан ажралиб чиқди. Бир муддат ўгай оналарига, отасига маъюс қараб олди-да, шаталоқ отганча чопиб кетди.

— Ҳой, — ингранган кўйи ортидан қичқирди отаси. — Қаёққа? Ҳозир тўдадан қолиб шер, сиртлонларга ем бўласан-ку, ўзбошимча! Қайт орқангга, қайт!

Зебрачанинг қулоқларига отанинг ҳайқириқлари кирмасди. У чамаси юз метрча жойга чопиб бориб таққа тўхтади. Шундоқ рўпарасида она зебранинг мурдаси ётарди. Зебрача жасадга яқинроқ бориб бош эгди. Кўзларида ёш ғилтиллади. Вужуди титраб, тиззалари букилиб-букилиб кетди.

— Ойижон, — зебра боласи янада яқинроқ келиб жасадни боши билан туртди. — Туринг, ойи! Нега қимирламаяпсиз? Турсангиз-чи! Сизни жуда соғиниб кетдим, туринг!

Шу орада отаси ҳам етиб келди.

— Ота, ойим нега қимирламаяпти? — бўзланди зебра боласи. — Келинг, турғазайлик! Ойим касалга ўхшайди!

— Нарироқ тур! — буюрди ота. — Онанг ҳалок бўлди, болам. Бери кел!

— Нега ўлади? Нимага мени ташлаб кетади? Мен уни ўзим билан олиб кетаман.

— Афсуски, биз онангни кўтара олмаймиз. Туёқларимиз имкон бермайди.

— Ҳеч қурса панароқ жойга беркитиб қўйсак-чи! — йиғи аралаш зорланди зебра боласи. — Қаранг, ойижоним қуёшда қолиб кетибди!

Ота жасадни айланиб ўзича нималарнидир чамалаган бўлди. Сўнгра бош чайқай-чайқай нари кетди.

— Бўлмайди! — дегандек бошини сарак-сарак қилди у. — Ҳеч нарса қилолмас эканмиз.

— Энди мен нима қиламан, ота? — қаттиқроқ йиғлай бошлади зебра боласи. — Кимни ойи дейман, кимни? Энди онажоним ҳеч қачон ўрнидан турмайдими?

— Афсуски, шундай, — ўғлини овутган бўлди ота. — Пешонангга етимлик ёзилган экан, болажоним. Йиғлама, бу дунё шунақа. Ҳаммамизнинг бошимизда туғилиш ва ўлиш бор.

— Чидай олмайман, — ўкирди зебра боласи. — Онамни панароқ жойга беркитиб қўяман. Тез-тез келиб кўриб тураман.

— Аҳмоқлик қилма! Бу иш қўлимиздан келмайди. Онанг энди йўқ. Чидашга, сабр қилишга мажбурсан! Буни қисмат деб қўйибди.

— Нега бошқаларнинг онаси ўлмайди? Нима учун ҳамма болаларнинг онаси бор? Нимага?..

Ота жавоб бермади. Оҳ тортганча нари кетди. У буёғига фарзандини қандай юпатишни билмай гаранг эди.

 

Йиртқичлар ҳужуми

 

Ота-бола шу кўйи бир соатча жасад тепасида қолиб кетди. Зебрачанинг кўзларидан дув-дув ёш оқар, аллақачон совиб улгурган мурдани турткилашдан ўзини тия олмасди. Ота эса қур-қур тобора узоқлашиб бораётган оила аъзолари томон кўз ташлаб, атрофни безовта айланарди.

Бир маҳал осмону фалакни титратгудек бургутлар, қирғийлар уввос сола учиб келишди.

Ота оқибатини сезиб ўзини ҳийла четга олди-да, ўғлини чорлай бошлади.

— Ҳой, болам, буёққа қоч! Ўзингни эҳтиёт қил! Қара, кушандаларимиз келишди! Қоч дедим!

Зебра боласи жасад устига мўри малах каби ёпирилиб келаётган йиртқичларни кўрса-да, жойидан қимирламасди.

— Ўзингни четга ол, аҳмоққинам! — ҳайқиришда давом этди ота. — Онангни булардан сақлаб қола олмаймиз. Қаршилик қилсак, ўзимизниям ғажиб ташлашади.

— Йўқ, ойимни бу ярамасларга бермайман! — қайсарлик билан жавоб қайтарди зебра боласи. — Ҳаммасининг додини бераман! Йўқол! Қочларинг онамнинг ёнидан! Даф бўл!

— Қайсар бола-я! — безовталаниб атрофни айланиб чопа бошлади ота. — Булар ўлаксахўрлар-ку! То мурдани емагунча кетишмайди. Юрақол, тақдирга тан бер!

Зебра боласи бу гал қаршилик кўрсатмади. Йиртқич қушларнинг аюҳаннос солиб қичқиришлари мурғак вужудига қўрқув ҳиссини солдими, югурганча ўзини отасининг панасига олди.

Қушлар шу заҳоти жасадни қуршаб, бир-бирларига навбат бермай талай бошлашди.

— Қара, тўдамиз биздан анча узоқлашиб қолган кўринади, — боласига уқтириб борди ота йўл-йўлакай. — Қўй, ҳадеб кўз ёш қилаверма! Менга ишонишинг керак. Ахир, сен яккаю-ягона ўғлимсан! Қандай қилиб сени ёлғизлатай? Ана, ўнлаб ўгай оналаринг бор. Бирига айтаман, сени асраб олади. Ўз онанг каби сенга меҳрини беради.

— Ростданми? — соддаларча сўради зебра боласи йиғлашдан тўхтаб. — Янги онам бўладими энди?

— Албатта, сен ҳеч қачон етим бўлмайсан. Юр, энди қадамимизни тезлатайлик! Ҳадемай қоронғи тушади. Шерлар, йўлбарслар овга чиқади. Унгача тўдамиз билан хавфсиз жойларга етиб олишимиз керак.

Зебра боласи шундан сўнг бирмунча тинчланиб, отасининг кетидан эргашди.

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: